Қайднома

Қидирув

Оилавий касп ёхуд ака-ука футболчилар ҳақида (фотогалерея)

Оилавий касп ёхуд ака-ука футболчилар ҳақида (фотогалерея)

  11.02.2018 06:42
  0
  3466
Оилавий касп ёхуд ака-ука футболчилар ҳақида (фотогалерея)

Мабодо Уэйн Рунининг профессионал футбол билан шуғулланадиган укаси борлигини билмасангиз, у ҳолда ушбу мақолани ўқиб чиқишни тавсия қиламиз.

Бордию, бундан хабардор бўлсангиз... майли, барибир, қуйидаги маълумотларга кўз югуртираверинг - ҳар ҳолда, ака-ука Снейдерлар ҳақидаги қайғули воқеа билан танишиш зарар қилмаса керак.

Ака-ука Снейдерлар

РОДНИ СНЕЙДЕР. 26 ёш. Ярим ҳимоячи. Клуби: «DHSC» (ҳаваскорлар жамоаси, Голландия).

Карьераси: «Аякс», «Утрехт», «Валвейк», «Альмере Сити», «Данди Юнайтед», «Йонг Утрехт», «DHSC»

Снейдерлар орасида энг кенжаси. Голландиянинг болалар ва ўсмирлар термаларида ўйнаган. 2008 йили 17 ёшга тўлган Роднига Мадриднинг «Реал» клуби қизиқиб қолди.

Аммо ўша кезлари «Қироллик клуби»да тўп сурган Уэсли Снейдер укасининг Мадридга келишига қарши чиқиб, дастлаб у «Аякс»нинг биринчи жамоасига ўтиши лозимлигини таъкидлади. Афсуски, Роднига акасининг йўлидан бориш насиб қилмади.

«Аякс»нинг асосий таркибига киролмади, «Реал»га ўтиш эса армонлигича қолди. Кейинчалик Шотландияга кўчиб ўтган футболчи 2015 йили соғлиғидаги муаммолар туфайли «Данди Юнайтед» сафини таркиб этиб, юртига қайтди.

2016|2017 йиллар мавсумида «Утрехт»нинг захира жамоасида ўйнади, ўтган йилнинг августидан буён «DHSC» ҳаваскорлар клубида тўп сурмоқда. Бу ерда ака-ука Снейдерларнинг тўнғичи - Жеффри бош мураббий ёрдамчиси вазифасида ишлайди.

ЖЕФФРИ СНЕЙДЕР. 35 ёш. Вингер. Фаолиятини якунлаган. «DHSC» бош мураббийи ёрдамчиси.

Карьераси: «Йонг Аякс», «Телстар», «Аякс А2», «Йонг Валвейк», «Ден Босх», «Элинквийк».

Жеффрининг фаолияти ёмон бошланмаганди. «Аякс»­нинг захира жамоасида («Йонг Аякс») у Мартен Стекеленбург ҳамда Рафаэль ван дер Варт билан ўйнаган.

2001 йилда эса «Телстар»га кўчиб ўтган. 2004 йили жароҳат олиб, ярим йил танаффус қилди. Яшил майдонга қайтгач эса, ёшлар жамоасида спорт формасини тиклашга уринди, фаолияти якунида эса қуйи лигаларда тўп сурди.

Бугунги кунда ҳаваскорлар жамоасида бош мураббийга ёрдамчилик қилмоқда.

УЭСЛИ СНЕЙДЕР. 33 ёш. Клуби: «Ал-Гарафа» (Қатар).

Карьераси: «Аякс», «Реал», «Интер», «Галатасарой», «Ницца», «Ал-Гарафа».

Ака-укаларидан фарқли равишда, Уэслини ортиқча таништиришга ҳожат йўқ.

Ака-ука Учелар

КАЛУ УЧЕ. 35 ёш. Ҳужумчи. Клуби: «Дели Дайнамос» (Ҳиндистон).

Карьераси: «Эньимба», «Ивуаньянву Нэйшнл», «Эспаньол», «Висла», «Бордо», «Альмерия», «Ксамакс», «Қосимпошо», «Ал-Жаиш», «Ал-Райян», «Леванте», «Пуна Сити», «Дели Дайнамос».

Учеларнинг тўнғичи қаерларда ўйнамади, дейсиз. Европадаги бешта мамлакатда бўлди - Польша, Испания, Франция, Швейцария ва Туркия чемпионатларида тўп суриб, жами 88та гол урди. Бундай натижа билан Нигерия термасига чақирилиши табиий эди. Миллий жамоа сафида ЖЧ-2010да қатнашиб, 2та тўп киритди. Аммо нигерияликлар ўша турнирда гуруҳда қолиб кетишганди. Ҳозирда Калу Ҳиндистон суперлигаси вакили «Дели Дайнамос» таркибида футболдан роҳатланиб, катта пуллар ишламоқда.

ИКЕЧУКВУ УЧЕ. 34 ёш. Ҳужумчи. Клуби: «Химнастик» (Испания).

Карьераси: «Ивуаньянву Нэйшнл», «Расинг Феррол», «Рекреативо», «Хетафе», «Сарагоса», «Вильярреал», «Гранада», «Тигрес», «Малага», «Химнастик».

Худди катта акаси сингари, Икечуквунинг иқтидори ҳам Пиреней ярим оролида очилди. Ла лига баҳсларида Калу билан кўпинча бир-бирларига қарши тўп суришарди.

Кичик Уче ҳаётидаги энг муҳим голни 2008 йили «Сантьяго Бернабеу»да Икер Касильяс қўриқлаган дарвозага урган. Ўша ўйинда Икечуквунинг жамоаси «Хетафе» «Реал»дан устунлик қилган (1:0).

Термада фаолиятига келсак, 2013 йили Африка миллатлар кубоги соҳибига айланган. Бугунги кунда 34 ёшли форвард Сегунда ўртамиёнаси - «Химнастик»нинг энг яхши тўпурарларидан бири саналади.

Ака-ука Игуаинлар

ГОНСАЛО ИГУАИН. 30 ёш. Ҳужумчи. Клуби: «Ювентус» (Италия).

Карьераси: «Ривер Плейт», «Реал», «Наполи», «Ювентус».

Аргентиналик футболчи Хорхе Игуаиннинг оиласида таваллуд топган. Шундай экан, Гонсало ва унинг акаси ота изидан бориб, айнан шу спорт турини танлаганликлари бежиз эмас, албатта.

ФЕДЕРИКО ИГУАИН. 33 ёш. Ҳужумкор ярим ҳимоячи. Клуби: «Коламбус Крю» (МЛС).

Карьераси: «Ривер Плейт», «Нуэва Чикаго», «Бешиктош», «Америка», «Индепендьенте», «Годой Крус», «Колон», «Коламбус Крю».

«Ривер Плейт» тарбияланувчиси, Гонсало Игуаиннинг тўнғич акаси Федерико оилада энг яхши футболчи номига даъво қилолмайди. Унинг Европадаги фаолияти ҳамин­қадар кечди.

«Бешиктош»да ўтган мавсумни ҳатто эсламаса ҳам керак. Шунга қарамай, АҚШда ўзини анча эркин ҳис қилди, дейиш мумкин. Ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида «Коламбус Крю»нинг 154та ўйинида майдонга тушиб, 50та гол урди.

МЛСдаги дастлабки мавсумида эса «2012 йил кашфиёти» мукофотига сазовор бўлди.

Ака-ука Лейтелар

КАКА. 35 ёш. Ярим ҳимоячи. Фаолиятини якунлаган.

Карьераси: «Сан-Паулу», «Милан», «Реал», «Орландо Сити».

Футбол оламида довруқ қозонган Рикардо ўзининг тахаллусини («Кака») айнан кенжа укаси туфайли орттирганини кўпчилик билмаса керак. Дигао болалигида Рикардо исмини талаффуз қилишда қийинчиликка учрагани боис, бўлажак юлдузни шунчаки «Кака» деб чақирган.

ДИГАО. 32 ёш. Ҳимоячи. Фаолиятини якунлаган.

Карьераси: «Милан», «Римини», «Стандард», «Лечче», «Кротоне», «Пенафиэл», «Нью-Йорк Ред Буллс».

Дигао «Милан»да ўтказган 6 йили мобайнида ушбу клуб либосида кўп ўйин ўтказмади. Ижара асосида бошқа жамоалар тўп сурганига қарамай, ишлари юришмади. Унинг омадсизликларига биринчи навбатда жароҳатлар сабаб бўлди.

Ака-ука Рунилар

УЭЙН РУНИ. 32 ёш. Ҳужумчи. Клуби: «Эвертон».

Карьераси: «Эвертон», «Манчестер Юнайтед».

Англияликлар футболчилар авлодининг ўзига хос тимсоли. Уэйннинг ушбу рўйхатда қатнашиши укаси Жон учун ўзига хос реклама вазифасини ўташи тайин.

Жон Руни. 27 ёш. Ярим ҳимоячи. Клуби: «Гайзли» (Англия).

Карьераси: «Маклсфилд Таун», «Нью-Йорк Ред Буллс», «Орландо Сити», «Барнсли», «Бери», «Честер», «Рексем», «Гайзли».

Жон ҳам фаолиятини Уэйн сингари қадрдон «Эвертон»­да бошлаган. Катталар футболига эса «Маклсфилд Таун» ўйинчиси сифатида ўтган. Шартномаси узайтирилиши бўйича келишув таклифини олмаган футболчи 2010 йили океан ортига йўл олди.

«Нью-Йорк Ред Буллс» клубидаги дебют ўйинидаёқ гол урди. Орадан бир йил ўтиб «Орландо Сити» аъзосига айланди, аммо бу клубда узоқ вақт тўп сурмади.

Хуллас, уйга қайтиш вақти келганди. Айни пайт Англиянинг 5-дивизиони вакили - «Гайзли»да тўп сураётган Жон чин маънода акасининг соясида қолиб кетди.

Ўткирбек Умаров тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz