Қайднома

Қидирув

Роналд Куман биографиясидаги қизиқарли фактлар

Роналд Куман биографиясидаги қизиқарли фактлар

  25.02.2018 06:28
  0
  697
Роналд Куман биографиясидаги қизиқарли фактлар

Голландия футболи раҳбарлари ниҳоят, мамлакат миллий жамоасига янги бош мураббий танлашди - Роналд Куман.

Тушунарлики, «Эвертон»да иши сира юришмаган собиқ ҳимоячи олдида мураккаб вазифа кўндаланг турибди. У Голландия терма жамоасига аввалги важоҳатини имкон қадар тезроқ қайтариши керак.

Бу қандай важоҳат эканлигини кенжа Куман жуда яхши билади. Катта футболда ақлни шошириб қўядиган зарбалари билан «Стандартлар қироли» мақомини олган Роналд масъулиятли миссияни нечоғли уддалашини вақт кўрсатади, албатта. Биз эса ҳозирча унинг қизиқарли биографиясига бирров назар соламиз.

ЖЧ-82 САЙЁҲИ

1982 йил ёзининг иссиқ куни. «Камп Ноу»нинг энг юқори қаватида ўтирган 19 ёшли нотаниш голландиялик ногаҳон ёнидаги дўстига пичирлади: «Менга қулоқ тутсанг-чи, шунчалик баландда ўтирибмизки, бу ердан ҳеч нарсани кўриб бўлмайди.

Ким гол урганини билдингми? Мен билганим йўқ, лекин чамамда Бонек урди-ёв...». Майдонда Испания мундиали-82 доирасидаги Польша - Бельгия ўйини давом этарди. Поляклар якунда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишган, Роналд Куман эса ҳақ эди - ўша куни 3та гол ҳам афсонавий Збигнев Бонек номига ёзилган.

«Испанияга Гронингендан енгил автомобилда  келган ва 2 ҳафта давомида мазза қилгандик - эртакнамо вақтлар» - Куман кейинроқ ЖЧ-82 баҳона амалга ошган саёҳатини шундай таърифлаганди. У дўсти билан Барселонадаги иккинчи стадион - «Саррия»да Италия ва Бразилия термалари ўртасида кечган ўйинни ҳам воқеа жойида кузатган.

Ўшанда бетакрор Паоло Росси «хет-трик» қайд этиб, бразилияликларни ярим финал остонасидан ортга қайтариб юборганди - 3:2. Тез орада таътил кунлари тугайди ва Роналд Голландияга қайтади.

Орадан 7 йил ўтгач, у яна Каталония пойтахтининг бош аренасида кўриниш бера бошлайди - сайёҳ эмас, футболчи сифатида.

КРОЙФФНИНГ ҚЎНҒИРОҒИ

Отасини анча ортда қолдирган ўғил, акасидан яққол ўзиб кетган ука - Роналд Куман футболчилар оиласида ўсиб-улғайди. Айтиш мумкинки, футбол унинг тақдири эканлиги ўз-ўзидан аён эди.

Бироқ ҳимояда ўйнашига қарамай, ҳужумчилардан-да кўпроқ гол урганча эътиборга тушган Роналд «Барселона»дан таклиф олгач, роса иккиланади ва ўйлаб кўриши учун нақ бир йил вақт беришларини сўрайди. Каталония пойтахтига эса шахсан Йохан Кройфф аралашувидан кейингина йўл олади - марҳум мураббий Роналдга янги йил оқшоми қўнғироқ қилганди.

Куман интервьюларидан бирида ўша воқеага алоҳида тўхталганди: «1988 йилнинг охирги лаҳзаларида Кройффдан қўнғироқ бўлди. «Охирги лаҳзалар» - бунда муболаға ишлатмаяпман. Дарҳақиқат, 31 декабрь куни соат чамаси 10 эди - кечқурун. Бу вақтда турмуш ўртоғимнинг ота-онаси олдида ўтиргандик.

Йохан эса Мадриддан қўнғироқ қилган - «Барселона» 1 январь куни «Атлетико»га қарши майдонга тушишини билардим. Қисқаси, айни ўша лаҳзаларда қўнғироқ қилишини сира кутмагандим. У гўшакни кўтаришим билан мақсадга кўчди: «Роналд, бу мен - Йохан. Қўл остимда ўйнашингни истайман, жамоамга кераксан.

Келасанми?» Бундан бир йилча олдин «Барселона» вице-президенти билан гаплашгандим. Ўша вақт ПСВда ўйнардим ва биз Эйндховендаги меҳмонхона олдида кўришганмиз.

У «Барса»да ўйнаш вариантига қандай қарашим ҳақида сўраганида, дангал жавоб бергандим: «Раҳмат, бу ажойиб ғоя, бироқ Голландияда яна бир мавсум қолмоқчиман - барчасини обдон ўйлаб кўраман. Агар таклифингиз бир йилдан кейин ҳам ўз кучини йўқотмаса, унда мендан ижобий жавоб эшитасиз».

ОҒИР ДАМ

Аслида Кройфф бўлмаганида, голландиялик ҳимоячи «Барселона»да 6 йил давомида шуҳратга кўмилмасди. Ҳар ҳолда, Куман илк ойларда танқидлар ва кучли босим остида қолганида, мураббий уни ўз ҳимоясига олади. У аввалига майдонда муносиб жой тополмайди - Кройфф кўрсатмасига асосан, ярим ҳимояга ўтади, аммо ҳеч нарсани эплолмай, таъна-дашномлар эшитади.

«Чемпионат стартида «Мальорка»га қарши кечган ўша даҳшатли ўйин ҳамон хотирамда. Иссиқдан гўёки, эриб кетгандим... Ўнг қанот ҳимоясида Лопес Рекарте ҳаракатланган ва унинг барча узатмаларидан сўнг тўп бошим узра учиб ўтганди.

Ич-ичимдан илтижо қилганим ҳам эсимда: «Илтимос, лоақал бир марта тузукроқ «пас» бер!» Бироқ ҳаммаси бефойда. Ўша ўйиндан кейин бор ғазабимни мураббийга тўкиб-сочдим: «Йохан, жин урсин, нега мени ПСВдан бу ерга олиб келдинг?

Нега энди нуқул ярим ҳимояга қўйяпсан?!» Ўша куни майдонда жуда ношуд кўрингандим, боз устига, жамоамиз 0:1 ҳисобида ютқазганди. Қарангки, Йохан матбуот анжуманида ўз одатига кўра, мени яна ҳимоя қилди: «Бугун Роналд энг яхши ўйинчи бўлди».

Очиғи, ҳайратдан ёқа ушлагандим: «Қанақасига, ахир мутлақо тушуниб бўлмас даражада ўйнадим-ку!» Кройфф эса аксинча, мени яна тинчлантирди: «Қолган йигитлар шунчаки, сенга қандай тўп узатишни билишмаяпти, улар ўйининг моҳиятини ҳали тушунишгани йўқ». Афсуски, даҳшат давом этди: меҳмондаги дастлабки 3та ўйинда 3та мағлубият... Бунга чидаш мумкин эмасди».

ТАРИХГА ЗАРБА

Буюк Кройфф кейинроқ муаммо ечимини топади - Куманни шунчаки, ҳимояга суриб, унинг боғланган қўл-оёқларига эркинлик беради. Голландиялик эса бунга жавобан мураббий ва «Барса»га клуб тарихидаги асосий совринни тортиқ этади. Нега асосий? Чунки у биринчиси эди.

Ҳа, 1992 йилнинг 20 май куни «Сампдория» ва «Барселона» ўртасида кечган Чемпионлар кубоги финали тақдирини айнан голландиялик ҳимоячининг жарима нуқтасидан йўллаган қойилмақом зарбаси ҳал қилганди. Ўша гол Куман учун «кўк-анорранг» либосда урганлари орасида энг муҳими бўлса, ажабмас.

Умуман, Роналд Каталония клубида ёрқин из қолдирди: 192та ўйин, 67та гол, 10та соврин (Испания чемпионатининг 4та олтин медали, мамлакатнинг 3та суперкубоги ва 1та кубоги, 1та Европа суперкубоги ҳамда Чемпионлар кубоги бош соврини).

Айтиш жоиз, Куман биргина жарима зарбалари ҳисобига Каталония клубининг ўтмиш ва келажакка дахлдор ҳар қандай рамзий жамоаси ҳимоясида ўзига жой ҳозирлаган.

У дарвозани нишонга олаётган вақти тарихга қарата зарба йўллаётганини билганмикан? «Ўша кун воқеларини яхши эслолмайман. Қўполлик бўлгани аниқ хотирамда, гол эса... Умуман, финални телевизор орқали атиги бир марта қайта томоша қилганман, холос. Эсимда қолгани - ўйиндан кейин мутлақо ухлолмагандим.

Ҳар соатда ўрнимдан туриб, беихтиёр бақирганман: «Қандай зўр зарба! Чемпионлар кубоги бизда! Мен гол урдим! «Барса» ютди!» Аммо ўша вақт қанчадан-қанча одамларга қандай қувонч улашганимни тасаввур ҳам қилолмагандим.

Эртаси куни Барселона кўчаларида миллионлаб бахтиёр одамларни кўриб, карахт бўлиб қолганман. Ақлга сиғмас ва унутилмас лаҳзалар. Финалда кийган футболкамни қаерда сақлаяпман?

Португалиядаги уйим-да алоҳида рамка ичида! Бутсамни-чи? Уни музейга топширганман», - деганди сеҳрли зарба муаллифи ЧК финали ҳақида.

МАСЪУЛИЯТ

Куман ва Кройффни боғлаб турадиган яна бир ажойиб тарих бор. Роналд буни алоҳида ҳикоя қилган: «Турмуш ўртоғим Бартина ўғлимиз - Тимни дунёга келтирган кунни бир умр эсдан чиқармайман. Ўшанда Сан-Себастьянда ўйнаган ва мен гол ургандим.

Йохан ўйин куни менга индамасдан кимнидир Барселонага жўнатган ва машинасини келтириб беришини сўраган. Хуллас, ўйин тугагач, жамоа меҳмонхонада қолган, иккимиз эса дарҳол қайтганмиз.

У йўлда хитоб қилди: «Шошилиш учун асосимиз бор, шундай эмасми?» Шу тариқа ўғлим Тимнинг туғилиш онларига етиб келдик. Памплонадаги хавфли бурилишлар, мураккаб йўлни қандай босиб ўтганимиз кечагидек ёдимда.

Агар Кройфф ташаббус кўрсатмаганида, Бартина олдига келишга улгурмасдим. Ажойиб тарих...».

ЯНГИ ЧОРЛОВ

Куман «Барса» билан хайрлашгач, футболчилик фаолиятига ўз юртида, аниқроғи, «Фейеноорд»да нуқта қўйди ва дарҳол мураббийлик юришини бошлади. Мана, 54 ёшга тўлишига қадар Испания, Голландия, Португалия ва Англия клубларида ишлаб, яхшигина тажриба тўплади.

Энди эса илк марта терма жамоа бошқарувини қўлга олди. Унинг олдида голланд футболини инқироз ҳолатидан олиб чиқишдек масъулиятли вазифа турибди.

Айтганча, Роналд 20 йил олдин ўз мамлакати миллий жамоасида ишлаб кўрганди - иккинчи мураббий ролида. Демак, тўлақонли дебют вақти келди. Роналд, улуғвор миссияни бажаришга тайёрмисан?

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz