Қайднома

Қидирув

Чин маънода энг яхши футболчи – Муҳаммад Салоҳ

Чин маънода энг яхши футболчи – Муҳаммад Салоҳ

  01.02.2018 06:29
  0
  2116
Чин маънода энг яхши футболчи – Муҳаммад Салоҳ

«Ливерпуль» вакили ҳаттоки, бир ўғрини янгича ҳаётга даъват этди. Ҳа, эндиликда қадим Миср нафақат ер юзининг чин бойлиги - пирамидалар, балки яна Муҳаммад Салоҳ билан ҳам алоҳида фахрланмоқда. Аслида футболчи аллақачон маҳаллий аҳоли ҳурматини қозониб улгурганди.

Мамлакат миллий жамоаси 28 йиллик танаффусдан сўнг жаҳон чемпионатига йўл олганидан кейин эса у шак-шубҳасиз, миллат қаҳрамони мақомини олди.

Зеро, Салоҳ саралаш босқичида бош ролни бажарди. Мисрда узоқ кутилган буюк натижа шодиёналари вақт ўтиши билан аста-секин тинди, бироқ гол уришни хуш кўрувчи футболчи тин олишни сира ўйлаётгани йўқ.

Мана, «Ливерпуль» етакчиларидан бири сифатида гавдаланаётган араб йигити АПЛда рақиблар дарвозасини ишғол қилишдан чарчамаяпти. У шунингдек, Европа ЧЛ гуруҳ босқичида ўз номига 6та гол ёзиб қўйди.

Шунга мувофиқ, Салоҳни Африканинг 2017 йилдаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди. Алоҳида айтиш керак, Мисрда уни аввало, ажойиб маҳсулдорлиги эмас, балки мамлакатнинг овлоқ гўшасидан чиқиб, афсонавий кўтарилишга эришган ва оддий йигит бўлиб қолгани учун қадрлашади. Sports.ru сайтининг мақоласи шу ҳақда.

*****

Салоҳ Александриядан узоқ бўлмаган Нағриғ қишлоғида улғайган. Футбол машғулотларини эса 7 ёшида бошлаган. Ўзининг айтишича, миллионлар ўйинига Роналдо, Франческо Тотти ва Зайниддин Зидан ижросидаги сеҳрли ҳаракатлар таъсирида кўнгил берган.

Чунончи, баъзи-баъзида тўлқин ушлайдиган эскигина телевизорда уларнинг ўйинларини ўзгача мароқ билан томоша қиларди. Ўша вақт қишлоқда яроқли тўп топиш амри-маҳол эди. Шунинг учун ёш Салоҳ дўстлари билан шунчаки, эски пайпоқларни қандайдир доирасимон буюмга ўраб, қўлбола «тўп» ясашарди.

Диққат қилинг, АПЛнинг бугунги юлдузи 14 ёшига қадар шундай шароитда шуғулланган. Йигитча айни шу вақтда PepsiCo томонидан ташкиллаштирилган мактаб миқёсидаги турнирлардан бирида Қоҳиранинг «Араб Контракторс» клуби скаутлари назарига тушади.

Хуллас, Салоҳ шу мусобақадаги ҳаракатлари натижасида илк шартномага эга бўлади. Бироқ у клуб машғулотларига етиб бориш учун нақ 4 соат йўл юрарди. Аниқроғи, деярли ҳар куни йўналиш бўйлаб камида 3та автобусга чиқарди. «Мактабдан дарслар тугамасидан олдин қочиб кетишимга тўғри келарди, - дея эслайди Салоҳ ўша даврларни.

- Чунки машғулотларга улгуришим шарт эди. Кейинроқ клуб махсус ёзма илтимос жўнатди: «Кундузги соат 2:00да бошланадиган машғулотларга етиб келиши учун Муҳаммадга дарслардан эртароқ жавоб беришингларни сўраймиз». Шундай экан, мактабда кунига атиги 2 соат ўқиганман, холос.

Чамаси 3-4 йил давомида ҳафтасига 5 кун машғулотга қатнаганман. Эрталаб соат 9да уйдан чиқардим, мактабга бош суқиб, кейин жамоа ихтиёрига йўл олардим. Машғулотлар қатъий тартибда олиб борилар ва 4 соат давом этарди. Хуллас, кечки соат 6гача тер тўкиб, дарров ортга қайтардим. Шу тариқа уйга келганимда, соат 22:00-22:30 бўларди».

*****

Муҳими, бундай ҳаракатлар самарасиз кетмади: Салоҳ 19 ёшидаёқ Миср терма жамоасида дебют қилди. Араблар Африка кубоги-2012га қаратилган тайёргарлик жараёнида бир қатор ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишади. Жумладан, «Базель» билан учрашувда ҳужумкор футбол намойиш этиб, 4:3 ҳисобида ғалаба қозонишади.

Қаҳрамонимиз шу «ўртоқлик»да «дубль» қайд этишдан ташқари, шунчалик фаол ҳаракатланадики, Швейцария клуби хўжайинлари атиги бир неча кун оралиғида унинг Европага кўчиб ўтишини таъминлашади. «Аввалига роса қийналганман, - деганди футболчи интервьюларидан бирида. - Ахир ўсмирлик чоғиёқ бош-қа қитъага ёлғиз йўл олиш осон эмас.

Бунгача Мисрдан четга чиқмагандим. Ўз мамлакатим ҳақида ҳаммасини билардим, аммо Швейцарияни ҳаттоки, эшитмагандим. Боз устига, инглиз тилида балони ҳам тушунмасдим. Дейлик, озиқ-овқат ёки оддий зарур нарсаларни қаердан харид қилишни билмасдим».

Мана, орадан 6 йил ўтди ва энди Салоҳнинг ишлари жойида: у «Ливерпул»нинг бош юлдузларидан бири, маҳаллий тилни тўлиқ ўрганиб улгурди. 100 минг фунтга тенг ҳафталик маоши эса фақирона болалигига қарамай, Қоҳира томон доимий кўп соатли «саёҳат»лари учун берилган ўзига хос мукофотдир.

*****

Асосийси, Миср фахрига айланган Салоҳ катта пул олдида ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. У ҳавас уйғотувчи даромадни Миср иқтисодини кўтаришга ёрдам бериш воситаси сифатида баҳолади. Хусусан, бу борада қадрдон қишлоғига алоҳида эътибор қаратмоқда. Энди футболчининг чинакам меҳр-муравватли инсон эканлигини тасдиқловчи бир неча далиллар тафсилоти билан танишамиз:

Ўғрини кечирди. Салоҳ бир сафар шундай деганди: «Мен учун инглиз луғатида энг севимли ибора - Love». У бу масалада заррача муболаға ишлатмаган. Дарҳақиқат, футболчи атрофидагиларга ҳурмат билан қарайдиган ва доимо ёрдамга ошиқадиган яриммиф персонажга ўхшайди.

2017 йилнинг ноябрида, аниқроғи, Салоҳ Конго термасига қарши кечган учрашув (2:1)да «дубль» қайд этиш асносида Мисрга Россия мундиали чиптасини тортиқ айлаган оқшом отасининг уйини ўғри «тозалаб» кетди. Атиги 2 кундан кейин жиноятчи қўлга тушди ва уни ҳибсга олишди.

Бундан хабар топган футболчининг отаси ўғрини суд ҳукмига топширишни сўраб, ариза ёзди. Бироқ ўғли бунга мутлақо бошқача муносабат билдирди. Хуллас, отаси унинг илтимосига кўра, шикоятни дарҳол қайтариб олди. Қолаверса, футболчининг ўзи ўғри билан юзма-юз учрашиб, унга маълум миқдорда пул берди, қўшимчасига тайинли иш топишига кўмаклашди.

Эҳтимол, унинг бу олижаноблиги туфайли ўғри тўғри йўлга кирар... Бордию, бундай бўлмаган тақдирда ҳам, Салоҳнинг ёндашуви таҳсинга лойиқ. Ахир у мутлақо бегона кишига ўзини ўнглаб олиш имконияти берди.

Шоҳона вилладан воз кечди. Кузда яна бир шов-шувли воқеа кузатилди. Мисрлик бизнесмен Мамдуҳ Аббос мамлакат терма жамоасининг ЖЧ-2018 йўлланмасига эга чиққанидан шунчалик қувондики, бош қаҳрамон Салоҳга дабдабали вилла совға қилишни истади.

Футболчидан шунчаки, бўш вақт топиб, янги қўнимгоҳни кўриб чиқиши сўралди. Бироқ у дарҳол рад жавоби берди ва Аббосга тўғридан-тўғри мурожаат этди: «Агар чиндан ҳам, мени хурсанд қилишни истасангиз, атаганингизни Нағриғ қишлоғи тараққиётига сарфланг».

Мактаб қурдирди, шифохонага ёрдам беряпти. Ҳа, Салоҳ ўз қишлоғи ҳақида алоҳида қайғуради. У пул ўтказиб бериш билан чекланмай, у ерда ўз ҳисобидан катта мактаб қурдирди, яхшигина футбол майдончалари барпо қилди. Шунингдек, махсус спорт залини замонавий жиҳозлар билан таъминлади.

Қишлоқ оқсоқоли Моҳир Шетия табиийки, футболчидан бағоят миннатдор: «Салоҳ ўлкамизга обрў келтиришдан ташқари, ҳаммасини талаб даражасида ривожлантиришимиз учун мунтазам пул ажратмоқда!

Мисол учун, Базиундаги шифохона шароитларини яхшилашга ҳисса қўшди. Яъни унинг маблағи ҳисобига вентиляцион палата бунёд этилди, «Тез ёрдам» машинаси сотиб олинди. Муҳими, муассаса зарур дори-дармонлар билан таъминланмоқда».

Мисрликларнинг никоҳдан ўтишларига кўмаклашмоқда. Салоҳ ёшларга ҳам беғараз ёрдам бермоқда. Хусусан, ҳамюртларининг никоҳдан ўтишларига бош-қош бўляпти. Аниқроғи, тўй харажатларини кўтармоқда. Умуман, футболчи имкон туғилиши билан Нағриғ қишлоғига йўл олади.

«У ҳар йил Рамазон ойида маҳаллий болаларни махсус совғалар билан сийлашни одатга айлантирган, - дейди футболчининг қадрдон дўсти Басю-ни. - Ҳамқишлоқларига муносабати ўта самимий. Дейлик, дастхат бериш ёки бирга суратга тушишдан қочганини бирор марта кўрган эмасман. Оддий айтганда, Салоҳ машҳур бўлганидан кейин ҳам заррача ўзгармади».

Қишлоқ аҳли бундай ғамхўрлик эвазига маҳаллий мактаб ва янги қурилаётган ёшлар марказини айнан футболчининг номи билан аташни лозим топганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Миср валютасини сақлаб қолди. Салоҳ 2017 йилнинг охирида буюк ишга қўл урди - Миср фунти обрўсини сақлаб қолишга ҳисса қўшди. Ваҳоланки, раҳбарлар иқтисодий инқирозни тан олиб, миллий валюта хориж банкноти ёрдамига муҳтож эканлигини яширишмаганди. Салоҳ эса бунга лоқайд қарамади ва ҳукумат ғазнасига 210 минг фунт стерлинг ажратди. 

Футбол фахрийларига ёрдам бермоқда. Муҳаммад шунингдек, Миср футбол фахрийлари ассоциацияси ҳисоб рақамига 27 минг фунт ўтказиб берди. Ушбу фонд жиддий молиявий муаммоларга учраган собиқ футболчиларни қўллаб-қувватлаш учун тузилган.

Хуллас, Салоҳнинг хайрияси ойлик даромади 400 Миср фунти (атиги 16,65 фунт стерлинг)га ҳам етмайдиган 120та оилага ёрдам қўлини чўзиш имкониятини яратди. Айтиш жоиз, Мисрда бир ойлик ўртача даромад миқдори 2900 фунт (маҳаллий валюта)га тенг.

Яқин Шарқ халқларини бирлаштирди. «Ливерпул»нинг араб мухлисларига мўлжалланган Oil Field Index Podcast кўрсатуви бошловчиси Хатем Кадуснинг айтишича, Салоҳ эндиликда бутун Яқин Шарқ учун муҳим шахс саналади:

«Ҳа, у шу кунга қадар бирор сиёсатчи қўлидан келмаган ишни уддалади - Яқин Шарқни бирлаштирди. Қаранг, марокашликлар, тунисликлар, саудлар, қувайтликлар, амирликлар, уммонликлар - ҳамма орқасига унинг фамилияси ёзилган футболкада юрибди. Асосийси, Салоҳ 90 миллион аҳолиси бор Мисрга чексиз умид бағишламоқда.

Тўғри, бизда иқтисодий томондан жиддий муаммолар бор, тез-тез терактлар рўй бермоқда. Салоҳ шу мураккаб даврда одамларни имкон қадар қўллаб-қувватламоқда, уларни келажакка умид билан қарашга ундамоқда. «Ливерпуль» ўйнайдиган куни Қоҳирадаги хоҳлаган кафега бош суқинг, муҳитни кўриб, ҳайратдан донг қотасиз!

Биргина футболчи сабаб, бутун миллат икки соат давомида атрофдаги барча даҳшатларни унутиб, ягона кучга айланмоқда». Пул ва шуҳрат кўпчиликка акс таъсир қилади - бу ҳаммага аён ҳақиқат. Муҳаммад Салоҳ эса бу ҳақиқат олдида асло бош эгмайди - бу аниқ.

Ҳ.Атавуллаев тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz