Қайднома

Қидирув

CAFA кубоги савиясини қандай ошириш мумкин?

CAFA кубоги савиясини қандай ошириш мумкин?

  11.03.2018 06:27
  0
  706
CAFA кубоги савиясини қандай ошириш мумкин?

Ўзбек футболига янги раҳбарият келганидан буён ҳафтасига камида 3-4та янгилик эшитиб турибмиз. Ташкилотнинг расмий сайти эса анча-мунча ахборот порталларидан қолишмайдиган тарзда ишламоқда.

Ҳаттоки, турли миш-мишларга ҳам расмий жавоб қайтарилмоқда. Масалан, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийлари ва футболчиларига Осиё чемпионатидаги ғалаба шарафига берилган «Малибу» автомобиллари учун 10 минг доллардан талаб қилингани ҳақидаги гап-сўзлар дарҳол расман инкор этилди.

Маълум бўлишича, ЎФФнинг амалдаги меросхўри - ЎФА нафақат «Малибу» учун тўлов талаб қилмаган, балки футболчиларни мавсумга тайёргарлик ишларидан чалғитмаслик учун автомобилларни уларнинг номига расмийлаштириш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олган.

ЎФА масъулиятни ўзига олганига қарамай, расмийлаштириш ишлари чўзилиб кетгани эса бошқа масала. Эҳтимол, мураббий ва футболчиларнинг ўзлари рақамсиз, «Президент совғаси» сўзлари битилган автомобилни кўпроқ миниб юришни исташгандир... Аммо бугунги мақоламизнинг асосий мавзуси Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам, «Малибу» ҳам эмас.

Февраль охирида яна бир муҳим янгиликдан хабар топдик - Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов эндиликда Марказий Осиё футбол ассоциациясини ҳам бошқаради. Аввалроқ худди шу лавозимда ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмонов ишлаганди.

У кетгач, Марказий Осиё футболини бошқариш Умид Аҳмаджоновга ишониб топширилди. Гарчи CAFAнинг асосий вазифаси нималигини шу вақтга қадар тўлиқ билолмаган бўлсак-да, бу ҳам бир мартаба эканлигини инкор этмаймиз, албатта. Хўш, Марказий Осиё футбол ассоциациясида энди қандай ишларни амалга ошириш лозим? Аввал қандай ишларга қўл урилгандию, буёғига нима қилиш лозим?

Ушбу ташкилотга Мираброр Усмонов раҳбарлик қилиб турган вақт бир қатор ишлар амалга оширилди, албатта. Хусусан, CAFA кубоги йўлга қўйилди ва унда ташкилотга аъзо давлатларнинг ёшлар терма жамоалари ўзаро куч синашди.

2 йил муқаддам Тошкентда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон ёшлар термалари ўртасида илк мусобақа бўлиб ўтганди. Табиийки, янги иш камчиликлардан холи бўлмайди. «Жар» стадионида ташкиллаштирилган мусобақада эса камчиликлар меъёридан кўпроқ кузатилгани рост.

Энг аввало, Эрон ёшлар терма жамоасининг турнирга келмаганини айтиш лозим. Форслар янги мусобақа савиясига у қадар ишонишмади, шекилли, Тошкентга ташриф буюришдан бош тортишди. Оқибатда Жасур Абдураимов бошқарган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси икки таркибга бўлинди ва ҳар икки гуруҳда иштирок этди.

Шу ҳолат бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди. Энг аввало, мақтаниш саналсада, айтиш лозим, юртимизда футбол ривожи қўшни давлатлардагига қараганда, анча олдинда эканлигини кўрдик, билдик. CAFA кубогида бизга фақат Эрон терма жамоаси муносиб рақобат тақдим этиши мумкин эди.

Очиғи, форслар келишмагач, мусобақа финалида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг биринчи ва иккинчи таркиби ўзаро тўқнаш келишидан анча чўчигандик. Ҳар ҳолда, воқеаларнинг бундай ривожи ўзи шундоқ ҳам савияси паст мусобақа обрўсини яна-да тушириб юбориши мумкин эди. Ҳайтовур, Қирғизистон терма жамоаси анча яхши ўйин намойиш қилиб, финалга чиқишни уддалаганди.

Марказий Осиё футбол ассоциациясининг янгиланган раҳбарияти энди биринчи навбатда, айни шу мусобақа савиясини кўтаришга бел боғлаши шарт. Бунинг учун эса бир қатор ишларни амалга ошириш талаб этилади.

Аввало, CAFA кубогида ёшлар эмас, балки миллий жамоалар қатнашишини таъминлаш лозимдек. Ҳа, бу иш анча қийин. Дейлик, Эрон термасидек қитъа гигантини CAFA кубогида асосий таркиб билан иштирок этишга кўндириш деярли имконсиз.

Қолаверса, Ўзбекистон миллий жамоасининг ҳам легионерларни тўлиқ жамлай олишига ишониш қийин. Осиёда ўйнаётганларни бир амаллаб чақириш мумкиндир, аммо «Ростов» Элдор Шомуродовни, «Анжи» Достонбек Ҳамдамовни қўйиб юбориши учун CAFA кубогидан жиддийроқ сабаб бўлиши лозим.

Аммо ҳаммасини ўз ҳолига ташлаб қўйиш, шу кетиш давом этишига йўл қўйиш сира ярамайди. Демак, Умид Аҳмаджонов олдида бажарилиши зарур жиддий ишлар бир талай. Аслини олсак, агар CAFA кубогини ўринлатиб йўлга қўйиб олсак, шу вақтга қадар муаммо саналган ўртоқлик ўйинлари масаласи бир қадар ҳал бўларди.

Зеро, ён қўшнилар ўртасида кечадиган баҳслар ҳар доим принципиал аҳамият касб этади. Миллий жамоага номзод футболчиларни Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон термаларига қарши кечадиган ўйинларда синаб кўришнинг нимаси ёмон?

Шунингдек, «сирли тулпор» - Афғонистон термаси билан бўладиган ўйин ҳам етарлича қизиқиш уйғотиши турган гап. Эрон термаси ҳақида-ку, ортиқча гапириш шарт эмас.

Хуллас, CAFAнинг янги раҳбарияти шу иш уддасидан чиқсами, минтақа футболи тараққиётида катта ишни амалга оширган ҳисобланарди...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz