Қайднома

Қидирув

"Насаф"нинг тарихий ғалабаси жуда "тотли" бўлди

"Насаф"нинг тарихий ғалабаси жуда "тотли" бўлди

  22.02.2018 09:54
  0
  456

«Насаф» Чемпионлар Лигасининг дастлабки турини мағлубият билан бошлагандан сўнг жамоага бўлган ишонч анча пасайиб кетганди. Аслини олганда, бунга биргина мағлубият эмас, балки йиллар давомида қайд этилган натижалар ҳам сабаб бўлди. «Насаф» шу вақтга қадар ОЧЛда бирор марта гуруҳдан чиқолмаган ва... БАА клубларини ҳам енга олмаганди. Шу боис ҳам «Ал-Васл»га қарши кечган ўйин олдидан Рўзиқул Бердиев шогирдларига ишончсизлик билан қараганлар етарлича топилган бўлса керак. Аммо «Насаф» футболчилари шубҳа-гумонларни йўққа чиқара олишди. Бу ўринда нафақат қозонилган ғалаба, балки намойиш этилган ўйин ҳам катта аҳамият касб этади. Қаршиликлар ОЧЛ гуруҳ босқичида ҳали бу қадар ўз кучларига ишонч билан ҳаракат қилишмаганди.

ТАРКИБ

«Насаф»нинг ҳозирги таркиби шундай кўриниш олганки, бундай футболчилар билан ҳимояланишдан кўра ҳужум қилиш осонроқдек кўринади. Аслида қаршиликлар ўтган ҳафта ўтказилган биринчи тур доирасида «Пирузи»га (0:3) қарши кечган учрашувда ҳам ҳужумкор ўйин намойиш қилишни кўзлаган эдилар. Аммо баҳс сафарда кечгани ва рақиб ҳам ўта тажрибали бўлгани бунга йўл қўймаганди. Натижада «Насаф» йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Шу боис ҳам баъзи мухлислар қаршиликлар ўз майдонида кечадиган баҳсда эҳтиёткор ўйин намойиш этишини тахмин ҳам қилиб кўрганди. Ахир ўзи бўладими, яна бир мағлубият «Насаф»нинг умидларини кўмиб қўйган бўларди. Аммо амалда ҳаммаси мутлақо бошқача бўлиб чиқди.

«Ал-Васл»га қарши кечган баҳсда Рўзиқул Бердиев таркибда жуда катта ўзгаришлар қилишни маъқул кўрмади. Дарвоза яна Санжар Қувватовга ишониб топширилди. Илк дақиқалардан Сайдулло Раҳматов, Умар Эшмуродов ва Жасур Ҳасановлар майдонга тушдилар. Шу билан бирга легионерлар учлиги ҳам асосий таркибда сақлаб қолинди - Игорь Голбан, Славко Лукич ва Драган Черанлар илк дақиқалардан ўйинга киришишди. Қолган футболчиларни эса нафақат «Насаф», балки бутун ўзбек футболининг эртанги куни деб айтиш мумкин - Одил Ҳамробеков, Бобур Абдухолиқов, Азиз Ғаниев ва Ислом Кенжабоев. Энди бир ўйлаб кўринг, мана шундай футболчилар билан ҳимоявий ўйин намойиш этиб бўладими? Ахир пойгачи отни ер ҳайдаш учун қўшга қўшмайдилар-ку!

БИРИНЧИ БЎЛИМ

Учрашув «Насаф»нинг фаоллиги билан бошланди. Нафақат дастлабки дақиқалар, балки бутун биринчи бўлим давомида тўп назорати бўйича қаршиликлар устун бўлишди. «Ал-Васл» эса ҳимояда ишончли ўйин намойиш қилиб, бор эътиборни қарши ҳужумга қаратишга интилди. Тан олиш лозим, агар рақибга омад бироз кулиб боққанда, ўйиннинг бориши буткул ўзгариб кетиши ҳам мумкин бўларди. Бахтимизга Санжар Қувватов ишончли ўйин намойиш қилди. «Ал-Васл» футболчиси Тоҳирий чамаси 30 метрлардан дарвоза томон кучли ва аниқ зарба йўллади. Аммо Қувватов қийинчилик билан бўлса-да ушбу зарбани қайтариб қолишнинг уддасидан чиқа олди. Бўлди. Шу билан «Ал-Васл» биринчи бўлим давомида бошқа ёдда қоларли вазият ярата олмади.

Аксинча, «Насаф» танаффусга қадар бир эмас, бир нечта гол уриши мумкин эди. Агар 30-дақиқада Драган Черан бироз ноқулай вазиятда дарвоза томон зарба йўлламай, яхши имконият ҳосил қилган жамоадошларига тўпни узатиб берганда, балки «Насаф»нинг голлари анча осонроқ урилган бўлармиди. Аммо Черан ҳужумчиларга хос тарзда худбинлик билан ҳаракат қилиб, хатога йўл қўйди. Унинг зарбаси анча ноаниқ кетди. Қулай вазиятда турган жамоадошлари эса ҳеч нарсасиз ортга қайтишга мажбур бўлишди.

Бўлимнинг сўнгги дақиқаларига келиб «Насаф» босимни янада оширди, аммо барибир, танаффусга 0:0 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Қолган воқеалар кейинги 45 дақиқаликка қолдирилди.

ИККИНЧИ БЎЛИМ

«Насаф» учун бу учрашувда дуранг натижа ҳам қониқарсиз ҳисобланган бўларди. Гарчи ҳали олдинда гуруҳнинг 4 учрашуви турган ва вазиятни ўнглаб олиш имконияти сақлаб қолинса-да, қаршиликлардан энг аввало, ички руҳиятни кўтариб олиш учун ҳам ўз мухлислари қаршисида ғалаба қозониш талаб қилинарди. Бир ҳафта муқаддам қайд этилган йирик ҳисобдаги мағлубият тасодиф эканини исботлаш учун ҳам «Ал-Васл»га қарши кечган ўйиннинг аҳамияти катта эди.

Шу боис қаршиликлар иккинчи бўлимни ҳам фаоллик билан бошладилар. Бутун 45 дақиқа давомида «Насаф»нинг устунлиги яққол сезилиб турди. Эътиборли томони, Рўзиқул Бердиев шогирдлари иккинчи бўлим бошида ҳам тезкор гол уриб олиш имконига эга бўлишганди. Аммо омад келмаса қийин экан, пайдар-пай яратилган имкониятлардан фойдаланишнинг имкони бўлмади. Учрашувда ягоналигини сақлаб қолган гол эса бурчак тўпидан сўнг урилди.

Учрашувнинг 56-дақиқасида «Ал-Васл» дарвозаси яқинида бурчак тўпи белгиланди. Славко Лукич эса тўпни ажойиб тарзда жарима майдончаси томон ошириб берди. Ўз навбатида, Игорь Голбан томонидан бош билан берилган зарба ҳам кучли ва аниқ чиқди. Бу тўпни қайтариш Султон Абдулла Алментари тугул, Жанлуижи Буффонга ҳам қийинчилик туғдирган бўларди. Шу тариқа учрашувда ҳисоб очилди - 1:0. Бу ёғига энди «Насаф»дан устунликни мустаҳкамлаш талаб қилинарди. Аммо тан олиш лозим, қаршиликлар учун бу осон бўлмади.

ГОЛДАН СЎНГ

Кейинги дақиқаларда «Ал-Васл» фаолликни оширишга ва вазиятни ўнг­лашга урина бошлади. Аммо «Насаф» ҳам ташаббусни осонгина бериб қўйиш ниятида эмасди. Оқибатда тўп учун жиддий кураш бошланди, рақиб ўйинида эса асабийлик кузатилди. Ушбу ҳолат кичик тўқнашувлар ва тортишувларга сабаб бўлди. «Насаф» бу асабийликка барҳам бериш имкониятига эга эди. Агар қаршиликлар яна бир-иккита гол уришганда, «Ал-Васл» анча хотиржам тортган ва мағлубиятни осонроқ қабул қилган бўларди. Аммо 66-дақиқада узоқдан йўлланган зарба дарвоза тўсинига тегиб қайтди ва учрашувдаги кескинлик сўнгги дақиқаларга қадар сақланиб қолди.

Бахтимизга Рўзиқул Бердиев шогирдлари бу босимни енгиб ўта олишди ва жорий мавсумда Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги илк ғалабани қўлга киритишди. Эътиборли томони, бу «Насаф» тарихида БАА клублари устидан қозонилган илк ғалаба бўлди. Энди «аждарлар» гуруҳ бос­қичидан ҳам муваффақиятли ўтиб олишса бўлгани, бу ёғига янги тарих ёзиш учун саҳифа очилган бўлади...

АБДУЛЛОҲ

«НАСАФ» (ЎЗБЕКИСТОН) - «АЛ-ВАСЛ» (БАА) - 1:0 (0:0)

20 февраль. Қарши. Markaziy стадиони. 12342 томошабин.

Ҳакамлар: Жарред Жиллет, Эшли Бичам, Раян Галлагер

(Австралия).

Гол: Игорь Голбан (57).

Насаф: Санжар Қувватов, Славко Лукич, Игорь Голбан, Умар Эшмуродов, Сайдулло Раҳматов, Азиз Ғаниев, Одил Ҳамробеков, Ислом Кенжабоев (Ислом Рашидхонов, 55), Драган Черан, Жасур Ҳасанов (Дониёр Нарзуллаев, 83), Бобур Абдухолиқов (Санжар Рашидов, 90+3).

Ал-Васл: Султон ал Монтари, Ҳазза Салим, Салим Жума, Абдуллоҳ Солиҳ, Абдуллоҳ Али Жассим, Салмон ал Балуши (Салим Хамис, 65), Антонии Касерес, Роналдо Мендес, Абдуллоҳ ал Нақби, Канедо Корреа (Абдуллоҳ Аббос, 24), Ҳасан Муҳаммад (Али Солиҳ, 46).

Огоҳлантиришлар: Сайдулло Раҳматов (18), Умар Эшмуродов (64), Ислом Рашидхонов (90+5) - Салмон ал Балуши (17), Абдуллоҳ ал Нақби (64), Абдуллоҳ Аббос (70).

-------------------------------------------------------

«АЛ-САДД» (ҚАТАР) - «ПИРУЗИ» (ЭРОН) - 3:1 (1:0)

20 февраль. Доха. Jassim Bin Hamad стадиони. 5842 томошабин.

Ҳакам: Муҳаммад Тақи (Сингапур).

Голлар: Боғдод Бунежо (36, 51), Булалем Куҳи (66) - Сиамак Немати (90+4).

Ал-Садд: Саад ал Шиб, Ҳамид Исмоил, Муртазо Пуралиганжи, Абдулкарим Ҳассан, Педро Корреа, Ёсир Абубакр, Салим ал Ҳажри (Булалем Куҳи, 62), Хави, Али Асадуллоҳ (Жугурта Ҳамрун, 80), Боғдод Бунежо, Акрам Афиф (Аҳмад Сухайл, 88).

Пирузи: Алиризо Бейранванд, Муҳаммад Ансори, Халилзода Шожаий, Жалол Ҳусайни, Ҳусайни Маҳини, Воҳид Амири (Аҳмад Нуруллоҳи, 71), Фаршад Аҳмадзода (Сиамак Немати, 90+1), Муҳсин Робикхан, Камолиддин Камябиниа, Гудвин Менша (Башар Бонян, 66), Али Алипур.

Огоҳлантиришлар: Булалем Куҳи (80) - Халилзода Шожаий (35), Фаршад Аҳмадзода (60), Жалол Ҳусайни (75).

1  АЛ-САДД     2   2   0   0  5-2   6         

 ПИРУЗИ       2   1   0   1  4-3   3

3   НАСАФ       2    1   0   1  1-3   3

4   АЛ-ВАСЛ    2   0   0    2 1-3    0         

3-ТУР

5 март (душанба)

НАСАФ - АЛ-САДД

ПИРУЗИ - АЛ-ВАСЛ

Давоми бор. Мазкур мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" нашрининг 22 февраль кунги пайшанба сонида ўқишингиз мумкин


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz