Қайднома

Қидирув

Арьен Роббен: «Афсусланишга асосим йўқ»

Арьен Роббен: «Афсусланишга асосим йўқ»

  03.03.2018 03:37
  0
  682
Арьен Роббен: «Афсусланишга асосим йўқ»

Ҳар бир ишда аниқликни хуш кўрадиган голландиялик ярим ҳимоячи Арьен Роббен олдиндан белгиланган учрашувга бироз кечикканини қишки Олимпиада ўйинлари доирасида шорт-трек бўйича мусобақанинг 1000 метр масофага бўлган финал босқичидан воз кечолмагани билан изоҳлади.

Маълум бўлишича, «Бавария» фахрийси ватандоши Йорин тер Морсни билвосита қўллаб-қувватлашни хоҳлаган. Эътиборлиси, бу спортчи якунда пойга ғолибига айланиб, Голландия жамоасига 5-олтин медални тортиқ этди.

Хуллас, ҳамюртининг муваффақиятидан ўзгача руҳланган Арьен суҳбатни кўтаринки кайфиятда бошлади.

- Жаноб Роббен, балки футболчилик фаолиятидан сўнг ўзингиз ҳам салоҳиятингизни муз йўлагида синаб кўрарсиз... Бошқача айтсак, Олимпиада медаллари учун курашишни хоҳлармидингиз?

- Йўқ, йўқ, нималар деяпсиз? Ҳа, Голландияда конькида учишни ҳамма ёқтиради, ҳаттоки, ўқувчилар ҳам. Болалигимизда усти муз билан қопланган каналларда учардик, ҳозир фарзандларим шундай қилишади.

Зеро, музда учишнинг завқи ўзгача. Очиғи, ўша вақтлар яқин эмас, узоқ масофага учишда яхшироқ натижаларга эришардим.

- Футболда эса спринтерлик хусусиятини намойиш этишни хуш кўрасиз. Қизиқ, ёш рақиблардан ўзиб кетишни қачонгача давом эттирмоқчисиз? Чунончи, амалдаги шартномангиз ёзда ниҳоясига етади.

- Айни паллада ўзимни аъло даражада ҳис қиляпман, жисмоний тайёргарлигим жойида. Ўйлайманки, яна 1-2 йил бемалол тўп сура оламан. Мўлжалим ҳам шу.

- Келажагингиз «Бавария» бош мураббийи масаласининг ҳал этилишига боғлиқми?

- Албатта. Бунда ёлғиз ўз хоҳишим билан иш битмайди. Мураббий - мен билан ҳамкорлик қиладиган асосий шахс. Муҳими, Мюнхенда барча раҳбарлар менга нисбатан самимий муносабатдалар.

Шундай экан, бош мураббийнинг ўзгариши мумкинлиги унча ташвишлантирмаяпти. Жамоанинг муайян режаси бор. Хуллас, вақти келиб, мутасаддилар билан алоҳида учрашаман ва шартномани узайтириш-узайтирмаслик масаласини обдон кўриб чиқамиз.

- Юпп Хайнкес мавсум якунида кетади. Унинг жамоада қолишини истармидингиз?

- Аввало, айтишим керак, Юппнинг яна биз билан бирга эканлиги - ажо-йиб ҳолат! Петер Херманн ва Херманн Герланд клубни худди беш бармоқларидек яхши биладилар. Қайси ўйинчига нима кераклиги ҳам уларга ойдек равшан.

Мана, Хайнкес қайтгач, дастлабки кунданоқ ижобий ўзгаришлар яққол сезилди. Демакки, унинг «Бавария»даги фаолияти қанча узоқ давом этса, шунча хурсанд бўламан. Аммо бу масала унинг ўзига боғлиқ.

Мураббий якунда қандай қарорга келишидан қатъий назар, унга нисбатан ҳурматимиз ўзгармайди.

- Фаолиятингизни АҚШ, Хитой ёки Қатарда якунлашни тасаввур қила оласизми?

- Уйда, оила аъзоларим ва яқинларим даврасида айни шу мавзуни тез-тез муҳокама қиляпмиз. Ҳозир бир қарорга келишни пайсалга солмаслик керак. Дейлик, 2 йил муқаддам ҳаммаси аниқ эди.

Энди эса фаолиятим якунига яқинлашмоқда. Фикрлар кўп, лекин ечим битта. Бу - мушкул, аммо қизиқарли жумбоқ. Айрим жиҳатлар ҳал бўлди, ҳисоб. Лекин буни ҳозирча ошкор этолмайман.

- Фарзандларингиз нима дейишяпти?

- Улар ҳали ёш, бу масалага аралашолмайдилар. Мабодо гапиришса ҳам, улардан фақат кулгули фикрлар эшитиш мумкин (кулади).

- Вақтида ватанингиз - Гронингенга қайтишингиз мумкинлигига ҳам шаъма қилган эдингиз...

- Ҳа, у ерда ўсмирлар жамоаларида ўйнаш асносида профессионал футболга кўтарилганман. «Гронинген» клубида қадрдонларим бор, улар билан доимий алоқадаман. Лекин футболчи сифатида қайтишга асло ваъда беролмайман.

- «Бавария» энг яқин таъқибчисини ҳам ўз «чанги»да қолдирмоқда. Ҳозирги ҳолатда Бундеслига зерикарли туюлмаяптими?

- Чемпионат ва ўйинлар шахсан мен учун ҳеч қачон зерикарли бўлмайди. Ахир ҳар бир учрашувнинг ўзига хос томонлари бор ва у аввалгиларига сира ўхшамайди.

«Бавария» доимо ғалаба қозонади, чемпионлик унга насиб этади, барибир. Лигада мюнхенликлар билан рақобатлашадиган жамоанинг ўзи йўқ» қабилидаги мулоҳазалар мантиқан тўғри эмас.

Эсланг, чемпионат бошида салгина хотиржамликка берилганимиз қимматга тушиб, «Дортмунд» нақ 5 очко илгарилаб кетганди. Умуман, Бундеслига ўйинларида ғалаба қозониш йўлида 100 фоиз фидойилик кўрсатиш талаб этилади. «Бавария» ҳам бундан мустасно эмас.

- Германия чемпионатининг янада қизиқарлироқ тус олишини таъминлаш  хусусида турли таклифлар билдирилмоқда. Масалан, «плей-офф» босқичи ғоясига қандай қарайсиз?

- Агар шундай тизим жорий этилса, мен ўйиндан чиқаман (кулади).

- Жорий мавсум «Бавария»ни тўхтатиш иложсиздек. Жамоа буюк «требл»ни такрорлай оладими?

- Менимча, бу борада баралла гапиришга бироз эрта. Албатта, нафақат Германия кубоги, балки ЧЛда ҳам имкон қадар узоққа боришни хоҳлаймиз. Мана, «Бешиктош» тўсиғидан ўтдик, ҳисоб. Лекин асосий олишувлар ҳали олдинда.

- Афтидан, ЧЛда яна 2та янги рақобатчи - «ПСЖ» ва «Манчестер Сити» пайдо бўлгандек...

- Чиндан ҳам, жиддий жамоалар. Ҳар иккиси аввалги мавсумларга нисбатан олганда, анча кучайди. Айни пайт кўпчилик «Сити»ни Европанинг энг кучли клуби сифатида эътироф этмоқда.

Балки шундайдир. Лекин бундай баҳолашлар февралда ҳеч нарсани англатмайди. Якунда кубокни қайси жамоа боши узра баланд кўтарса, ўша энг кучлиси бўлади. Тўғри, ҳозир «Сити» хусусида фақат илиқ фикр билдиришим мумкин.

- Марҳамат.

- Айниқса, Хосеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»даги иши, жамоа ўйинини қайта шакллантирганидан қойил қолдим. Уни жуда яхши биламиз, ўзаро ҳамкорлик вақти завқ билан ишлагандик. Пеп чиндан ҳам, юксак малакали мураббий эканлигини яна бир бора исботлади.

- Дарҳақиқат, фақат юлдузлардан иборат жамоани бошқариш осон эмас.

- Шундай. «Сити» ўйинини кузатсангиз, мураббийнинг ўзига хос услуби яққол сезилади. Қисқаси, Пеп ижодий фаолиятини янада юқорироқ даражага кўтаришда давом этмоқда.

- Роббен ёзда қандай юмушлар билан шуғулланмоқчи?

- Бу сафар мени узоқ таътил кутиб турибди - шунчаки, мириқиб дам оламан (кулади).

- ЖЧ баҳсларини кузатасизми? Голландия термасининг саралаш босқичидаги омадсизлиги аламини унутдингизми?

- Йўқ, уйда футбол томоша қилмайман. Агар истак ва вақт етарли бўлса, бошқа гап. Терма жамоа натижасига келсак, афсусланишдан наф йўқ. Ачинарли томони, кетма-кет иккинчи марта йирик мусобақадан четда қолдик.

Очиғи, гуруҳдаги асосий рақиблар - Исландия, Туркия ва Чехия термаларига қарши кечган 6та учрашувда бирор ғалаба қайд этолмадик - 1та дуранг, 5та мағлубият. Демак, холис баҳо берсак, гуруҳдан чиқишга лойиқ эмасдик.

- Бундай паст натижани нима билан изоҳлайсиз?

- Эҳ-ҳе, бу борада жуда узоқ гапириш мумкин.

- Майли, вақтимиз етарли...

- Албатта, сабаблар кўп. Доимо муайян авлод даври бўлади. Масалан, ҳозир Германияда ЖЧ финал босқичига муносиб 3та жамоа шакллантириш имкони бор. Бизда эса юксак савияли ўйинчилар саноқли. Ваҳоланки, авваллари иқтидорли ўйинчиларга бой эдик.

2014 йилга келиб, юлдузлар сони анча камайди, шунга қарамай, мундиалда 3-ўринни эгалладик. Ўшанда ҳимояга кўпроқ эътибор қаратиб, 5-3-2 услубида ўйнагандик.

Янги бош мураббий эса Голландия футболи учун анъанавий саналган 4-3-3 схемасига таянди. Бироқ бу услуб учун юксак савияли ижрочилар зарур.

- Сизнингча, Германия термаси Россия мундиалининг бош фаворитими?

- Немислар ҳар қандай ҳолатда ҳам, асосий даъвогарлар қаторидан жой олаверишади. Умуман, номдор жамоалар ўртасидаги баҳслар муросасиз кечиши аниқ.

Фаворитлар сафига Франция, Бразилия ва Аргентина термаларини ҳам киритиш мумкин. Эҳтимол, испанлар ҳам ўзларини кўрсатишар... Хуллас, одатий «хавотир уйғотувчи гуруҳ».

- Фаолиятингиз давомида сизга етишмаган қандайдир жиҳат борми, афсусланишга мажбур этадиган воқеа-чи?

- Йўқ, футболдаги йўлимдан, кўрсатган ўйинларим ва натижаларимдан мамнунман. Хусусан, ЧЛдаги ғалаба муваффақиятлар гултожидир. Нимани орзу қилган бўлсам, барчасига эришдим.

Албатта, хатоларга йўл қўйиш, мағлубиятлар аламини тотиш - футболнинг ажралмас бўлаги. Муҳими, улардан тегишли сабоқ олиш керак. Менимча, буни яхши уддалай олдим. Демак, афсусланишга асосим йўқ.

- Кўплаб таниқли мураббийлар билан ҳамкорликда ишладингиз. Улардан қай бирини энг мукаммали сифатида эътироф этасиз?

- Ўйлашимча, футбол дунёсида 100 фоиз мукаммалликка эришган мураббийнинг ўзи йўқ. Ҳар бир мутахассиснинг ўзига хос устун хусусиятлари бор. Кимдир футболчилар билан муносабат ўрнатишда беназир бўлса, бошқаси тактика бобида чуқурроқ сабоқ беради.

- Келажакда мураббийликка қўл уришингиз мумкинми?

- Баъзан ўғлимнинг жамоаси учун машғулот ўтайман. Бу иш мислсиз лаззат бағишлайди. Лекин қачондир юксак савияли мураббийга айланишим хусусида баралла гапиролмайман. Бу касб нечоғли мураккаб эканлигини ҳар куни кўриб турибман.

Тўғри, ўзим ҳам 18 ёшимдан буён кучли босим ва масъулият юкини ҳис этиб яшаяпман. Мураббий елкасидаги юк эса янада оғирроқ. Шундай экан, аввало, «Шу иш мен учун муҳимми?» деган саволга жавоб топишим керак.

- «Бавария»даги ёш футболчилардан қай бирининг фаолияти худди сизники каби ёрқин кечишини кутсак бўлади?

- Жамоамизнинг барча аъзолари шундай имкониятга эгалар. «Бавария»да оддий ўйинчилар тўп суришмайди, ахир. Ҳаммаси уларнинг юзага келадиган турли тўсиқларни қандай бартараф этишларига боғлиқ.

Лекин шуниси аниқ - жамоадошларим орасида келажаги ёрқин йигитлар кўп. Аксарият футболчилар буюклик даражасига чиқишларини тахмин қилиш мумкин. Уларнинг тақдирлари қандай кечишини кузатиб бориш шахсан мен учун ҳам қизиқарли, албатта.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz