Қайднома

Қидирув

Ҳусниддин Ғофуров: «Йеличич билан серб тилида гаплашяпман»

Ҳусниддин Ғофуров: «Йеличич билан серб тилида гаплашяпман»

  23.01.2018 03:38
  0
  837
Ҳусниддин Ғофуров: «Йеличич билан серб тилида гаплашяпман»

Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси янги мавсумга тайёргарликни БААнинг Дубай шаҳрида давом эттирмоқда. Икки карра Ўзбекистон чемпиони йиғин доирасида бир нечта назорат ўйинларида ҳам майдонга тушяпти.

Шунингдек, «Локомотив» раҳбарияти 2018 йилги мавсум олдидан ўз таркибини маҳоратли футболчилар билан тўлдиришда давом этмоқда. «Темирйўлчилар» сўнгги йилларда Сербия чемпионатида фаолият олиб борган ярим ҳимоячини ўз сафига қўшиб олиб, у билан икки йиллик шартнома имзолади.

Ғофуров янги жамоасида 19-рақам остида ҳаракат қилади. Биз Дубайга етиб келган Ҳусниддин билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Ҳусниддин, трансферингиз қай тарзда амалга ошди?

- Бу осонликча рўй берди, деёлмайман. Ўзига яраша қийинчиликлари бўлди. Боиси, менда бошқа таклифлар ҳам етарли эди. Ана шу таклифларни обдон ўрганиб чиққач, «Локомотив»ни танладим.

- Сербия клуби билан шартномангиз якунлангандими? Улар осонликча қўйиб юборишдими?

- Битим муддати ҳали якунига етмаганди. Лекин биз клуб раҳбарияти билан ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилдик.

- «Локомотив» вариантини танлашингизда қайси омил асосий сабаб бўлиб хизмат қилди?

- Вариантлар орасида «Локомотив» энг идеали. Ваҳоланки, бошқа хориж клубида ҳам пайдо бўлишим мумкин эди.

- «Локомотив»дан ташқари яна қайси жамоа ҳақида кўпроқ ўйладингиз?

- Энди бу ҳақда гапириш бефойда бўлса керак. Камида Сербияда қолардим.

- Янги клубингизда рақобат жуда кучли бўлади. Бу ҳақда ҳам ўйлаб кўрдингизми?

- Мен рақобатдан қўрқмайман. Аксинча, унинг борлигидан ҳамиша хурсанд бўлганман.

- «Локомотив» бош мураббийи билан гаплашдингизми? У сизнинг зиммангизга қандай талаблар юклади?

- Куни кеча «Локомотив» ихтиёрига етиб келдим. Мирко Йеличич билан гаплашдим. Лекин ҳали вазифа юклатилмади. Ҳозирча умумий машғулотда иштирок этяпман.

- Ҳар ҳолда 5 йилга яқин Сербия­да ўйнадингиз. Машғулотларда фарқ сездингизми?

- 2-3 кунда фарқ билинса керак. Ҳозирча ўзим билган умумий машғулотларда қатнашяпман.

- Сербияда ўтган йилларингиз ҳақида умумий фикр билдирсангиз.

- Мен бу онларни узоқ вақт эслаб қоламан. Фаолиятимдаги ёрқин дамлар Сербия чемпионатида ўтди, деб бемалол айта оламан. У ерда жуда яқин инсонларим бор. Албатта, вақт топилди дегунча Сербияга бораман.

- Адашмасак, маҳаллий тилни ҳам яхшигина ўзлаштириб олгандингиз?

- Ҳа, худди шундай. Бу менга «Локомотив»да ҳам асқотяпти. Бош мураббий билан серб тилида гаплаш­япмиз.

- Сизни Йеличичнинг шахсан ўзи таклиф қилдими?

- Очиғи, буни билмайман. Агентлар менга «Локомотив»дан таклиф бўлаётганини айтишганди.

- Агентингиз европалик эди. У мазкур жараёнда иштирок этдими?

- Ҳа, қатнашди.

- Ўзбек футболидаги ўзгаришларни кузатиб боряпсизми?

- Ҳар куни интернет ҳамда Ўзбекис­тондаги дўстларим орқали футболимизда бўлаётган янгиликларни кузатиб боряпман. Албатта, ҳайратдаман. Футбол бир жойда туриб қолмаслиги керак. Ўзгаришларнинг бўлгани яхши. Энг муҳими, улар футболимиз тараққиёти учун хизмат қилсин.

- «Локомотив» тўғридан-тўғри ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этади. Бу мусобақани сабрсизлик билан кутаётган бўлсангиз керак?

- Бўлмасам-чи. Бу мен учун янги турнир, ўзига хос чақирув бўлади. Нафақат, ОЧЛ, балки Суперлига ва кубок баҳсларини ҳам интиқ бўлиб кутяпман. Умуман олганда, «Локомотив» либосида тезроқ расмий ўйинда майдонга тушмоқчиман.

- Бу йилги мавсумда «Локомотив»­га асосий рақиб сифатида «Пахтакор»ни кўряпсизми?

- Фақат «Пахтакор» эмас. «Бунёдкор» ва «Насаф» жамоалари ҳам чемпионлик учун кураш олиб боришади. Бир нарсани аниқ биламан, янги мавсумда жамоалар ўтган йилги ўринларидан яхшироқ натижа қайд этишади.

- Ўн иккита жамоанинг қолдирилгани яхши бўлдими?

- Буни вақт кўрсатади. Балки, яхшиликкадир. Ҳар қандай ўзгариш жамоатчилик томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлиб келган. Масалан, Сербия чемпионатида 16та жамоа иштирок этади. Лекин Ўзбекистонда бўлгани каби у ерда ҳам пешқадам қолган таъқибчиларидан сезиларли даражада ўзиб кетган.

Фақат фарқи, иккинчи ва учинчи ўриндаги жамоалар ўртасидаги очко тафовути катта. Жамоалар сонининг кам бўлиши чемпионатда рақобатни кучайтиради. Айниқса, суперлиганинг иккита бос-қичда ўтказилиши чемпионат савияси янада ошишига сабаб бўлади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz