Қайднома

Қидирув

«Реал Мадрид» клубининг эътиборга молик рекордларини биласизми?

«Реал Мадрид» клубининг эътиборга молик рекордларини биласизми?

  05.03.2018 00:24
  0
  3351
«Реал Мадрид» клубининг эътиборга молик рекордларини биласизми?

Ла-лиганинг 24-туридан ўрин олган «Бетис» - «Реал» ўйини (3:5)да Марко Асенсио томонидан урилган иккинчи гол тарих варақларига алоҳида муҳрланди.

Зеро, шу билан «Қироллик клуби»нинг Испания олий дивизионидаги голлари сони нақ 6000тага етди. Мадридликлар юбилей - 6000-голдан кейин ҳам «Бетис» дарвозасини яна 2 бора ишғол қилишди.

Хуллас, Ла-лигада 1928 йилдан буён қатнашаётган «Реал» миллий чемпионатда 6000та гол маррасидан ўтган биринчи жамоа бўлди. Пойтахт клубининг аввалги юбилей голлари муаллифлари ҳам маълум:

1000-гол: Паиньо (1950 йил 5 ноябрь, «Атлетик» дарвозасига)

1-1000-голлар оралиғи: 22 йил

2000-гол: Пако Хенто (1963 йил 10 ноябрь, «Понтеведра» дарвозасига)

1001-2000-голлар оралиғи: 13 йил

3000-гол: Хуан Гомес (1982 йил 20 январь, «Саламанка» дарвозасига)

2001-3000-голлар оралиғи: 19 йил

4000-гол: Иван Саморано (1994 йил 22 декабрь, «Вальядолид» дарвозасига)

3001-4000-голлар оралиғи: 12 йил

5000-гол: Гути (2008 йил 14 сентябрь, «Нумансия» дарвозасига)

4001-5000-голлар оралиғи: 14 йил

6000-гол: Марко Асенсио (2018 йил 18 февраль)

5001-6000-голлар оралиғи: 10 йил

Қўшимча қилиш жоиз, «Реал»нинг чемпионатдаги 4500-голи афсонавий Рауль номига ёзилган. Ҳозирги юлдузлардан бири - Лука Модрич эса 5500-гол муаллифига айланган.

Умуман олганда, замонавий «Мадрид» маҳсулдорлик даражасини шу қадар оширдики, охирги 1000та голга атиги 10 йилдан камроқ вақт сарфлади.

Яна бир факт шуки, бунда Криштиану Роналдунинг улуши жуда катта. Яъни 1000та голдан нақ 296таси айнан португалиялик юлдуз ҳисобига ёзилди.

Хуллас, шу ажойиб кўрсаткич баҳона soccer.ru сайти маълумотлари асосида «қаймоқранглилар»га тегишли бир қатор энг зўр рекордлар билан таништиришни лозим топдик.

«Реал» - энг кўп чемпион бўлган клуб: 33 марта

Охирги йилларда Испания олий дивизионида «Барселона» анча омадли иштирок этмоқда, бироқ энг совриндор клуб мақоми ҳамон «Реал»га тегишли. Пойтахтликлар ички биринчиликда нақ 33 марта олтин медаль ютишган.

Каталонияликлар эса «атиги» 24 бора тахтга чиқишган. «Қаймоқранглилар» шунингдек, 2 марта кетма-кет 5 бора чемпион бўлиб, бундай серия бўйича ҳам Испания лигаси рекордини ўрнатишган: 1960|1961-1964|1965 ва 1985|1986-1989|1990 йиллар мавсумида.

«Реал» - битта мавсумда энг кўп ғалаба қозонган клуб - 32та

Ла-лиганинг битта мавсумида 32та ғалаба - бу Испания чемпионати учун рекорд кўрсаткич. Тўғри, «Барселона» ҳам бу масалада худди шундай натижага эга.

Мадридликлар рекорд кўрсаткични мавсум-2011|2012да Жозе Моуриньо бошқарувида қайд этишган, бироқ каталонияликлар кейинги чемпионатдаёқ ажойиб натижани такрорлашган. Хуллас, бу борадаги рекорд икки грандга тегишли.

«Реал» - битта мавсумда энг кўп очко олган клуб: 100та

Бу борадаги рекордга ҳам «Барселона» шерик... Лекин битта мавсумда 100та очко тўплаш аввалига «Реал»га насиб этган: мадридликлар мавсум-2011|2012да 100та балл маррасини забт этишгач, каталонияликлар эса кейинги биринчиликда бу кўрсаткични такрорлашган.

«Реал» - битта мавсумда энг кўп гол урган клуб: 121та

«Мадрид» 2011|2012 йиллар мавсумини чиндан ҳам, даҳшатли ўтказган ва нақ 121та гол урганди. «Барселона»га ҳозирча бу рекордни такрорлаш насиб этгани йўқ.

Тўғри, «Реал»нинг асосий рақиби бу борадаги натижани ҳам бир мавсумдан кейин такрорлаш ёки янгилашга уринди, аммо 115та гол билан чекланди. «Мадрид» рекорд ўрнатган мавсум 89та гол 3 нафар футболчи ҳисобига ёзилганди: Криштиану Роналду - 46та, Гонсало Игуаин - 22та ва Карим Бензема - 21та.

«Реал» - Примеро тарихида энг кўп ғалаба қозонган жамоа: 1661та

Ҳа, Испания чемпионатининг ҳеч бир иштирокчиси майдонни ғолиб сифатида тарк этиш масаласида «Реал» олдига тушолмайди.

Агар «қаймоқранглилар» жорий мавсумнинг якуний қисмида ишончлироқ ўйнашса ва келаси чемпионатни муносиб ўтказишса, унда 2019 йилнинг биринчи ярмидаёқ Ла-лигада 1700та ғалаба маррасига етишади.

«Реал» - уй учрашувларида энг узун мағлубиятсиз  серияга эга клуб: 121та ўйин

Аслида энг узун мағлубиятсиз одим «Реал Сосьедад»­га тегишли (Сан-Себастьян жамоаси 1979 йил апрель - 1980 йил май оралиғида Ла-лига доирасидаги нақ 38та учрашувда омадсизлик кўчасига кирмаган.

«Мадрид» эса «Жонажон уйим - мустаҳкам қўрғоним» шиорига ҳаммадан яхши амал қилиб, ўз майдонида қаторасига 121та ўйинда мағлубият нималигини билмаган.

Фантастика! Ушбу қойилмақом серия мавсум-1956|1957да бошланиб, 1964|1965 йиллар чемпионатигача давом этган. Ўшанда «Реал»нинг ўз стадионидаги 10 йиллик мағлубиятсиз одимига «Атлетико» жамоаси чек қўйганди.

«Реал» - энг узун ғалабали серияга эга клуб: 16та

Испания чемпионатида қаторасига 16та ўйинда ғалаба қозониш биринчи бўлиб «Барселона»га насиб этган. Каталонияликлар бундай натижани мавсум-2010|2011да Хосеп Гвардиола бошқарувида қайд этишди.

Мадридликлар эса  рекорд кўрсаткични Зайниддин Зидан бош мураббийлигида такрорлашди. Ўша ғалабали серия мавсум-2015|2016 якунида бошланиб, кейинги чемпионатнинг дастлабки 4-турига қадар давом этганди.

Жамоанинг бу борада мутлақ рекордчи бўлиб олишига «Вильярреал» йўл қўймади - 1:1.

«Реал» - сафар ўйинларида энг узун ғалабали серия қайд этган клуб: 13та

«Мадрид» ўтган йили Примеро доирасидаги сафар баҳсларида фантастик натижага эришди: Зайниддин Зидан жамоаси февраль - октябрь оралиғида ўзга майдонларда фақат ғалабани тан олди, холос. Хуллас, ушбу серия Ла-лиганинг 13та ўйинини ўз ичига олди - мутлақ рекорд.

«Реал» - олий дивизионда энг кўп иштирок этган клуб: 87 мавсум

Испан футболи тарихида 3та клуб элит лигадан сира тушиб кетмаган. Булар - «Реал», «Барселона» ва «Атлетик». Демакки, Примерода кўп қатнашиш рекорди шу 3тасига тегишли.

«Реал» - мавсумнинг енгилмас клуби: 10та ғалаба ва 8та дуранг

«Мадрид» мавсум-1931|1932да Испания чемпионатини мағлубиятсиз якунлаган - 10та ғалаба ва 8та дуранг.

Тўғри, «Реал» бу масалада мутлақ рекордчи саналмайди. Чунки ўша мавсумдан 2 йил олдин Бильбаонинг «Атлетик» жамоаси ҳам чемпионатда мағлубият нималигини билмаганди - 12та ғалаба ва 6та дуранг.

Примеро иштирокчилари сони 20тага оширилганидан кейин эса, яъни 38та турдан иборат замонавий формат жорий этилгач, бирор жамоа мавсумни мағлубиятга учрамасдан тугатишни уддалай олганича йўқ.

Фақат 2та ҳолатда чемпион клуб бир мартадан мағлубият кўчасига кирган: «Реал» (мавсум-1988|1989: 25та ғалаба ва 12та дуранг) ҳамда «Барселона» (мавсум-2009|2010: 31та ғалаба ва 6та дуранг).

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz