Қайднома

Қидирув

Суперлига легионерлари – бир бош устун бўлинг! (фотогалерея)

Суперлига легионерлари – бир бош устун бўлинг! (фотогалерея)

  05.04.2018 00:17
  0
  1313
Суперлига легионерлари – бир бош устун бўлинг! (фотогалерея)

Одатда, бирор-бир клуб таркибини хорижлик футболчи билан тўлдириш чоғида унинг маҳаллий ўйинчилардан бир бош устун бўлишини хоҳлайди.

Хўш, Суперлига жамоалари сафида шундай легионерлар борми? Ҳа, ўтган 3та тур баҳсларини кузатарканмиз, мураббийлар билдирган ишончни оқлаб, янгича тақвимда ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионатида ўзига яраша ном қолдиришга уринаётган легионерлар етарли эканига гувоҳ бўлдик?

Қуйида уларнинг айримлари ҳақида сўз боради. Дарвоқе, ушбу рўйхатда «Металлург» ва «Сўғдиёна»дан вакил йўқлигини эслатиб ўтмоқчимиз.

«Локомотив»

Родригес Нивалдо (Бразилия)

ОЧЛнинг дастлабки ўйинида ўзидан ёрқин таассурот қолдирган ҳужумчи жароҳат сабаб кейинги учрашувларни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Лекин асосийси, Нивалдонинг ҳаракатлари мухлисларга ёқди.

Унда бразилиялик футболчиларга хос техник салоҳият, ўйинни ўқий олиш хусусияти борлиги яққол кўзга ташланмоқда. Суперлигага мослашиш жараёнини бошдан кечираётган форварднинг кейинги баҳсларда «Локомотив»га фойдаси тегишига ишончимиз комил.

«Насаф»

Славко Лукич (Сербия)

«Аждарлар»нинг ўтган йилги тўпурари Драган Черан жароҳат олгач, ҳамюрти Славко Лукич унинг йўқлигини билинтирмаяпти. Гарчи «Насаф»нинг янги легионери ҳимоя чизиғида тўп сурсада, кўп ҳолларда ҳужумга ўтиб, рақиблар дарвозасини ишғол қилмоқда.

Қолаверса, Қарши клубида стандарт вазиятлар ижроси ҳам айнан Лукичга ишониб топширилмоқда. Славконинг ортда қолган 3та турда ўз ҳисобига иккита гол ёздириб қўйгани кўп нарсадан далолат бермоқда.

«Пахтакор»

Исмоил Гонсалвеш (Португалия)

Жорий мавсум бошида «шерлар» сафини тўлдирган ҳужумчи олдинги чизиқдаги фаоллиги билан ажралиб турибди. Қолаверса, пенальти тепиш масъулиятини ҳам тўлиқ ўз зиммасига олаётган Гонсалвеш «нуқта»дан икки марта тўп киритишга улгурди.

Кузатишда давом этамиз, балки Исмоил ўйиндан гол уришни ҳам қойиллатар?! Зеро, «Пахтакор» сафида унга бошқа бир легионер - бразилиялик Тиаго Безерра шериклик қилади.

«Бунёдкор»

Филип Райевац (Сербия)

Ўтган мавсум «Қўқон-1912»да тўпурарлик хусусиятларини намойиш этган форварднинг ҳозирча «Бунёдкор»да у қадар ишлари юришмаяпти. Лекин афсусланишга ҳожат йўқ, зеро Суперлига эндигина авж палласига кирмоқда.

Ҳали олдинда учрашувлар кўплиги ҳамда «қалдирғочлар» сафида ажойиб плеймейкерлар борлигини ҳисобга олсак, Райевац ўзини кўрсатиш учун кўплаб имкониятларга эга бўлиши турган гап.

АГМК

Йован Жокич (Сербия)

«Пахтакор»да пенальти тепиш ҳуқуқи Исмоил Гонсалвешга ишониб топширилаётган бўлса, АГМКда бу вазифани Йован Жокич аъло даражада уддаламоқда.

Хуллас, мамлакатимизда тўп сураётган сербиялик футболчилар сафи яна бир юксак маҳорат соҳиби ҳисобига тўлдирилди.

«Бухоро»

Сергей Русецкий (Беларусь)

Бухороликлар ҳам мавсумлар оралиғидаги танаффус чоғида ҳимоя чизиғини маҳоратли легионер билан тўлдиришди.

Ҳар ҳолда, ҳозиргача Суперлигада иккита ўйинни тўлиқ майдонда ўтказган Сергей Русецкийнинг ўйини мухлису мутахассисларга манзур бўлмоқда. Шунингдек, «Бухоро» мураббийлар штабининг сербиялик Марко Клисурадан ҳам умиди катта.

«Қизилқум»

Элгужа Григалашвили (Грузия)

Ҳозирча ишлари юришмаётган навоийликлар сафида фақат бир футболчининг ҳаракатларига юқори баҳо бериш мумкин.

Агар Элгужа Григалашвилидаги фаоллик ва иштиёқ «Қизилқум»нинг бошқа футболчиларига ҳам юқса, жамоа очко тўплашни бошлаб юбориши тайин. Дарвоқе, Навоий клубида ҳамиша «портлаш»га шай турадиган Артур Геворкяннинг ҳам борлигини унутмаслик керак.

«Қўқон-1912»

Марко Милич (Сербия)

Хорижлик футболчи ҳамюртини Ўзбекистонга чорлаши «Қўқон-1912»да ҳам кузатилди. Ўтган ўйинлар кўрсатмоқдаки, қўқонликларнинг мудофаа чизиғида эндиликда сербиялик тандем тўп суради.

Ўтган мавсум Дарко Гожковичнинг ўйинидан баҳраманд бўлган мухлислар Марко Миличга ҳам катта умид бағишлашмоқда.

«Навбаҳор»

Томислав Пайович (Сербия)

Дастлабки учта тур ўйинларида ўзидан ёрқин таассурот қолдирган легионерлар орасида «Навбаҳор»даги сербияликлар тандеми ҳам бор.

Айниқса, «лочинлар»нинг янги футболчиси Томислав Пайович мудофаа чизиғидаги ишончли ўйинидан ташқари, «Локомотив» билан ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилиши мумкинлигини ҳам исботлади.

Ҳа, Томиславга ёнида ҳамюрти Дарко Станоевичнинг борлиги қўшимча куч бағишлаётган бўлса, ажабмас.

«Нефтчи»

Виталий Мирний (Украина)

Фарғона клуби ҳужумчилари «қуруқ» серия қайд этаётган паллада «Нефтчи»нинг ҳимоя чизиғи, аниқроғи, дарвозабон ҳақида илиқ фикр билдириш мумкин, холос.

Фарғоналиклар миллий чемпионатимизда хорижлик киперларга қўйилган тақиқ олиб ташланганидан унумли фойдаланиб, таркибни украиналик маҳоратли посбон ҳисобига кучайтиришди.

Ўткирбек Умаров тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz