Қайднома

Қидирув

Пьер ван Хойдонк: «Голландия термасида Снейдер ёки ван Перси даражасидаги футболчи қолмади»

Пьер ван Хойдонк: «Голландия термасида Снейдер ёки ван Перси даражасидаги футболчи қолмади»

  30.01.2018 03:52
  0
  901
Пьер ван Хойдонк: «Голландия термасида  Снейдер ёки ван Перси даражасидаги футболчи қолмади»

Голландия миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси: «Шахсан мен ЖЧ-2018га чиқолмаганимиз учун инглизларни айблайман...». Нидерландия термаси қаторасига иккинчи марта халқаро турнирдан четда қолишга маҳкум.

«Бунинг асосий сабаби шуки, маҳаллий футболчиларнинг кутилган даражада ўсишларига йўл қўйилмаяпти - Англиянинг бой клублари уларни эрта кунда ўз сафларига жалб этиб, тўғри йўлдан адаштиряпти», - дейди «Фейеноорд» фахри ва Голландия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Пьер ван Хойдонк.

У RT мухбирлари билан суҳбатда шунингдек, Германияда йўлга қўйилган болалар футболи тизимини алоҳида эътироф этди ва 1998 йилги мундиални ёдга олди. Чунончи, ван Хойдонк Францияда ташкиллаштирилган ЖЧда чакки таассурот қолдирмаганди.

«Голландлар жисмонийтомондан замонавий футбол талабларига тайёр эмаслар»

— Нидерландия миллий жамоаси Евро-2016 саралашидаги омадсизликдан сўнг ЖЧ-2018 йўлланмасини ҳам қўлга киритолмади. Бундай муваффақиятсизликнинг асосий сабаби нима, сизнингча?

— Аввало, айтиш керак, сўнгги йилларда мамлакатимиз футболида юқори савияли ўйинчилар бош кўтаришмади. Ҳа, иқтидорлар бор, аммо элит гуруҳга мансуб футболчилар йўқ.

Демоқчиманки, Арьен Роббендан кейин бирор чин юлдуз  билан танишмадик. Мана, ЖЧ-2018 саралашида «плей-офф» йўлланмаси Швеция термасига бой берилганидан сўнг Арьен ҳам халқаро фаолиятига нуқта қўйди. Шу тариқа бугунги миллий жамоа таркибида Уэсли Снейдер ва Робин ван Перси даражасидаги бирор футболчи қолмади.

— Ваҳоланки, «Фейеноорд» ва «Аякс» футбол академиялари бутун дунёда машҳур. Уларнинг вақтида етакчиларга муносиб издошлар тарбиялай олишмаганига ишониш қийин.

— Голландиялик футболчилар ҳамиша техник салоҳиятлари, ишга ёндашувлари, тўп билан нозик муомала қилишлари ва ижодкорликка мойилликлари билан эътибор қозонишган. Тан олиш керак, юртимиз кўп йиллар давомида жаҳон футболига юқори даражали ўйинчиларни тақдим этиб келди.

Бор-йўғи 17 млн. аҳолига эга мамлакатимиздан мунтазам энг юқори даражали футболчилар етишиб чиқишганини ҳисобга олсак, соҳада чиндан ҳам, яхши натижаларга эришганмиз. Аммо иккинчи томондан қарасак, самарали тизим натижасида бутун дунёда бизга алоҳида эътибор қаратишдики, оқибатда энг яхши ўйинчиларимиз эрта кунда хорижга йўл олишди.

Қолаверса, футболи ривожланган аксарият мамлакатларда иш услубимизни яхшигина ўзлаштиришди. Германияни мисол тариқасида кўрсатиш мумкин. Янги аср бошида ҳам немислар юртида футболнинг умумий аҳволи ачинарли эди.

Кейин германиялик мутахассислар Голландияга келиб, ўсмирлар академияларида йўлга қўйилган тизим, бунда қандай услубга алоҳида эътибор қаратилаётганини пухта ўрганишди.

Шу тариқа тизимни немис футболида татбиқ этишди. Биз эса хориж академияларида спортчиларни қандай тайёрлаётганлари билан ҳаттоки, қизиқмадик. Оддий айтганда, замонавий талабларни эътиборсиз қолдирдик.

— Демак, голланд футболидаги муваффақиятсизликларнинг асосий омили - ривожланишни истамаслик, шундайми?

— Агар ўз ишинг идеал ва бетакрордек туюлса, тамом, беихтиёр изланишдан тўхтайсан. Яъни ишни юқори баҳолашинг, ўзингга ҳаддан ортиқ ишонишинг эртами-кеч панд беради, барибир. Аслида йигитларимиз ҳозир ҳам муносиб тўп суришяпти, аммо улар жисмоний томондан замонавий футбол талабларини тўлиқ бажаришга тайёр эмаслар.

— Ҳа, хорижнинг кўплаб клубларида голландиялик ёш футболчиларга нисбатан қизиқиш жуда баланд. Бунинг натижасида маҳаллий футболчилар миллий чемпионатда унча кўп ўйнамаяптилар. Хўш, катта маблағнинг голланд футболига таъсири нечоғли муаммо?

— Жаҳон, хусусан, клублар футболида йирик маблағ айланаётганининг таъсири салбий, дарҳақиқат. Бу айниқса, биз учун долзарб муаммо. Дейлик, ёш иқтидорлар авваллари маҳаллий клубларда етарли амалиётга эга бўлишарди.

Агар кимдир чамаси 3-4 йил давомида Эредивизионда барқарор тўп суриб, етакчи ролига чиқсагина уни автоматик равишда Англия, Испания ёки Италия клубларига сотишарди. Энг муҳими, шартномада футболчининг янги жамоада доимий амалиётга эга бўлиши ҳақида махсус банд ўрин оларди.

— Сўнгги йилларда бу борада нима ўзгарди?

— Ҳозир хориж клублари футболчини ёшлигидаёқ харид қилишга уринмоқда. Бунинг сабаби оддий: 1-2 йил сабр қилинса, унинг трансфер нархи кескин кўтарилиб кетиши мумкин. Энг ёмони, иқтидорли йигитни сотиб олган жамоа уни дарҳол нисбатан кучсизроқ клубга ижара келишуви асосида юборади - тажриба тўплаши учун.

Ҳа, голландиялик футболчилар Англиянинг ҳар қандай клубида катта пул топишлари мумкин. Айтганча, вақтида «Ноттингем Форест»да ўйнашдан бош тортганман ва инглизлар мени ҳалигача айблашади. Ўз ўрнида, мен Голландия термасининг Евро-2016 ва ЖЧ-2018га чиқолмаганида айнан инглизларни айбдор, деб биламан.

— Фикрингизни кенгроқ тушунтирсангиз...

— Гап шундаки, АПЛ клублари ёш иқтидорларимизни эрта кунда сотиб олиб, уларнинг ўз ватанларида профессионал даражада ривожланишларига имкон бермаяпти.

Албатта, ёш иқтидор таниқлироқ жамоа сафига қўшилар экан, дарҳол асосий таркибда майдонга тушиш ҳақида ўйлайди. Амалда эса бошқача... Бу ерда битта ижобий жиҳат бор: футболчи катта маош олиши мумкин, аммо...

— Демоқчисизки, истеъдодларнинг хорижга талпинишлари Нидерландия футболининг асосий муаммоси...

— Ҳозирги ҳолат футболимиз зарарига ишлаётгани аниқ. Хориж жамоалари Голландия лигаси даражасини кўтаришга қодир ўйинчиларни турли йўллар билан олиб кетишяпти.

— Эшитгандирсиз, «Челси» тизимида ҳозир чамаси 50 нафар футболчи бор экан.

— Шунчаки, ақлга сиғмайди. Клублар инвестиция компанияларига айланмоқда ва энди бунга чек қўйиш вақти келди. Футболнинг асл мазмуни бошқа-ку. Албатта, у доимо бизнеснинг бир тури бўлиб келган, аммо бу даражада эмас...

«Хиддинк «Селтик»дан кетишим кераклигига шаъма қилганди»

— 1982 йили «Фейеноорд» стадионида «Бавария» ва «Астон Вилла» ўртасида Европа Чемпионлари кубоги финали бўлиб ўтганди. Мазкур аренага ташриф ҳамон ўша ўйинни эслатса керак...

— Тоннелдан чиқиб, кўкка боққанингда, сени ғалати ҳиссиётлар қамраб олади. «Фейеноорд» сеҳри шу. Мазкур афсона мисоли объект нафақат шу номдаги клуб, балки миллий жамоанинг фахри ҳамдир. Ҳар қандай футболчи бу ерда ўйнашни орзу қилади.

— Айтишларича, вақтида Голландия термаси сафида ЖЧ-98га бориш илинжида «Селтик» билан хайрлашган экансиз, шу ростми?

— Термадан чақирув олганимдан ке-йин мундиал саралаши доирасида Уэльс термасига қарши баҳсда «дубл»­га эришдим. Ўша вақт Шотландияда доимий амалиётга эга эмасдим ва миллий жамоа бош мураббийи Гус Хиддинк билан «Ноттингем Форест»га ўтишим ҳақида маслаҳатлашгандим.

— Яъни айнан Хиддинк «Селтик»дан кетишингиз кераклигини айтган.

— Йўқ, трансфер термадаги фаолиятимга қандай таъсир этиши мумкинлиги ҳақида сўраганимда, у оддий жавоб берганди: «Агар доимий ўйин амалиётига эга бўлсанг, сени терма жамоага чақиравераман». Ўша пайт фахр туйғусига тўла эдим.

Чунки тартибли, бир мақсад йўлида жипслашган жамоада тўп сураётганимни билардим. Ундаги ўрним ҳам аниқ эди. Ҳа, асосий таркиб вакили эмасдим, аммо мураббий бутун жамоа ғалаба учун жон-жаҳди билан курашаётган, бор кучини сарфлаётган лаҳзаларда мени майдонга туширарди ва жарима зарбаси ёки пенальтини амалга оширардим.

— Умуман, термадаги бундай роль сизни қаноатлантирармиди?

— Эътирозим йўқ эди, чунки мураббий ишончини қадрлардим. Қолаверса, ўзимни ўша жамоанинг асосий таркибида ҳам кўрмасдим. Ахир Деннис Бергкамп, Патрик Клюйверт ва Рууд ван Нистелрой ўрнида майдонга тушиш ҳақида ўйлаш ақлсизлик саналарди. Тўғри, муносиб ўйинчи эдим, лекин улар даражасида эмас, барибир.

— Айтингчи, ўзингларни Франция мундиали фаворитлари қаторида ҳис қилганмисизлар?

— Йўқ, аммо ортга кубок билан қайтиш учун яхши имкониятга эгалигимизни тушунганмиз. Мусобақани яхши бошлай олмагандик - Бельгия термаси билан дуранг. Муҳими, ўйин-дан ўйинга чиройлироқ футбол кўрсатдик ва ярим финалгача етдик. Эҳ, ҳал қилувчи баҳс йўлида бразилияликларга пенальтилар серияси бўйича енгилганимизни эсласам...

Ўша муваффақиятсизлик барчамизга шу қадар аламли ва оғриқли бўлдики, оқибатда 3-ўрин учун кечган ўйинда хорватларга ҳам имкониятни бой бердик. Бинобарин, Францияга бош соврин учун боргандик ва ярим финалдаги мағлубият ҳафсаламизни пир қилганди.

- Жанубий Корея термасига қарши гуруҳ босқичи ўйинида гол ургач, қандай ҳолатга тушгандингиз?

— Буни сўз билан ифодалаш мушкул. Ўша гол мен учун ўзига хос совғадир. Аслида жамоамиз 2:0 ҳисобида олдинда борар ва мени майдонга туширишнинг ҳожати йўқдек эди.

Муҳими, мураббий бир неча дақиқа ўйнашимга имкон берди ва шу тариқа ЖЧда гол уриш бахтига муяссар бўлдим. Бу фаолиятимга боғлиқ энг ширин хотиралардан биридир.

— Голдан ташқари, яна қайси лаҳзани алоҳида эслаб қолгансиз?

— Бразилия термасига қарши кечган ярим финал баҳсига қўшиб берилган вақтда рақиб дарвозасини ишғол этишим мумкин эди. Аммо тўпни бош билан дарвозага йўллашга чоғланганимда, ҳимоячи Жуниор Байано либосимдан очиқчасига тортиб қолди.

Ҳакам ўша вазиятда 11 метрли жарима зарбаси белгтлаши шарт эди, бироқ бунга журъати етмади. Қисқаси, унутилмас лаҳза...

— Голландия термаси келажакда жаҳон чемпиони бўлиши мумкинми?

— Бунинг учун юқори савияли футболчилар керак, ҳозир эса бундайлар йўқ. Ҳа, ҳамон яхши футболчиларни тарбиялаяпмиз. Аммо такрор айтаман, ихтиёримизда жаҳон миқёсида мухлисларни лол қолдирадиган суперюлдузлар йўқ.

Лекин умид қиламанки, маълум вақт ўтгач, голланд футболи яна Бергкамп, Роббен, Клюйверт ва ван Нистелрой каби ўйнайдиган сара юлдузлар авлодига эга бўлади.

— Шунингдек, ван Хойдонк кабиларга ҳам...

— Ҳа, муносиб захира кучи ортиқча эмас. Бундай ўйинчилар билан имкониятимиз янада ошарди...

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz