Қайднома

Қидирув

Эрондан «қуруқ қўл» билан…

Эрондан «қуруқ қўл» билан…

  21.02.2018 20:10
  0
  626
Эрондан «қуруқ қўл» билан…

Осиё Чемпионлар Лигасини йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлаган «Локомотив» учун Эрон сафари омадли кечмади. Аввалги турда «Насаф» форс­ларнинг бошқа бир жамоаси - «Пирузи» майдонидан мағлубият билан қайтгач, «темирйўлчилар»нинг қаршиликлар учун ҳам ўзига хос реванш олишлари кутилганди. Аммо «Ал-Ваҳда»га қарши кечган баҳсдан фарқли ўлароқ, Мирко Йеличич шогирдларига бу сафар рақиб дарвозасини ишғол қилиш насиб этмади. Хўш, «Зоб-Оҳан» билан ўйинни «Локо» қандай ўтказди?

ТАРКИБ

«Локомотив»нинг бошланғич таркибига назар солсангиз, рўйхатдан ўрин олганларнинг аксарияти ўтган йили ОЧЛ баҳсларида ҳам «темир­йўлчилар» либосида майдонга тушишганига гувоҳ бўласиз. Дарвозадан Нестеров ўрин олди, ҳимоячилар тўртлиги ҳам яхши таниш: Зотеев, Тўхтахўжаев, Йўлдошев, Муҳаммадиев. Таянч чизиғида Махарадзе ҳамда Алибоев ўрин алмашиб тўп суришган бўлса, қанот ярим ҳимоясида Каримов ва Мирзаев тер тўкишди. Олдинги чизиқ вакиллари Абдуллаев ва Бикмаев зиммасига рақиб дарвозасини нишонга олиш вазифаси қўйилди. Дарвоқе, бу сафар сардорлик боғичи «Локо»нинг 7-рақамли футболчисига топширилгани кўпчиликнинг диққатини тортгани бор гап. Шунингдек, ўтган учрашувда жароҳат олиб, маълум муддатга сафдан чиққан Нивалдонинг йўқлиги ҳам сезилди.

 

ЎЙИН

Бевосита ўйин жараёнига тўхталсак, «Локомотив» учрашувни тезкор равишда бошлади. Айниқса, Икром Алибоев ҳамда Сардор Мирзаев чап қанот бўйлаб олдинга интилишди. Бироқ ҳужумни якунлайдиган паллада «Локо» вингерига аниқлик етишмади, бошқа ҳолатларда эса Марат Бикмаев рақиб жарима майдончасида ёлғизланиб қолди. Мезбонлар эса дастлабки дақиқалардаги ҳаяжонни енггач, аста-секин олдинга интилиб, Игнатий Нестеровни безовта қилишга киришдилар. Аммо улар томонидан йўлланган зарбалар «темирйўлчилар» киперига ортиқча қийинчилик туғдирмади. Биринчи бўлимнинг энг эсда қоларли вазияти 39-дақиқада кузатилди. «Локомотив» аъзолари қарши ҳужумга ўтишди. Яна ўша Сардор Мирзаевнинг чап қанотдаги фаоллиги эвазига катта тезликда олдинга интилаётган Ислом Тўхтахўжаев рақиб жамоа дарвозабони билан яккама-якка ҳолатда қолганди. Аммо ўша вазиятда ҳимоячига ҳужумчиларга хос совуққонлик етишмади ва натижада, унинг зарбаси ўхшамади. Шу тариқа жамоалар танаффусга 0:0 ҳисобида чиқиб кетишди.

Иккинчи бўлим «Зоб-Оҳан» учун омадли бошланди. 47-дақиқада Муртазо Табризи жарима зарбасидан узатилган тўпни «Локо» дарвозасига жойлаб қўйди - 1:0. Голдан руҳланган майдон эгалари ҳужумларни тўхтатишмади, «темирйўлчилар»нинг ишлари эса қовушмади.

Мирко Йеличич футболчи алмаштириш орқали ўйин суръатини ўзгартиришга интилди. Дастлаб Шерзод Каримовнинг ўрнини Сардор Рашидов эгаллаган бўлса, кейинчалик Садриддин Абдуллаев ўз жойини Санжар Шоаҳмедовга бўшатиб берди. Тўғри, Рашидовнинг ўйинга қўшилиши дарҳол сезилди, айниқса, унинг ўнг қанот бўйлаб ўзига хос тарзда рақибларини алдаб ўтишига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, Сардор жарима зарбаси йўллашга ҳам улгурди. Аммо вакилларимизга «Зоб-Оҳан» дарвозасини ишғол этиш насиб қилмади. «Локо»даги учинчи ўйинчи алмашиши эса Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони зарарига ишлади: Олег Зотеевнинг ўрнига тушган Чо Сук Жэнинг хатосидан сўнг эронликлар иккинчи голни ҳам уришди. Ўша вазиятда бурчакдан зарба йўллангач, кореялик футболчи тўпни узоқлаштириш чоғида «қовун туширди», бу янглишишни эса Муҳаммадризо Ҳусайни кечирмади - 2:0.

 

ТАКТИКА

Мазкур баҳсда «Локомотив» мураббийлари қандай тактика танлашганини тушуниш қийин эмасди. «Темирйўлчилар» энг аввало, тўпни назорат қилишга интилишди, бу эса учрашувнинг якуний статистикасида ҳам ўз аксини топди. Айниқса, қисқа паслар узатишда Игнатий Нестеровнинг ҳам тез-тез иштирок этгани эътиборли ҳолат. Аммо зарур паллада дарвозабонни қўллайдиган футболчи топилмади ва Нестеров кўп ҳолларда тўпни олдинга ҳаволатиб узатишдан ўзга илож тополмади. Шунингдек, «Локомотив»нинг асосий урғуни қанотлардан уюштириладиган ҳужумларга бергани ҳам тушунарли. Бироқ «Зоб-Оҳан» футболчиларининг аксарияти баланд бўйли экани, ҳимоячилар юқоридан келган тўпларни қайтаришда қийналишмаганини инобатга олсак, бу тактика ўзини оқламади. Мирко Йеличич бошчилигидаги мураббийлар штаби эса вазиятни тўғри баҳолаб, зарур ўзгаришларни амалга оширишга кеч қолишди. «Локо» вингерлари тўпни эронликлар жарима майдончасига юқоридан узатишда давом этавердилар, бу уринишлар самарасиз якунланаверди.

Аввалги турдаги йирик ғалабадан сўнг «Локомотив»нинг гуруҳдан чиқиш имкониятларига юқори баҳо берилаётганди. «Зоб-Оҳан» майдонидаги мағлубият эса ҳали хулоса чиқаришга эрта эканини кўрсатди. Албатта, «темирйўлчилар» мураббийларининг Эронда йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, кейинги учрашувларга жиддийроқ тайёргарлик кўришларига ишончимиз комил.

«В» гуруҳининг яна бир учрашувида БААнинг «Ал-Ваҳда» клуби ўз майдонида Қатарнинг «Дуҳайл» жамоасини қабул қилиб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Натижада 2-турдан сўнг қатарликлар гуруҳда яққол пешқадамга айланган бўлсалар, «Локомотив» ҳамда «Зоб-Оҳан» 3тадан очко билан 2-3-ўринларни бўлишиб олишди. «Ал-Ваҳда» эса ҳозирча сўнгги поғонада бормоқда.

«ЗОБ-ОҲАН» (ЭРОН) - «ЛОКОМОТИВ» (ЎЗБЕКИСТОН) - 2:0 (0:0)

19 февраль. Фуладшаҳр. Folad Shahr стадиони. 1764 томошабин.

Ҳакамлар: Фу Минг, Хао Веиминг, Ванг Дехин (Хитой).

Голлар: Муртазо Табризи (47), Муҳаммадризо Ҳусайни (90+2).

«Зоб-Оҳан»: Муҳаммадрашид Мазаҳири, Милод Фахриддини (Муҳаммад Саттори, 73), Ҳамид Буҳамдан, Холид Шафи, Муҳаммад Нажодмаҳди, Қосим Ҳаддаифор (Меҳди Ражабзода, 79), Гиорги Гвелесиани, Муҳаммадризо Ҳусайни, Муртазо Табризи (Воҳид Муҳаммадзода, 90+1), Кирос, Бахтиёр Раҳмони.

«Локомотив»: Игнатий Нестеров, Бобур Йўлдошев, Кахи Махарадзе, Садриддин Абдуллаев (Санжар Шоаҳмедов, 76), Шерзод Каримов (Сардор Рашидов, 67), Икром Алибоев, Марат Бикмаев, Сардор Мирзаев, Ислом Тўхтахўжаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Олег Зотеев (Чо Сук Же, 87).

Огоҳлантиришлар: Икром Алибоев (37), Олег Зотеев (72, Л.).

--------------------------------------------------------------------------

«АЛ-ВАҲДА» (БАА) - «ДУҲАЙЛ» (ҚАТАР) - 2:3 (1:0)

19 февраль. Абу-Даби. SheikhZayedSportsCity стадиони. 6322 томошабин.

Ҳакам: Моҳд бин Ёқуб (Малайзия).

Голлар: Себастьян Тальябуэ (4-пен.), Мурод Батна (90+3) - Юсуф ал Араби (57, 80), Карим Будиаф (75).

«Ал-Ваҳда»: Муҳаммад ал Шамси, Рим Чанг Ву, Муҳаммад Салим (Аҳмад ал Акбари, 46), Салим ал Шаржи, Холид ал Данҳали, Балаж Жужак, Султон ал Ғофури, Муҳаммад Абдулбосит (Холид Бавазир, 63), Исмоил Матар (Ҳаммади, 80), Себастьян Тальябуэ, Мурод Батна.

«Дуҳайл»: Лекомте Амине, Лукас Мендес, Муҳаммад Мусо, Мурод Нажи, Султон ал Браки, Нам Таэ Хи, Карим Будиаф, Луис Сеара (Басам Ҳишам, 89), Юсуф Мсакни, Юсуф ал Араби, Али ал Моаз (Исмоил Муҳаммад, 70).

Огоҳлантиришлар: Султон ал Ғофури (36), Муҳаммад Абдулбосит (41) - Юсуф Мсакни (82).

1 ДУҲАЙЛ       2   2   0   0  6-3   6

2 ЗОБ-ОҲАН   2   1   0   1  3-3   3

3 ЛОКОМОТИВ    2   1   0 1      5-2        3

4 АЛ-ВАҲДА    2          0          0          2          2-8       0

3-ТУР

6 март (сешанба)

ЗОБ-ОҲАН - АЛ-ВАҲДА

ДУҲАЙЛ – ЛОКОМОТИВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz