Қайднома

Қидирув

Португалия грандларининг яширин келишув ва пинҳона жанглари

Португалия грандларининг яширин келишув ва пинҳона жанглари

  02.02.2018 06:24
  0
  1140
Португалия грандларининг яширин келишув ва пинҳона жанглари

Мавжуд маълумотларга кўра, Португалия грандлари ўртасида кечаётган аёвсиз ахборотлар жангида «Порту» ва «Спортинг» ўзаро ҳамкорликда «Бенфика»ни «чўктириш»га уринмоқда.

Sovsport.ru сайти ана шу кескин пинҳона қарама-қаршиликни мўъжаз саҳна асари кўринишида талқин этди.

БИРИНЧИ ПАРДА - «ВАУЧЕРЛАР ИШИ»

2015 йилнинг октябрида Бруну де Карвалью ТV124 телеканалидаги чиқишида ўта шов-шувли баёнот берди. Унинг айтишича, «Бенфика» вакиллари асосий ва ўринбосарлар жамоаларининг ҳар бир уй учрашувида ҳакамлар ва расмийларни алоҳида совғалар билан сийлашган.

Аниқроғи, «Арбитр тўплами» ичига Эйсебио футболкаси ва элит ресторанда 4 марта кечки тамадди қилиш имконини берувчи ваучер кирган. «Клуб ҳар йили меҳмонларни хурсанд қилиш учун ресторан харажатларининг ўзига 140 млн. евро сарфлайди. Бошқа совға-саломлар суммасини қўшсак, умумий қиймат чорак миллионга етади!», - деганди Карвалью.

Роса катта ғавғо кўтарилганди-да ўзи! Гап шундаки, Карвалью ўша пайт бирор кунни ашаддий рақиб жамоага қандайдир зарар етказиш йўлларини изламасдан ўтказолмасди. «Бенфика» қандай жавоб қайтарди? Клуб мутасаддилари бундай амалиёт мавжудлигини тан олишди.

Шунингдек, кечки тамадди харажати чеклангани ва ҳар бир киши учун 35 евродан ошмаслиги зарурлигини маълум қилишди. Ҳакамлар ўз навбатида, чиндан ҳам, совғалар олишгани, аммо ресторанга лоақал бир марта боришмаганини баён этишди. Шунга қарамай, Португалия футбол федерацияси прокуратурадан мазкур маълумотни текшириб кўриш, миллий лига интизом қўмитасидан жиноий иш қўзғатишни сўради.

Бруну де Карвалью, Луиш Филиппе Виейра, шунингдек, совға олган барча ҳакамлар ва ўйин расмийлари изоҳлари тингланди. Табиийки, улар «Атбитр тўплами» ўзига хос пора сифатида берилаётганини хаёлларига ҳам келтиришмаганини таъкидлашди. Хуллас, арзимас фактлардан бошқа ҳеч нарса топмаган прокуратура ва интизом қўмитаси ишни тўхтатишга қарор қилди.

«Бенфика» вакиллари эса клуб шаъни ва нуфузига путур етказгани учун Карвальюни жазолашни талаб қилишди. Бироқ бундан ҳам ҳеч қандай натижа чиқмади - ҳукумат маъмурлари футбол арбобларини жазолашни ёқтирмайдилар.

2017 йили янги қизиқарли маълумот юзага чиқди. Паулу Гонсалвеш томонидан фош этилган муҳим ҳужжат ҳакамлар ассоциациясига тегишли бўлиб, ўз вақтида барча рефириларга жўнатилган ва сўроққа қатъиян бир хил жавоб қайтариш тавсия этилганди:

«Совға бериш барча жамоаларда йўлга қўйилган ва «Бенфика» бундан мустасно эмас. Клуб ҳеч қачон умумий анъанадан четга чиққан эмас». Қисқаси, Гонсалвеш «бургутлар» учун муҳим аҳамиятга эга бебаҳо инструкцияни зудлик билан сўроққа жавоб бериш тадоригини кўраётган Виейрага етказди. Эътиборли жиҳати, ҳакамларга мазкур инструкция федерациянинг ўша пайтдаги президенти (ҳозир эса арбитраж кенгаши аъзоси) Жозе Фонтелаш Гомеш томонидан етказилганди.

ИККИНЧИ ПАРДА -«ЭЛЕКТРОНМАКТУБЛАР ИШИ»

1. Ҳакамлар билан ишлаш

2017 йили «Бенфика» фалокатга дуч келди - клуб хизматчиларининг электрон ёзишмалари интернет мулкига айланди. «Бургутлар»нинг ички сирларидан биринчи бўлиб «Порту»нинг коммуникациялар бўйича директори Франсишку Маркеш хабар топди. Натижада «Бенфика»нинг ҳакамлар билан қай тарзда иш олиб бориши ошкор бўлди.

Маркеш аввалига Брага округидаги собиқ ҳакам Адао Мендеш ва «Бенфика-ТВ» директори Педру Герра ўртасидаги ёзишмани эълон қилди. Унда «бургутлар» учун қулай саналган реферилар рўйхати берилганди. Тушунарлики, ҳакамларни «оғдириш» хусусидаги муҳим ҳужжат прокуратура эътиборидан ҳам четда қолмади.

2017 йилнинг октябрида «Бенфика» офиси, Виейра, Гонсалвеш, Адао Мендеш ва ҳакамлар ҳаракатини баҳолашга масъул шахс Феррейра Нунеш хонадонларида тинтув ўтказилди.

Шунингдек, ёзишмада номлари баён этилган ҳар бир расмийнинг иши синчиклаб текширилди. Якунда эса фақат Гонсалвешга айблов эълон қилинди. Айтганча, ҳакамлар тоифасини кўтариш ёки туширишга масъул саналган Нунешни бепул меҳмонхона билан таъминлаш «Бенфика» зиммасида эди.

2. Журналистлар билан ишлаш

«Бенфика» ва «Спортинг» ўртасидаги дерби ўйини арафасида Маркеш яна бир қизиқарли ҳужжатни тақдим этди. Унга кўра, шарҳловчи Карлуш Жанела «бургутлар» президентига мурожаат қилиб, футбол блоги ташкил этишни сўраган.

Мактубда шунингдек, смета ва ёллаш мумкин бўлган журналистлар рўйхати кўрсатилганди. Жанела ҳар бир ижодкор учун нақд пул шаклида 300-400 евро маош бериш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган. Эътиборлиси, тилга олинган блог дарҳақиқат, мавжуд.

3. Ультрасга ёрдам бериш

Бир қарашда, мухлисларга ғамхўрлик қилишдек олижанобликда қонунга зид жиҳат йўқ. Лекин «Бенфика» бу масалада ҳам айбланди. Айтиш жоиз, Виейра деярли ҳар бир интервьюсида No Name Boys фанатлар гуруҳи мавжудлигини инкор этади.

Маркеш фош этган ёзишмалардан маълум бўлишича эса, клуб мутасаддилари ҳар бир ультраснинг манзилини ҳам аниқ биладилар. Бундан ташқари, уларни суд муҳокамаларида ҳимоя қилишади.

Мухлислар 2010 йили Виейрага йўлланган мактубда ҳакам Олегарио Бенкеренсанинг борадиган манзилларини билишларини ёзиб, ўйинни сифатсиз бошқаргани учун ундан ўч олишга ваъда беришганди.

Маркеш шунингдек, «Бенфика» фанатлар ҳаракати аъзоларини ҳимоя қилиш учун адвокатлар ёллашини билдирди. Тўғри, буниси ҳозирча ўз исботини топгани йўқ.

УЧИНЧИ ПАРДА - «КЕЛИШИЛГАНЎЙИНЛАР ИШИ»

Ҳаммаси 2016|2017 йиллар мавсуми доирасидаги «Фейренше» - «Риу Аве» учрашуви (2:1) полиция томонидан текширилаётгани ҳақидаги хабардан сўнг бошланди. Жамоалар келишиб олгани ҳақидаги гумон беллашув арафасида пайдо бўлганди. Зеро, мухлисларнинг «Фейренше» ғалабасига катта маблағ тикишаётганига эътибор қаратган букмекерлик идораси «ставка»лар қабул қилишни барвақт тўхтатганди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ғалаба қозониши тахмин қилинган жамоа бош ҳомийси - нигериялик бизнесмен ўз ватанида бекмекерлик идорасига ҳам эга. Хуллас, мазкур ўйин масаласида «Риу Аве»нинг 4 нафар футболчиси сўроқ қилинди. Мезбонлар ғалабани таъминлаш учун уларга 10 минглаб евро миқдорида пора беришгани гумон қилинганди.

Орадан 2 кун ўтгач, суриштирув фақат шу учрашув билан чекланмаслиги маълум бўлди - мавсум-2015|2016даги «Бенфика» - «Риу Аве» ўйини (1:0) ҳам «қора рўйхат»га киритилди. Маълумотларга кўра, «бургутлар» ўзларига яқин агентлар ёрдамида рақиб футболчиларидан ўйинни бой беришни сўрашган.

«Бенфика» ўша паллада «Спортинг» билан чемпионлик учун аёвсиз кураш олиб бораётган ва якунда 2 очкога ўзиб кетганди. Тез орада полициянинг гумон остига олинганлар телефонларидан маълумотларни исботловчи далиллар топгани ва «Бенфика»нинг келишилган ўйинларига гувоҳ бўлганларни аниқлагани эълон қилинди.

Эртасига RTP телеканалида «бургутлар»нинг чемпионлик мавсумидаги 5та учрашувлари шубҳа остида эканлиги ҳақида хабар берилди. Бруну де Карвалью эса яқинда берган интервьюсида анча дадил гапирди:

«Электрон мактублар иши» учун «Бенфика»ни иккинчи дивизионга тушириб юбориш лозим». Шундай қилиш учун ҳукумат маъмурларида журъат, энг асосийси, мамлакатнинг энг номдор клубини жазолашни тақозо этадиган далил-исботлар борми? Буниси энди мавҳум масала...

Иштирокчилар

Луиш Филиппе Виейра - «Бенфика» президенти

Бруну де Карвалью - «Спортинг» президенти

Франсишку Маркеш - «Порту» коммуникациялар бўлими директори

Карлуш Жанела - спорт менежери ва шарҳловчи

Паулу Гонселвеш - «Бенфика» адлия маслаҳатчиси

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz