Қайднома

Қидирув

Серхио Рамос: «Русларга омад, фақат…»

Серхио Рамос: «Русларга омад, фақат…»

  13.02.2018 03:37
  0
  769
Серхио Рамос: «Русларга омад, фақат…»

«Реал» клуби ва Испания миллий жамоаси сардори старт марраси кундан-кунга яқинлашаётган Россия мундиали-2018ни интиқлик билан кутмоқда.

Турнир фаворитларидан бирини сардор сифатида майдонга олиб тушадиган важоҳатли ҳимоячи RTга берган интервьюсида орзуларига тўхталди, рус футболига муносабати ҳамда ЖЧ гуруҳ босқичида Португалия термасига қарши кечадиган ўйинда клубдоши Криштиану Роналду билан бўладиган рақобатдан нималар кутаётгани ҳақида гапирди.

— «Реал» клуби ва Испания терма жамоасида сардорлик боғичини афсонавий Икер Касильясдан олганингиздан сўнг қандайдир босимни сездингизми?

— Ажойиб эстафетани давом эттираётганимдан бағоят хурсандман. Лекин ҳеч қандай босимни ҳис қилмадим. Аксинча, бу юксак ишонч ўзимни синаш учун яхшигина имкониятдир. Касильяс билан «Реал»да ҳам, терма жамоада ҳам узоқ вақт елкама-елка турганча ўйнадик.

Умуман, клуб ва миллий жамоада сардорлик боғичини тақиш ҳар қандай футболчи учун буюк шараф ҳисобланади. Ўзи сардор ўринбосари сифатида ҳам кўплаб масалаларни ҳал қилишда иштирок этардим.

Хусусан, менга футболчилар билан доимий мулоқотга киришиш ёқади. Ҳа, гоҳида бундай суҳбатлар кескин тус олади ва ёқимсиз қарорлар қабул қилишга тўғри келади. Энг муҳими, айнан шундай тажриба ҳам характерни кучайтиради.

— Одатда жамоа етакчиси сифатида кийиниш хонасида ўзингизни қандай тутасиз?

— Жамоадошларим мени қандай сардор сифатида кўришларини билмайман, аммо ҳар дам уларда яхши таассурот қолдиришга уринаман, албатта. Дейлик, ҳамиша йигитларга имкон қадар ёрдам беришни хоҳлайман. Сардорликнинг энг муҳим шартлари - адолат ва ростгўйлик.

Фикримча, боғич соҳиби шерикларидан ниманидир талаб қилишдан аввал ўзи ўрнак бўлиши ва биринчи қадамни ташлаши лозим. Йиллар давомида кўплаб буюк сардорларнинг энг яхши фазилатларини ўзимда мужассамлаштиришга интилган футболчи сифатида айтишим мумкинки, мудом характерим ҳамда ақлий салоҳиятимдан келиб чиқиб иш тутаман. Бунда муайян қоидаларга қатъий амал қиламан.

— Испания термаси Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати фаворитларидан бири саналади. Бугунги «қизил фурия»ни 2010 йили жаҳон кубогини қўлга киритган жамоа билан тенглаштира оласизми?

— Миллий жамоанинг яхши ёки ёмон томонга ўзгарганини баралла айтиш қийин. Шуниси аниққи, ҳозирги жамоа таркиб нуқтаи назаридан  бутунлай бошқа. Менимча, Испания термаси айнан 2010 йили тайёргарлик масаласида энг юқори чўққига чиққанди.

Таркиб эса энг кучли футболчилардан шакллантирилганди: тажрибали фахрийлар қаторида миллий жамоага энди-энди қўшилган салоҳиятли ёшлар. Ҳа, ўша давр чиндан ҳам, ўз фалсафа ва услубимизни яратгандик.

Натижада жаҳон футболига тўпга эгалик қилиш бўйича ўз қарашларимизни кўрсатиб бердик ва бу услуб тезда бутун сайёрага тарқалди. Демоқчиманки, яхлит механизм иши мисоли йўлга қўйилган ўйинимизга ҳамма-ҳамма юқори баҳо берди. 

— Хўш, жамоа шундан буён кучайдими ёки...?

— Такрорлайман, ўшанда Испания футболи ўз тарихидаги энг яхши даврни бошидан кечираётганди. Дейлик, биз кетма-кет 2 марта Европа биринчилигида, шунингдек, мундиалда ғолиб чиқдик.

Йиллар ўтгани сайин эса янги авлод кириб келди. Яъни айрим моҳир ижрочилар миллий терма билан хайрлашишди, уларнинг ўрнини ёшлар эгаллашди. Тушунарлики, янги иқтидорлар термага ўз қарашлари билан келишди. Албатта, уларнинг мақсадлари ҳам аниқ - улкан ғалабалар.

Шундай экан, таркиб кескин ўзгарган бўлсада, жамоа ўз ғояларига содиқ ҳолда фақат олға интилмоқда. Менимча, Россия мундиали ҳозирги миллий термамиз учун илк синов вазифасини ўтайди. Шахсан мен йигитларга ишонаман ва ўзимизни яхши томондан кўрсата олишимизга шубҳам йўқ.

— Умуман, жаҳон кубоги йўлида қайси жамоаларни асосий рақиблар сифатида кўрсатасиз?

— ЖЧ-2018га энг кучли термалар йўлланма олгани аниқ. Шундай бўлсада, Бразилия ҳамда Германия жамоаларини алоҳида эътироф этиш керак, менимча. Немислар узоқ йиллар давомида идеал даражадаги меъёрни сақлаб келишяпти ва ҳар бир йирик турнирда барқарор ўйнашяпти.

Германияда нафақат асосий, балки захира таркибига ҳам катта эътибор қаратишади. Бунинг самараси ўлароқ, иқтидорли ёшлар миллий жамоа ўйинига муаммосиз мослашмоқдалар.

— Мезбон - Россия термасининг яхши ўйин кўрсатиб, гуруҳдан чиқиши жаҳон чемпионати учун нечоғли муҳим?

— Биз гуруҳ раундида руслар жамоасига қарши ўйнамаймиз. Тушунарлики, мезбон жамоа ўйинларини бутун мамлакат кузатиб боради ва масъулият ҳисси ўз-ўзидан ортади.

Кучли босим ва эътибор эса қўшимча мотивация талаб қилади. Демоқчиманки, ташқи эътибор натижага ҳам таъсир этиши турган гап. Нима бўлган тақдирда ҳам, Россия термасига омад тилайман. Аммо русларнинг омадли ўйинлари йўлларимиз туташгунига қадар давом этсин, холос...

— Энди ЖЧ-2010га боғлиқ энг ёрқин хотираларингизни ёдга олсак. ЖАР мундиалида айнан қайси воқеа сизни беҳад қувонтирганди?

— Энг ёқимли лаҳза — бу финал ҳуштаги. Ахир шундагина жаҳон чемпиони мақомига эришганимизни тушундик, бунга амин бўлдик. Жаҳон кубоги футболчи учун ўзига хос сўнгги бекат, бош мақсад саналади. Бу «Ўйин тугади, чироқни ўчириш мумкин», дегандек гап.

Спортнинг айниқса, жамоавий турида чемпионликка эришиш ажойиб туйғуларни уйғотади ва буни бошқа ҳиссиётлар билан солиштириш мумкин эмас. Шунингдек, бош совринни бошим узра баланд кўтарганимдаги ҳолат ҳам бир умр ёдимдан чиқмайди. Хотирамга муҳрланган яна бир ёрқин таассурот - Мадриддаги кутиб олиш жараёни.

Эҳ, автобусда Гран-Виа бўйлаб сайримиз дарҳақиқат, ғаройиб бўлганди. Ахир бутун мамлакат бизни қарши олган, пойтахт кўчалари миллий байроғимиз билан безатилганди.

— Вақт ўтгани сари таркиб ўзгармоқда, аммо Испания термаси ҳамон фаворитлар сафида. «Қизил фурия» доимо кучли футболчиларга тўлалигини аввало, нима билан изоҳлайсиз?

— Испаниянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларига назар ташласак, уларда бунгача футболчи сифатида танилган мутахассислар ишлаётганларини кўрамиз. Қолаверса, ягона тайёргарлик тизимига амал қилинади.

Бунинг натижасида бош жамоа ғоялари бошқа термалар вакилларига сингдириб борилади. Якунда улар миллий жамоа сафига қўшилишгач, ортиқча қийналишмайди. Муҳими, шу тариқа янги-янги иқтидорлар чиқаверишади.

— Қизиқ, агар сизга танлаш имконияти берилса, қай бирини маъқул кўрардингиз: Испания термасининг бўлажак мундиалдаги ғалабасиними ёки «Реал»нинг ЧЛ-2017|2018да ҳам зафар қучишини?

— Ғалати савол. Жавоб ҳам шунга яраша - ҳар иккисини танлайман! Жиддий гапирсам, иккисидан бирини танлаш қийин албатта, аниқроғи, бунинг иложи йўқ.

Шахсан мен ҳар икки  мусобақага ҳамиша ўта жиддий ёндашиб келганман. Бордию, улардан бирини танлаш шарт қилиб қўйилса, билмадим...

Шукрки, совринларим орасида ЧЛнинг 3та ва мундиалнинг битта олтин медали бор. Уларни сира ажратмайман, чунки ҳар бири жуда қадрли. Худди севган аёлинг ва фарзандларингга муҳаббатинг каби ЧЛ ва ЖЧни ўзаро солиштириш қийин.

— Шундай бўлсада...

— Бахтимизга, жаҳон чемпионати еврокубоклар мавсуми ниҳоясига етгач бошланади. Демак, аввалига клуб, кейин терма жамоага эътибор қаратиш имконияти бор.

Умуман, ҳар икки турнир ва ундаги жараёнлар бирдек такрорланмас ҳисобланади. Ҳозиргача спортдаги ҳаётимда мен туймаган лаҳзалар кам қолди.

Мана, ЧЛ кубогини кетма-кет 2 марта боши узра баланд кўтарган ягона сардор бўлдим. Аммо жаҳон кубогини шу мақомда ҳали қўлга киритганимча йўқ. Умид қиламанки, Россияда шундай бахт насиб этади.

— Кўпчиликни Зайниддин Зиданнинг мураббийлик сифатлари қизиқтирмоқда. Бу масалада фикрингиз қандай?

— У авваллари футболчи сифатида маъқул эди, энди эса мураббий ролида ёқяпти. Умуман, доим инсон майдондаги иқтидорини мураббийлик соҳасида ҳам намоён қила олса, етук мутахассисга айланишини айтиб келганман. Зайниддин вақтида майдонда ҳам, кийиниш хонасида ҳам чин етакчи эди.

Яъни ҳаммани ортидан эргаштирар, сўзини ўтказа оларди. Энг муҳими, ўйинни теран тушунарди. Шундай экан, унинг мураббий сифатида ҳам муваффақият қозониши олдиндан маълум эди.

Шунингдек, Зизуда ҳайратлантирувчи яна бир устун жиҳат бор: обрўси катта бўлгани ҳолда, кимга қандай ёндашишни яхши билади, ҳар қандай йигит тилини топа олади.

— Сўнгги савол: ЖЧ-2018даги илк ўйинда Португалия термасига қарши майдонга тушасизлар. Демакки, стартда Криштиану Роналдуга тўқнаш келасизлар. Рамос - Роналду дуэли ўйин ҳароратини янада ошириб юборади...

- Ҳа, мазкур учрашув бетакрор бўлиши тайин. Эҳтимол, бизнинг ўзаро тўқнашувимиз ҳам унга нисбатан қизиқиш даражасини ошириб юбораётгандир.

Шахсан мен ўйинни интиқлик билан кутяпман. Қолаверса, Испания ва Португалия қўшни давлатлар. Демак, ўзига хос дерби. Айтиш жоиз, Португалия термаси аъло даражадаги рақиб - Европанинг амалдаги чемпиони. Қисқаси, ўйин ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Биз ғалабага ишонамиз, хусусан, Роналдуни зарарсизлантира олишимизга ҳам. Зеро, мусобақани муваффақиятли билан бошлаш жуда-жуда муҳим.

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz