Қайднома

Қидирув

Футбол оламидаги энг беназир беш бренд

Футбол оламидаги энг беназир беш бренд

  01.04.2018 06:37
  0
  1416
Футбол оламидаги энг беназир беш бренд

7 миллиарддан кўпроқ кишига бошпана бўлиб турган сайёрамиздаги 200тадан ортиқ мамлакатдан чамаси 150таси ўзини «Футбол салтанати» мақомида кўради.

Шунча давлатда нақ 250 миллион футболчи профессионал даражада фаолият юритмоқда. Шунинг ўзи миллионлар ўйини ҳамон энг оммавий спорт тури эканлигидан далолат. Улкан армияга қиёс чемпионатдаги ҳар бир жамоа қайсидир жиҳати билан рақибларидан ажралиб туришга интилади.

Ҳаттоки, футболчилар ҳам ўз касбдошларидан фарқланишни исташади. Бу ҳолатни ҳаттоки, кўча футболида ҳам кузатиш мумкин. Ана шу табиий ва зарурий интилиш спорт оламига бир қатор йирик компанияларни кириб келишига йўл очди.

Албатта, машҳур фирма ва корпорациялар спортга умуман алоқаси йўқ кишиларга ҳам яхши таниш. Лекин уларнинг қай тариқа тузилганию, асосий йўналишлари ҳақида ҳамма ҳам етарли маълумотга эга эмас.

1. ADIDAS

«Адидас» - спорт кийим-кечаклари ва пойафзалларини ишлаб чиқариш йўналиши бўйича Европанинг етакчи, дунёнинг эса иккинчи йирик компанияси. Шунингдек, унинг тамғаси остида чиқариладиган оммабоп оёқ кийимлари, кўйлак, пальто, сумка, қуёшдан муҳофаза қилувчи кўзойнаклар каби қўшимча ёрдамчи маҳсулотлар ҳам аъло сифати билан ажралиб туради.

Умуман, «Адидас» маҳсулотларининг бежиримлиги ва фойдаланишга қулайлиги - муваффақиятли бизнес гарови. Айни кунда бу исбот талаб қилмайдиган тушунчадир. Ёрдамчи маҳсулотлар, яъни аксессуарлар эса айниқса, ёшлар ўртасида фирмага нисбатан қизиқишни оширади.

Тарихи. «Адидас» маҳсулотлари орасида 1965 йилдан буён ишлаб чиқаришдан чиқиб кетмаётган пойафзаллар энг харидоргири ҳисобланади. Хусусан, ўша йили тайёрланган, лекин бозорга 1973 йилдан эътиборан чиқарилган Stan Smith кроссовкаларининг нуфузи жуда баланд.

Бундан ташқари, Германия фирмаси дунёнинг етакчи клублари ва футбол юлдузлари ҳаётида муҳим роль ўйнайди, улар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида ёндашади. Мисол учун, яқинда футбол оламининг бош юлдузларидан бири Лионель Месси «Адидас» билан муддати чекланмаган (бир умрлик) шартнома тузгани эълон қилинди.

2. NIKE

Nike - кўп миллатли Америка корпорацияси. У асосан спорт пойафзаллари, кийим-кечаклар, анжомлар ва аксессуарларни лойиҳалаш, ишлаб-чиқариш, сотиш билан шуғулланади. Бу бренд айниқса, спорт анжомлари йўналишида етакчи мавқега эга.

Маҳсулот сифатининг кун сайин ошиб бораётгани харидорларнинг фирмага нисбатан юксак ҳурматини таъминламоқда. 2012 йили Nike тарихида муҳим аҳамият касб этди - компаниянинг йиллик даромади 24,1 миллиард долларни ташкил қилди.

Турли мамлакатлардаги бўлимларида 44000 ишчи-хизматчи ишлаши - Nikeнинг чинакамига кенг қулоч ёйганидан далолат. Маълумотларга кўра, 2016 йили компания замонавий футболнинг бошқа бир ёрқин юлдузи - Криштиану Роналду билан қиймати нақ 1 миллиард долларга тенг шартномани расмийлаштирди.

Тарихи. Blue Ribbon Sports (BRS) номи остида фаолият бошлаган корхонага 1964 йилнинг январида Орегон штати университети талабаси, спортчи Фил Найт ҳамда унинг мураббийи Бил Боуэрман томонидан асос солинган. Қизиғи шундаки, ўша давр Найт университетда таҳсил олиш билан бирга Япониянинг Onitsuka Tiger пойафзал корхонасида маҳсулотларни етказиб берувчи сифатида ишларди. У асосан катта трассалар четида туриб, шахсий автомобилида олиб келган пойафзалларни сотиш билан шуғулланарди.

3. PUMA

Германиянинг яна бир фирмаси. У «Адидас» асосчилари - ака-ука  Адольф ҳамда Рудольф Дасслернинг ўзаро можаролари оқибатида тузилган. Гарчи Puma футбол тўплари, сумкалар, кўйлаклар ва бир қатор аксессуарлар ишлаб чиқарган бўлсада, бутун дунёга асосан ўзининг анъанавий пойафзаллари билан танилди.

Фирманинг футболга мўлжалланган дастлабки маҳсулоти сифатида «Атом» номли бутсаларни кўрсатиш мумкин. Ўз вақтида жуда оммалашган ушбу бутсалардан айниқса, Ғарбий Германия жамоалари кенг фойдаланган.

Жумладан, иккинчи жаҳон урушидан кейинги даст-лабки йилларда ГФР миллий  жамоаси футболчилари Швейцария термасига қарши учрашувни айни шу пойафзалларда ўтказишган.

1952 йили Рудольф Дасслер Super Atom номли бутсаларни яратди. У янги технологияга асосланган дастлабки маҳсулот эди. Винтли шпилкалар билан жиҳозланган оёқ кийими Puma довруғини бутун оламга таратди. Айтганча, 2016 йили дунё-нинг энг учқур спортчиси - Усейн Болт Puma билан қиймати 10 миллион долларлик шартнома тузди.

Тарихи. Ака-укалар аввалига, 1949 йилнинг 18 августида «Адидас»ни расман рўйхатдан ўтказишади. Аммо уларнинг ҳамкорлиги узоққа чўзилмайди. Шундан ке-йин Рудольф корхонани укасига қолдириб, ўзи мустақил равишда Pumaга асос солади.

4. UMBRO

Асосан футбол жиҳозлари ва спорт либослари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат гигантининг бош офиси Манчестер шаҳрида жойлашган. Унинг маҳсулотлари 90дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилинади. Umbro 2012 йили Америка компанияси тасарруфига ўтди. У «Адидас» ва Nikeга муносиб рақобат кўрсатолмасада, аъло сифатли эксклюзив маҳсулотлари билан ажралиб туради.

Тарихи. Umbro 1924 йилнинг 23 май куни Гарольд ва Уоллес Хамфрис томонидан тузилган. Ташкил этилган манзили - Уилмслоу (Англия). Ҳозирда Чидл ва Манчестерда штаб-квартираси бор.

5. MITRE

Спорт либослари ва жиҳозларини ишлаб чиқариш бобида 200 йиллик тажрибага эга қадимий компания ҳозирда Pentland Group тасарруфида фаолият юритмоқда. Футбол оламида ҳам ўзига яраша ўрни бор.

Дейлик, Футбол лигаси кубоги, Шотландия Премьер-лигаси каби кўплаб нуфузли мусобақаларда айнан «Митра» белгиси остидаги тўплардан фойдаланилади.

Тарихи. Олис 1817 йили хаддерсфилдлик тадбиркор Бенжамин Крук чарм-тери маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона очиб, унга ўз номини берган. 1949 йилга келиб, у компания мақоми ва «Митра» номини олди. У асосан футбол ва регби тўпларини тайёрлаш билан шуғулланади.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.