Қайднома

Қидирув

Футболчи сифатида айтарли ютуққа эришмаган совриндор мураббийлар (фотогалерея)

Футболчи сифатида айтарли ютуққа эришмаган совриндор мураббийлар (фотогалерея)

  25.03.2018 00:21
  0
  2000
Футболчи сифатида айтарли ютуққа эришмаган совриндор мураббийлар (фотогалерея)

Бу сафарги фотожамланмамиз ўзига хос рамзий жамоа кўринишида. Футбол оламида ўйинчилик фаолияти давомида ҳеч қандай каромат кўрсатолмаган, мураббий ролида эса чинакам машҳурликка эришганлар жуда кўп.

Ёрқин мисол - Жозе Моуриньо. Хуллас, қуйидаги рамзий жамоа «Ношуд футболчи - зўр мураббий» тушунчасига роса мос келади.

Муҳими, soccer.ru сайти ижодкорлари бу жамоани шакллантиришда ҳар бир номзоднинг футболчилик пайтидаги амплуасини инобатга олишган, албатта.

Дарвозабон - Леонид СЛУЦКИЙ (Россия). Россия замонавий мураббийлик мактабининг энг ёрқин вакилларидан бири тарихи кўпчиликка маълум.

Вақтида ёш голкипер Леонид қўшни қиз мушукчасини қувиб, терак учига чиққан ва йиқилиб тушган. Натижада тиззаси синиб, футболчилик фаолияти хотима топган...

Ҳимоячи - Рой ХОЖСОН (Англия). Қария мураббий вақтида деярли профессионал ҳимояси сифатида тўп сурган. Бироқ унинг ҳисобида фақат «Эббсфлит Юнайтед» каби клублар сафидаги ўйинлар бор, холос. Шундай экан, Рой бобо бу таркибга тўлиқ мос келади.

Тўғри, у ва ярим ҳимоянинг ўнг қанотига қў-йилган Жозе Моуриньо жойини алмаштириш ҳам мумкин. Айтишларича, ҳозирги «Беназир» ҳар икки позицияда бирдек ношуд кўринган экан.

Ҳимоячи - Арсен ВЕНГЕР (Франция). Қаранг-а, Венгер ва Моуриньо битта таркибда! Ёш Арсен ҳимояда қандай тўп сурган? Худди ҳозирги шогирдлари «Арсенал»нинг энг ёмон ўйинларида суст ҳаракатланишгани каби...

Инсоф юзасидан айтиш керак, Венгер ушбу жамоага тушган аксарият ҳамкасбларидан фарқли равишда, профессионал футболчи мақомини олган, аммо жуда-жуда ёмон ўйнаган.

Ҳар ҳолда, яхши футболчи деярли бутун фаолияти давомида захирада ўтирмайди. Дарвоқе, Венгер илк профессионал шартномасини 24 ёшга тўлганидагина тузганди.

Ҳимоячи - Рафаэль БЕНИТЕС (Испания). «Реал»нинг ашаддий фанати «Кастилья» сафида узоқ ўйнаган. Аслида Рафа профессионал ҳимоячи сифатида ҳам ном қозониши мумкин эди.

У ҳаттоки, Испания терма жамоаси билан Мексикада ташкиллаштирилган Универсиадага борган, бироқ рақибининг қўпол ҳаракати оқибатида жиддий жароҳатга йўлиққан.

Муносиб либеро бўлиши тахмин қилинган Бенитес шу тариқа бутсаларини михга илиб, дарҳол мураббийлик билимларини ўзлаштиришга киришган. У ҳозир ўз тақдиридан нолимаса керак, ахир шахсий натижалари кўпчилик ҳавасини уйғотади.

Ҳимоячи - Арриго САККИ (Италия). Саккини бемалол футбол тарихидаги энг буюк мураббийлар қаторига қўшиш мумкин. Ҳар ҳолда, Италия мураббийлик мактабига айнан у қайта «жон» бағишлади.

Бироқ оддий косибнинг ўғли бунгача футболчи ролида обрў орттиришга уринган, «Интер» сафида ўйнашни орзу қилган. Амалда эса ношуд ҳимоячи бўлиб чиққан. Энг асосийси, Сакки ке-йинчалик Франко Барези ва Паоло Мальдини каби буюк ҳимоячиларни тарбиялади!

Ярим ҳимоячи - Жозе МОУРИНЬО (Португалия). «МЮ»нинг амалдаги устози январь ойи охирида 55 ёшини қаршилади, аммо у футболдаги ёшлигини эслашни хуш кўрмайди. Ваҳоланки, «Беназир»нинг отаси - Фелиш бинойидек тўп сурган ва ҳаттоки, Португалия миллий жамоаси сафида 1 марта майдонга тушган.

Ҳа, кичик Моуриньо футболчи мақомида лоақал отаси даражасига кўтарилишга роса уринган, бироқ беҳуда. Эътиборлиси, Жозе турли позицияларда ўйнаб кўрган, хусусан, ярим ҳимоянинг қанотида. Муҳими, у ҳам майдондаги барча омадсизликларини худди Сакки каби мураббийлик курсисида ўн чандон «ювди»!

Ярим ҳимоячи - Андре ВИЛЛАШ-БОАШ (Португалия). Португалия футболининг яна бир вакили. Қизиғи, Одил Аҳмедовнинг собиқ устози аввалига дарвозада турган, кейин таянч ҳудудига кўчган. Бироқ шундай паст савияда тўп сурганки, футболчи сифатида ҳеч вақога эришолмаслигини тезда англаб етган.

Шу тариқа Андре буюк Бобби Робсонга махсус мактуб ёзишни пайсалга солмаган. Англиялик мутахассис эса уни Шотландияга юборган - мураббийлик лизенцияси учун ўқишга.

Ярим ҳимоячи - Авраам ГРАНТ (Исроил). Аввало, битта факт: Авраамнинг фамилияси Грант эмас, балки Гранат бўлиши керак эди. Бироқ унинг отаси иккинчи жаҳон урушидан кейин собиқ иттифоқдан Исроилга кўчиб кетган ва битта «а»ни ортиқча билган.

Кичик Грант кўпчилик қатори футболчи бўлишни орзу қилган, аммо мотоциклда фалокатга учраб, янги соҳага бош суққан. Яъни 17 ёшли хавбек дарҳол ўз клубининг ёшлар таркибини шуғуллантира бошлаган. 

Ярим ҳимоячи - Хорхе САМПАОЛИ (Аргентина). Аргентина миллий жамоаси устози иқтидорли хавбек сифатида «Ньюэллс Олд Бойз» клуби раҳбариятида алоҳида умид уйғотган. Кўпчилик билади, Лионель Месси ёшлигида айнан шу жамоада шуғулланган, бироқ аргентиналиклар бўлажак даҳони даволашдан бош тортишган ёки шунчаки, зарур маблағ тополмаганлар.

Хорхе эса 19 ёшида жароҳатлангани оқибатида футболчи бўлиш орзусидан воз кечганча кейинчалик ўзини мураббийликда синаб кўришга аҳд қилган. У бу соҳадаги энг катта ютуғини Россия мундиалида нишонламоқчи.

Ҳужумчи - Карлос Альберто ПЕРЕЙРА (Бразилия). Кўча футболининг ўз қоидалари бор: болалар одатда энг ёмон ўйнайдиган шерикларини дарвозага қўйишади. Бироқ Карлос Альберто бўйининг пастлиги сабаб, дарвозабон ролига ҳам тўғри келмасди. Умуман олганда, бўлажак жаҳон чемпиони ҳеч қачон профессионал даражада ўйнаган эмас.

Диққатга сазовор томони, футбол тарихида нақ 6та мундиалда ишлаган ягона мураббий барчасини мактабда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида бошлаган. Карлос Альберто Перейранинг ҳужум чизиғидан жой олганига сабаб битта - унинг Бразилияда туғилгани!

Ҳужумчи - Маурицио САРРИ (Италия). Италия футболи ихлосландлари скудеттогақўл чўзаётган, бироқ унга ҳеч етишолмаётган мураббийнинг автобиографиясини жуда яхши билишади. «Наполи» устози вақтида банкда ишлаган. Қизиқарли лавозим - Сарри Европа бўйлаб хизмат сафарларига чиқиб, турли шартномаларни расмийлаштирарди.

Табиийки, даромади ҳам чакки эмасди ва охирига қадар банкир бўлиб қолишига ҳеч нарса халақит бермасди. Зеро, Маурицио футболчи мақомида ўзини асло кўрсатолмаганди. Шунга қарамай, у банк ишларини четга суриб, яна миллионлар ўйинига бош суқди. Асосийси, иккинчи уриниши анча ўхшади - ҳозирнинг ўзида «Наполи» афсоналари қаторига қўшилди.

Захира вакиллари: Брюс Арена (АҚШ), Боб Брэдли (АҚШ), Карлуш Кейруш (Португалия), Ральф Рангник (Германия), Ги Ру (Франция), Жерар Улье (Франция), Альберто Заккерони (Италия), Брендан Рожерс (Шимолий Ирландия)

Бош мураббий - Диего МАРАДОНА (Аргентина). «Ношуд футболчи - зўр мураббий» тушунчасига мос рамзий жамоани бошқаришга ким муносиб? Мантиқан олганда, буюк футболчилар орасидан чиққан энг омадсиз мураббий-да!

Шу маънода айтсак, бу ролга Диего Армандо Марадона идеал даражада муносиб. Умуман, ношуд футболчи бўлиш якуний ҳукм эмас. Даҳо файласуф Арриго Сакки вақтида шундай деганди: «Ҳаётида бир бора от минмаган киши ҳам буюк чавандоз бўлиши мумкин».

2 марта Чемпионлар кубоги соҳибига айланган италиялик мэтр мутлақо ҳақ - профессионал футболчи сифатида юқори даражага кўтарилолмаганлар мураббийлик соҳасида уриниб кўриш имкониятига эгалар. Рамзий терма жамоа бунга исбот.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz