Қайднома

Қидирув

Попнинг чемпион ўғлони – Ботирали Эргашев билан интервью

Попнинг чемпион ўғлони – Ботирали Эргашев билан интервью

  25.02.2018 03:32
  0
  1209
Попнинг чемпион ўғлони – Ботирали Эргашев билан интервью

Хабарингиз бор, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Осиё чемпионати-2018даги зафари дабдаба билан нишонланди. Шунинг баробарида чемпион йигитларимиз хизмати муносиб баҳоланди.

Хусусан, Юртбошимиз томонидан уларга Malibu автомобиллари сов-ға қилинди. Олимпиячиларимизнинг улкан ғалабаларига жон-жаҳди билан ҳисса қўшган футболчилар орасида Наманган вилояти Поп туманида таваллуд топган Ботирали Эргашев ҳам бор.

У Чин юртидаги мусобақада ёшлар термаси дарвозасини 5та учрашув (Хитой - 1:0, Уммон - 1:0, Япония - 4:0, Ж.Корея - 4:1, Вьетнам - 2:1)да қўриқлади.

Бошқача айтганда, майдонда 510 дақиқа давомида ҳаракатланган кипер 3та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Энг эътиборли томони, Эргашев қатнашган барча  ўйинларда Равшан Ҳайдаров шогирдлари ғалаба қозонишди.

Фақатгина гуруҳ босқичи 1-турида қатарликларга қарши кечган учрашувда жамоамиз дарвозасини Дилшод Ҳамроев қўриқлаган ва унда вакилларимиз 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрашганди. Қисқаси, U-23 белгиси остидаги жамоамизнинг зафарида Ботиралининг улуши салмоқли бўлди.

Хуллас, қаҳрамон киперни мухлисларга яқиндан таништириш мақсадида Эргашевлар хонадонига ташриф буюриб, унинг ота-онаси, синглиси ва ўзидан интервью олдик.

Ҳайдарали Эргашев (отаси):

- Отам раҳматли «Пахтакор»нинг ашаддий мухлиси эдилар. Шундан бўлса керак, мен ва акам ҳам болалигимиздан футболга қизиққанмиз. Қизиғи, мактаб ва кўча-кўйдаги ўйинларда иккимиз ҳам нуқул дарвозада турардик. Шу маънода айтсам, Ботиралига миллионлар ўйинига қизиқиш ва дарвозабонлик қондан ўтгандир, эҳтимол.

Асли тошкентликман. Пойтахтда истиқомат қилганимда, тракторсозлик заводида ишлаб, унинг жамоасида ўйнаганман. Тақдир тақозоси билан 1992 йили Поп туманига кўчиб келдик.

Бу ерда «Узбеккровля» (ҳозирги «Узреброид») заводида ишлаб, корхона жамоасида тўп сурдим. Уч нафар фарзандимиз бор - 2 ўғил, бир қиз. Ботирали тўнғичимиз.

У футбол  билан 7 ёшидан шуғуллана бошлаган. 2009 йили Гулистонда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Умид ниҳоллари» мусобақасида Наманган вилояти термаси зафар қучган ва ўша ғолиб жамоа дарвозасини Ботирали қўриқлаганди. Ўғлимни шундан сўнг «Пахтакор» академиясига чорлашди.

Мазкур клубдаги илк устози - Шуҳрат Ҳамроқулов. 2011 йилга келиб, Мурод Исмоилов ўғлимни «Пахтакор» ёшлар жамоасига қабул қилди. 2017 йилдан эса «шерлар»нинг асосий таркибига жалб этилди. 

Хитойда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида жамоамиз мезбон - Хитой термасини мағлубиятга учратгач, вакилларимизнинг кейинги босқичга чиқишларига шубҳам қолмади. Боиси, ҳар қандай турнирда мезбонлар устидан ғалаба қозониш осон эмас.

Агар шундай воқелик юз берса, жамоа кучига куч қўшилади ўз-ўзидан. Мана, ҳамюртларимиз ҳам мезбонлардан устун келишгач, бошқача ўйнай бошлашди. Йигитларимизнинг Япония ва Ж.Корея каби кучли жамоаларни осонгина мағлубиятга учратишганини шу ҳолат билан изоҳлайман.

Очиғини айтиш керак, вьетнамликларга қарши кечган мусобақанинг ҳал қилувчи баҳси давомида роса ҳаяжонландим. Ахир йигитлар қалин қор қоплаган майдонда ўйнашди. Бундай шароитда техник салоҳиятни имконият даражасида ишга солиш мушкул вазифа. Боз устига, учрашув пенальтилар сериясига қараб кетаётганида хавотирим анча ошди.

Ахир Вьетнам ёшлар термаси аввалги баҳсларда айнан «омад лотереяси» орқали зафар қучганди. Сидоров гол ургач, қандай ҳолатга тушганимни ҳозир таърифлаб беролмайман.

Бунгача онаси ҳам йигитларга ғалаба тилаган ҳолда, тинмай дуо қилиб турди. Албатта, ўғлим қатори қорда роса югуришган барча йигитларга юрагим ачишди. Аммо мард киши чидаши керак. Финал ўйини якунлангандан кейинги қувончимни айтмайсизми...? Ўғлимга дарҳол  SMS-хабар жўнатиб, чемпионлик билан қутладим.

Уйимиз эса бир зумда меҳмонга тўлиб кетди - қариндошлар, қўшнилар, танишлар, дўстлар... Ҳамма-ҳамма бизни табриклаб, қувончимизга шерик бўлишди. Ботиралини эса бутун маҳалла карнай-сурнай садолари остида кутиб олди.

Айниқса, муҳтарам Президентимизнинг футболчиларимизга юксак эътиборларидан, фарзандларимиз меҳнатини шунчалик қадрлаб, Malibu автомобили совға қилганликларидан бошимиз кўкка етди. Ёшларимизга шундай шароитлар яратиб берган Юртбошимиз омон бўлсинлар, илоҳим! 

Қаранг, Хитойдаги мусобақадан сўнг қишлоғимизда кўпчилик фарзандимга ҳавас қилиб, ўғлини футбол мактабига берди. Албатта, Ботиралига ота ва мухлис сифатида тегишли маслаҳатлар бериб тураман. Дейлик, болалигида ХХ асрнинг энг яхши дарвозабони Лев Яшин тўғрисида кўп гапирардим.

Чунки шахсан ўзим ушбу афсонавий дарвозабоннинг мухлиси эдим, унга ҳавас билан боқардим. Ботирали билан футболга оид видеоёзувларни кўп кўрганмиз. Менимча, унда ўша пайтдаёқ миллионлар ўйинига алоҳида меҳр уйғонган. Ботирали болалигида анча шўх эди, қайсарлик қилиб, ҳаттоки, мактабга ҳам спорт кийимида борарди.

Эсимда, 2 ёшлигидаёқ тўп олиб бергандим. Копток доим кроватининг олдида турарди. Мана, ҳаммаси ижобий натижа бериб, Ботирали чемпионликка эришди. Бу аввало, ўзининг тинимсиз меҳнати самарасидир.

Ота сифатида жуда хурсандман, ғурурланаман, албатта. Ўзбек футболи келажакда Европа даражасига чиқиши истайман ва фарзандим юртимиз байроғини янада баландроқ кўтараверсин.

Яширмайман, Осиё чемпионатидан кейин ўғлимга айрим клублардан таклифлар тушди. Лекин унинг «Пахтакор» билан шартномаси бор. Агар «Навбаҳор»га чорлашса, келиши мумкин, ҳар ҳолда, вилоятимиз жамоаси.

Ўзим «Пахтакор» ва «Нав-баҳор» мухлисиман. Наманган жамоаси ўйинларини бевосита стадионда кузатаман. Мабодо, мазкур икки клуб ўзаро тўқнаш келса, қайси бири чиройли ўйнаса, унга ғалаба тилайман.

Тўлғаной Бектемирова (онаси):

- Айни пайт «Узреброид» заводида ишлайман. Ботирали чемпионликни қўлга киритган куни барча ҳамкасбларим мени қутловларга кўмишди. Табиийки, бундан ифтихор ҳиссини туйдим. Маҳаллада ҳам обрўмиз ошди. Гарчи аёл бўлсамда, футболга асло бефарқ эмасман.

Мудом турмуш ўртоғим билан бирга телевизор орқали футбол кўрамиз. Шунинг учун ҳам, Ботирали футболни танлаганида, унинг хоҳишига қарши чиқмадим. Хитойдаги Осиё чемпионатининг барча учрашувларини катта ҳаяжонда кузатдим. Ярим финал ўйинида корейс йигити ўғлим билан тўқнашиб кетганида, жоним ҳалқумимга келди, гўё.

Чунки Ботирали бир муддат ўрнидан турмади, ҳакам кореялик футболчига қизил карточка берди. Очиғи, ўша лаҳзада беихтиёр бақириб юбордим: «Вой, ўғлим». Хайриятки, дадаси мени тинчлантирдилар, ўғлимизга шифокорлар ёрдам беришаётгани, хавотирланишга асос йўқлигини такрор-такрор таъкидладилар. Ботирали ўрнидан турганидан кейингина ўзимга келдим.

Футболчининг онаси бўлиш осон эмас. Ботирали йиғинлар, машғулотлар, ўйинлар сабаб, кўп вақт оиладан йироқ. Хуллас, уни роса соғинаман.Тошкентда 90 ёшли қайнонам истиқомат қиладилар. У киши Ботиралини жуда яхши кўрадилар ва келишига эшикни очиб қўяр эканлар.

Осиё чемпионатидан сўнг хурсандчиликларидан йиғлаб, барчага мақтанибдилар: «Набирам энди чемпион!» Ботиралини бир ой кўрмасам, соғиниб қоламан ва шундай пайт қайнонамникига ошиқаман. Шундай бўлсада, оналарга маслаҳатим, фарзандингиз спортга қизиқса, унга асло қаршилик кўрсатманг.

Аксинча, имкон қадар шароит яратиб бериб, қўллаб-қувватланг! Агар у чемпионликка эришса, ўзингизни дунёдаги энг бахтли онадек ҳис қиласиз. Ҳозир худди шундай ҳиссиётлар оғушидаман ва қишлоғимизда ҳамма менга ҳавас билан боқади. Ботирали билан фахрланаман.

Дарвоқе, мавриди келган экан, айтаман, яқинда Ботиралини унаштирдик. Бўлажак келин тошкентлик. Худо хоҳласа, августда тўй. Фарзандимни бахтли кўрсам, бас. Ўз навбатида, Ботирали ва унинг жамоадошларига катта эътибор кўрсатган Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдираман. Муҳтарам Президентимиз бахтимизга соғ-саломат бўлсинлар!

Нилуфар Эргашева (синглиси):

- Табиийки, худди ота-онам каби Осиё чемпионатининг барча ўйинларини кучли ҳаяжон остида томоша қилдим. Тўғриси, акам чемпионлик медалини бўйнига таққан вазиятда роса ҳавас қилдим. Ҳозир синфдошларимнинг менга нисбатан муомалалари ўзгарган. Ахир чемпионнинг синглисиман.

Акам уйимизга келганида, мактабимизга ҳам борди. Шунда барча синфдошларим ундан дастхат олишди. Ҳозир мактабимизда футболга қизиқиш анча кучайди. Ўғил болалар акамга ҳавас қилган ҳолда, футбол билан жиддий шуғулллана бошлашди.

Акам жуда меҳрибон, менга доимо совға-саломлар олиб келади. Унга келажакда янада юксак натижаларга эришиб, Ўзбекистон терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида қатнашишини тилайман.

Ўзим эса теннисга қизиқаман ва мазкур спорт тури бўйича мусобақаларни мунтазам кузатаман. Келажакда уста теннисчи бўлиб, юртимиз байроғини юқори кўтаришни мақсад қилганман.

Шундан сўнг Ботиралининг ўзи билан боғланиб, унинг фикрларини ҳам ёзиб олдик. Таъкидлаш жоиз, бу U-23 терма жамоаси ва «Пахтакор» клуби дарвозабонининг оммавий ахборот воситаларига берган илк интервьюсидир.

Мавсумга тайёргарлик, устози, Дохадаги мағлубият сабаблари

- Янги мавсумга тайёргарлик жараёни яхши давом этяпти. Айни пайт пойтахтимиздаги «Жар» стадионида кунига 2 маҳалдан шуғулланяпмиз. 15 февраль куни хориж йиғини учун Дубай шаҳрига йўл оламиз (суҳбат 13 февраль куни уюштирилди)

Бош мураббийимиз Шота Арвеладзе ҳақиқий профессионал, ўз ишининг устаси. У ғоят талабчан ва ҳар бир жиҳатга ўта жиддий ёндашади. Осиё чемпионати якунланиши ҳамоно жамоадошларим - Жасур Яхшибоев ва Забиҳилло Ўринбоев билан бирга Шанхайдан тўғри Дохага парвоз қилдик.

Чунки  «Пахтакор»­ни «Ал-Гарафа» билан ўйин кутаётганди. Самолётдаги 12 соатлик парвоз ҳамда чарчоқ сабабми, Шота Арвеладзе иккимизни майдонга туширмади. Аммо жамоадошларимизни бевосита стадионда қўллаб-қувватладик.

Афсуски, яратилган вазиятлардан самарали фойдаланмаслик оқибатида аламли мағлубият юз берди. Агар ҳисобни жамоамиз очганида, «Ал-Гарафа» ўзини ўнглай олмасди ва ўйин мутлақо бошқача кечарди.

Наилож, футболда ғалаба ва мағлубият доимо ёнма-ён. Энди бор эътиборимизни миллий чемпионат ва кубок баҳсларига қаратамиз, албатта.

Осиё чемпионати таассуротлари

- Хитойдаги дастлабки баҳсда қатарликларга ютқазиб қўйдик. Очиғи, ўша вақт барчамиз руҳий тушкунликка тушгандик. Чунончи, ОАВда жамоамизни анча танқид қилишди. Муҳими, барчасидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, бир мақсад йўлида бирлашишга интилдик.

Шунингдек, устозимиз Равшан Ҳайдаров хитойликларга қарши ўйин олдидан йигитларни анча руҳлантирди, вазиятни ўнглаш фақат ўзимизга боғлиқ эканлигию, бунинг учун ғалаба қозониш шартлигини уқтирди. Хитой термасидан 3 очко тортиб олганимиздан кейин эса ишонч ҳисси ўз-ўзидан ортди ва ўйиндан-ўйинга «очилиб» бордик.

Худдики,  «Иштаҳа овқат пайти келади», деганларидек, энг кучли жамоаларни бирин-кетин мағлубиятга учратиб, якунда олтин медални қўлга киритдик. Муваффақиятимизда аҳиллик катта роль ўйнади, албатта.

Бундан ташқари, японларга қарши учрашув олдидан Умид Аҳмаджоновнинг йўллаган мактуби ҳам қўшимча куч-қувват бағишлади. Қолаверса, Қозоғистонда рўй берган фожеада ҳаётдан кўз юмган ҳамюртларимиз хотираси ҳаққи-ҳурмати фақат ғалаба қозонишимиз керак эди.

Финалга келсак, пенальтилар сериясига тайёрмидим? Ҳа. Ўзи гуруҳ босқичи якунланганидан кейиноқ бу борада алоҳида иш бошлагандик. Вьетнам термаси эса 2та баҳсни айнан пенальтилар серияси орқали ўз фойдасига ҳал қилгани ҳисобига финалга чиққанди.

Шунинг учун ҳам, иш 11 метрли зарбаларга етиб бормаганидан хурсанд бўлдим. Лекин серияга ҳар томонлама шай эдим. Тўғри, бу масалада катта гапириш ярамайди. Дейлик, қайсидир футболчининг пенальтидан гол уролмаслиги бутун жамоага руҳий томондан салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шундай экан, Сидоров айни вақтида гол уриб, барчамизни ортиқча машмашадан халос этди. Ўзи финалдан 3 кун олдин қор ёққанди. Учрашув куни эса қор кучайди. Албатта, бу қўшимча қийинчилик туғдирди. Лекин қорли майдонда тўп суришнинг ўзига яраша гашти ҳам бор экан, роса завқландик.

Алоҳида таъкидлашим керак, Вьетнам термаси муносиб қаршилик кўрсатди. Бу рақибнинг кичик имкониятдан ҳам самара чиқариши таҳсинга лойиқ. Дейлик, финалда биргина стандарт вазиятдан гол урди. Умуман, Осиё чемпионатида ҳар бир рақибга ҳурмат билан қарадик, жиддий ёндашдик. Бунинг ҳам самараси билинди, менимча.

Тўғриси, камтарона меҳнатимиз бунчалик юқори баҳоланиши ва Юртбошимиз ҳар биримизга автомобиль совға қилишларини кутмагандим. Юксак эътибор учун жамоадошларим номидан муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдираман.

Худо хоҳласа, халқимиз ишончини оқлаб, 2022 йили Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритамиз. Осиё чемпионати ортда қолди, энди бўлажак мусобақаларга эътибор қаратишимиз лозим.

«Пахтакор»даги рақобат, ўйин амалиёти

- Албатта, Александр Лобанов ва Элдор Суюнов сингари тажрибали дарвозабонлар билан рақобатлашиш осон эмас. Иккинчи томондан, бу кишига завқ бағишлайди. Тўғри, терма жамоа вакили сифатида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлишим шарт. Шуни назарда тутсам, «Пахтакор»нинг захирасида ўтиргандан кўра, бошқа клубда асосий дарвозабон ролини бажариш яхшироқдир.

Аммо бу масалани клуб раҳбарияти ҳал қилади. 2009 йилдан буён «шерлар» таркибидаман ва жамоа иккинчи оиламга айланиб улгурди. Қолаверса, 2019 йилгача мўлжалланган шартномам бор. Айни пайт «Пахтакор» дарвозабонлари билан туркиялик тажрибали мутахассис Иброҳим Йилмаз ишлаяпти.

У кўплаб таниқли киперлар устози саналади. Ёшлар терма жамоасида эса Александр Томилин қўл остида шуғулландик. Мазкур мутахассислардан кўп нарса ўзлаштирдим ва ўрганяпман. Умуман олганда,  футболдаги биринчи устозим - Марат Галимов. Айнан унинг тавсияси билан «Пахтакор» сафига қўшилганман.

Дарвозабонликни танлашимнинг сабаби оддий - кўча-кўйда ўйнаганимизда, энг ёши кичиги бўлганим учун мени доим дарвозага қўйишарди. Кейинчалик тўп қайтариш ўзгача завқ бағишлади ва шу-шу киперликни танлаганман.

Футболчи бўлмаганимда, қайси йўланишда фаолият юритардим? Очиғи, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Эсимда, ота-онам прокурор бўласан, дейишарди, ўзим эса ҳарбийларга ҳавас қилардим. Лекин тақдиримга футбол ёзилган экан ва бундан асло нолимайман.

«Навбаҳор»да ўйнаш нияти, орзуси

- Яширмайман, қачондир вилоятимиз бош жамоаси - «Навбаҳор»да ўйнаш ниятим бор. Лекин бу ўзимга боғлиқ эмас. Албатта, «Пахтакор»дан ташқари, бу жамоага ҳам асло бефарқ эмасман.

Дейлик, қайсидир сабаб билан уйга қайтганимда, «Навбаҳор» ўйинини стадионда кузатишга интиламан. Наманганда футболни қаттиқ севишади ва мухлислар чинакам 12-ўйинчи ҳисобланишади. Мухлислари кўп «Навбаҳор»дек жамоада ўйнашнинг ўзига яраша гашти бор, албатта.

Балки бир куни бу ниятим ҳам амалга ошар. Энг катта орзум эса, миллий жамоамиз таркибида жаҳон чемпионатида қатнашишдир. Шунингдек, Европада ўйнашни ҳам дилимга тугиб қўйганман.

Маълумот учун

Ботирали ЭРГАШЕВ - 1995 йилнинг 23 июнида Наманган вилояти Поп туманида туғилган. Футбол билан 10 ёшидан шуғуллана бошлаган. «Пахтакор» футбол академияси тарбияланувчиси.

2011 йилдан «Пахтакор»да, 2017 йилдан асосий таркибда. «Реал» клуби мухлиси. Жанлуижи Буффон ва Мануэль Нойерга кумир сифатида қарайди. Ёқтирган автомобили - «Мерседес-Бенц».

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz