Қайднома

Қидирув

Каземиро: «Асосийси тўп эмас, балки савия»

Каземиро: «Асосийси тўп эмас, балки савия»

  09.04.2018 06:13
  0
  598
Каземиро: «Асосийси тўп эмас, балки савия»

Карлос Каземиронинг майдондаги ҳаракатларига қарасангиз, ажиб бир совуққонликни дарҳол пайқайсиз.

Ҳужумкорликка мойил ярим ҳимоячи охирги мавсумларда жиддий юксалишга эришиб, «Реал» клубида ҳам, Бразилия терма жамоасида ҳам етакчилар қаторига қўшилди.

Хорижлик касбдошларимиз бразилиялик футболчи билан мулоқот чоғи асосан якунланаётган мавсум ва яқинлашаётган ЖЧ мавзуларини ўртага ташлашди.

- Мундиалда Бразилия терма жамоасидан марказий чизиққа боғлиқ қандай тактик вариантларни кутиш мумкин?

- Шахсан мен марказда Ренато Аугусто ва Паулиньо билан бирга ҳаракатланишга кўникиб улгурдим. Ҳар ҳолда, учлик сифатида анчадан буён тўп суряпмиз. Жамоамизда уюшқоқлик даражаси бинойидек - ҳар бир ўйинчи ўз вазифасини яхши билади ва уни рисоладагидек уддалашга қодир.

Агар ягона ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида Филиппе Коутиньо билан ёнма-ён ҳаракатлансам, ўйинда тажовузкорлик ортади, менимча. Бордию, Фернандиньо майдонга туширилса, унда ҳимояни кучайтирамиз. Бу услуб ҳам кўп бора синаб кўрилди.

- Тите яқинда «Реал» жорий мавсум ЧЛ кубогини қўлга киритолмаслигини тахмин қилди. Бунга қандай изоҳ берасиз?

- Очиғи, терма жамоамиз бош мураббийининг бундай башоратидан хабарим йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Мадрид»нинг ЧЛ бош совринини ўзида сақлаб қолишидан умидворман.

- ЖЧ-2018 учун танланган расмий тўпни амалда синаб кўрдингларми?

- Йўқ, лекин ўйлашимча, тўп масаласи катта аҳамият касб этмайди. Ҳа, тўплар бир-биридан фарқланади, албатта. Аммо профессионал футболчи тўпга 3-4 марта тегиниш билан унга тўлиқ мослашиб олиши керак. Демоқчиманки, тўп сифати футболчи савиясига путур етказолмайди.

- Бир томонда - терма жамоа ўйинлари, иккинчи тарафда - Испания чемпионати ва ЕЧЛ баҳслари. Тиғиз тақвим толиқтириб қўймаяптими, бу ҳолат машғулотлар жараёнига нечоғли таъсир ўтказмоқда?

- Ўз тажрибамдан биламан, футболчилар айниқса, ЖЧ арафасида мукаммал ҳолатда бўлишга эътибор қаратадилар. Ахир мундиалда ўткинчи ўйинлар йўқ - ҳар бир учрашув ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бунга тайёр туриш шарт. Машғулотлар йўриғи эса бошқа - қандайдир эркинликларга йўл қўйиш мумкин. Қисқаси, тақвимдаги зичлик ўз йўлига...

- Терма жамоанинг янги аъзоси - Виллиан Жозе хусусида нима дея оласиз?

- Жозе «Реал Сосьедад»нинг етакчи ўйинчиларидан бири. Клубида яхши хусусиятларини намойиш этиш асносида терма жамоа назарига тушди. Унинг учун хурсандман, менимча, иқтидоридан тўлиқ фойдаланса, ишончни бемалол оқлайди.

- Мундиал мезбони - Россия термаси ҳақида нималарни биласиз?

- Тўғриси, қайсидир футболчини алоҳида кўрсатолмайман. Умуман олганда, бу борадаги фикрим ижобий. Россия термаси айниқса, руҳий томондан устунликка эга. Ахир «Ўз уйингда ҳаттоки, деворлар ҳам ёрдам беради» тушунчаси бежиз чиқмаган...

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz