Қайднома

Қидирув

Талаблар ва истиснолар баҳси

Талаблар ва истиснолар баҳси

  10.02.2018 01:34
  0
  658
Талаблар ва истиснолар баҳси

Ниҳоят, футбол мухлислари катта қизиқиш билан кутаётган яна бир тарихий воқеага гувоҳ бўлдик: Суперлиганинг дастлабки икки давраси учун қуръа ташланди. Таъбир жоиз бўлса, бу жараён футболимиз тарихидаги инқилобий мавсумнинг йўлчи юлдузидир. Умидвормизки, шу йўлчи юлдуз чемпионатимиз ва Суперлига довруғини дунёга таратади. Дастлабки мустақил миллий чемпионатимизга қуръа ташланган пайт ҳам аксарият мухлисларда шундай кўтаринки кайфият кузатилгани ўз-ўзидан аён. Ўшанда истиқлолга ташна қалблар фахр-ифтихордан яшнаганди. Энди эса кўнгиллар тараққиётнинг янгича нафасидан наволанмоқда.

Албатта, қизиқиш доираси фақат шу кайфият билан чегараланмайди. Футбол мухлисларини яна бир мавзу - Суперлига таркиби қизиқтираётганди. Қуръа жараёни бу масалага ҳам ойдинлик киритди. Аввал хабар берилганидек, «Сўғдиёна» ва «Нефтчи»га Суперлига иштирокчилари қаторидан жой ажратилди. Аниқроғи, расмий хабар қуръа жаарёнида тасдиғини топди. Умуман олганда, Умид Аҳмаджонов Жиззах ва Фарғонага ташрифи чоғида мазкур масалаларга ечим излагани хусусида мухлислар томонидан мулоҳазалар билдирилганди. Қарангки, тахминлар ўзини оқлади, мулоҳазалар реалликка айланди. Қуръа асносида аён бўлдики, «Сўғдиёна» ва «Нефтчи» янги мавсумни «Супер»да бошлайди. Демакки, улар бундай ҳуқуқни берувчи барча талабларни бажарган. «Машъал» ва «Цементчи» эса Суперлига «юк»ини кўтаролмаган.

Бири хуш, иккинчиси нохуш хулоса, тўғрими? Шу тарзда савол қўйиш осон. Аммо унутмайликки, ҳар икки хулоса ортида мухлислар манфаати ётибди. Бизни айни жиҳат ўйга толдирди.

Маълумки, ўтган мавсум якунланмасидан бошланган ислоҳотлар тўлқини наинки мухлислар, балки мутахассислар-у мутасаддиларни ҳам анчайин шошириб қўйганди. Лекин футболимиздаги вазият шу қадар чигаллашиб кетгандики, ислоҳотларни шошилинч бошламасликнинг асло иложи йўқ эди. Мутасаддилар ғоят тиғиз ташаббуслар жараёнида олий лигани бирданига 5та жамоа тарк этишини эълон қилиб юборишди. Натижада «Цементчи» ҳақли равишда ўзини Суперлиганинг 12-вакили сифатида санай бошлади. Ҳаттоки, бу ўринга «Нефтчи»нинг чиқмаслиги билан боғлиқ баёнотлар матбуот юзини кўрди. Мутасаддилар бунга жавобан Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқини берувчи талабларни бажариш мажбурийлигини таъкидлашди. Зукко мухлислар ушбу огоҳлантиришдан тегишли хулоса чиқаришди, яъни мавсум якунида олий лигада 1-11-ўринни эгаллаш кучлилар қаторида қолиш учун кафолат эмаслигини англашди. Афсуски, кўпчилик бу хабарга алоҳида эътибор қаратмади. Суперлиганинг ўтган ҳафта эълон қилинган таркиби эса Осиё чемпионати ёғдулари остида кўзга ташланмади. Шунинг учунми, қуръа жараёни ушбу маълумотлардан бехабар мухлисларни ажаблантирди. Таъкидлаш жоиз, бу шунчаки, одатий ажабланиш эмас. Гап Суперлигада иштирок этиш талабларини бажаролмаган «Цементчи» ва «Машъал»нинг тақдири хусусида бормоқда.

Хўш, ўтган мавсумда биринчи лига ғолибига айланиб, ўйин нуқтаи назаридан элитада иштирок этишга муносиблигини исботлаган «Цементчи» энди қандай фаолият кўрсатади? Жамоа Про-лигада яна ўзини кўрсатишга қодирми? Фарғона футболида амалга оширилган ишлар мухлислар кўнглида шундай саволлар уйғотди. «Нефтчи» ва «Цементчи»нинг мутасаддилари бош-қош бўлган келишув қандай самара беради? Бу вақт ҳукмига ҳавола. Ҳар ҳолда, зафарларга бой анъаналари билан машҳур «Нефтчи»нинг Суперлигада қолиши мақсадга мувофиқ айни чоғда. Бироқ «Цементчи» мухлисларининг алангаланаётган иштиёқлари аввалгидек сақланадими? Бу савол жавобини ҳам ҳозирча вақт ҳукмига ташлашга мажбурмиз.

Ислоҳотлар ўз-ўзича амалга ошмайди. Бу жараёнда гоҳо ҳўлу-қуруқ баравар ёнади. Футболимиз тараққиёти учун юз бераётган воқеаларга холис баҳо берсак, бас. Ишончимиз комилки, мамлакатимиз футболи жонкуярлари ҳамиша холисликка интилишади. Мутасаддилар ниҳоятда нозик ушбу жиҳатни эътибордан қочирмасликлари керак. Ўйлаймизки, зукко мухлислар нима демоқчи эканлигимизни дарҳол тушунишди. Ҳа, Суперлига таркибини шакллантиришда бундан кейин фақат спорт принципларига риоя қилиниши даркор. Бу мулоҳазани бежиз айтмаяпмиз. Янги мавсумга тайёргарлик чоғи «Андижон»да ҳам Суперлигада иштирок этиш иштиёқи яққол сезилди. Аммо жамоанинг нияти рўёбга чиқмади. «Андижон» энди янги мавсумда отни жиддийроқ қамчилаши аниқ. У ёқда «Динамо» ҳам қўл қовуштириб ўтирмайди. Чунки Самарқанддаги футбол муҳити Сирдарё, Сурхондарё ёки Хоразмдагига нисбатан кескин фарқланади. Балки Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари жамоаларини Про-лигада қатнашишнинг ўзи қониқтирар. Лекин «Динамо» ва «Андижон» анъаналар нуқтаи назаридан бунга кўнмайди. Тўғрироғи, узоқ кутолмайди.

Суперлигада бор-йўғи 12та ўрин мавжуд ва бу ҳозирги ҳолатда ўзини оқламайдиган миқдор. Демоқчимизки, истаклар таъсирида яна истисноларга йўл бериш Суперлига, айниқса ислоҳотлар тақдирини хавф остида қолдиради. «Цементчи» ва «Машъал» қай йўсинда «Нефтчи» ҳамда «Сўғдиёна»га жой бўшатганини бугун ҳамма тушуниб турибди. Келгусида эса мухлислар истисноларни тушунишни ҳам исташмайди. Ҳозирданоқ қуйидаги савол кун тартибига қўйилаётгани фикримиз исботидир: мавсум якуни бўйича Про-лигада ғолиб чиққан жамоа Суперлиганинг ўйин натижаларига алоқаси бўлмаган талабларини бажаролмаса, қандай хулосага келинади? Дейлик, Про-лигада «Машъал» ғолиб чиқса, инфратузилма боис, ўз ўрнини «Динамо» ёки «Андижон»га бўшатиб бермайдими? Негаки, бу икки жамоанинг мавсум давомида Суперлига талабларига тўлиқ тайёр бўлиб боришига барча ишонмоқда. Энг қизиғи, учрашувлар ва натижалар Суперлиганинг бошқа талаблари билан ҳисоблашмайди. Ана, «Борнмут» меҳмонда ўйнаб туриб, «Челси»ни енгишдан тортинмади, «Леванте» ҳеч бир хижолатсиз «Реал»дан очко тортиб олди, «Эспаньол» эса «Барселона» олдида бош эгмади. «Машъал» ҳам шу йўлдан борса ва «Динамо» ҳамда «Андижон»даги шароитларни ҳисобга олмай, Про-лига ғолибига айланса, нима бўлади? У ҳолда «Металлург»нинг ўрнига кўз олайтирилмайдими?

Кўриниб турибдики, бугун Суперлига талаблари туфайли мухлисларда турли саволлар туғилмоқда. Жамият тараққиёти ва тафаккуридаги пасту-баландликлар сабаб, футболимиз мутасаддиларининг янги-янги муаммоларни ҳал қилишларига тўри келиши эҳтимоли ҳам юқори келажакда. Бу табиий ҳол. Ҳамма гап шу муаммоларни енгиш ва улардан устун чиқишда. Талаблар ва истисноларнинг ижобий натижаси айни шу устунликка чамбарчас боғлиқдир.

Муҳаммад Вали


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz