Қайднома

Қидирув

«Портлаш эффекти»ни юзага келтирганлар рамзий терма жамоаси (фотогалерея)

«Портлаш эффекти»ни юзага келтирганлар рамзий терма жамоаси (фотогалерея)

  18.02.2018 00:26
  0
  4012
«Портлаш эффекти»ни юзага келтирганлар рамзий терма жамоаси (фотогалерея)

Қуйидаги рамзий жамоа юзасидан ортиқча савол чиқмаслиги учун дарҳол аниқлаштириб кетамиз, у 2та критерия бўйича шакллантирилган.

1). Рамзий жамоага 2017 йил охирида 23 ёшдан ошмаган футболчилар (1996 йил ёки кейин туғилганлар)гина киритилган.

2). 2017 йил бошида кенг жамоатчилик учун нотаниш бўлган футболчиларгагина эътибор қаратилган.

Оддий айтганда, гап ўтган йили кучли «портлаш эффекти»ни юзага келтирган кашфиётлар ҳақида кетмоқда.

Шу боис, катта саҳнага олдинроқ кўтарилган Жанлуижи Доннарумма, Деле Алли ва Марко Асенсио каби йигитлар четда қолишган.

Дарвозабон - Андре ОНАНА

Камерунлик голкипер «Аякс»нинг ЕЛ финалига чиқишига катта ҳисса қўшди. Ваҳоланки, Амстердам жамоаси ҳимояси унча ишончли эмасди.

Шунга қарамай, «Аякс» Эредивизион доирасидаги ўйинларнинг ярмида ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолдики, бунда ҳам Онананинг хизматлари беқиёс.

Ҳимоячи - Райан СЕССЕНЬОН

Рамзий жамоанинг орқа чизиғи тўлалигича Англия клублари футболчиларидан тузилди. Сессеньон эса қуйи лига (чемпионшип)нинг ягона вакилидир.

Йигитча 16 ёшида бинойидек рақобат шаклланган лигада муносиб дебют қилиб, Гарет Бэйлни эслатди. Қанот ҳимоясида тўп сурувчи Сессеньон ҳужумга қўшилишни хуш кўради ва ҳаттоки, ўйинлардан бирида «хет-трик»ка эришди!

Ҳимоячи - Андреас КРИСТЕНСЕН

Даниялик футболчи «Челси» сафига қўшилганида, «аристократлар»нинг ўша вақтдаги етакчиларидан бири Давид Луиз унга ёрқин келажакни башорат қилганди: «Андреас ҳали дунёнинг энг кучли марказий ҳимоячисига айланади».

Мана, Кристенсен шундан буён асосий таркибда, бразилиялик эса... Қолаверса, йигитча Дания миллий жамоаси учун худди Кристиан Эриксен каби муҳим ўйинчига айланиб улгурди.

Ҳимоячи - Давинсон САНЧЕС

Ўтган йили21 ёшини қаршилаган колумбиялик ҳимоячи бир уринишда «Аякс» схемасига мослашди ва дарҳол гранд клублар эътиборини қозонди.

«Тоттенхэм»нинг истиқболли футболчига 40 миллион евро тўлагани кўп нарсадан далолат. Муҳими, Питер Бош кашфиётларидан бири АПЛда ҳам йўқолиб қолгани йўқ.

Ҳимоячи - Трент АЛЕКСАНДР-АРНОЛЬД

Юрген Клопп ёшлар билан ишлашни хуш кўради ва Трентни шу «муҳаббат» самараси сифатида кўрсатиш мумкин. Германиялик мутахассис «Ливерпул»да ҳам худди «Боруссия»да бўлгани каби маҳаллий тарбияланувчиларга катта эътибор қарата бошлади.

Хуллас, Александр-Арнольд - Клоппнинг бошланғич таркибига муносиб эканлигини исботлаган биринчи тарбияланувчи. Инглиз йигити Натан Клайнни шунчаки, унутишга мажбур қилди ва энди терма жамоада Кайл Уокерга рақобат тақдим этса, ажабмас.

Ярим ҳимоячи – АРТУР

Бразилияда охирги 10 йил бадалига ниҳоят, яна топ сифатига лойиқ таянч ярим ҳимоячиси кўзга ташланди. Хуллас, «Реал»да ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этаётган Казимирога муносиб ўринбосар бор.

Айни пайт Бразилия чемпионати вакиллари орасида айнан Артур алоҳида ажралиб турибди. «Гремио»нинг Либертадорес кубогида зафар қучишида бош ролни худди шу йигит бажарганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бироқ у жароҳат туфайли Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этолмади.

Ярим ҳимоячи - Кай ХАВЕРТЦ

Бу йигитча 16 ёшидаёқ «Байер»нинг асосий таркибидан жой олиб, нафақат Бундеслига, балки ЧЛда ҳам ўйин амалиётига эга бўлди. Қувватга тўла ёш хавбекнинг Германия чемпионатида «Гол+пас» тизимида 10 балл тўплагани диққатга сазовор.

Кай шунингдек, жорий мавсумнинг биринчи ярмида 6та голга ассистентлик қилди. Натижада унинг трансфер нархи йил давомида нақ 12 баравар қимматлашди.

Германия миллий жамоаси бош мураббийи Йоахим Лёвнинг Хавертцни аллақачон номзодлар рўйхатига қўшиб қўйганига шубҳа йўқ.

Ярим ҳимояси - Уссам АУАР

«Лион» академияси самарали иш тизими билан донг таратган. Жамоа ўтган ёзда доимгидек, асосий таркибнинг бир қатор етакчиларини пуллади ва уларнинг ўрнини ёшлар ҳисобига тўлдирди.

Ауарга келсак, у аввалига ёшлар ўртасидаги ЧЛда ўзини кўрсатди, кейин асосий жамоага ўтиб, ЕЛ «плей-офф» босқичи ўйинида гол ҳам урди.

Корентьен Толиссо «Бавария»га кетганидан кейин эса таркибдан муқим жой олди. Франциялик йигитча шунчалик ёрқин ўйнамоқдаки, охирги вақтларда кўпчилик у ҳақда гапирмоқда.

Ҳужумчи - Килиан МБАППЕ

Шубҳасиз, 2017 йил футболининг бош кашфиёти. Ваҳоланки, Килиан январда «Монако»нинг асосий таркибида ҳам доимий тарзда майдонга тушмасди. Қандайдир ярим йилдан кейин эса «ПСЖ»  уни дунёнинг иккинчи қимматбаҳо футболчисига айлантирди.

Афсона мисоли юксалиш февраль ойида бошланди - «Монако» ЧЛ 1|8 финалида айнан Мбаппенинг ҳайратомуз ўйинлари ёрдамида «Манчестер Сити»ни доғда қолдирди.

Килиан шу-шу ЧЛнинг ҳар бир «плей-офф» босқичи (ярим финалгача)да гол урди, қўшимчасига Франция чемпиони мақомини олди. Янги мавсумни Парижда бошлаган ёш француз юлдузли таркибда ҳам чакки кўринмаяпти.

Ҳужумчи - Габриэль ЖЕЗУС

«Манчестер Сити» 2016 йилнинг ёзида 19 ёшли форвард учун «Палмейрас»га 32 млн. евро тўлади, бироқ у шартлашувга кўра, 6 ой муддатга жонажон клубида қолди.

Натижада Жезус чемпионликни тантана қилди ва АПЛга Бразилия футболининг бош умиди мақомида йўл олди. Эътиборлиси, у «Сити»даги иккинчи ўйинидаёқ голлари ҳисобини очди, учинчисида эса «дубл»ни расмийлашдирди. Аммо февралда аламли жароҳатга йўлиқиб, 2,5 ой майдонга тушолмади.

Муҳими, Габриэль муаммосиз тикланди ва дебют мавсуми доирасидаги дастлабки 10та ўйинда 7та гол урди. Кузда 8-голини нишонлаган бразилиялик яна жароҳат туфайли ортга чекинди ва энди яқин орада сафга қайтса керак.

Ҳужумчи - Патрик КУТРОНЕ

2017 йилнинг иккинчи ярмидагина бутун Европа бўйлаб овоза бўлган футболчи. Ёзда хитойликлар пули билан қувватланган «Милан» бир қатор қимматбаҳо трансферларни амалга оширди, жумладан, ҳужум чизиғи учун ҳам.

«Россонерлар» фанатлари асосий форвард ким бўлиши ҳақида баҳслашаётган пайт Примаверанинг ёш тарбияланувчиси қўққисдан катта саҳнага кўтарилди.

Яъни янги ўйинчилар Винченцо Монтелла талабларига мослашгунча Кутроне дарҳол барқарор равишда гол ура бошлади. Ҳа, айни пайт «Милан»­нинг ишлари унча яхши эмас, гарчи янги бош мураббий Женнаро Гаттузо шармандали дебютдан кейин вазиятни бироз яхшилаган бўлсада.

Шу маънода айтсак, мавсумнинг илк босқичида Миланнинг «қизил-оқ» томонига биргина ҳолат таскин бериб турди. Тўппа-тўғри - Патрик Кутроне ижросидаги «портлаш эффекти»!

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz