Қайднома

Қидирув

«Барселона» жавоҳири – Карлес Аленья

«Барселона» жавоҳири – Карлес Аленья

  15.02.2018 06:39
  0
  1596
«Барселона» жавоҳири – Карлес Аленья

Эҳтимол, «Барселона»нинг энг яхши таркиби Пеп Гвардиола даврида бўлгандир?!

Ўшанда клубнинг етакчи футболчилари маҳаллий академия тарбияланувчилари эди. Хави, Иньеста, Бускетс, Пике, Педро, Пуйоль ва Мессилар клубга болалик пайтларида келибгина қолмай, муваффақиятли фаолиятга замин ярата олишди.

Сўнгги йилларда эса «Барса» мухлислари ротация масаласига ўзгача ёндашувнинг гувоҳига айланишмоқда. Хавининг ўрнига хорватиялик ярим ҳимоячи Иван Ракитич келди, клубга бразилиялик Неймар ва уругвайлик Луис Суареснинг келиб қўшилиши эса Педронинг асосий таркибдан сиқиб чиқарилишига сабаб бўлди.

Ўтган йилнинг ёзида буюк Андрес Иньестанинг ўрнига ким келиши ҳақида кўплаб гап-сўзлар урчиди, ахир 33 ёшли даҳонинг ўйинга таъсири йил сайин камайиб бораётгани маълум-ку.

Таклиф этиладиганлар рўйхатига тушганлар орасида Филиппе Коутиньо («Ливерпуль») ҳамда Марко Верратти («ПСЖ»)лар бор эди. Улардан бири қишки трансферлар ойнасида Каталонияга кўчиб ўтди.

Мазкур ҳолатда Тьяго Алькантара масала ечимида муҳим ўрин тутиши ҳам мумкин эди, лекин Ла масия тарбия­ланувчиси 2013 йилдаёқ «Бавария»га пуллаб юборилганди.

Ўта бой тарихга эга «Барселона»нинг бундай муаммоларни ҳал қилишда энг аввало, асосий эътиборини «Барселона Б»даги ёш иқтидор эгалари ёки Хувенилга қаратиши эҳтимол тўғри бўлар. Бироқ мухлислар кутишни исташмаётган ҳозирги пайт­да клуб таваккалга қўл уролмасди.

Шунга қарамай, Эрнесто Вальверде жамоаси остонасида турган ёшлар орасида Карлес Аленьядек футболчи борлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим.

Аввалги йили ўринбосарлар таркибидаги ажойиб ҳаракатлари билан барчани қойил қолдирган 19 ёшли йигит асосий жамоада ҳам бир неча бор майдонга тушишга улгурди.

Карлес Аленья ким ўзи?

Карлес Аленья 7 ёшлигида кириш синовларидан муваффақиятли ўтиб, «Барселона» тизимига келиб қўшилди. У Ла масия таркибида ўсиб борди ва 2015 йили - 17 ёшида «Барсе­ло­­на Б»­­да ўйнади.

Ярим ҳимоянинг ҳар икки қанотида ўзини яхши томондан кўрсата билган Аленья 18 марта бошланғич таркибда майдонга тушди, 2 бор рақиблар дарвозасини маҳв этди.

Плеймейкер шунингдек, Испаниянинг турли ёшдаги термаларига жалб қилинди ва ҳатто U-19 миллий термани сардор сифатида майдонга бошлаб чиқди.

Июнь ойи охирларида имзоланган 3 йиллик шартномага қадар Аленьянинг Англияга кўчиб ўтиши тўғрисида гап-сўзлар пайдо бўлди. «Манчестер Юнайтед», «Тоттэнхэм», «Эвертон» ва «Ньюкасл» унга қизиқиш билдиргандилар.

Аленья 3 марта «Барселона»нинг асосий жамоаси сафига захирадан майдонга туширилди ва ҳозирча ягона бўлиб турган голини Қирол кубоги доирасида ўтказилган баҳсда «Эркулес» дарвозасига урди.

Ўйин услуби

«Марадона» тахаллусини олганига қарамай, Аленьянинг ўзи кўпроқ Иньес­тага ўхшаб ҳаракатланишини айтади. Фанатлар томонидан бундай аталишига сабаб - ташқи кўриниши ва жисмоний томондан аргентиналик афсонага ўхшайди.

Аленья шунингдек, ярим ҳимоянинг ўнг тарафида кўпроқ фойда келтира олишини таъкидлайди: «Мен ёқтириб ҳаракат қиладиган позиция - ўнг қанот, чунки марказга эркин ўтиб ҳаракатланишим мумкин».

Аммо бизнингча, унинг ўйини кўпроқ «Монако»нинг собиқ футболчиси, «Манчестер Сити» билан шартнома имзолашга улгурган Бернарду Сильвани эслатиб юборади.

Боиси, у ҳам эркин ҳаракатланиш учун оператив кенгликка эга бўлишни истайди ва бу билан рақиб жарима майдонига йўл топиш ёки аниқ зарба бериш имконини яратишни хоҳлайди.

Кучли томонлари

Ла масиялик футболчининг ўзига хос томонлари сифатида унинг тўпни назорат қила олиши ва техникасини айтиш мумкин. Бу эса, футболчига босимдан қутулиш ва жамоа устунлигини таъминлаш имконини беради.

Аленья шунингдек, узоқ масофадан зарбалар йўллай олади. Майдондаги интеллекти ҳам «Барса»нинг ёш футболчиларига хос: майдонни яхши кўра олади, тўпни рақибга олдириб қўймаслик учун гавдасидан оқилона фойдаланади.

Кучсиз томонлари

Ўтган мавсум Карлес Аленьянинг ўйинини «кўк-анорранглилар»нинг собиқ етакчиси Луис Энрике шундай баҳолаганди: «У шубҳасиз, бир неч­та жиҳатларини кучайтира билиши шарт. Биз ундан кўп нарса кутяпмиз ва ўсишда давом этиши учун қўлимиздан келган ёрдамни аямаймиз».

Балки, Энрике Аленьянинг тўпсиз ҳаракатланишларини назарда тутгандир? Футболчининг ўзи ҳам ҳимоядаги камчиликларини билади ва айнан бу нарса унинг асосий нуқсонларидан бири эканлигини тан олишини айтиб, бу борада изланишда давом этишини таъкидлайди: «Менинг кучсиз томоним — ҳимоя. Ҳужумкор футболчи сифатида ўйиннинг бу қисмини эгаллаш мен учун анча қийин кечяпти».

Агар у буни уддалай билса ва ўсишга эриша олса, у ҳолда яқин йилларда «Барселона»нинг бошлан­ғич таркибидан ўрин олиш имкони ортиши шубҳасиз ва клубга Хави, Иньеста ва Мессилар даврини қайтариши мумкин.

Жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Эрнесто Вальверде ёш йигитга бундай имконни албатта тақдим этади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz