Қайднома

Қидирув

«Милан»нинг янги умиди – Патрик Кутроне

«Милан»нинг янги умиди – Патрик Кутроне

  08.03.2018 06:38
  0
  682
«Милан»нинг янги умиди – Патрик Кутроне

Инқироздан фориғ бўлишга улгурмаган номдор жамоа ҳеч бўлмаганда еврокубоклар ҳудудидан жой олиш учун ҳаракат қилмоқда. Аммо кўрилаётган чора-тадбирларнинг самараси талаб даражасида эмас.

Шундай мураккаб вазиятда мухлису-мутахассислар жамоанинг иқтидорли тарбияланувчиси Патрик Кутронега умид қилишмоқда.

Яқинда Женнаро Гаттузо ўзига хос топқирлик билан ёш шогирдини машҳурликнинг салбий иллатларидан муҳофаза қилишга уриниб кўрди:

«Биз Кутронега босим ўтказмаяпмиз. «Милан» таркибида шунча гол уришга улгурган энг ёш футболчига айлангани унинг бошини айлантириб қўймаслиги лозим.

Бунинг учун Патрик самарали тўп суриш билан биргаликда ҳордиқ чиқаришни ҳам ўз жойига қўймоғи даркор. Умид қиламанки, у мароқли дам олишда муносиб ҳамроҳ бўла оладиган гўзал ва ақлли қайлиқни танлай олади».

Мазкур эътирофдан ке­йин «Милан»нинг «Твиттер»и соҳибжамол қизлар суратлари билан тўлиб кетди. Ҳозирда «россонери»нинг асосий умиди бўлиб турган ёш ҳужумчининг шахсий ҳаёти ҳануз шакл­ланмаганлиги жамоа бош мурабби­йини жиддий хавотирга солмоқда.

Патрик Кутроне «Милан»нинг асосий таркибида илк марта аввалги мавсумда пайдо бўлди: сўнгги тур арафасидаги «Болонья»га қарши учрашувнинг аҳамияти унчалик муҳим эмасди - жамоа еврокубоклар ҳудудидан жой олгани аниқ бўлгач, Монтелла ёш ҳужумчига беш дақиқа тўп суриш имконини берганди.

Бунгача бош мураббий таваккалчиликка қўл уришга ботина олмаганди. Олдинги икки мавсумни Примаверада ўтказган Патрик юқори сермаҳсулликни намойиш этиб, ўртача ҳар бир ўйинда биттадан голни ўз ҳисобига ёзиб қўйганди. Бироқ «Милан» ёзда «Порту»дан Андре Силвани харид қилди.

Никола Калинични эса кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олди. Бир йўла икки нафар марказий ҳужумчининг пайдо бўлиши Кутроне учун умуман имконият қолдирмайдиган ҳукмдек эди.

Ким билади дейсиз, балки мутасаддилар икки нафар ўртамиёнадан кўра бир нафар юлдузни харид қилганларида, тўғрироқ бўлармиди? Охир-оқибат, қишда Калинични Хитойга сотиб юборишга уринишди. Аммо футболчи бунга рози бўлмади.

Силва эса «ишончни оқлай олмади» - «Милан» спорт директори Массимилиано Мирабеллининг фикри айнан шундай. Бундан ташқари, Калиничнинг келишуви 22 августда расмийлаштирилди, жамоа эса ЕЛнинг саралаш беллашувлари боис машғулотларни анча барвақт бошлаб юборганди.

Италиялик ёш иқтидор соҳиби 3 август куни майдонга тушиш имкониятига эга бўлди ва ЕЛнинг саралаш учрашувида гол урди. У «А» сериянинг дастлабки турида ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Орадан 3 кун ўтгач, ЕЛ саралаш босқичининг навбатдаги баҳсида айнан Патрикнинг голи «Милан» ғалабасини таъминлади.

Яна 3 кундан кейин ҳужумчи «Кальяри»га қарши кечган учрашувда ҳисобни очди. Бироқ сентябрь ойида Монтелла Калинични яхши спорт формасига чиқди, деб ҳисоблаб, чемпионат ўйинларида уни майдонга тушира бошлади. Силва билан Кутроне эса кубок ва ЕЛ ўйинларида майдонга туширилдилар.

Шундан кейин Кутроне бир ойни голсиз ўтказди, «Риека» дарвозаси забт этилгач, яна ғойиб бўлди. Чунки у мунтазам равишда майдонга тушмаётганди.

Ниҳоят, ноябрнинг охирида мутасаддилар Монтелладан воз кечишгач, воқеалар ривожи кескин ўзгариб кетди. Чунки янги бош мураббий Женнаро Гаттузо айнан Кутронега кўпроқ ишонч билдира бошлади. Албатта, бирданига кўрсаткичларни яхшилашнинг иложи йўқ эди.

Гаттузо эса мағлубиятлар унинг учун пичоқ тиғидан кўра кучлироқ азоб эканлигини рўй-рост эътироф этганди. Аксига олиб, «Милан» сўнгги поғонани банд этиб турган «Беневенто» билан сулҳ тузишга мажбур бўлди. Яна қай тарзда денг? «Милан» дарвозасини рақиб дарвозабони ишғол этди!

Лекин Патрик барибир майдонга тушиш имкониятига эга бўлди. Женнаро Гаттузо раҳбарлигидаги икки ой давомида 9 марта бошланғич таркибдан жой ола билди ва 7 марта рақибларни гол билан жазолади.

Ҳозирда Кутронени Филипо Инзагига қиёслаш анъана тусини олган. Бу нафақат хорижлик касбдошларимиз, балки Лука Антонинидек футбол дарғаларининг эътирофи. Бу борада Патрик «офсайд» чизиғида самарали ҳаракат қилиши, тўпга биринчи тегиниш билан рақиб таъқибидан қочиб кета олиши билан машҳур касбдошини эслатади.

Унинг учун тўпни рақиб дарвозасига қай тариқа йўллашнинг фарқи йўқ: «Лудогорец» дарвозасини бурчакдан узатилган тўпни боши билан зарба бериш ор­қали забт этди, СПАЛ икки марта ўнг оёқ билан берилган зарбани ўтказиб юборди, «Аустрия»га чап оёқ билан, «Лацио»га эса... қўл(!) билан гол урди.

Кутроне рақибни алдаб ўтишдан кўра тўпни бўш ҳудудга йўллаш ва рақиблар орасидан ўтиб, яна эгаллаб олишни хуш кўради. Очиғи, ёш ҳужумчи бош билан зарба бериш борасида мақтана олмайди - яккакурашлардаги самарали ҳаракати 20 фоизга тенг.

Бу борада Калинич ундан икки бараварга яхшироқ кўрсаткичга эга. Италиялик ҳужумчининг асосий устунлиги шундаки, унинг сермаҳсуллиги жамоанинг ўйин савиясига боғлиқ эмас. 21 ёшгача бўлган мамлакат терма жамоаси таркибида 5та учрашувда 4та гол урди.

Патрик рақиб ҳимоячиларидан қайтган тўпларни илиб олишда, уларнинг позицион хатоларидан унумли фойдаланишда ажойиб маҳоратга эга. Қисқаси, унда анъанавий «тўққизлик»да бўладиган барча фазилат ва камчиликлар мавжуд.

Лекин  фойдали иш коэффициенти ўта юқори. «А» сериядаги 5та гол учун атиги 13та зарба сарфлади. ЕЛдаги кўрсаткичи бироз камтаринроқ (19та зарбадан 4та гол) бўлсада, бу борада унга яқинлаша оладиган мерган ҳозирча йўқ.

Шуни қўшимча қилиш лозимки, 21 ёшгача бўлган футболчилар орасида фақат Килиан Мбаппе жорий мавсумда Патрикдан олдинда бормоқда: франциялик тўпурар 15та гол учун 33та зарба ишлатган, Кутроне эса 14та голни 30та зарбада амалга оширган. Ваҳоланки, бу италиялик ҳужумчининг дебют мавсумидаги натижаси.

Қолаверса, 4та учрашувда 3та гол урса, Килиандан ўзиб кетади. Жамоанинг келажагини режалаштиришда Массимилиано Мирабели эҳтиёткорона иш тутмоқда: «Мунтазам равишда ҳукмронлик қилиш ва совринларни қўлга киритишнинг иложи йўқ. Ҳозир ёрқин ғалабалар учун мустаҳкам пойдевор яратишнинг айни пайти. Биз навқирон жамоани шакллантирдик».

Дарҳақиқат, спорт директори вазиятга тўғри баҳо бермоқда. Агар ёзги харидларни эътиборга олмайдиган бўлсак, албатта. Бироқ биз иккинчи ёз фаслига тобора яқинлашяпмиз - 30 ёшли Калинич ва Бонуччининг иштироки Женнаро Гаттузонинг тобора ёшларга кўпроқ ишонч билдираётганига соя сололмайди.

Доннарумма, Романьоли, Калабриа, Кессье, Кутроне 23га, Чалханоглу ва Сусо 25га чиқиб улгуришмаган. Хуллас, кўпчиликнинг ҳатто хаёлига ҳам келмаган Женнаро Гаттузо «Милан»ни инқироздан фориғ қилишга яқин турибди. Бош мураббийлик лавозимига келиши янада салмоқлироқ самара келтириши ҳам мумкин.

Энди Мирабеллидан «Гаттузо биз билан яна 10 йил ишласа, йўқ демасдим» қабилидаги эътирофлар янграганида гап нимада эканлиги ойдинлашади. Спорт директори «Милан»нинг аҳил жамоага айланганидан мамнун. Гаттузо чиндан ҳам пул эмас, жамоа шаъни учун ишлаяпти.

Унинг маоши ўринбосарлар жамоасидагидан (йилига 120000 евро) ўзгарган эмас. 20 йиллик умрининг 12 йилини «россонери» тизимида ўтказган халоскор Кутроне ҳам камтарона иш ҳақи (250000 евро) борасида эътироз билдирган эмас. Ваҳоланки, маҳсулдорлик бобида Мбаппе билан ёнма-ён кетмоқда.

Тўғри, Gazzette dello Sport маълумотларига кўра, клуб мутасаддилари ёш ҳужумчига янги шартнома таклиф этиш устида иш олиб боришмоқда.

Маошнинг оширилиши хусусида гап бўлиши мумкин эмас. Мураббий эса сермаҳсул шогирдига ақлли, одобли «Милан» мухлисаси қайлиқ бўлишини тиламоқда.

Маълумот учун

Патрик Кутроне

Ёши: 20

Амплуаси: ҳужумчи

Бўйи: 183 см., Вазни: 75 кг.

«Милан» таркибидаги иштироки: 30та ўйин - 14та гол.

2017|2018 йиллар мавсумидаги маоши: 250000 евро.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz