Қайднома

Қидирув

АПЛ энг яхши чемпионат! Йўқ дейсизми? Марҳамат, 10та факт

АПЛ энг яхши чемпионат! Йўқ дейсизми? Марҳамат, 10та факт

  31.03.2018 06:01
  0
  2225
АПЛ энг яхши чемпионат! Йўқ дейсизми? Марҳамат, 10та факт

ЧЛ-2017|2018 ярим финалида АПЛнинг 1тагина вакили иштирок этади, Примеронинг эса 3та жамоасида шундай имконият бор.

Ваҳоланки, Англия чемпионатининг нақ 5та клуби «плей-офф»га йўл олган ва илк раундни ҳам муваффақиятли ўтказганди. Бироқ 1|8 финал ўйинлари инглизлар учун оғир келиб, ундан фақат «Манчестер Сити» ҳамда «Ливерпуль» омон чиқди, холос.

Шунга қарамай, АПЛ мухлислар наздида энг кучли биринчилик бўлиб қолаверади, барибир. Бунга далиллар ҳам етарли.

1-факт: юлдузлар

Хорватиялик мураббий бир йилча олдин Англия Премь-ер-лигасини МБАга қиёслаганди. У ўшанда юқори рақобат ва «Ҳар бир клуб хоҳлаган рақибни енгиши мумкин» тушунчасини назарда тутган, албатта.

Аслида хоҳлаган лигада аутсайдер жамоа совринларга даъвогарларни «оёғидан чалиб» қолиши мумкин. «Юлдузлар макони» нуқтаи назари билан қараганда эса, АПЛ айнан МБАнинг 100 фоизли ўхшашидир. Гарри Кейн, Поль Погба, Эден Азар, Кевин де Брюйне, Златан Ибрагимович, Месут Озил, Алексис Санчес, Муҳаммад Салоҳ, Раҳим Стерлинг, Н`Голе Канте, Альваро Мората...

Ҳаттоки, турнир жадвалининг охирги поғоналарида бораётган жамоалар таркибида ҳам номдор ўйинчилар кўп.

2-факт: мураббийлар

- Англия лигасини мураббийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига қиёслаш мумкин, - деганди Арсен Венгер ўтган йили. Чиндан ҳам, шундай. Айниқса, Антонио Конте ва Хосеп Гвардиола каби «наҳанг»ларнинг АПЛ мураббийлари қаторига қўшилишгани ўзига хос «интрига»ни юзага келтирди. Хуллас, кўпни кўрган француз мутахассиси тўла ҳақ:

Премьер-лига ўз-ўзидан энг иззатталаб мураббийлар учун идеал чорлов майдонига айланди. Ахир «Бавария» билан Бундеслигада ғолиб чиқиш ёки «ПСЖ»ни Лига 1 тахтига кўтариш ва дейлик, «Челси»ни Англия чемпиони бўлишини таъминлаш ўртасида катта фарқ бор. Умуман, Англия биринчилиги - чинакам «ақл жанги».

Мисол учун, яқин ўтмишда «Реал»ни бошқарган, Чемпионлар Лигаси-2005нинг фантастик финалида «Ливерпуль» билан зафар нашидасини сурган Рафаэль Бенитес ўтган йили «Ньюкасл»ни Чемпионшипдан элит дивизионга кўтардию, кучлилар қаторида мисли кўрилмаган қийинчиликларга юз тутди.

3-факт: томошабоплик

Ҳа, жорий мавсум «Манчестер Сити» яққол кучли эканлигини исботламоқда, лекин бу «шаҳарликлар»нинг рақобатдан холи эканликларини англатмайди сира. Аксинча, «Сити»нинг қолганлардан олдинлаб кетгани ҳам Премьер-лига буюклигига яна бир далил.

Қайси маънодаки, Англияда ҳам худди Испаниядаги каби ҳақиқий космик жамоа бор. Тан олайлик, Хосеп Гвардиола йўлга қўйган ўйин кинотеатрларда намойиш этишга арзийди. Бунга «Арсенал» ва «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал», шунингдек, «Борнмут» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги голливудча сюжетли ўйинларни қўшиш мумкин.

Яна бир факт шуки, АПЛда нафақат сермаҳсул футбол ҳукмрон, балки сўнгги дақиқалар «интрига»си ҳам жуда баланд. Яъни охирги лаҳзаларда урилган голлар тез-тез вазиятни бутунлай ўзгартириб юборади.

4-факт: рақобат

Ҳа, «Манчестер Сити» бу сафар чемпионлик учун кураш майдонини радиобошқарувли ракета билан ўққа тутди, аммо Европа Чемпионлар Лигага чиқиш имконини берадиган ўринлардан жой олиш жанги анчагача аёвсиз давом этди.

Бир қарашда, жорий мавсум нуфузли турнирнинг қолган 3та чиптаси «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм»дан ортмайдигандек. Бу ёлғончи таассурот, албатта. Зеро, ҳар қадамда «сенсацион» натижа кузатилиши ва воқеалар ривожи буткул ўзгариб кетиши мумкин.

Ана, оддийгина «Бернли»га қаранг, камтарин жамоа еврокубокларга интилмоқда дадиллик билан. Содда савол: охирги йилларда қайси етакчи чемпионатда грандлар тоифасига кирмайдиган клуб зафар қучди? Тўппа-тўғри - АПЛда. Шунинг учунки, Премь-ер-лигада ҳақиқий рақобат ҳукмрон.

5-факт: Евроарена

Жорий мавсум Европа Чемпионлар Лигасида Англиядан 5та жамоа ўйнади ва уларнинг ҳаммаси гуруҳ бос-қичи довонини мардонавор босиб ўтди. Қолаверса, АПЛ вакиллари илк «плей-офф» раундида ҳам 100 фоизли натижа қайд этишди. Фақат нимчорак финал инглизларга хайрли келмади.

Умуман олганда, Англиянинг нақ 5та жамоаси ЕЧК|ЕЧЛ ғолибига айланган. Хуллас, бу мутлақ яхши кўрсаткич. Яъни бошқа ҳеч қайси мамлакатда нуфузли турнирда ғалаба нашидасини сурган шунча жамоа йўқ. Яна жорий мавсум фактига назар соламиз: ЧЛ 1|8 финалига битта чемпионатдан 5та жамоа чиқиши илк марта рўй берди.

Тўғри, англияликлар охирги йилларда «шалпангқулоқ» кубокни унча кўп ютишгани йўқ. Бунинг сабаблари кўп: биринчидан, клублар учун АПЛ биринчи ўринда туради, иккинчидан эса, ички турнирлар тақвими жуда зич.

Хуллас, жамоаларни айнан тиғиз лик толиқтириб қўймоқда, шекилли. Асосий хулоса - инглизлар учун ЧЛдан кўра, АПЛ муҳимроқ!

6-факт: трансляция

Телевизион картина - АПЛ муваффақиятининг энг асосий факторларидан бири. Тушунарлики, ўйинлари битта камера билан суратга олинадиган ва оқ-қора тасвирда кўрсатиладиган чемпионатни энг яхшиси сифатида таърифлаш мумкин эмас бугунги кунда.

Премьер-лига ўйинлари трансляция нуқтаи назаридан тўлақонли сифатли ва кафолати бор маҳсулот ҳисобланади. Бунда ҳаммаси талаб даражасида бажарилади: ўйин ҳар томондан бирдек кўрсатилади, ўнлаб камералар, видеотакрорларнинг аниқ тизими, ҳисобсиз флэш-интервьюлар...

Муҳими, Испаниядагидек фақат «Барселона» ва «Реал» тўқнашувида эмас, хоҳлаган баҳсда шундай бўлади. Барча пуллар - Англияга. Sky Sports ва BT Sport бир неча йил олдин АПЛнинг 3та мавсуми ўйинларини олиб кўрсатиш ҳуқуқини нақ 5,136 миллиард фунтга сотиб олганди. Шунча маблағ билан ишни сифатсиз ташкиллаш мумкинми? Албатта, йўқ ва яна йўқ!

7-факт: стадионлар

Томошабоп манзара мавзусининг узвий давоми: 45 минг сиғимли стадион мухлислар билан лиқ тўлса, қандай ажойиб муҳит юзага келишини тасаввур қилинг. Афсонавий аренанинг тинмай куйлашига қандай қарайсиз?

Англия премьер-лигасида бундай картинани ҳар турда кўриш имкони бор. Қолаверса, деярли барча ареналар шонли тарихга эга. Чипталар анча қиммат бўлсада, инглиз фанатлари стадионларга талпинаверишади.

Албатта, бунда ўйин сифатидан ташқари, ареналарнинг оҳанраболиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.

8-факт: мухлислар ташрифи

Ўтган мавсум АПЛ доирасидаги 380та ўйинни стадионларда умумий ҳисобда 13,5 миллион (!) мухлис кузатди. Бу Европа миллий чемпионатлари учун рекорд натижадир. Сайёра миқёсида айтсак, биргина америкача футбол олдинда, хусусан, 1та ўйинга тўғри келадиган мухлисларнинг ўртача сони бўйича.

Лекин АПЛнинг Америка лигаси билан рақобатлашишига ҳожат йўқ. Ахир америкача футбол - мутлақо бошқа саноат ва маданият. Бу худдики, инглиз чойи ва Америка ичимлигини ўзаро солиштиришдек гап.

Энг муҳим далил шуки, Англия клублари стадионлари ўртача ҳисобда 93 фоиз тўлмоқда. Шунингдек, биргина «Тоттенхэм»да ушбу кўрсаткич 89 фоиздан паст. Лекин «тақачилар»нинг улкан «Уэмбли»дан вақтинча ижара асосида фойдаланишаётганини унутмаслик керак.

9-факт: трансферлар

Футбол ўйинчиларнинг қайсидир клубдан бошқасига ўтишлари билан ҳам қизиқ. Буни трансферларга боғлиқ янгиликларга эҳтиёж катталигидан тушуниш мумкин. Ҳар ҳолда, спорт нашрлари ва сайтларининг бош мавзуси айнан «олди-сотти»лар» ҳисобланади.

Англия футбол бозори эса Европада биринчи ўринда туради. Ҳа, «ПСЖ» битта харид (Неймар) билан медиа кенгликларини «чангитиб» юбориши мумкин, Премьер-лигада эса ёзу қиш деярли ҳар куни қандайдир йирик келишув амалга оширилади.

Мисол учун, ўтган ёзги трансферлар мавсумида кузатилган 25та энг йирик савдонинг 15таси Англия футбол бозорига тегишли бўлганди.

10-факт: фестивал ҳафталиги

Рождество ва Янги йил байрамларида ҳамма дам олади, АПЛда эса аксинча, мавсумнинг энг тиғиз ва фаол қисми бўлиб ўтади.

Оддий айтганда, футбол фанатлари йиллар алмашуви арафасида чинакам футбол фестивалидан ўзгача завқ олишади. Британча анъаналарга тасанно!

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz