Қайднома

Қидирув

Аламли финаллар

Аламли финаллар

  01.03.2018 00:23
  1
  1122
Аламли финаллар

Миср терма жамоаси Россия мундиалига Эктор Купер раҳбаралигида ташриф буюради. Аргентиналик мутахассиснинг малака ва тажрибаси хусусида гап бўлиши мумкин эмас – 20 йилдан буён турли жамоаларга устозлик қилган Купер футбол оламига яхши таниш.

У кўпгина нуфузли турнирларда жамоаларни маҳорат билан бошқарган. Лекин шоҳсупага доимо унинг рақиблари кўтарилишган.

Бу борада Экторни Клаудио Раньерига қиёслаш мумкин. Италиялик касбдоши «Лестер» билан чемпионликка эришиб, нохуш анъанага чек қўйди. Эктор эса олис 1996 йилда қўлга киритилган КОНМЕБОЛ кубоги билан мақтана олади, холос.

Ким билади, дейсиз балки ўшанда мураббий шогирдлари муваффақиятга беписанд бўлишгани учун тақдир ундан ўч олаётгандир?

Эктор Купер раҳбарлигидаги «Ланус» икки учрашув натижасига кўра Колумбиянинг «Санта Фе» клубини мағлуб этиб, қитъа чемпионлигига сазовор бўлганди. Финал ҳуштаги янграши билан футболчилар яшил майдоннинг ўзидаёқ рақсга тушиб, зафарни нишонлашга киришиб кетишганди.

Купер бўлса қовоқларидан «қор ёққан» ҳолда майда қадамлар билан ечиниш хонасига йўл олганди. Ўша оқшом шогирдлари ўйинидан кўнгли тўлмаганди. Шу боис, мураббий чемпионлик шарафига уюштирилган тантанали маросимда иштирок этишдан бош тортганди.

Ўшанда Экторнинг кўнглидан нималар кечгани номаълум. Кейинги 20 йил ичида «абадий 2» мақомига «ҳукм» этилганини хаёлига ҳам келтирмагани аниқ.

Аргентиналик келажаги порлоқ мутахассиснинг зафари эндигина элитага кўтарилган  «Мальорка»нинг эътиборини тортди ва у Испанияга йўл олди. Очиғи, оролликлар Эктор Купер олдига Сегундага тушиб кетмаслик талабини қўйишганди.

Мураббий эса топшириқни аъло даражада уддалади - дебютант «Мальорка» мунтазам равишда медаллар учун курашиб, бешинчи поғонадан пастламади. 1998 йили жамоа Испания кубоги финалига чиқди.

Ҳатто «Барселона»дек гранд ҳам асосий ва қўшимча бўлимларда «Мальорка» дарвозасига йўл топа билмаганди. Пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбани оролликлар ярим ҳимоячиси Хави Эскурса амалга оширди: ҳаяжон ва кучли босим остидаги кучсиз зарбадан сўнг, тўп дарвозабоннинг қўлига бориб тушди.

Ана шу омадсизликдан сўнг Эскурса «Овьедо»га ўтиб кетди, бир йилдан кейин футболни тарк этди. Эктор эса ишлашда давом этди ва кейинги мавсумда шогирдларини КЭКнинг финалига олиб чиқди. Ҳал қилувчи баҳсда «Мальорка» «Лацио» билан тенгма-тенг кураш олиб борди.

Фақат афсонавий Павел Недведнинг чамаси 30 метрдан йўллаган «замбарак» зарбасини Карлос Роа қайтаришга ожизлик қилди. Аламига чидолмаган дарвозабон футбол билан хайрлашди. Купер ҳам қаторасига иккинчи финални бой бергач, совринга эришиш учун кучлироқ жамоага ўтишга аҳд қилди.

Шу тариқа Эктор Купер ихтиёрига ўтган «Валенсия» илк мавсумдаёқ ЕЧЛнинг финалига етиб борди. Ҳал қилувчи беллашув «Реал»нинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан тугади. Буни қарангки, «кўршапалаклар» кейинги мавсумда ҳам нуфузли турнирнинг сўнгги беллашувига етиб боришди.

Бу гал Купер шогирдларини сирли ва шаф-қатсиз «Бавария» кутиб турарди. Баҳсни уюш­қоқлик билан бошлаган «Валенсия» ҳисобни очди. Лекин иккинчи бўлимда Амадео Карбони тўпни қўли билан тўхтатгани учун унинг дарвозаси томон пенальти белгиланди.

«Ахир менга 100 кг.ли Янкер осилиб олган бўлса, қандай қилиб йиқилмай қолишим мумкин эди?», - дея ўзини оқлаганди Амадео ўшанда. Хуллас, баҳс пенальтилар лотереясигача чўзилиб, Кан-Канисарес «дуэл»ида германиялик дарвозабон ғолиб чиқди.

Оқибатда, Купернинг асаблари панд бера бошлади: «Ғалабага эришиш учун ҳамма ишни тўғри бажардик, барибир енгилдик! Бу ўта аламли мағлубият. Энди омадсизликни муносиб қарши олишимиз талаб этилади».

Шундай дея аргентиналик мутахассис Италияга йўл олди. У ерда «Интер» раҳбарлари кутиб олишди. Жамоа 2001|2002 йиллар мавсумини шунчалик шиддат билан бошладики, гўё апрель ойидаёқ чемпионликни нақд қилишга бел боғлагандек эди. Аммо ҳал қилувчи босқичда «нерадзурри» қимматли очколарни бой бера бошлади.

Оқибатда сўнгги тур арафасида «Ювентус»дан атиги бир очко олдинда турарди. Скудеттони қўлга киритиш учун жамоадан фақат бир нарса - «Лацио»ни маҳв этиш талаб этиларди. Ўйин чакки бошланмади - «Интер» икки тўп фар­қи билан олдинга чиқиб олди.

Ҳимоя чизиғининг панд бериши оқибатида охирда таблодаги ҳисоб 2:4 кўринишини олди. Шу тариқа Скудетто Туринга йўл олди, Купер эса кучли босим ва тавқи-лаънат остида қолди. «Намойиш этаётган ўйинимиз менга умуман ёқмайди. Унда ижодкорликка ўрин йўқ. Купер эса худди аскарларга қарагандек қарайди.

Ўйин арафасидаги чигалёзди маш­қ­­­­­ларида биз километрлаб югурамиз. Оқибатда мавсум охирида толиқиб қоламиз. Купернинг даврида жуда қийналиб кетдим ва «Интер»ни тарк этиш истаги пайдо бўлди», деганди афсонавий Роналдо «Реал»га ўтганидан кейин берган интервьюсида.

Мураббий эса бразилиялик шогирдини хоинликда айблади: «Реал»га ўтиш мақсадида у менга ҳужум қила бошлади. Майли, бу унинг виждонига ҳавола».

Бироқ кейинги мавсум Роналдонинг ҳақ эканлиги исботланди - ЕЧЛ­нинг гуруҳ босқичида «Интер» «Арсенал» ва «Локомотив»ни олдинга ўтказиб юбориб, мусобақани барвақт тарк этди. Ички мусобақаларда ҳам ишлари юришмай қолди. «Брешиа» билан дуранг қайд этилгач, 2003 йилнинг октябрида Купер истеъфога чиқарилди.

«Шундан кейин футболга бўлган қизиқишим йўқолди. Меҳнатларим зое кетгани мени қаттиқ ранжитди. Вақт ўтиши билан аста-секин суюкли машғулотимга қайтишим кераклигини тушундим», - шу тариқа Купер 2005 йили қадрдон «Мальорка»нинг таклифини қабул қилди.

Аммо жамоа жиддий ўзгаришларни бошдан кечирган, аввалгидек еврокубоклар финалига чиқа оладиган даражада эмасди. Шу боис Эктор келган пайт 15 имкониятдан атиги бир очкога эга бўлиб, жадвалнинг сўнгги поғонасида бораётганди.

Мураббий бор куч-маҳоратини ишга солди ва фақат охирги турда «Мальорка»ни примерода олиб қолди. «Мен учун «Мальорка» жаннат! Бу ерда ўзимни керакли, суюкли деб биламан. Мухлислар ҳам, раҳабарият ҳам ҳурмат қилишади. Мақсадим - жамоани аввалги «Мальорка» даражасига олиб чиқиш», - деганди аргентиналик мутахассис.

Афсуски, Купер ўз орзусига эришолмади. Кейинги мавсумни жуда суст ўтказган жамоа охирги ўриндан кўтарила олмади. Охир-оқибат, мураббий истеъфо сўраб ариза ёзди, мутасаддилар унинг илтимосини қондиришди. «Бетис» ва «Парма»даги омадсизликлардан сўнг Эктор ўзини терма жамоада синаб кўришга қарор қилди ва Грузияга келди.

«Жамоада ҳамжиҳатликни таъминлаш учун менга муайян мухлат керак бўлади», - деди у дастлабки кунларда. Унинг қарори жамоа аъзоларига ёқмади. «У РФПЛда тўп сураётган футболчиларга умуман эътибор қаратмасди. Гўё Купер мени ҳам, Амисулашвили ва Асатианини ҳам, Гогуа ва Мужирини ҳам кўрмаётгандек эди. Эктор рисоладагидек жамоани шакллантиришга қодир эмас.

Ундан кўра грузиялик мутахассис ишлагани яхшироқ», - дея зорланганди Лаша Салуквадзе. ЖЧ-2010нинг саралаш босқичидаги муваффақиятсизликдан сўнг Купер Грузияни тарк этди. Охирги чорловни олис Африкадан олди. Миср терма жамоасини АМКда финалга олиб чиқди.

Муҳаммад ал Ненининг аниқ зарбаси эвазига ҳал қилувчи беллашувнинг биринчи бўлими «эҳромлар юрти» вакиллари фойдасига ҳал бўлди. Бироқ танаффусдан кейин Камерун иккита гол уриб, деярли нақд бўлиб улгурган кубокни Купер шогирдларидан тортиб олди.

Муваффақиятсизлик сабабларини таҳлил қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Мураббий эса нав­батдаги аламли финалдан сўнг ишлашга куч топа олди ва «қора қитъа»нинг энг номдор жамоасини ЖЧ-2018 финал босқичига олиб чиқди.

Мундиалда Миср Уругвай, Саудия Арабистони ва мусобақа мезбони - Россия билан бир гуруҳда «плей-офф» босқичига чиқиш учун кураш олиб боради. Муҳаммад Салоҳдек ҳужумчиси бўлган жамоанинг турнирдаги иштирокини башорат қилиш бағоят мушкул вазифа.

Балки бу мураббийлик соҳасида сочлари оқарган тажрибали мутахассис учун ўзининг нотекис фаолиятига ёрқин нуқта қўйиш имкониятидир? Албатта, барча жамоалар каби Миср ҳам имкон қадар яхшироқ натижага эришиш учун бор куч-маҳоратини сарфлашига шубҳа йўқ.

Гуруҳдан чиқишнинг ўзиёқ иштирокчиларнинг 3|4 қисми учун муваффақият сифатида баҳоланади. Шундай экан, Эктор Купер Россияга ўта хотиржам кайфиятда ташриф буюради. Чунки финалда баҳс олиб бориш фикридан унинг ўзи ҳам, шогирдлари ҳам жуда йироқда.

Бу мантиққа асосланган хулоса. Футбол эса мантиқий фикрларни тез-тез инкор этиб туради. Келинг, яхшиси, барча иштирокчиларга омад тилаган ҳолда мундиални кутайлик.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Mesr chempion Muhammad Salah oltin top sohibi bolsin
01.03.2018 16:46

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz