Қайднома

Қидирув

Туғилган кун шарафига ёки яна Хуан Карлос ҳақида

Туғилган кун шарафига ёки яна Хуан Карлос ҳақида

  04.02.2018 11:58
  0
  532
Туғилган кун шарафига ёки яна Хуан Карлос ҳақида

Испания футбол бўғинида иккинчи ўринда турувчи лига - Сегунда доирасидаги ўйинда унутилмас гол кузатилди. Яъни дарвозабон майдоннинг иккинчи ярмидан кучли зарба йўллаб, рақиб жамоадаги амплуадошини доғда қолдирди. Бунақаси ҳар доим ҳам рўй бермайди ва тез унутилмайди.

Диққатга сазовор томони, ноёб гол муаллифи шу куни туғилган кунини нишонлаётганди. Демакки, «Луго» голкипери Хуан Карлос аввало, ўзига муносиб совға тайёрлади. Айтиш жоиз, айни пайт Примеро йўлланмаси учун курашаётган «Луго» Хихоннинг «Спортинг» клубига қарши кечган учрашувда анча қийналди, гарчи унда ғалаба иштиёқи баландроқ бўлсада. Хуллас, 2:1 кўринишида қалтис ҳисоб қайд этилаётган паллада Карлос рақиб вакиллари қайтарган тўпни кучли зарба билан олдинга тепиб юборди. Қарангки, таваккалига тепилган тўп тўғри «Спортинг» дарвозасига бориб тушди. Шу тариқа «Луго» муҳим ғалабани нишонлади, 30 ёшли Хуан Карлос эса қаҳрамон бўлди. «Энг муҳими, биз 3 очко олдик. Албатта, бағоят бахтиёрман. Очиғи, голни қандай нишонлашни ҳам билмай қолдим. Ахир бунгача бирор марта гол урган эмасдим...», - деди «Луго» голкипери ўйиндан кейин. Қизиғи, шундаки, Хуан Карлос бунгача атиги бир марта диққат марказига тушганди, холос. Боз устига, «қовун туширгани» оқибатида. Қисқаси, фаолияти давомида Испаниянинг кўплаб иккинчи даражали клубларида ўйнаган кипер битта кулгули хатоси туфайли ёдда қолганди. Аниқроқ айтсак, Карлос 2016 йилнинг март ойида тўпни шундоқ Иван Ракитич оёғига ташлаб берганди. Ўша ўйинда «Барселона» бечора «Райо Вальекано»га сира раҳм қилмай, йирик ҳисобда ғалаба қозонган, Хуан Карлос эса яна бир неча ойдан сўнг клуб билан хайрлашганди. Айтганча, дарвозабон жорий мавсум чакки ўйнамаяпти ва умумий статистикаси ҳам ёмон эмас. Дейлик, 23та ўйинда майдонга тушган Карлос улардан 8тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Мана, бунга энди нодир голни ҳам қўшиб қўйди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz