Қайднома

Қидирув

Баҳодир Насимов: «Ж.Корея клубидан трансферимни сотиб олдим»

Баҳодир Насимов: «Ж.Корея клубидан трансферимни сотиб олдим»

  10.03.2018 03:35
  1
  1294
Баҳодир Насимов: «Ж.Корея клубидан трансферимни сотиб олдим»

Ўтган мавсумни Жанубий Кореянинг «Ансан Гринерс» жамоасида ўтказган тажрибали ҳужумчи Баҳодир Насимов фаолиятини яна Ўзбекистонда давом эттира бошлади.

Миллий термамизнинг собиқ ҳужумчиси «Бухоро» билан шартнома имзолади. Келишув клубларимиз анъанасига мос тарзда бир йилга мўлжалланган.

Таъкидлаш жоизки, Самарқанд футбол мактаби тарбияланувчиси бўлган ҳужумчи Россия, Озарбайжон, Эрон, Жанубий Корея клубларида легионер сифатида тўп суришга улгурди.

Табиийки, бу борада у катта тажрибага эга. Биз Суперлигага янги режалар билан қайтган Баҳодир Насимовдан интервью олдик.

- Баҳодир, бироз кутилмаганда Жанубий Корея чемпионатидан қайтиб келдингиз. Адашмасам, клубингиз билан амалда шартномангиз ҳам бор эди. Бундай қарорга келишингизга нима сабаб бўлди?

- Дарҳақиқат, «Ансан Гринерс»да йил якунига қадар шартномам бор эди. Лекин клуб раҳбарияти билан келишган ҳолда битимни бекор қилдик. Бунга асосим етарлича. Энг катта сабаблардан бири - «Ансан» мураббийи мени ўз позициямда ўйнатмади.

Ўнг ва чап қанот ярим ҳимояси, ҳатто ҳимояда ҳам ўйнадим. Соф ҳужумчи учун бу ижобий ҳолат бўлмаса керак. Натижада шартномамни ўзим сотиб олишимга тўғри келди. Яъни, 6-7 ойлик маошимдан шунчаки воз кечдим. Бундай ҳолатда клубда қолиб бўлмасди.

- Демак, келишув сиз туфайли бекор қилингани сабаб энди қолган маошларингизни ҳам ололмайсиз, шундайми?

- Афсуски, ҳа. 2018 йилги мавсум ҳисобидан олишим керак бўлган 7-8 ойлик маошимни Жанубий Корея клубига ташлаб келдим. Агар у ерда қолиб, мураббийнинг барча шартларига кўниб ўйнаганимда, маошларимни олардим. Лекин ўз хоҳишим билан шартномани буздим. Содда қилиб айтганда, трансферимни сотиб олдим.

- Сумма каттамиди?

- Йўқ, унчалик эмас. Энг муҳими, иш ортиқча муаммоларсиз ҳал бўлди. Мен шундан хурсандман. Агар Ж.Кореяда қолганимда, бир йиллик фаолиятим беҳуда ўтарди.

- Жанубий Кореяда ўтказган мавсумингиз ҳақида нима дея оласиз? Ушбу чемпионат вариантини танлаганингиздан афсусланмайсизми?

- Асло афсус чекмайман. Ўтган мавсум умуман олганда, мен ва жамоам учун ёмон ўтмади. Ж.Корея футболида ўйнаб, кўп нарса ўргандим. Яна бир қувонарли ҳолат шундаки, «Ансан Гринерс»нинг илк голини уриш орқали клуб тарихига кирдим. Фақат мураббий мени бошқа позицияларда синаб кўрганини ҳазм қилолмадим.

- Ж.Кореядан кетишингиз аниқ бўлганидан ке-йин Суперлигамиз жамоаларидан таклифлар тушдими?

- Ҳа, шу заҳоти «Бухоро» билан музокара бошладим. Бу жараён кўп вақт олмади.

- Нима учун айнан «Бухоро»?

- Мени қониқтирадиган таклиф бўлди. Шартноманинг барча бандлари маъқул келди. Қолаверса, жамоа таркибидаги аксарият футболчилар билан яқин дўст эдим. Машғулотлардан сўнг мураббийлар ҳам «Бухоро»да қолишимни сўрашди ва бажонидил рози бўлдим.

- Қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Бир йиллик келишувга эришдик. Агар шу муддат оралиғида хориждан таклиф тушса, «Бухоро» клуби раҳбарияти кетишимга тўсқинлик қилмайди. Шартномада айнан шундай банд бор.

- «Бухоро»га шахсан Улуғбек Бақоевнинг ўзи таклиф қилдими?

- Худди шундай.

- «Бухоро»да ёш мураббийлар ишлашяпти. Уларнинг машғулот ўтказиш жараёни, футболчилар билан ишлаш принциплари ҳақида нима дея оласиз?

- Улар ёш бўлишларига қарамай, ўта талабчан ва жиддий мураббийларга айланишибди. Энг муҳими, бир-бирини яхши тушунадиган, тўлдирадиган яхши мутахассислар тандеми ишлаяпти. Бу ўз самарасини бермай қолмаяпти. Машғулотларга ўта жиддий тарзда ёндашишади.

- Бугунги «Бухоро» реал кўз билан қараганда, Суперлигада нечанчи ўринни эгаллаши мумкин?

- Буни олдиндан айтиш ва тахмин қилиш мушкул. Чунки бу йилдан эътиборан чемпионатимиз янги форматда ўтказиляпти. Икки босқичдан иборат бўлади. Кучлилар чемпионлик ва сов-ринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

Еттинчи ва ундан кейинги поғонани эгаллаганлар эса Суперлигада ўз ўринларини сақлаб қолиш учун баҳсларга киришишади. Шунингдек, клублар сонининг 12тагача қисқартирилиши ҳам чемпионатнинг кескин курашлар остида ўтишини таъминлайди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам «Бухоро» юқори ўринлар учун курашади.

Ўтган йили жамоа бу вазифани уддалай олишини исботлади. Жорий мавсумда таркиб янада кучайтирилди. Ўз ўйинларимиз билан бухоролик мухлисларни хушнуд этишга интиламиз.

- Россия, Эрон, Жанубий Корея, Озарбайжон чемпионатларида ўйнадингиз. Сизнингча, миллий биринчилигимизда 12та иштирокчи қолдирилиши футболимиз ривожига хизмат қиладими?

- Ҳар қандай янгилик ҳамиша футбол оммаси томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлган. Ўйлашимча, жамоалар сонининг қисқартирилгани сифат ошишига хизмат қилади. Чемпионатда шунчаки ўтказиладиган ўйинлар қолмайди, ҳисоб.

- Самарқанднинг «Динамо» клубига бефарқ эмассиз. Афсуски, самарқандликлар янги мавсумни қуйи лигада ўтказишади. Бу дивизионда ҳам кучли рақобат бўлишини инобатга олсак, «Динамо» шу йилнинг ўзидаёқ Суперлигага қайта олармикан?

- Менимча, қайтади. Самарқандда тажрибали мураббийлар ишлашяпти. Яхши жамоа шаклланган. Улар бу вазифани бажаришларига ишонаман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


ee yaqinda intervyu berib sharoit zor yaxshi deb maqtangandinguuu endi ximoyada uynatmagandur sraziii seni tan ol bolmadi dosh bermadim deb
10.03.2018 11:18

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz