Қайднома

Қидирув

Футбол клубларининг 10 нафар энг бой соҳиблари (фотогалерея)

Футбол клубларининг 10 нафар энг бой соҳиблари (фотогалерея)

  02.03.2018 00:22
  0
  9655
Футбол клубларининг 10 нафар энг бой соҳиблари (фотогалерея)

Машҳур Bloomberg агентлиги йил бошида сайёрамизнинг энг бой 500 нафар миллиардерини ўз ичига олган янги рейтингни эълон қилганди.

Диққат билан қарасак, ҳаддан ортиқ кўп бойликка эга инсонлар орасида футболга меҳр қўйганлари ҳам бор. Хўш, кучли «меҳр» ортида бизнес манфаати катта ўрин тутадими ёки эрмак?

Бу борада дабдурустдан муайян хулоса чиқариш қийин. Яхшиси, махсус фотожамланмага қараб, футбол клублари акцияларига эга бойлар ҳақида маълумот олиш баробарида барчасига ўзингиз баҳо беринг...

1. Амансио ОРТЕГА

Умумий рейтингдаги мавқеи: 5-ўрин.

Бойлиги: 74,9 млрд. доллар.

Клуби: «Депортиво».

Испаниянинг Inditex компанияси таъсисчиси ва собиқ президенти. Гап кийим-кечаклар савдоси билан шуғулланувчи дунёдаги энг йирик холдинглардан бири ҳақида кетмоқда.

Ла-Коруньянинг энг машҳур кишиси саналган Ортега «Депор»га катта ёрдам берсада, бу масаласида сукут сақлашни маъқул кўради.

2. Хуэй Ка ЯНЬ

Умумий рейтингдаги мавқеи: 21-ўрин.

Бойлиги: 39,3 млрд. доллар.

Клуби: «Гуанжоу Эвергранд».

Янь - осиёлик асосий сармоядорлардан бири. У асосан кўчмас мулк ва қурилиш соҳаси орқали бойлик орттирган. Айтишларича, Хитойда Ка Янни жуда яхши кўришади. Бунга унинг камтар ва самимийлиги сабабдир.

Дейлик, Хуэй жаноблари XXI аср бошида (ўшанда ҳам мамлакатнинг энг бой одами эди) жонажон шаҳри - Уханда оддий талабаларга менежмент бўйича сабоқ берган.

3. Франсуа ПИНО

Умумий рейтингдаги мавқеи: 31-ўрин.

Бойлиги: 26,6 млрд. доллар.

Клуби: «Ренн».

Пинонинг футболга муносабати Ортеганикига ўхшаш. У ўтган асрнинг охирги йилларидан буён Ренн шаҳрининг фахрий фуқароси сифатида маҳаллий клубни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Пино айни пайт Gucci, Yves Saint Laurent каби кўплаб брендлар эгасидир. Франсуа шунинг баробарида китоблар ва мусиқий альбомлар сотуви билан фаол шуғулланади.

4. Пол АЛЛЕН

Умумий рейтингдаги мавқеи: 35-ўрин

Бойлиги: 24,3 млрд. доллар

Клуби: «Сиэтл Саундерс»

Аллен вақтида Билл Гейтс билан ҳаморликда Microsoft компаниясига асос солган, бироқ кейинчалик оғир хасталик туфайли четга чиққан.

Муҳими, Пол ўсимта (рак) балосини енгиб ўтди ва энди Сиэтлда IT-саноати ҳамда спорт-кўнгилочар сегменти йўналишида бинойидек пул топяпти. Аввалига МБА ва МФЛ клубларига сармоя киритган биснесмен кўп ўтмай, MLS жамоаси акциялари назорат пакетини ҳам сотиб олди.

5. Лакшми МИТТАЛ

Умумий рейтингдаги мавқеи: 44-ўрин

Бойлиги: 20,9 млрд. доллар

Клуби: «КПР»

Ҳиндистонлик миллиардер сайёрамизнинг энг бой 50 нафар кишиси қаторига ArcellorMittal компанияси туфайли кирди. Ҳа, металлургия саноати Митталга мислсиз даромад келтирмоқда.

Лакшми шунга яраша, Лондондан шоҳона уй (12та ётоқхонаси бор) сотиб олиш билан чекланиб қолмай, «КПР» соҳибига айланди. Айни пайт жамоанинг ишлари юришмаётган бўлсада, ҳинд сармоядори уни сотиш ҳақида ўйлаётгани йўқ.

6. Клаус-Михаэль КЮНЕ

Умумий рейтингдаги мавқеи: 82-ўрин

Бойлиги: 15,8 млрд. доллар

Клуби: «Гамбург»

 Кюне бир неча йил олдин жонажон клуби акцияларидан бир қисми (10 фоиздан ҳам кам)ни сотиб олиш учунгина Швейцариядан Германияга қайтганди. Футбол унинг учун - хобби.

Мана, бизнесмен аксарият клуб соҳиблари каби трансферларга юз миллионлаб евро сарфлаётгани йўқ, аксинча, менежмент бўйича ишларни жой-жойига қўйди, холос.

«Абрамович йўлидан юрмайман» - бу гап айнан Клаус-Михаэлга тегишли. Мисол учун, Кюне «Гамбург»нинг уй аренаси тарихий номи («Фолькспаркштадион»)ни тиклаб, маҳаллий мухлислар меҳрини қозонди.

7. Алишер УСМОНОВ

Умумий рейтингдаги мавқеи: 87-ўрин

Бойлиги: 14,9 млрд. доллар

Клуби: «Арсенал»

Лондон клуби акцияларининг чамаси учдан бир қисми айнан Усмоновга тегишли. Қолгани америкалик Стэн Кронке ихтиёрида. Кузда Кронке ўз улуши (67 фоизи)ни сотишга урингани ҳақида гап-сўзлар тарқалганди, бироқ...

Айтиш жоиз, лондонлик фанатлар америкалик сармоядорга унча ишонишмайди ва асли ўзбекистонлик миллиардерни ягона хўжайин сифатида кўришни исташади.

Айтганча, яқинда Усмоновга «Андерлехт»ни сотиб олишни таклиф этишгани хусусида хабарлар тарқалди. Лекин бу масалада аниқ маълумот йўқ.

8. Дитрих МАТЕШИЦ

Умумий рейтингдаги мавқеи: 88-ўрин

Бойлиги: 14,8 млрд. доллар

Клублари: «Нью-Йорк Ред Буллс», «РБ Лейпциг», «РБ Зальцбург»

«Ред Булл» компаниясининг 49 фоиз акцияси Матешиц тасарруфида. Спорт унинг учун чинакам эҳтирослар манбаи ҳисобланади. Аммо Дитрих «Формула-1»га кўпроқ қизиқади, пойгалар трансляцияси чоғи фамилиясини бот-бот эшитиш мумкин.

Чунки Матешиц бу спорт йўналишида ҳам алоҳида жамоага эга.

9. Роман АБРАМОВИЧ

Умумий рейтингдаги мавқеи: 105-ўрин

Бойлиги: 12,9 млрд. доллар

Клуби: «Челси»

Россиялик олигарх 14 йилки, «Стэмфорд Бриж» стадионидаги шахсий VIP-ложасида савлат тўкиб ўтирганча севимли жамоаси ўйинларини кузатмоқда.

Энг асосийси, бизнесмен катта маблағ эвазига бўлсада, «Челси» қаддини кўтарди ва шу аснода Англия футболида ўз ўрнини топди.

У хусусан, фанатлар билан яқин муносабат ўрнатган. Масалан, «кўклар» фанатларининг Альваро Моратага нисбатан қарашларини айнан Абрамович бироз ўзгартиришга эришди.

10. Филип АНШУТЦ

3

Умумий рейтингдаги мавқеи: 135-ўрин

Бойлиги: 10,9 млрд. доллар

Клуби: «Лос-Анжелес Гэлэкси»

Аншутц - универсал инсон. У деярли ҳар бир соҳага сармоя киритишга улгурди: темирйўл, нефть, кабель, медиабизнес. Кенг қамровли фаолиятига «Лос-Анжелес Гэлэкси»ни сотиб олиш билан янада кенглик олиб кирди, гўё.

Ҳар ҳолда, клуб 7 йилдан сўнг даромад келтира бошлади, Аншутц шундан сўнг Дэвид Бекхэмни MLSга чорлаб, АҚШ футболига катта туртки берди.

Зеро, еврофутбол юлдузларининг океан орти томон юришлари янги эраси шу тариқа бошланди. Биргина «Гэлэкси»да Бексдан ташқари, Жеррард, де Йонг, Коул, Кин ва бошқалар тўп суришди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz