Қайднома

Қидирув

Сояда қолаётган истеъдод – Скотт МакТоминай

Сояда қолаётган истеъдод – Скотт МакТоминай

  22.03.2018 06:41
  0
  692
Сояда қолаётган истеъдод – Скотт МакТоминай

Сўнгги пайтларда рўй берган воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, «Манчестер Юнайтед» таркибида Поль Погбадан кўра, Скотт МакТоминайнинг нафи кўпроқ бўляпти.

Ҳа, бу ҳазил эмас. Ушбу футболчи ҳақида маълумот олишни истасангиз, қуйидаги мақола билан танишишни маслаҳат берамиз.

Ким у?

Скотт МакТоминай «Манчестер Юнайтед» асосий таркибида 2017 йилнинг майига келибгина дебютини нишонлади, аммо бир неча ой мобайнида жамоада ўз ўрнига эга бўлди, Чемпионлар Лигасида майдонга тушди, «Севилья» билан муҳим баҳсда қатнашиб, Шотландия термасидан тушган таклифга рад жавобини беришга ҳам улгурди.

Скоттнинг отаси шотландиялик бўлгани сабабли МакТоминай Шотландия ва Англиядан бирини танлаши керак эди. Инглизлар унга термадан жой бериш ҳақида ўйлашмади, яқинда шотландлар миллий жамоасига бош мураббий этиб тайинланган Алекс Маклиш эса биринчи навбатда Скотт билан учрашиб, уни термага жалб этиш бўйича музокарага киришди. Март бошида ниҳоят, МакТоминай Шотландия термасида ўйнашга розилигини билдирди.

Скотт 6 ёшидан буён «Манчестер Юнайтед» тизимида, Маркус Рашфорд билан бир жамоада ўйнаган, аммо уни бўйи билан боғлиқ муаммо қийнарди. 2015 йилнинг бошида МакТоминайнинг бўйи тахминан 167 см. эди. Кейинги икки йил ичида ушбу кўрсаткични 193 см.гача оширди - ажабланарлиси, бу нафақат табиий ўсиш жараёни, балки машғулотлар самараси ҳам ҳисобланади.

«Танам катталар футболида ўйнашга тайёр эмасди. Уоррен Жойс ва Пол МакГиннесс (МакТоминайнинг мураббийлари) менга юкламалар бериб, машғулотлар сессияси ўтказишгани сабабли ўйнашга вақтим қолмаганди», - дея эслайди Скотт.

Ёш футболчининг жисмоний ҳолатини яхшилашга киришган мураббийлар бир ярим йил мобайнида унга «МЮ»нинг турли ёшдаги жамоаларида ўйнаш имкониятини беришмади. «МакТоминай ҳақиқий агрессив ярим ҳимоячи бўлиши муқаррар эди», - деганди Жойс Скоттни асосий таркибга киритганидан кейин.

Футболчининг организми билан боғлиқ муаммолар ортда қолиб, МакТоминай тренажёрда шуғулланишни бошлагач, унинг ўйинни ўқий олиш хусусиятларига жисмоний баркамоллик ҳам қўшилди. «Мендан бақувватроқ йигитлар билан курашда ҳамиша ютқазардим. Ҳозир эса кучли, чаққон бўлишга интиляпман ва уларга рақобат туғдиришга тайёрман», - дейди Скотт.

МакТоминай «МЮ»нинг ўсмирлар жамоасида баъзан Рашфорднинг ҳужумдаги ўрнини эгаллар, иккинчи бўлимда эса Маркус билан позициясини алмаштириб, бироз орқароқда тўп сурарди. «Ҳужумда ўйнаш орқали ҳужумчининг бўш ҳудудга очилиши ва тўпни қабул қилиши борасида кўникмаларга эга бўлдим», - дейди МакТоминай.

Эндиликда майдон марказида жавлон ураётган бу футболчи нафақат шерикларига ажойиб узатмалар беради (ҳозирча ҳадеб таваккалга қўл урмаяпти), балки ўзи ҳам қулай позицияга очиляпти. Тўғри, ҳозирча Скоттнинг олдинги чизиқдаги тўп сўраши кўпинча эътиборсиз қоляпти.

Айни пайт МакТоминай Поль Пог­банинг позициясини тўлдирувчи вазифасини бажармоқда. Жозе Моуриньо французнинг тактик ролидан қониқмай, унга захирадан жой ажратиб берди. Скоттнинг эса тўпсиз ҳаракатда (айнан ТЎПСИЗ -Погбадаги тўп билан ўйнаш салоҳияти Жозе томонидан юксак қадрланади) кўпроқ фойда келтиришига ишончи комил.

«Хаддерсфилд» ва «Севилья»га (дастлабки учрашув) қарши баҳсларда (иккисида ҳам Погба захирада қолдирилди) Моуриньонинг МакТоминайдан кўнгли тўлди. Эътиборлиси, «Челси» ва «Ливерпуль» билан ўйинларда ҳам Скотт 90 дақиқа юқори савияда тўп сурди.

Нега у Моуриньо учун шунчалик муҳим?

Иккита сабаб бор. Биринчиси - тактик нуқтаи назардан: МакТоминай «МЮ»га баланс бериш учун керак. Поль Погба «Манчестер Юнайтед» тўпни назорат қилган баҳсларда топ-даражада ўйнайди (буни Жозе Моуриньо ҳам, Антонио Конте ҳам тан олишган), тўпсиз қолганда эса дангасага айланади.

Гўёки, Погбага юлдузлик мақоми халал бераётгандек - Контенинг «Ювентус»ида Поль тўпга яхшироқ интиларди. Ҳаттоки, севимли схемага мослашиш ҳам наф келтирмаяпти. Яқинда Моуриньо Погбани танқид қилган экспертларга эътироз билдирди: «Унинг севимли схемасини биласизларми? 4-3-3. Унинг ярим ҳимоядаги ёқтирган позициясини-чи?

Чапда. Айрим экспертлар миллионлаб даромад кўришади, аммо яхшиси, сафсата тўқимасликларини истардим».

Моуриньо «Севилья»га қарши дастлабки учрашувда Погбани зарур схема асосида керакли чизиққа жойлади. Бу қарор фойда бермади - француз кўп ҳолларда нотўғри позиция танлаш оқибатида бир қатор хатоларга йўл қўйди.

Пог­бадаги дангасалик тактик уқувсизликдан кўпроқ. Бунга мисол келтиришимиз ҳам мумкин: Погба Банегага яқинлашиб, прессинг ёрдамида унинг диагональ тўп узатишига қаршилик қилмоқчи бўлади... бироқ рақибига яқинлашганда ҳаракатини якунламай, эпизоддан четга чиқиб қолади.

Алексис Санчеснинг трансфери эса Моуриньонинг ҳаётини янада мураккаблаштирмоқда. Аввал-бошданоқ чилилик ҳужумчининг «МЮ»га ўтиши хатодек кўринганди, якунда хавотир тўғри бўлиб чиқди - Алексис жамоа тизимини бузишни бошлаб юборди. «Манчестер Юнайтед» тўпни назорат қилаётганда, Санчес бошқа бир инсайд - Мата сингари марказга жойлашади.

Бунинг натижасида ҳужумдаги мувозанат йўқолиб, қанотлар таъсири ва тезлик пасаяди (Мартиаль ва Рашфорднинг ҳолатида бир инсайд билан ўйнаш бошқача кечарди). «МЮ» тўпсиз қолганда, Пог­ба ва Санчес биргаликда муаммоли ҳудудни вужудга келтиришмоқда - ҳар иккиси тўпсиз суст ҳаракатланади.

Алексиснинг трансфери Моуринь­о­­га панд берди, бундай вазиятдан чиқишнинг иккита йўли бор - футболчилардан бирини бошқа позицияга суриш ёки бирини захирага олиш. Санчесни ўриндиққа жойлаш мантиқан тўғри бўларди, зеро Погба «МЮ» тўп билан ҳаракатланганда кўпроқ фойда келтиради.

Боз устига, чилиликнинг дастлабки ўйинлари ўхшамаганди. Аммо бу ерда соф маркетинг ишга тушади - катта маош олувчи обрўли янги ўйинчини қисқа муддатда захира футболчисига айлантириш мумкин эмас. Айниқса, унинг позициясида ўйнаб, муаммони бартараф этишга шай футболчи турганда. Худди МакТоминай каби.

Иккинчи талқин Британия ОАВ томонидан эълон қилинмоқда. Маҳаллий журналистлар Погбанинг Жозе Моуриньо билан чиқиша олмаётганини таъкидлаб, Скоттга панадаги қаҳрамон сифатида қарашмоқда.

Вазият Икер Касильяснинг «Реал»даги ҳолатини эслатади: асосий ўйинчига тегишли сабоқ бериш учун уни захира ўриндиғига жойлашади, бошқаси, тажрибаси кам, сифатлари камроқ ўйинчи («Реал»да Адан, «МЮ»да МакТоминай) эса майдонга туширилади. Футболчига тўпсиз ҳаракатланишни буюриб, унинг футбол ўйнашига тўсқинлик қилиш - юмшоқ қилиб айтганда, ғалати фикр.

Бироқ Скотт бир шеригини аниқ четга суриб қўйди. Жозе Моуриньо бир ярим йил мобайнида Маруан Феллайнида ўйинни идеал тарзда бошқара оладиган, исталган пайтда майдон марказини кучайтирадиган, рақиб жарима майдончасига кириб, зарур голларни урадиган футболчини кўрди.

Бельгиялик ярим ҳимоячининг шартномаси ёзда якунланади - унинг ўрнига эса муносиб номзод топилди. Лекин МакТоминай ҳозирча Погбанинг жо­йини эгаллашга тайёр эмас. У айни пайт Моуриньонинг педагогик юришларидаги мажбурий қатнашчига ўхшайди. Мазкур ҳолатда португалиялик мутахассис қулай имкониятдан унумли фойдаланмоқчи.

У ҳақда нима дейишяпти?

«Манчестер Юнайтед» сардори Майкл Кэррик очиқ-ойдин МакТоминайни ўзининг вориси сифатида кўрмоқда. «Унда яхши фаолият юритиш учун ҳамма нарса бор. Скотт ўрганиш ва эшитишга тайёр. Ишга бундай муносабат - ёш йигит учун энг муҳим сифатлардан бири. Биламан, бир кун келиб у менинг ўрнимни эгаллайди ва бундан қўрқмаяпман.

Келажак эгаларига кўмаклашиш керак. Унга ёрдам бериш учун қўлимдан келганини бажариш - менинг вазифам. Ёшларнинг таркибга қўшилиб, имкониятга эга бўлишлари менга ёқади», - дейди Кэррик. Скотт ва Майклдаги энг асосий ўхшаш жиҳатлар - тиришқоқлик ва ўйин интеллекти: Кэррик бу хусусиятларини «МЮ»га трансфер қилинишидан олдин кўрсата бошлаганди.

Жозе Моуриньо ёш шотландияликни Поль Погба билан солиштирмоқда. «Унинг соч турмаги оддий, татуировкалари, қимматбаҳо автомобиллари ва соатлари йўқ», - деди «МЮ» бош мураббийи «Хаддер­с­филд»га қарши кечган ўйиндан сўнг (қизиқ, кимга шаъма қилди экан?).

«Севилья» билан дастлабки учрашувдан кейин эса Моуриньо янгича нутқ сўзлади - Погбанинг захирада ўтираётганини гапириб, МакТоминай ва унинг ўйинини назардан четда қолдиришаётгани ҳақида.

«У ажойиб ўйнамоқда. Бугун ўз ишини тўғри бажарди. Банегага прессинг уюштириб, унга бўш ҳудуд қолдирмади. Эвер эса «Севилья»нинг асосий плеймейкери ҳисобланади. Бу Скотт учун ажойиб ўйин бўлди», - деди Моуриньо.

Аслида португалиялик мураббий фактларга таяниб ҳийла ишлатяпти: Банега рақибнинг ёш футболчиси кўрсатган прессингга қарамай, ЕЧЛнинг 2011|2012 йиллар мавсумидан буён хавфли узатмалар сони бўйича ажойиб натижа кўрсатди. Моуриньонинг навбатдаги сўзлари Погбага сабоқ бераётганига яна бир ишора, холос.

Афсуски, франциялик юлдузнинг сояси ўз имкониятига маҳкам ёпишишга тайёр турган ёш иқтидор соҳибининг салоҳиятига муносиб тарзда баҳо беришга халақит қилмоқда.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz