Қайднома

Қидирув

«Вердер»нинг умидбахш учинчи уриниши

«Вердер»нинг умидбахш учинчи уриниши

  08.02.2018 06:29
  0
  593
«Вердер»нинг умидбахш учинчи уриниши

Аввалига Виктор Сприкник, кейинчалик Александр Нурининг саъй-ҳаракатлари эвазига элитани тарк этишдек аянчли муваффақиятсизликдан қутулиб қолган «Вердер»га ҳозирда Флориан Кофельт устозлик қилмоқда.

Бунинг нимаси ажабланарли, дея ҳайрон бўлманг. Гап шундаки, жамоа инқирозга юз тутган дамларда мутасаддилар фақат ўз одамларига мурожаат қилишмоқда: собиқ «мусиқачи»-Скрипник муҳим топшириқни уддалади.

Лекин янги мавсумда «оркестр» яна ҳайдалиш куйини чала бошлагач, навбатдаги истеъфо қайд этилди. Таажжубки, Нури ҳам худди шундай қисматни бошдан кечирди.

Оқибатда, бош мураббий лавозими Флориан Кофельтга ўтди. Қуйидаги мақола умидбахш учинчи уринишни амалга ошираётган 36 ёшли мураббий ҳақида.

«Фаолиятимдаги энг ёқимсиз танаффус»

«Биз ҳаммамиз Александр Нурини ҳурмат қиламиз ва мавсумдаги илк ғалабасини нишонлаши учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз», - деганди «Вердер» сардори Златко Юнузович «Аугсбург»га қарши баҳс арафасида.

Нурининг муқаррар истеъфодан сақлаб қолишга шогирдлари астойидил ҳаракат қилишди, рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар уюштирилди. Лекин гол уришни иложи бўлмади. «Аугсбург» эса 2та гол уриб, танаффусга хотиржам йўл олди.

Иккинчи бўлимда рақиб яна битта гол урди, йирик мағлубиятни тан олган «Вердер» 10та тур якунига кўра сўнгги поғона маҳбусига айланди. «Фаолиятимда бундай ачинарли танаффусга гувоҳ бўлмагандим.

Нури футболчиларни мўъжиза яратишлари учун руҳлантиришга уруниб кўрди. Унинг сўзларида хайрлашув оҳанги яққол сезилиб турарди», - дея хотирлайди «Вердер» сардори. Бошини кўтаришга ҳам ҳоли қолмаган мураббий сўнгги марта «Везерштади­он»­нинг ечиниш хонасига йўл олди.

Бир соатдан кейин раҳбарият уни лавозимидан озод этилганини маълум қилди. «Айрим жамоадошларим кўз ёшларини тия олишмади. Чунки, Нури ажойиб инсон, ақлли мураббий эди. Унга ёрдам бера олмаганимиз учун афсусдамиз», - дея тан олди Златко.

Посбон, шифокор, мураббий

«Мусиқачилар» навбатдаги машғулотни Флориан Кофельт раҳбарлигида ўтказишди. Кофельт эндигина учирма бўлган мураббий ва шакл­лана олмаган дарвозабон. Бремендаги барча болакайлар каби у ҳам оқ-зангори либосда майдонга тушишни орзу қиларди. Флориан «Вердер» академиясидан жой олишга муваффақ бўлди ва илк кундан бошлаб сўнгги чизиқни эгаллади.

Кофельт фаолиятидаги муҳим бурилиш 2001 йили юз берди - Томас Шааф ёш посбонни жамоанинг мавсумолди йиғинига жалб этди. «Ўшанда «Вердер» ўзининг ажойиб тикланиш даврини бошдан кечираётганди. Тўғри, 2001|2002 йиллар мавсумида юксак натижаларни қайд этмадик. Лекин футболчиларнинг зав-шавқ билан тўп суришаётгани яққол сезилиб турарди.

Ўзимиз хоҳлагандек ўйнашимиз учун Шааф бор билим ва малакасини ишга солди. Ҳар бир шогирдининг ўйиндан қониқиш ҳосил қилиши жуда муҳим эди. Мураббийлик касбини танлаганим боис, унинг бу хусусиятини қунт билан эгаллашга аҳд қилгандим», - дейди Флориан.

Кофельт «мусиқачилар» йиғинларида тўлиқ иштирок этган бўлсада, мураббийлар ишончини қозона олмади: «Мендан моҳир дарвозабон чиқишига ўзим ҳам ўша пайт­даёқ амин бўлгандим». Шунга қарамай, Флориан асосий таркибдан жой олиш учун курашни давом этди.

Шу билан биргаликда бошқа касбларни ўзлаштириш режасидан воз кечмади - аввалига тиббиёт факультетида таҳсил олди. Кейин мураббий курсларини муваффақиятли тамомлади. Чунки Флориан мунтазам равишда Шаафдан мураббийлик сирларини ўрганиб, олган билимларини мустаҳкамлаб борди ва унинг садоқатли шогирдига айланди.

Шу тариқа «Вердер» академияси асосий эътиборини ҳужумкор комбинацияларга қаратадиган, тактиканинг тор қолипига тушириш учун ёш футболчиларнинг ҳаракат эркинлигини чеклаб қўядиган услубдан йироқ бўлган ёш ва ғайратли мутахассисга эга бўлди.

Янги иш жойида Кофельт бир маромда фаолият юритаётганди. 2016 йил кутилмаган таклиф жараённи тезлаштириб юборди: «Мени 3-Бундеслиганинг 10-туридан кейин сўнгги поғонани эгаллаб турган «Вердер-2»ни қутқаришга таклиф этишди».

«Вердер-2»нинг мўъжизаси ва янги имтиҳон

Ўринбосарларга устозликни шогирдларининг футболга бўлган муносабатини ўзгартириш билан бошлаган Кофельт вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда эмин-эркин тўп суришни талаб қилди. Шу тариқа жамоа охирги турда аутсайдерлар ҳудуди ташқарисида етиб келди.

Сўнгги беллашувдаги ғалабагина ҳаваскорлар лигасига тушиб кетмасликни кафолатлади. Бунинг учун «Вердер-2» «Аален»ни маҳв этиши шарт эди. Кофельт шогирдлари биринчи бўлимдаёқ ҳисобни очишда. Бироқ қолган дақиқаларда футболчилар ва жамоа мухлислари учун чинакам азоб-уқубатга айланди - «Аален»нинг биргина голи барча уринишларни чипакка чиқариши аниқ эди.

Флориан Кофельт жамоаси ишончли ҳимояланди ва керакли устунликни сақлай билди. Мавсум якунлангач, қуйи дивизионлар мусобақаларини кузатиб борадиган мутахассислар ёш мураббийни чемпионатнинг энг яхши «ўт ўчирувчиси» сифатида эътироф этишди. Хуллас, мавсум якунланди, Кофельт «Вердер-2»даги фаолиятини давом эттирди.

Унга нисбатан қандайдир норозилик на мухлисларда, на жамоа мутасаддиларида бор эди. Бироқ кутилмаганда бош жамоа янги мавсумни жуда суст бошлади. Александр Нури истеъфога чиқарилгач, спорт директори Франк Баумани олдида қисқа вақт ичида муносиб номзод топиш муаммоси кўндаланг бўлди: «Саноқли кунлар давомида бир нечта номзод билан суҳбатлашдик.

Лекин уларнинг ҳеч қайси бири ижобий таассурот қолдиролмади». Ҳа, фақат Кофельтнинг ёрқин ва самимий мулоҳазалари спорт директорига мақул бўлди. «Футболчилик фаолиятимни якунлаётганимда келажакда қайси соҳада ишлашим хусусида узоқ ўйладим. Ниҳоят улкан аудитория қаршисида иш юритиш иқтидорим бор экалигига амин бўлдим.

Нотиқлигим эвазига ўз режаларимни шогирдларимга сингдиришни хуш кўраман», - дейди Флориан. Илк дебютидаёқ ёш мураббийнинг ижобий фазилатлари яққол кўзга ташланди - Франкфуртда «Вердер» мағлубиятга учраган бўлсада, «Айнтрахт» дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятларни вужудга келтирди.

Кейинги беллашувларда Кофельт шогирдлари имкониятларни голга айлантириб, «Ганновер» ва «Боруссия» Д.ни таслим этишди. Қисқаси, янги бош мураббий дастлабки етти учрашувнинг 3тасини ғалаба билан якунлади. Қўшимчасига, «Вердер» Германия кубоги доирасидаги баҳсда ҳам рақибидан устун келди.

«Мен Скрипник ёхуд Нури эмасман!»

«Вердер»нинг «уйғонгани»га шубҳа йўқ. Ўта қисқа муддат ичида Кофельт ўз ўйинчиларни ғалаба қозонишга қодир эканликларига ишонтирди. «Ечиниш хонасида ўзоқ гапирмайман.

Чунки ўйинчилар майдонга тушмасдан туриб толиқиб қолишади. Муҳими шуки, сўзларимни тинглагач, токи уларда тезроқ майдонга тушиб, мазмунли ўйин кўрсатиш иштиёқи пайдо бўлсин», - деди ёш мураббий.

Кофельтгача жамоа Нури раҳбарлигида 4та гол урганди. Энди эса бир ой ичида 10 марта рақиблари дарвозагасига йўл топа билишди. Эътиборлиси, ҳозирги «Вердер»нинг услуби Томас Шаафни эслатмоқда. Клуб мутасаддилари уни жамоага таклиф этишни мўлжалламоқдалар. Шааф расман бош директор лавозимини эгаллайди.

Амалда Кофельтнинг маслаҳатчиси вазифасини бажариши тахмин қилинмоқда. «Томаснинг клуб тизимидан жой олишидан хавотирланмайман. У билан анчадан бери устоз-шогирд мақомидамиз. Мен учун рақобатчи эмас, балки тўғри йўлга бошлайдиган донишманд етакчидир», - деди Флориан.

Кофельт - «Вердер» ўринбосарлари сафидан етишиб чиққан учинчи мураббий. Виктор Скрипник ва Александр Нури жамоани инқироздан олиб чиқишда ажойиб халоскорлик хусусиятларини намойиш этишди. Аммо янги мавсумда яна учинчи уринишни умид ва хавотир билан кузатишмоқда.

Бироқ Кофельт бу борада жуда хотиржам, «Скрипник ҳам, Нури ҳам эмасман. Футбол борасидаги тушунчам тамоман ўзгача. Шогирдларим нафақат ғалабада, балки ўйиндан ҳам лаззат олишни ўйлашсин. Иштиёқсиз, шунчаки, «хўжа кўрсин»га тўп суриш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди!».

Нима ҳам дердик, ўринбосарларни ёруғликка олиб чиққан мутахассис бош жамоани ҳам тараққиёт йўлига етаклашига умид қиламиз. Қизиғи шундаки, халоскор мураббий «Вердер-2»ни қабул қилган пайт жамоа 10-турдан кейин учинчи лиганинг сўнгги поғонасида эди.

Бош жамоа ҳам айнан 10та учрашувдан сўнг бирорта ғалабани қайд этмаган ҳолда охирги ўринда келаётган пайт Кофельтга мурожаат қилишди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz