Қайднома

Қидирув

Жоржо Кьеллини: «Гвардиола Италия ҳимоясини бузди»

Жоржо Кьеллини: «Гвардиола Италия ҳимоясини бузди»

  21.03.2018 03:37
  0
  757
Жоржо Кьеллини: «Гвардиола Италия ҳимоясини бузди»

«Ювентус» ҳимоячиси Жоржо Кьеллини англиялик журналистлар билан учрашувда «Манчестер Сити» устози Хосеп Гвардиолага жиддий «айблов» қўйди.

Унинг фикрича, каталониялик мутахассис итальян футболи ҳимоясига салбий таъсир ўтказибди. Жоржо суҳбат давомида шунингдек, ўзининг хайрия ишлари ҳақида маълумот берди, Антонио Контени нима учун энг яхши мураббийлардан бири сифатида тан олишини алоҳида изоҳлади.

Жоржо Кьеллини суҳбат бошида қаҳ-қаҳ отиб кулганча айни пайт «Челси» шарафини ҳимоя қилаётган собиқ клубдоши Альваро Моратанинг сўзларини ёдга олди:

«Жоржо билан бирга шуғулланиш оч қолган горилла ётган қафасга кириш ва ундан овқатини олиб қўйишга уриниш билан тенг». Кўплаб ҳужумчилар Кьеллини хусусидаги бундай менгзашга беилож қўшилишлари тайин. Зеро, аллақачон 33 ёшни уриб қўйган Жоржо ҳамон «Ювентус» ҳимоясининг асосий бўғини ҳисобланади.

Муҳими, у ўз зиммасига юкланган ишларни сифатли бажармоқда. Ҳар ҳолда, «кекса синьора»нинг тушунарсиз стартдан кейин анча кам гол қўйиб юбораётганида фахрий ҳимоячининг меҳнати ҳам катта.

Қаранг, ҳафтасига янги-янги рекордлар ўрнатишга одатланган Гарри Кейн ҳам Лондонда «Юве»нинг мустаҳкам ҳимоясини ёриб ўтиш уддасидан чиқмади ва «шпорлар» Туриндаги умидбахш ўйин (2:2 ҳисоби)га қарамай, Италия грандини ЧЛ чорак финалига  кузатиб қўйишди...

Умуман, Кьеллини ҳар доим воқеалар марказида бўлишни ёқтиради - у Турин клуби ҳимояси учун «юрак»дек бўлиб қолган. Итальянларга хос анъаналар руҳида тарбияланган ҳимоячини шахсий характери нуқтаи назаридан кўча жангчисига ўхшатиш мумкин.

Мисол учун, майдондаги курашлар чоғи 4 марта бурнини синдириб олди, голни нишонлашда эса худди баҳайбат киноқаҳрамон Кинг Конг каби ҳаракатланади - қўллари билан ўз кўкрагига қаттиқ уради. Агар ЖЧ-2014да Луис Суарес ва Кьеллини ўртасида юз берган «тишлаш саҳнаси» ҳақида гапирсангиз, футболчи елкаларини қисганча оддий гапиради:

«Баъзан шунақаси ҳам бўлиб туради... Ҳозирга қадар яккакурашлар оқибатида бурним нақ 4 марта синди. Ҳамма муаммо шундаки, дарвозани нишонга олиш учун ўзим ва жамоадошимда озгина имконият туғилса ёки рақиб футболчиси яхши вазиятга чиқишга уринса, назоратни бутунлай йўқотиб, «чўғ» ичига отиламан».

Аслида гладиатор тимсоли майдондаги Жоржонинг характерига мутлақо зид. Чунончи, у чуқур мулоҳаза юритадиган, қалби меҳрга тўла спортчилар сирасига киради. Мисол учун,  Хуан Мата Common Goal номи остида хайрия ташкилоти тузиш ташаббуси билан чиққанида, Кьеллини биринчилардан бўлиб жамғарма аъзосига айланди.

Эслатма, Common Goal фондига аъзо спортчилар йиллик маошларидан 1 фоизини хайрия ишлари учун ажратадилар. Умуман, Италияда Жоржони аллақачон футбол оламининг асосий саховатпешаси сифатида тан олишган. Дейлик, ҳимоячи қадрдон шаҳри - Ливорнодаги маҳаллий театрни мунтазам равишда молиявий томондан қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Эътиборли факт шуки, мазкур театрда жисмоний қобилияти чекланган актёрлар роль ижро этишади. Кьеллини шунинг баробарида Insuperabili хайрия жамғармаси ташкилотчиларидан бири ҳисобланади. Ушбу фонд ногирон болаларнинг спорт билан шуғулланишларига ёрдам беради.

Ҳаммаси футболчининг содда ғояси билан бошланганди. Диққат қилинг, фаолияти аввалида Туринда оддий офисга ҳам эга бўлмаган жамғарма айни пайт бутун Италияни қамраб олишга улгурди. Хусусан, мамлакатда нақ 15та ваколатхонаси мавжуд. «Ўшанда Хуан Матанинг жамғарма тузиш ҳақида берган интервьюсини телевизорда кўрдим.

Кейинроқ германиялик Матс Хуммельснинг бу ҳаракатга қўшилганидан хабар топгач, дарҳол ҳар иккисининг шахсий сайтига мактуб юбордим. Аммо ходимлар мени 15 ёшли болакай ўрнида кўришди, шекилли. Натижада Facetime орқали қўнғироқ қилиб, чиндан ҳам, ҳақиқий Кьеллини эканлигимни тасдиқлашимга тўғри келди.

Ниманидир ўзгартира оламанми ёки йўқ - буни билмайман, лекин болалар юзига табассум қайтаришни хоҳлаётганим аниқ. Бундай ишлар менга нечоғли роҳат ва хотиржамлик бағишлашини сўз билан ифодалаб беришим жуда мушкул. Биз - таниқли спортчилар ҳақиқий кумирдек барчага ўрнак кўрсатишимиз шарт.

Айнан шуниси жуда муҳим. Ахир болалар ҳар бир ҳаракатимиз - қандай ишларни бажараётганимиз ва нималар тўғрисида гапираётганимизни кузатиб боришади. Туғилишлари билан пешоналарига оғир қисмат битилган болалар кўп.

Бош мақсадларимдан бири - уларга ҳаёт учун курашишни ўргатиш ҳаракатига ҳисса қўшиш. Чунончи, жисмоний имконияти чекланган болаларга эртанги кунни ўзлари ярата олишлари мумкинлигини англатиш ва уларни бунга ишонтира олиш ғоят муҳимдир», - дейди Кьеллини.

Хуан Мата ўтган йили ижтимоий масъулият, футболнинг ақл бовар қилмас даражада бизнесга айланиб кетгани ҳақида куюниб гапирган ва футболчиларга белгиланаётган маошларга «аҳмоқона» нисбатини берганди.

Кьеллини бу масалада каттароқ билимга эга - у иқтисодиёт бўйича бакалавр, шунингдек, маъмурий бизнес соҳаси магистри ҳисобланади. Футболчининг бу борадаги мулоҳазаларига эътибор қаратинг: «Ҳа, ҳаётимиз эҳтимол, хотиржам эмасдир. Аммо нақадар катта бойликка эгалигимизни ҳам унутмаслигимиз керак.

Ўз мисолимда айтсам, майдонда мудом жонимни жабборга бериб ўйнайман, аммо олаётган  маошимга муносиб ҳаракат қилаётганимни асло таъкидлай олмайман. Шунчаки, омади чопган йигитман. Демак, буни теран тушунган ҳолда, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр туришим шарт.

Бунда фақат моддий ёрдамни назарда тутмаяпман. Асосийси - маънавий томондан қўллаб-қувватлаш. Шунингдек, қисқа видеомурожаатлар, дилдан мулоқотлар, дийдорлашиш ҳам катта аҳамиятга эга. Демоқчиманки, атрофимиздаги кўнгли ўксик болаларга шунчаки, ғамхўрлик кўрсатишимиз лозим.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Хусусан, Жанубий Африка ва Бразилияда даҳшатли туманларни кўрганман. Таиландга борганимда эса 5 юлдузли меҳмонхонада тўхтадим. Шаҳар четига чиқишим билан ўта ночор аҳволда яшаётган одамларни, кўчаларда ухлашаётган йигитларни кўрдим.

Улар либосларини дарёда, шунда ҳам ёмғир ёққанида, ювиш имконига эга бўлар эканлар. Common Goal - халқаро ташкилот. Умидворманки, яқин орада ҳамюртларимда лойиҳага қизиқиш кучайиб, жамғармага аъзо италиялик футболчилар сафи кенгаяди».

Дарвоқе, Жоржони илк марта унинг Ливорнодаги қадрдон дўсти Кинг Конгга ўхшатганди. Дарҳақиқат, ҳимоячи худди Мериан Купернинг киноқаҳрамони каби оқкўнгил ва ёввойироқ. Футболчининг ўзи бу борада шундай дейди: «Табиатимда икки хил шахс мужассам - кўнгли юмшоқ йигитман, шунинг баробарида чапанилик ҳам менга хос.

Майдонга тушгач, топ-клуб даражасига мос равишда ҳаракатланишим даркор. Ахир дунёга техник жиҳатдан мукаммал иқтидор билан келман эмасман. Ўйин бобида ўсиш учун ҳар доим ўз устимда жиддий ишлашим талаб қилинади. Футбол оламида техник салоҳият ва жисмоний тайёргарлик томондан мукаммал саналган юзлаб ўйинчилар бор.

Лекин ҳамма ҳам бундан иқтидордан етарли даражада фойдаланолмайди. Демоқчиманки, юксалиш учун астойдил интилиш керак. Мисол учун, болалар гуруҳида ҳеч қачон энг яхши ўйинчи саналмаганман.

Муҳими, вақт ўтгани сари барчасини яхшилашга эришдим. Энг катта ютуғим ҳам шу. Мана, ҳозир 33 ёшдаман ва фаолиятимдаги энг яхши мавсумлардан бирини ўтказяпман. Бунинг ҳеч қандай сири йўқ: фақат ишлаш иштиёқи, озгина эҳтирос бўлса, бас».

Эҳтирос мавзуси очилгач, суҳбат ўз-ўзидан «Челси»нинг ҳозирги бош мураббийи Антонио Контега бориб тақалади. Бинобарин, Жоржо «Ювентус» клуби ва Италия терма жамоасида нақ 5 йил айнан унинг қўл остида тўп сурган. «Конте итальянча эҳтиросни фақат ўйин пайти эмас, ҳар кунлик машғулотларда ҳам намойиш қилади, — дейди Кьеллини.

- Антониони полиция сержантига қиёслаш мумкин. У билан иш давомида шундай «тирик» муҳитни яққол  ҳис этганман - 3 йил «Ювентус»да ва 2 йил Италия термасида. Унинг машғулотлари якунига етган вақт ўликдек ҳолга келасан. Ўзингни чарчаган эмас, ўликдек ҳис қиласан. Шундай бўлса-да, эртасига яна шу ишни давом эттирасан.

Чунки Контенинг ғояларига мутлақо ишонасан. Дейлик, Францияда 40 кун давомида бирга ишлаганимизда, бутунлай бош-қа дунёга тушиб қолгандек бўлган эдик. Хуллас, Конте яратган муҳит ҳаммамизга ўзгача қувват бағишлаганди. У энг яхши мураббийлардан биридир, шубҳасиз».

Конте кетганидан кейин Италия термасида инқироз даври бошланди. Хусусан, Кьеллини ЖЧга чиқолмаган жамоанинг бир бўлаги сифатида қаттиқ эзилди.

Умуман, Жоржонинг алами ҳалигача тарқалмаган, бу мавзуда гапиришга қийналади: «Ростини айтсам, томоғимга суяк тиқилиб қолгандек. Тушунарсиз ҳолат. Мундиалга бефарқ қараш нақадар оғир-а... Ҳа, баъзи ўйинларни томоша қиларман, албатта, лоақал натижалардан бохабар бўлиб борарман.

Аммо мундиал ўйинларини  уйда бамайлихотир ўтирганча бемалол кузатишим мумкинлигини ҳаттоки, тасаввур ҳам қилолмаяпман».

Кьеллининг фикрича, итальянлар энди футбол бобида азалий асосга қайтишлари шарт: «Хосеп Гвардиола итальян ҳимоячиларини «ўлдирди», издан чиқарди, йўқ қилди.

Тан оламан, у зўр ғояларга эга ажойиб мураббий. Аммо италиялик мутахассислар бу борада етарли билим олмай туриб, унга тақлид қила бошлашди. Оқибатда Италия футболи сўнгги 10 йилда ўзига хос жиҳатларини йўқотди.

Аниқроқ айтсам, Мальдини, Барези, Каннаваро, Неста, Бергоми, Жентиле, Ширеа... каби юлдузлар давридаги тизим парчаланди. 1984-1995 йиллар оралиғида туғилган футболчиларга қаранг, бизда ҳимоячилардан биргина Бонуччи юқори даражага чиқди.

Қисқаси, охирги 10 йил бадалига бирор муносиб ҳимоячи етишиб чиқмади. Жаҳон чемпионатига чиқолмаганимиз - мавжуд муаммолар далили».

Муҳими, «Ювентус» ҳамон даҳшатли куч сифатида қолмоқда. Дейлик, Массимилиано Аллегри жамоаси охирги 3 йилда 2 марта Чемпионлар Лигаси финалида ўйнади. Қолаверса, «кекса синьора» «А» сериясида қаторасига 7-марта чемпионлик сари одимламоқда.

Айтганча, вақтида Англия клублари Жоржога ҳам жиддий қизиққанди, аммо футболчи четга чиқишни истамади: «Агар сен итальян бўлсанг, «Ювентус»ни фақат клуб шуни хоҳлаган тақдирдагина ташлаб кетишинг мумкин. Ҳаммаси жуда оддий, ахир бошқа юртларда бу ердаги эҳтирос, ҳис-туйғуларни топиш мушкул...».

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz