Қайднома

Қидирув

Бизнес – ланч ёхуд Филипп Лам фаолиятини якунлаганидан буён нима билан шуғулланяпти?

Бизнес – ланч ёхуд Филипп Лам фаолиятини якунлаганидан буён нима билан шуғулланяпти?

  23.02.2018 06:41
  0
  974
Бизнес – ланч ёхуд Филипп Лам фаолиятини якунлаганидан буён нима билан шуғулланяпти?

Германия футболида ёрқин из қолдирган Филипп Лам бундан 9 ой олдин бутсаларини михга илганди.

Меҳнаткашлиги туфайли «чумоли» лақабини олган ҳимоячи кетиш чоғи ҳеч қандай кўз ёш тўккани йўқ, фақат илиқ табассум улашди. Ўшандаёқ «Бавария»нинг беназир сардорида келажак учун аниқ режалари борлигини осонгина пайқаш мумкин эди.

Мана, Бразилия мундиали-2014 чемпиони айни пайт ҳаттоки, «Бавария» буюк «требл»га эришган йилдагига нисбатан олганда, ҳам, кўпроқ ҳаракат қилмоқда, елиб-югурмоқда.

Соғлом озиқланиш

Филипп Лам шахсий бизнесига фаолиятини якунлашидан анча олдин замин ҳозирлаганди. Ҳаммаси 2016 йили бошланди - немис ҳимоячиси озиқ-овқат йўналишида фаолият юритувчи Schneekoppe бренди хўжайинларидан бирига айланди. Ушбу қадимий фирмага узоқ 1927 йили Гамбург яқинида асос солинган.

Компания соғлом озуқаланишга мўлжалланган чамаси 100 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаради — лактозасиз печенье, сабзавотлар соки ва ҳоказо. Шунингдек, диабет хасталигига мўлжалланган парҳезбоп маҳсулотларни ҳам. Бироқ донгдор фирма 2014 йили деярли инқироз ҳолатига тушиб қолганди.

Филипп Лам ёрдам қўлини чўзгач, Schneekoppeнинг умумий ҳолати бироз яхшиланди. Дейлик, компания 2017 йилнинг биринчи ярмида маблағ айланмасини 3,7 млн. еврога олиб чиқиб, 200 минг евролик камомадни йўқотди. 2018 йилнинг бошида эса Schneekoppe назорат пакети тўлиқ Лам ихтиёрига ўтгани маълум бўлди. Демак, «Бавария»нинг собиқ сардори фирма қаддини бутунлай кўтаришни режалаштирган.

Соғлом тана

Филипп Лам шу билан чекланиб қолмаяпти: у табиий маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасига сармоя киритишда давом этяпти. Немис футболи фахрининг яна бир хариди - Sixtus компанияси улуши. Буниси ҳам Schneekoppe билан ўхшаш: биомаҳсулотлари билан танилган қадимий фирма.

Фарқи шуки, Sixtus фақат озиқ-овқат маҳсулотлари эмас, косметика билан ҳам шуғулланади. Яъни Альп гиёҳларидан терини парваришловчи бальзам, крем ва совутувчи аэрозоллар ишлаб чиқаради. Диққатга сазовор томони, компания Германия олимпия жамоаси билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган ва шифокорлар штабига махсус спорт бальзамларини етказиб беради.

Хуллас, Филипп Лам бу брендни яхши биларди. Шунинг учун бўлса керак, 2017 йилнинг ёзида Sixtus соҳибига айланди. Тўғри, у компания назорат пакети акцияларини 24 ой давомида сотиб олди.

Лам шунингдек, 2016 йили Danova лойиҳаси (саломатлик масалалари бўйича провайдер)га пул тикди. Бунда 12 нафар доимий ходим мураббий-фрилансерлар, психологлар, диетологлар ва спорт олимларини ўз ичига олган яхлит тармоқни назорат қилади.

Хуллас, Danova мутахассислари турли компанияларга ўз ходимлари саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳатлар беришади. Мижозлар базаси анча катта: айни пайт Филипп Лам фирмаси Adidas, Deutsche Telekom ва Rewe Group (Германияда чакана савдо билан шуғулланувчи йирик корпорация, «Кельн» клубининг титул ҳомийси) каби компанияларга хизмат кўрсатмоқда.

Фанатлар ҳамон қалбида

Муҳими, Лам катта футболдан четга чиқиб ҳам, ўз фанатларини унутгани йўқ. У бу борада Fanmiles фан-платформасига сармоя тикди. Ғоя жуда оддий: юлдузларга садоқатли мухлисларни рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилган. Айтиш жоиз, лойиҳа фақат футбол фанатларига мўлжалланган эмас.

Мисол учун, ҳар қандай спортчи ёки мусиқачининг шахсий ишқибози ижтимоий тармоққа суратини жойлаштириб, муайян юлдузлардан қайсидир ўйин (концерт) чиптасини қабул қилиб олиши мумкин.

Яхшигина ғоя, тўғрими? Ахир Филипп Лам спорт оламида анча машҳур ва унинг лойиҳасини Сами Хедира, Марио Гётце ва Дуглас Коста каби футболчилар қўллаб-қувватлашмоқда.

Шахсий холдинг

- Мени ушбу лойиҳалардаги иштирок натижаси хавотирга солмайди. Фақат тадбиркорлик йўналишида билимимни бойитсам, бас. Ҳозир ҳам кучли ғояга эга ҳамкорлар қидиряпман. Шарт битта - лойиҳа мазмуни менга яқин бўлиши керак, — дейди бир йил ичида бежирим костюмда юришга одатланган янги бизнесмен.

Лам айни пайт шахсий холдинг эгасидир - Philipp Lahm Holding. У Берлин консалтинг компанияси - Die Brickenkipfe (соғлиқни сақлаш соҳасидаги таҳлил маркази)нинг маълум акцияларига эга. Холдинг мижозлари орасида йирик суғурта компаниялари, турли корпорациялар ва соғлиқни сақлаш ғояларини илгари сурувчи гуруҳлар бор.

«Майдонда Роббен ва Левандовскини бир мақсад йўлида олға бошлай олган йигит корпорациялар раҳбариятига бўлим бошлиқлари билан қандай муносабат ўрнатишни тушунтиришга қодир» — Юрген Граальманн шундай сўзлар воситасида Ламни мижоз компаниялар раҳбарлари учун семинарлар ўтказишга кўндирди.

Сиёсатга дахлдорлик

Умуман олганда, бизнес Филипп Лам учун бош мақсад эмас, балки шунчаки, мазмунли ишлар билан шуғулланиш воситаси эканлиги аён бўлиб улгурди. Собиқ ҳимоячи шунинг баробарида ўзини сиёсий журналист ролида синаб кўрмоқда.

Мисол учун, сайловлар арафасида Ангела Меркелдан махсус интервью олди. Лам шу тариқа Германиянинг амалдаги канцлери ва Христиан-демократик иттифоқ партиясига хайрихоҳ эканлигини билдирди.

Собиқ футболчи кейинроқ ўнг қанот вакилларига қарши чиқди ва дарҳол «Германия учун альтернатив» (ArD) партияси нафратига учради (ушбу ўнг қанот партияси Бундестаг учун охирги сайловларда 3-ўринни эгаллаганди).

Тўғри, Меркель хоним ва ҳаттоки, Европарламент шу онда собиқ футболчини ҳимоя қилиб чиқда. «ArD баёноти — ғирт ёввойилик. Жаноб Лам мамлакатимиз фуқароси сифатида ўз фикрини айтишга ҳақли», — деди Европарламент вице-президенти Александр Граф Ламбсдорф.

Филипп Лам яшил майдон билан хайрлашганидан кейин ўзини бизнесга урган биринчи футболчи эмас.

Немис футболида кўпчилик бошқа ишлар билан шуғулланишни мажбурият ўрнида кўради, гўё. Тўғри, янги соҳа ҳаммага ҳам омад келтиравермайди.

Ким? Арне Фридрих, Кристоф Метцельдер

Фаолият тури: реклама агентлиги

Ҳар икки собиқ ҳимоячи Jung von Matt агентлигида фаолият юритмоқда. Компания спортчилар ва уларнинг имидж ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Айтганча, JvM кенгашида Бенедикт Хёведес ва собиқ пойгачи Нико Росберг ҳам бор.

Ким? Лукас Подольски

Фаолият тури: кийим-кечак, ошхона

Лукас Подольски Японияга йўл олган бўлсада, унинг қалби ва пуллари Кёльнда қолган. Ҳужумчи аввалига шаҳарда Strassenkicker дўконини очди, кейин навбати билан IceCreamUnited музқаймоқ-кафеси ва Mangal Doener ошхоналар империясини ишга туширди.

Ким? Марсель Янсен

Фаолият тури: кийим-кечак ва озиқ-овқат савдоси

Марсель Янсен доимий жароҳатлар оқибатида футболдан эрта кетиб, бизнес оламида ором топди. Унга тегишли Gymjunky фирмаси спорт кийимлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланади.

Ким? Штефан Райнарц

Фаолият тури: таҳлил агентлиги

Штефан Райнарц 10 йил давомида «Байер»га сидқидилдан хизмат қилди ва 27 ёшида бутсаларини михга илиб (яна жароҳатлар таъсири), 4 нафар дўсти билан бирга ўйинлар таҳлили билан шуғулланувчи Impect гуруҳини очди.

Лойиҳа тезда кўпчиликда қизиқиш уйғотди ва агентлик Германия футбол иттифоқи ҳамда ARD телеканали билан манфаатли шартнома тузди.

Ким? Тимо Хильдебранд

Фаолият тури: супермаркетлар тармоғи

Германиялик голкипер Тимо Хильдебранд фаолиятини тугатмасидан олдин гўшт истеъмолидан қайтганди - у вегетариан. Собиқ дарвозабон ҳозиргача ҳайвонларни муҳофаза қилувчи РЕТА ташкилотига мунтазам моддий томондан ёрдам бермоқда.

Тимо бундан ташқари, машҳур Veganz вегетарианлар супермаркетининг элчиси ва акционери ҳисобланади.

Ким? Матс Хуммельс

Фаолият тури: кўчмас мулк

Матс Хуммельс футбол ўйнаш баробарида бизнесга ҳам вақт топяпти.

У ҳозирга қадар Хорватия ва Адриатика денгизи соҳилида 3та шоҳона вилла қурдиришга улгурди. Айни пайт иккиси мўмай даромад келтираётган бўлса, учинчиси футболчининг оиласига хизмат қилмоқда.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz