Қайднома

Қидирув

Бугун "янги" Суперлига старт олади ва...

Бугун "янги" Суперлига старт олади ва...

  01.03.2018 15:54
  0
  696
Бугун

Бугун Суперлига баҳслари бошланади. Ўзбекистон чемпионати тарихида янги саҳифа очилмоқда ва уни ҳеч иккиланмасдан 1992 йилги мавсум билан солиштириш мумкин. Худди ҳозир бўлгани сингари ўшанда ҳам ғавғолар етарлича топилганди. Энг катта ғавғо эса чемпионлик борасида бўлиб ўтган. Шунга қадар ҳам, кейин ҳам ҳеч бир мусобақада бир йўла икки жамоа чемпион бўлмаган. Олий лиганинг илк мавсумида эса олтин медаллар «Нефтчи» ва «Пахтакор» ўртасида тенг тақсимланганди. Абсурдми? Бу ҳали ҳаммаси эмас. Кейинчалик олий лига янада абсурдроқ чемпионатга айланди. Келишилган ўйинлару нохолис ҳакамлик урчиган мусобақа ҳақида яна нима дейиш мумкин? Футболда ҳамма нарса мухлислар учун бўлиши керак. Аммо аввалги мусобақада ишқибозлар учун деярли ҳеч нарса қолмаганди. Футбол ўйинчи ва мураббийларнинг пул ишлаш воситаси бўлиб қолганди, холос.


Футболда ҳамма нарсани қалбакилаштириш мумкиндир, аммо мухлисларни алдаб бўлмайди. Кўрдик, қайси клуб чемпионга айланиши ҳали мавсум бошланмасидан аниқ бўлганини. «Бронзамат» деган атама ҳам айнан олий лигамиз ҳақида ўйлаб топилганди. «Локомотив» катта саҳнага чиққунга қадар узоқ йиллар «Пахтакор» ва «Бун­ёдкор» ўртасида чемпионлик алмашаверарди. Ўша йиллари ҳатто «бронза» учун ҳам айтарли рақобат бўлмасди. «Насаф» бор экан, бошқа жамоалар бронза ҳақида ўйлашмади. Шундай экан, стадионларимиз ҳувиллаб қолганига кўп ҳайрон қолиш шарт­микан?

Ҳозир айтиб бермоқчи бўлганимга ўхшаш ҳолатларнинг анча-мунчасини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Тешик қулоқ барибир эшитади. Олий ва биринчи лигада узоқ йиллар ўйнаган футболчилардан бири шундай деганди: «Фалон жамоага ютқазиб беришимиз керак экан. Аксига олиб ўзимиз гол уриб қўйдик. Уларнинг эса ҳеч «иши» юришмаяпти. Қилмаган «амалимиз» қолмади, биздан фақат дарвозани очиб қўйиш талаб этиларди, гўё. Ҳужумчиларини бирга-бир вазиятга қўйиб юборяпмиз, зарба бераман деганда ҳеч ким халақит бермайди-ю, лекин бирортаси тўпни эплаб теполмайди. Битта голни-ку амаллаб уриб олишди, аммо ўйин тугаб боряпти ҳамки, иккинчи тўп киритилмади. Қўшимча вақт ўтиб бораётганда, бурчак тўпи тепиш ҳуқуқи берилди. Охирги «шанс»­имиз шу эди. Атай қилгандек, уларнинг сардори ҳам тўпни кўтара олмади, пастлабгина, ерга урилиб, сакраб-сакраб кириб келди жарима майдончамизга. Нима ҳам қилардик, бетни қалин қилиб, индамай туравердик. Бир амаллаб иккинчи голни уриб олишди. Ўйиндан кейин мухлисларнинг сўкишига индамай чидаб, стадиондан чиқиб кетдик».

Ўзбекистон футбол ассоциацияси охирги 6 ойда кўпчиликни футболдан четлатди. Бирортасига эътироз билдира олмайсиз. Аслини олсак, бир четдан ҳаммани четлатса ҳам қарши фикр чиқмасди. Охирги йилларда ўйинни сотиш деган нарса оддий ҳолга айланиб қолганди. Мураббийлар ва ёши бир жойга бориб қолган тажрибали футболчиларни қў­йинг, ҳатто кеча футболга кириб келганлар ҳам анча мазахўрак бўлиб қолишганди. Ўйинни сотишнинг турли йўллари борлигини ҳам шу ўзимизнинг олий лигада билганмиз. «Харидорлар» охирги вақтларда кўп пул сарфлаб, бутун жамоани сотиб олмай қўйишганди. Бунинг учун бош мураббий билан гаплашиб ўтириш ҳам шарт эмасди. Шунчаки, дарвозабон, марказий ҳимоячи ва ҳужумчига «ширинкома» ваъда қилиб қўйса бўлгани, уч очкони чўнтакка солиб қайтса бўлаверарди. Ҳужумчи қулай вазиятларни кўкка совуриб туради, марказий ҳимоячи рақибни ўтказиб юборади, дарвозабон эса зарбани қайтара олмай қолади. Бўлди, ғалаба нақд.

Ҳакамлик масаласи эса умуман бошқа тарих. Ҳафта бошида Ўзбекистон футбол ассоциациясида ҳакамлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Энди ҳакамлар нафақат ҳар бир ўйин учун гонорар олишади, балки ойлик маош билан ҳам таъминланадилар. Бундан ташқари, яхши ҳакамлик қилганлар учун мукофот пуллари жорий қилинади. ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг айтишича, асосий мақсад - ҳакамлар ўйинни холис ва адолатли бошқаришсин ва турли қинғирликлардан узоқроқ юришсин. Биласизми бундан қандай хулоса чиқарса бўларди? Демак, аввалроқ, яъни олий лига вақтида аксарият ҳакамлар ўйинни холис ва адолатли бошқара олишмаган ва турли қинғирликларга яқин юришган. Умуман, бу жуда катта янгилик ҳам эмас. Ҳакамларга қўшимча маош ва мукофот пули берилиши яхши. Аммо шунда ҳам аввалги «ўйинлари»дан қолмаганни нима қилиш лозим? Яшанг, қанча обрў-эътиборли бўлмасин, футболдан бир умрга четлатилсин. Бу ёғига энди бош­қача ишлаш мумкин эмас. Акс ҳолда, яна ҳаммаёқ «олийлигалашиб» кетади...

Энди бор умид Суперлигага қаратилган. Юқорида 25 йиллик дардни бирма-бир айтиб чиқдик. Қачонки Суперлига ўша хатоларни такрорламайдиган бўлса, катта натижаларга эришиш мумкин. Катта натижалар эса фақат бир нарсада кўринади - мухлислар ташрифида. Кўрамиз, агар стадионларимиз яна ҳув ўша вақтлардагидек тўлиб-тошса, киройи Суперлига бўлса, шундай бўлсин, деймиз. Акс ҳолда...

 

Суперлига-2018 иштирокчилари ўз олдиларига қандай вазифа ва мақсад қўйишган?

«Локомотив» - чемпионлик

«Бунёдкор» - совринли ўринлар

«Пахтакор» - чемпионлик

«Насаф» - совринли ўринлар

«Навбаҳор» - чемпионлик

«Нефтчи» - чемпионлик

«Қўқон-1912» - чемпионлик

«Бухоро» - рақобатбардош жамоа шакллантириш

«Қизилқум» - кучли олтилик

«Сўғдиёна» - 6-ўрин учун кураш

«Металлург» - кучли олтиликка кириш

АГМК - совринли ўринлар учун курашиш

(Давоми бор. Мазкур мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" нашрининг 1 март кунги пайшанба сонида мутоала қилишингиз мумкин...)

Зафар ҚОСИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz