Қайднома

Қидирув

Таксист – ҳужумчи

Таксист – ҳужумчи

  17.03.2018 00:10
  0
  900
Таксист – ҳужумчи

Франциянинг Марсель шаҳри мухлислар орасида ўзининг «Велодром» стадиони билан машҳур. Бироқ уни бутун дунёга танилишига бошқа бир хусусият сабабчи –  олисни яқин, мушкулни осон қиладиган транспорт воситаси маҳаллий аҳоли ва хорижий меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатади.

Люк Бессон томонидан яратилган машҳур «Такси» фильми ҳам айнан Марселда суратга олингани бежиз эмас. Моҳир актёр ижро этган Даниэль – «ас» ҳайдовчи. Унинг улови Марселнинг тор кўчаларида яшиндек учади.

Даниэль ўз «Пежо»сини моҳирлик билан бошқаришдан ташқари озгина бўш вақтини «тойчоқ»нинг техник ҳолати мукаммал даражада бўлишига, унга гард юқмаслигига сарфлайди. Тўғри, Даниэль – сценарий муаллифи томонидан яратилган афсонавий қаҳрамон.

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган Фабрис Апрюзесс эса барчага яхши таниш бўлган ташвишу-шодликларга тўла жўшқин ҳаётнинг типик вакили. Ўзининг тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги ҳамда орзусига эриши йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслиги билан Фабрис чинакам мўъжизани яратди.

Яъни, бирор-бир футбол мактабининг остонасидан ўтмаган ҳолда ҳайдовчиликдан ҳужумчи даражасига кўтарилди! Якунда «Марсел»­дек номдор жамоа таркибида майдонга тушди.

Ҳайдовчининг мулоҳазаси

Фабрис - касбдошларидан сира фарқ қилмайдиган оддий ҳайдовчи ва футболнинг, жумладан, «Марсел»­нинг ишқибози. Шаҳарнинг тор кўчаларини кезганда у ҳар гал «тойчоғи»ни «Велодром» ёнида тўхтатар ва қўлларини юқорига кўтариб, ҳеч бўлмаганда бир марта суюкли стадионида тўп суришни яратгандан сўрарди.

Ортда қолган йиллар давомида Фабрис кўча футболида тўп суриб улғайди. Тез орада беғубор болалик даври ортда қолиб, тирикчиликни таъминлайдиган касбни танлаш вақти келди. Шу тариқа йигитча автокорхоналардан бирига ишга кирди. Унинг улови «қўғирчоқ»дек безатилган «Пежо-406» эмасди, маъшуқаси ҳам маҳаллий полиция раҳбарининг қизи мақомидан йироқ эди.

Аммо Фабрис машҳур фильмдаги касбдошидан фарқли равишда «Марсел»нинг муваффақиятидан чексиз қувонар, омадсизликларидан куйинарди. Айниқса, азалий рақиб - «Лион»дан қабул қилинган мағлубиятни ҳазм қилолмай, бор аламини машинадаги йўловчиларга тўкиб соларди.

«Ҳа, йигитларимиз ғирт дангаса бўлиб қолишди, ўйнашни истамаётгандек, гўё. Ҳатто мен ҳам улардан дурустроқ ўйнаган бўлардим!», - деди йўловчилардан бири жонланиб.

Албатта, профессионал жамоа таркибида майдонга тушиши учун лозим бўлган иқтидор бу нотаниш йўловчида ҳам, ўзида ҳам йўқлигини Фабрис яхши биларди.

Шу тасодифий мижознинг эҳтиросли хитоби ҳайдовчини ҳужумчига айланишида дастлабки туртки бўлди - Апрюзесс ярим ҳаваскорлик клубида ўз омадини синаб кўришга қарор қилди. Ҳа, «Обан»дагилар бу қориндор (бўйи 170 см., вазни 80 кг.) дебютантни ҳазил-мазах билан қарши олишди, ошна-оғайнилари эса дўстона маслаҳат беришди:

«Агар вазнингни 15 кг.га камайтира олсанг, «Марсел»да ўйнайдиган бўласан». Фабрис бу гап-сўзларга эътибор бермай,енг шимариб ишга киришди. Тез орада «Обан»­нинг сермаҳсул ҳужумчисига айланди.

«Ҳой йигит, ичкиликдан гаранг бўлсам ҳам, сендан дадилроқман»

2010 йили Фабрис Апрюзесснинг ҳаётида сезиларли ўзгаришлар юз берди. У Франциянинг энг йирик почта компанияларидан бирига ишга ўтди, шаҳарнинг иккинчи жамоаси ҳисобланган «Консолат» уни ўзсафига таклиф этди. Кунлик ишларини режалаштириш имконига эга бўлган ҳайдовчи футболга кўпроқ вақт ажратишга одатланди.

Шунга қарамай, профессионал клубда ўз ўрнини топиш унга осон бўлмади. Ҳой йигит, ичкиликдан бошим гаранг бўлса ҳам, сендан дадилроқман» дейишарди мухлислар. Аммо Фабрис бундай киноялардан тушкунликка тушмади.

Иш вақти тугаши билан машғулотларга зўр берарди. «Консолат» мурабиийининг хотирлашича, Апрюзесс ҳамма ерда биринчи эди: «Эндигина иш кунини якунлаб келган бўлсада, машғулот майдонига тўпларни у олиб чиқарди. Югуриш дейсизми? Буни ҳеч ким ёқтирмайди.

Фабрис доимо ўрнак бўлишга интиларди. Зерикарли тактик сабоқлар? Аксинча, у ҳар бир сўзимни жон деб тингларди. Рисоладагидек иш билан таъминланган, оилали кап-катта одамнинг бу тиришқоқлиги очиғи мени ҳайратда қолдирган». Метин ирода ва машаққатли меҳнат эвазига Фабрис бу жамоада ҳам сермаҳсул тўп сура бошлади.

Ҳар икки учрашувда биттадан гол уриш нафақат кўчадан келган, балки нуфузли академиялар тарбияланувчилари учун ҳам юқори натижа ҳисобланади. Апрюзесс эса бундан ташқари ҳимояга ҳам фаол кўмаклашарди.

Ёшлар термасининг серғайрат аъзоси

Икки йил ичида қориндор собиқ ҳайдовчининг шуҳрати учинчи лига доирасидан чиқиб, «Марсел»га қадар етиб борди. Миш-мишларнинг қанчалик ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилиш мақсадида «Консолат» учрашувига йўл олган «Олимпик» вакили ҳужумчи ўйинидан ҳайратда қолди.

Орадан икки ой ўтгач, 27 ёшли Фабрис «Марсел»нинг ёшлар жамоасидан ўрин олди. Шу тариқа мухлислар даст­лабки мўъжиза гувоҳига айландилар. Ёшлар жамоаси таркибида ёши 30дан ўтган ўйинчилар ҳам йўқ эмасди. Одатда бундай «қари тулкилар» ёш футболчиларга ўз ўрнини топиб олишларида, тўғри йўлдан адашиб қолмасликда ёрдам беришади.

Жамоадошлари ечиниш хонасида Фабрисни роса калака қилишди. У ташқи кўринишидан футболчига сира ўхшамас, қориндор гавдаси пицца ташувчи хизматчини эслатарди. Жамоа етакчиларидан бири ҳатто кинояли савол беришга ҳам журъат этди: «Менга қара, оғайни, сен бу ерга бутсаларимизни тозалаш учун келдингми?» Азалий орзуси рўёбга чиқанидан беҳад хурсанд бўлган собиқ ҳайдовчи кинояларга барпо қилмасди.

Аксинча, мулойимлик билан хотиржам жавоб қайтарди: «Йўқ мен сизлар билан билан тўп суриш учун келдим». Ҳа, ўзини чинакам бахтиёр ҳисоблайдиган киши бошқалар дилига озор беришга қодир эмас. Жамоага қўлидан келганича ёрдам бериш ниятида келган Фабрис асосий эътиборини машғулотларга қаратиб, мураббий кўрсатмаларини аъло даражада бажаришга интилди.

Ёшлар эса ундаги ғайрат ва шижоат, фидойиликни кўриб уялиб қолишди. «Табиийки, аввалига ҳеч ким унга етарли эътибор бермади. Кўча чангитиб юриб шундай маҳоратга эришиш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эди. Илк машғулотдаёқ Апрюзессга бўлган муносабат тубдан ўзгарди.

Биринчидан,  у рисоладаги дек ҳужумчи, «деҳқонча» услубда бўлсада, самарали ўйнайди. Иккинчидан, ёшлар учун ўрнак бўла олади. Унгача ёшлар фақат бир-бириларига қарашдан бошқа ҳеч нарсага эга эмасдилар.

Фабрис келгач, анча жонланиб қолишди. Асосий таркибдан жой олиш учун тинмай тер тўкиш кераклигини Фабрис амалда кўрсатиб берди», - дейди «Марсель» тайёргарлик марказининг директори Анри Стамбули.

Собиқ ҳайдовчи эса кун сайин кучлироқ иштиёқ билан шуғулланишда давом этди. Чунки у энди «Олимпик»нинг чинакам аъзосига айланиш ниятида эди. Буни амалга ошириш учун Фабрис почта компаниясидаги ишидан ҳам воз кечди ва бор куч-маҳоратини футболга бағишлади. Ана шу фидойилиги эвазига бутун мамлакатда шов-шув кўтарилишига сабабчи бўлди.

Франциянинг шов-шувли шахслари

Ҳаёт тасодифларга тўла. Футбол оламида камдан-кам кузатиладиган воқеага гувоҳ бўлдик. 2012 йил 18 ноябр­да «Марсель» бош мураббийи боши берк кўчага кириб қолди. Боиси, «Бордо»га қарши муҳим беллашув арафасида унинг ихтиёрида фақат бир ҳужумчи - Андре Айю қолганди.

Андре-Пьер Жиньяк ва Лоик Реми турли сабабларга кўра майдонга туша олмасдилар. Эли Бопнинг ёлғиз умиди ёшлар жамоасидан эди. Мураббий учун баҳснинг аҳамиятли жиҳати шунда эдики, 2000 йилларда «Бордо» унинг раҳбарлигида мамлакат кубоги ва чемпионлигини қўлга киритганди.

Хуллас, Боп бир қатор ёшлар билан Фабрисни ҳам бош жамоага чақирди. «Йигитлар мени яхши кутиб олиб, тезроқ жамоага мослашишимда кўмаклашдилар. Унутилмас лаҳзаларни бошдан кечирдим ва кейинчалик яна бош жамоадан таклиф олишга антилдим», - дея хотирлайди ҳужумчи.

Болалигидан «Марсель» либосида майдонга тушишни орзу қилган Апрюзесс ўшанда қувонч ёшларини тия олмаганди. Қисқаси, ўйин «Бордо»нинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Меҳмонлар ҳисобни очиш имкониятига эга бўлишган бўлишсада, 52-дақиқада Йоан Гуффран «Бордо»ни ҳисобда одинга олиб чиқди.

Боп эса ўйинчи алмаштириш тадоригини кўра бошлади. Ана шу лаҳзада стадионда ажиб сукунат ҳукм сурди: кўчадан келган ҳужумчи терма жамоа аъзоси ўрнини эгаллашини мухлислар нафас олмаган ҳолда кузатишганди. Агар бу қандайдир ёқимли эртак бўлганида, Фабрис Апрюзесс сўнгги дақиқаларда «дубл»га эришиб, «Марсел»га ғалаба келтиргани ҳақида ёзган бўлардик.

Йўқ, у бор кучини ишга солган бўлсада, ҳеч нарсага эришолмади. Жамоаси мағлубиятга учради, матбуот вакиллари бош мураббий ва жамоани тан­қид остига олишди. Қаҳрамонимиз ҳам «сийловлар»дан четда қолмади: «Ё, тавба, телевизорга бир бало бўлдими, дейман?

Марселликлар ҳужумчиси ўрнида қандайдир бақалоқни кўрсатяпти!». Бу йигит яқинда уйимга сув келтириб берганди. Энди «Масрел»да ўйнамоқда». Ҳа, аввалроқ мухлис сифатида Вальбуэнанинг ўйинларини томоша қилиб юрган йигит эди. Энди унинг ўрнида тўр сўрарди. Бу фантастика эмасми?

Қайси мўъжизадан қолишади? Апрюзесс «Марсель» сафида бор-йўғи 18 дақиқа тўп сурди. Шу иштирок туфайли Тransfermarket сайтидан жой олди.

Ҳайдовчи, э-э, йўқ, ҳужумчи 2016 йилгача, «Марсель» ёшлари таркибида фаолият юритди, 2016|2017 йиллар мавсумида собиқ жамоаси «Обан» шарафини ҳимоя қилди. Ке­йин жароҳат олиб, ҳаваскорлар лигасида «Ардзев» жамоасидан жой олди.

33 ёшли ҳужумчи футболда совринларга эришолмаган бўлсада, меҳнатсеварлик ва тиришқоқлик бобида рекорд ўрнатди. Шунингдек, марселлик такси ҳайдовчилари нуфузини янада оширди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz