Қайднома

Қидирув

Эмре Жан: «ЕЧЛда ғолиб чиқмоқчимиз»

Эмре Жан: «ЕЧЛда ғолиб чиқмоқчимиз»

  18.03.2018 03:41
  0
  872
Эмре Жан: «ЕЧЛда ғолиб чиқмоқчимиз»

«Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Эмре Жан «Порту»га қарши жавоб учрашувидан олдин берган интервьюсида Юрген Клопп, жамоа­дошлари ва мерсисайдликларнинг Чемпионлар Лигасидаги мақсадлари ҳақида гапириб ўтди.

- «Ливерпул»нинг жорий Чемпионлар Лигасидаги иштирокига қандай баҳо берасиз?

- Ҳозирча яхши. Гуруҳ босқичида айрим муаммоларга дуч келдик. Бизга кучли рақиблар тўғри келгани боис, «плей-офф» йўлланмаси учун охиригача курашишга мажбур бўлдик. Лекин барчаси яхши кетмоқда. 1|8 финалнинг даст­лабки учрашувида «Порту»ни сафарда 5:0 ҳисобида мағлуб этдик.

- Турнир давомида баъзи учрашувларда ажойиб натижаларни қайд этдинглар: 5:0 ва 7:0 ҳисобидаги ғалабалар. «Ливерпуль» бунданда яхшироқ натижа қайд этишга қодирми?

- Умид қиламиз. Чемпионлар Лигасида энг яхшилар ўйнайди. Менимча, жамоамиз ажойиб шаклланган. Ушбу мусобақада ҳар нарса бўлиши мумкин. Шу боис ҳам ҳар бир рақибга ҳурмат билан қараймиз.

- Нафақат жамоа, балки сиз ҳам яхши ўйнаяпсиз. Мисол учун, жорий мавсумда олтита гол урдингиз. Ўйинингизда қандай ўзгариш юз берди?

- Умуман олганда, айтарли ҳеч нима ўзгармади. Шунчаки, бироз тажрибам ошди. Тан оламан, ҳозир ишларим яхши кетяпти. Мураббий ва жамоадошларим менга ишонишади. Ўзим эса ўйиндан роҳат оляпман. Менга топ клуб шарафини ҳимоя қилиш ёқади.

- Энди рақиб дарвозасига яқин жойда ўйнаяпсизми?

- Йўқ. Ҳамон таянч ярим ҳимоя чизиғида ўйнаяпман. Шунчаки, дарвозага зарба бериш имконияти туғилса, ундан фойдаланишга ҳаракат қиляпман. Аслида, ўйиннинг бошқа муҳим жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратаман.

- «Порту» устидан қозонилган ғалаба ҳақида гаплашсак. Ўша учрашувда сиздан ташқари Садио Мане, Муҳаммад Салоҳ ва Роберто Фирминолар ҳам тўп киритишди. Бундай ҳужумчилар «трио»си билан ўйнаш қандай кечяпти?

- Бу ҳақиқий фантастика. Мен ярим ҳимоячиман ва бундай футболчилар билан бир жамоада тўп суришнинг ўзи роҳат. Улар экстра-классдаги ҳужумчилар. Шунингдек, ҳимояда ҳам фаол ўйнашади. Бу эса жуда-жуда муҳим. Олдинги чизиғимизда бу учликнинг ўйнаётгани бахтимиз, десам муболаға бўлмас.

- Бундан олдин ҳам шундай ҳужумчилар учлиги билан ўйнаганмисиз?

- Қийин савол. Албатта, фаолиятим давомида бир қатор кучли футболчилар билан бирга тўп сурганман. Мисол учун, «Бавария»да «Олтин хет-трик» қилганимизда ҳужум чизиғида Франк Рибери, Арьен Роббен ва Марио Манжукич каби ажойиб футболчилар тўп суришарди.

- «Ливерпуль» ўз олдига энг юқори натижага эришишни мақсад қилиб олганми? Мисол учун, финалга чиқишни?

- Албатта, бу мақсадимиз. Чемпионлар Лигасининг шу босқичига етиб келдикми, демак мақсадимиз шу бўлади. Биз турнирда ғолиб чиқмоқчимиз. Рақибимиз ким бўлишининг эса аҳамияти йўқ.

- Футболчи сифатида ўсишингизда Юрген Клопп қанчалик роль ўйнаган?

- Жуда катта. Менга бошиданоқ ишонч билдирган. Ўтган йиллар давомида у билан кўп суҳбатлашганмиз. Бир сўз билан айтганда, Юрген Клопп — ажойиб мураббий ва ундан кўп нарсани ўргандим. Бунинг учун ундан миннатдорман.

- Юқорида «Бавария»ни эсга олдингиз. Ушбу клубда ўтказган даврингизга қандай баҳо берасиз?

- У ерда ажойиб тўрт мавсумни ўтказдим. «Бавария»га ёшлигимда борганман. Буюк футболчилар билан бирга машғулотларни ўтказиб, кўп нарса ўргандим. Бунинг устига, фантастик мураббийлар билан бирга ишладим. Умуман, ажойиб тажрибага эга бўлдим.

- «Уэмбли»да бўлиб ўтган ЕЧЛнинг финал учрашувида иштирок этмагандингиз. Аммо ўша ўйинни яхши эсласангиз керак?

- Яхши хотиралар. Чунки биз ғалаба қозонгандик. Тўғри, майдонга тушмаганман. Аммо жамоа билан Англияга бориб, совринни кўтарганман, олтин медалларни олганман. Тан оламан, ўша пайтда жамоанинг етакчи ўйинчиларидан бири эмасдим.

- «Бавария»дан «Байер»га ўтдингиз. «Ливерпуль» афсонасига айланган Сами Хюйпя фаолиятингизга қандай таъсир ўтказган?

- У жиддий таъсир ўтказган. Чемпионатда кўп ўйнамасдим ва «Ба­йер»га ўтганман. Бу жамоа ҳам мунтазам равишда еврокубокларда ўйнарди.

- Юрген Клоппнинг «Ливерпул»­га нафақат ўйин борасида, балки майдон ташқарисида ҳам таъсир ўтказаётганини сезяпсизми?

- Шубҳасиз. Эсимда, у «Ливерпул»­га келиб, биринчи интервьюсида «Яна ишонишни бошлашимиз керак», деганди.

- Клопп «ақлдан озган» дегандингиз. Бунда нимани назарда тутгансиз?

- Албатта, буни яхшилик маъносида айтганман.

- У Дортмунднинг «Боруссия»сини бошқарганида, у ҳақда қандай фикрда эдингиз?

- Яхши савол. Унинг кучли мураббий эканлигини билардим. Акс ҳолда, «Боруссия» билан юқори натижаларни қайд этмаган бўларди.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz