Қайднома

Қидирув

Миллий футболимиз тараққиёти қарор билан мустаҳкамланса…

Миллий футболимиз тараққиёти қарор билан мустаҳкамланса…

  15.03.2018 06:28
  0
  655
Миллий футболимиз тараққиёти қарор билан мустаҳкамланса…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сонли Фармони билан тасдиқланган «2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат Дастури» тасдиқланган бўлиб, унинг 196-бандида назарда тутилган амалга оширилиши шарт бўлган қуйидаги тадбир, яъни «Барча даражадаги футбол мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишнинг мавжуд тизимини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, соҳадаги жиддий муаммоларни ҳал қилиш ва халқаро мусобақаларда юқори натижалар қайд этилишига оид чора-тадбирларни ишлаб чиқиш» 2018 йилнинг 1 апрелига қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли департаментига топширилиши керак.

Айни шу жараён қай тариқа бажарилиши лозим, яратилажак норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида миллий футболимиз ривожи учун нималар инобатга олиниши керак? Қуйида шу ҳақда батафсил маълумот берсак.

Давлат дастури талаби

Талабга кўра, Давлат дастурида белгиланган банд бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида қуйидагилар ўз ифодасини топган бўлиши керак:

илғор хорижий тажриба асосида футбол соҳасида юқори малакали тренер ва спортчиларни тайёрлаш, футболчилар захирасини ва терма жамоаларни шакллантиришнинг амалдаги тизимини тубдан такомиллаштириш;

болалар ўртасидаги футболни ривожлантиришнинг амалдаги тизимини танқидий кўриб чиқиб, футбол бўйича етакчи мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, юқори малакали тренер ва мутахассисларни жалб қилиш;

чекка ҳудудларда футбол майдонларини кенг миқёсда қуришни ташкиллаштириш;

ёш иқтидорли футболчиларни саралаш (селекция) тизимини ривожлантириш;

миллий терма жамоанинг 2022 йили Қатар мамлакатида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этишини таъминлаш учун чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш.

Мазкур банд учун ижро этилган масъуллар, яъни Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ишлаб чиқиладиган ҳужжат лойиҳаси катта эҳтимол билан «Ўзбекистон Республикасида миллий футбол тараққиётини таъминлаш ва уни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги дея номланиши мумкин ва у Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори лойиҳаси шаклида тайёрланиши керак.

Қонунан асосланиш

Республика футболини ривожлантириш, мамлакат обрў-эътиборини халқаро ареналарда мустаҳкамлаш Ўзбекистон Республикасининг спорт соҳасида жаҳон ҳамжамиятига тўлақонли интеграция қилинишининг асосий талабидир.

Ўзбекистон Республикаси 1994 йилда ФИФА ва ОФКга аъзо бўлганидан сўнг бир қатор йирик ютуқларга эришди. 2018 йил январь ойида Хитойда бўлиб ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида эришилган матонатли ғалаба бу ютуқларнинг энг сўнггисидир. Охирги 10 йил давомида Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари 17 ва 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатларига йўл олмоқда, лекин футбол олами учун энг асосий турнир бўлмиш футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси бажарилмай қоляпти.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида барча вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида жами 27та ихтисослаштирилган футбол бўйича мактаб-интернатларининг ўзида 240 нафар тренер қўл остида деярли 5000 нафар болалар ва ўсмирлар тарбияланмоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциациясига аъзо бўлган профессионал футбол клублари сони 30тага ҳам етмайди. Футбол бўйича чемпионат профессионал мақомида бўлса ҳам, ундаги даража ва мақомига кўра бўғинлар (лигалар) сони 2тадан ошмайди. Сўнгги йилларда қитъа миқёсида клублар ўртасидаги нуфузи бўйича биринчи ўринда турувчи Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этувчи ўзбек клублари сони 4тадан 2тага («Локомотив» ва «Насаф») тушиб қолган. Ўтган икки мавсумда клубларимизнинг бу турнирда қайд этган натижалари талабга жавоб бермайди.

Республика футболида ўсишнинг мунтазамлилиги таъминланмаётганлиги, ёш ва иқтидорли футболчиларни танлаш тизимида шаффофлик ва адолат принципларининг оқсаётганлиги, моддий-техник базани мустаҳкамлашдаги жиддий муаммолар - сўнгги пайтларда яққол кўзга ташланиб турган камчиликлардир.

Бундан ташқари, футбол тараққиётини белгилашда хизмат қилиши лозим бўлган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, уларнинг мунтазам ишлаши учун муайян муддатлар белгилаб қўйилганлиги оқибатида уларнинг ижроси борасида муаммолар учраётганлиги, масъул давлат ташкилотлари ва бошқа идораларнинг вазифа-мажбуриятлари аниқ кўрсатилмаганлиги Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда жойларда вилоят футбол ҳудудий ассоциацияларининг бир маромда ишлашида муаммолар келтириб чиқармоқда.

Футбол бутун жаҳонда энг оммавий спорт тури ва унга нисбатан жамоатчиликнинг эътибори юксак даражада эканлиги, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида бу спорт тури бизнес даражасига чиқиб улгурганлиги айни кунда ҳеч кимга сир эмас.

Мамлакатимиз ҳудудларида футбол тараққиёти қай йўсинда эканлигини таҳлил қиларканмиз, бу борада ҳудудлар бир-биридан кескин фарқ қилиши, футбол бўйича миллий чемпионат баҳсларининг томошабоплиги паст даражага тушиб кетганлигидан ҳам билсак бўлади.

Кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш ва тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан миллий футбол тараққиёти учун олдинда турган бирламчи вазифаларни белгилаб олиш, республика футболи ривожи учун моддий-техника базасини талаб даражасига келтириш, иқтидорли ва ватанпарвар футболчиларни тайёрлаш ишлари тизимни халқаро стандартларда белгиланган даражага келтириш мақсадида тегишлича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган.

Қарорни қабул қилиш зарурати

Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш чора-тадбирларини белгилаб олиш зарурати қуйидагилардан иборат:

биринчидан, болалар ва ўсмирлар спорт-мактабларида, ихтисослаштирилган футбол мактаб-интернатларида, республика олимпия захиралари коллежларида футболчилар тайёрлаш ва улар билан ишлаш тизимининг талабга жавоб бермаслиги ва малакали тренер кадрлар муаммоси мавжудлиги оқибатида охирги йилларда профессионал футбол клубларига, турли тоифадаги терма жамоаларга тарбияланувчиларнинг жалб этилиш кўлами камайиб, самарадорлиги пасайиб кетган;

иккинчидан, профессионал футбол клублари учун молиялаштириш манбалари аниқлаб берилган бўлса ҳам, улардан самарали фойдаланиш механизми ишлаб чиқилмаган, клублар ўз-ўзини таъминлаш тизимига ўтишга шошилмаяпти, бундан ташқари, солиқ ва божхона имтиёзлари амал қиладиган давр қисқа, уни узайтириш масаласи эса ўз вақтида ҳал этилмаяпти;

учинчидан, ҳудудий футбол ассоциацияларида, профессионал футбол клубларида, турли бўғиндаги футбол мактабларида моддий-техника базаси эскирганлиги натижасида футболчиларни танлаб олиш, уларни тарбиялаш ва профессионал футболга ўтказиш сифати пастлигича қолмоқда;

тўртинчидан, болалар ва ўсмирлар футболида футболчиларнинг энг биринчи босқичдан то профессионал футболгача бўлган тарбиялаш жараёнининг етарлича рағбатлантирилмаётганлиги муаммоси ҳам учрамоқда (айни пайтда «Манчестер Сити» футболчиси Эмерик Ляпорт трансферидан уни тарбиялаган биринчи клуб қанча даромад кўрганлигини бир эслатиб ўтсак);

бешинчидан, республика бюджети ва маҳаллий бюджет маблағлари асосида, ҳомийлар кўмагида жойлардаги стадионлар қайтадан қурилиб, реконструкция қилинган ва янгилари қад ростлаган бўлса-да, ундан мақсадли фойдаланишда ва ўйинларга мухлисларни жалб этишда олдинга силжиш кузатилмаяпти.

олтинчидан, футбол мактабларида, профессионал клубларда ва бош-қа футболга алоқадар ташкилотларда кадрлар билан боғлиқ муаммонинг кучайиб бораётганлиги, уларнинг малакаси халқаро ва маҳаллий талабларга жавоб бермаслиги ҳам бор гап;

еттинчидан; терма жамоалар билан ишлаш тизимининг етарли даражада назорат қилинмаётганлиги оқибатида уларнинг кўрсатаётган натижалари талаб даражасида эмас, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса мунтазам равишда жаҳон чемпионатига чиқиш режасини бажара олмай келмоқда.

Лойиҳада қандай таклифлар бўлади?

Қарор лойиҳасида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

Тошкент шаҳрида бирор-бир спорт мажмуасини футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари учун асосий ўқув-машғулот базасига айлантириш;

Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида республика болалар-ўсмирлар футбол академиясини ташкил этиш ва уни замонавий стадионлардан бирига жойлаштириш ёки республика академияси учун янги база қуриш;

Футбол бўлимлари мавжуд бўлган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари раҳбарлари ва тренерларини танлаб олиш ва тайинлашда футбол раҳбарияти иштирокини мажбурий қилиб қўйиш;

давлат ихтисослаштирилган футбол бўйича мактаб-интернатлари сонини камайтириш ва уларни тўлиғича Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфига бериш;

футбол мактаб-интернатлари учун ота-оналардан олиб келинаётган тўлов миқдорини, овқатлантириш меъёрларини қайтадан кўриб чиқиш;

«ҳар бир маҳаллада ва ҳар бир мактабда футбол майдончаси» лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни маҳаллий ҳомийлар кўмагида амалга ошириш;

давлат ва хусусий телеканалларнинг Primetime вақтида футбол бўйича Суперлига ва Про-лига баҳслари бошқарилишига оид ҳакамлар ва бошқа масъуллар иштирокида кўрсатувлар узатишни йўлга қўйиш, футболнинг илмий асослантирилганлиги юзасидан кўрсатувлар тайёрлаш;

футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоалари амалий ва назарий ўқув-машғулотлари ўтказилиши учун база ташкил этиш мақсадида республикамиз тоғли минтақаларидан бирида жойлашган, айни пайтда фойдаланилмаётган иншоот ер участкаси билан биргаликда ажратилиши таклифи.

Мазкур базани қуриш, керакли асбоб ва жиҳозлар билан таъминлаш, тегишли инфраструктура яратилиши ҳомийлик кўмаги ва хориж тажрибаси асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир.

Футбол тараққиёти учун зарур бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлимлари ва профессионал футбол клубларига келгуси 3-5 йил учун солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши ҳам мазкур қарор лойиҳасида бўлиши шарт.

Юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси (ялпи тушуми) билан боғлиқ имтиёз футболга бўлган ҳомийликка, айниқса, минтақаларда янгидан-янги жамоалар пайдо бўлишига, футболдаги соғлом рақобатнинг ортишига кенг йўл очиб беради (бундай имтиёз айни пайтда кураш спорти борасида ҳам қўлланган, демакки, ҳуқуқий прецедент мавжуд).

Кутилаётган натижалар

Қарор қабул қилиниши орқали:

биринчидан, футбол тараққиётининг бош бўғини бўлмиш болалар ва ўсмирлар футболида соғлом рақобат, юқори мақсадлар сари интилиш юзага келади, футбол бўйича тренерларнинг ўз устида ва болалар билан индивидуал тарзда ишлаши учун вақт ва имконият бўлади;

иккинчидан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида республика болалар-ўсмирлар футбол академияси ташкил этилиб, унда турли ёш категорияларидаги республиканинг энг иқтидорли футболчилари жам бўлади. Мазкур академияда тарбияланаётган болалар ва ўсмирлар яқин келажакда Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасининг ўзаги бўлишади (бундай тажриба Франциядаги Клерфонтен академияси, Қатардаги «Эспайр» академияси мисолида қўллаб келинмоқда);

учинчидан, реконструкция қилинадиган ва янгидан қуриладиган футбол универсал мажмуасидан унумли фойдаланиш учун мавсумолди тайёргарлик йиғинлари ўтказиш учун узоқ ва яқин хориж мамлакатларидан футбол клубларини ҳам жалб этиш, шу орқали Тошкент шаҳри миқёсида футбол туризмини шакллантириш ва ривожлантириш кўзда тутилган;

тўртинчидан, соф рақобат натижасида савияси ошадиган миллий чемпионатда ўйновчи футболчилар ҳисобига футбол бўйича Ўзбекистон миллий термаси таркиби юқори савияли футболчилар билан шакллантирилиб, бу жамоа ўз олдига юксак мақсадлар қўйиш имконига эга бўлади;

бешинчидан, хориждан таклиф этиладиган мураббийларнинг даромадларига нисбатан солиқ имтиёзларини қўллаш, уларни мамлакатимиз минтақаларига, асосан, болалар ва ўсмирлар футболи ривожини йўлга қўйишда меҳнат фаолиятини олиб бориш учун ишга таклиф этишда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Довудхон АКРАМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz