Қайднома

Қидирув

Хатолардан ҳайиқмас тараққиёт

Хатолардан ҳайиқмас тараққиёт

  11.04.2018 06:26
  0
  819
Хатолардан ҳайиқмас тараққиёт

Хатолар - футбол тараққиётининг ажралмас қисми. Шундай дейишга ўрганганмиз. «Манчестер Сити» айни хатолар сабаб, аввалига ЕЧЛ чорак финалида ютқазди, кейин АПЛда чемпионлик байрамини ортга сурди.

Аксинча, «ПСЖ» рақибнинг сўнгги дақиқадаги хатосидан фойдаланиб, мағлубиятдан қутулган бўлса, «Наполи» скудетто учун курашиш имконини сақлаб қолди. Бу каби одатий хатоларнинг тараққиётга алоқаси йўқ.

Суперлиганинг 5-турида кўзга ташланган хатолар эса тараққиёт учун бораётган курашдан далолат. Қуйида шу мавзуда мулоҳаза юритамиз.

Жарима жабри

ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси томонидан «Бухоро»нинг 300 млн. сўм миқдорида жаримага тортилиши мухлислар ўртасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Дастлабки оғриқли савол шундай:

«Қандай воқеа юз беришидан қатъий назар, Суперлига жамоалари, шу жумладан, «Бухоро»га шунча катта жарима белгилаш мавжуд молиявий-иқтисодий ҳолатга мувофиқми?» Ҳа, клубларимиз айни пайт шу даражада жарима тўлашга қодирми? Бу масалада бош қотирар эканмиз, «Бели оғримаганнинг нон ейишин кўр» мақоли ёдимизга тушади.

Яширишнинг ҳожати йўқ: Суперлига жамоаларининг аксарияти ихтиёрий-мажбурий ҳомийлик ортидан кун кўриши барчага маълум. Демоқчимизки, «Бухоро» ва бошқа иштирокчилар бюджети осонликча шакллантирилмаган. Тўғри, «Бухоро» мухлисларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари маданиятсизлик ҳисобланади ва жазога муносиб.

Эътибор беринг,  жарима эмас, балки жазо ҳақида гапиряпмиз. Тартиб-интизом қўмитаси ҳам бу хусусда обдон ўйлаб кўриши керак. Зеро, иқтисодий бақувват бўлмаган жамоага мантиққа мос келмайдиган миқдорда жарима солиш ҳам маданиятсизликнинг бир кўринишидир.

«Бухоро»-ку мухлисларнинг ножўя ҳаракатлари ортидан катта миқдордаги жаримага дуч келди. Шу жаримани белгилашдан уялмаган Тартиб-интизом қўмитасига қандай чора кўрилади?

Йўқ, Суперлига 5-тури доирасида юз берган салбий воқеалардан бирортасини оқламаймиз. Бироқ шундай нохушликлар юз беришида футболимиз мутасаддиларининг ҳам «ҳисса»лари борлигини таъкидлаймиз.

Хўш, «Бухоро» мухлислари нима учун маданиятсизликка йўл қўйишди? Уларнинг ўзларини эркин қўйиб юборишлари учун бирор асос бормиди? Назаримизда, бор эди. Дейлик, «Қўқон-1912» - «Навбаҳор» учрашуви чоғи қўқонлик мухлислар Наманган жамоасини неча марталаб бошқача ном билан таҳқирлашди ва буни бутун мамлакат телевизор орқали эшитди.

Кўпчилик Тартиб-интизом қўмитасидан бу масалага муносабат билдиришини кутди. Афсуски, қўмита ҳеч қандай реакция билдирмади. «Навбаҳор» футболчилари ва мухлисларининг ҳақоратга сабр-тоқат қилишгани, расман норозилик хати ёзишмагани Тартиб-интизом қўмитасининг жим туришига асос эмас-ку.

Агар қўмита бу масалани ўрнида ўрганиб, жамоалар ва мухлисларни қатъий огоҳлантирганида, Бухорода нохушлик кузатилмасди балки. «Навбаҳор»га нисбатан таҳқир эътиборсиз қолдирилганини бухоролик мухлислар «Бемалол маданиятсизлик қилиш мумкин» қабилида тушунишди, чоғи. Қисқаси, ҳаммаси ҳалқасимон реакция.

Тартиб-интизом қўмитаси эса жараённи издан чиқариб юбормоқда. Чунончи, катта миқдордаги жарима мухлислар кайфияти ва хатти-ҳаракатларига ижобий таъсир ўтказиши амри-маҳол.

Футболчиларнинг йўриғи бошқа. Улар Тартиб-интизом қўмитаси қарорларига бўйсунишади. Икром Алибоев ва Шавкат Саломов каби узр ҳам сўрашади. Аммо жамоа чекига тушадиган жарима улардаги маромни издан чиқаради, барибир. Мисол учун, «Бухоро» алам билан 1-2та учрашувда мардонавор курашар.

Кейин эса аста-секин молиявий ҳолат ўз сўзини айтади. Шу тариқа энди қад рост-лаётган жамоанинг бели букилади. Биз жавобини изоҳламайдиган кейинги савол эса қуйидагича: «Қўқонлик мухлисларнинг маданиятсизлиги нима сабабдан эътиборсиз қолдирилдию, «шерлар»ни мағлуб этишдан тоймаган «Бухоро»га нисбатан зудлик билан молиявий жазо қўлланилди?»

Хавотирли ҳакамлик

Равшан Эрматовнинг жаҳон чемпионати финал босқичларида учрашувларни одилона бошқариши ўзбек ҳакамлик мактабининг юксак савиясини белгиламагани каби, англиялик рефериларнинг ЖЧ-2018да ишламасликлари уларнинг малакасиз эканликларидан дарак бермайди.

Жаҳон футболида айрим масъул раҳбарларнинг шахсий қарашлари кўпроқ тантана қилаётган бир вазиятда беихтиёр шу каби фактларга дуч келаверамиз. Қаранг, 33 ёшли Майкл Оливер «Эвертон» - «Ливерпуль» ўйинини ҳавас қиларли даражада бошқарди. Ваҳоланки, энг машҳур дербилардан бири саналган бу баҳсда кескинлик даражаси юқори бўлди.

Хусусан, футболчилар «сан-ман»га ҳам боришди. Меҳмон жамоа мураббийи Юрген Клопп эса ўзини хотиржам тутди, ҳаттоки, ора-сира жилмайди ҳам. Нега? Чунки у Майкл Оливер савияси ва адолатига ишонди. Темир Тўхтасинов аксинча, «Бухоро» - «Пахтакор» учрашувини талабга мос равишда бошқаролмади.

Охир-оқибат, ғайришуурий ҳолатда футболчиларга сариқ карточка кўрсатаверди. Сариқ тусли қоғозча унинг кўзига нажот карточкаси бўлиб кўринди, гўё. Ҳолбуки, бу жиҳат ҳакамнинг заифлигини билдиришини футболчилар ҳам, мухлислар ҳам яхши билишади.

Ўйлаймизки, айни аччиқ ҳақиқатни Темир Тўхтасиновнинг ўзи жуда тўғри тушунади. Шундай экан, у нима учун энг мураккаб баҳсни бошқаришга кўнди? Ёки бу мажбуриятми? Билмадик. Профессионал ҳакам ҳар қандай учрашувни бошқаришга тайёр туриши даркорлиги «2х2 + 4» каби аён масала.

Лекин бошқа жиҳат кишини ўйга толдиради: учрашувларнинг муҳимлик даражасига ҳакамлар рейтинги ва тоифаси мувофиқ келиши керакми ёки баҳслар рефериларга ғойибона қуръа йўли билан тақсимланади?

Ҳар ҳолда, Темир Тўхтасинов «Бухоро» - «Пахтакор» учрашувини бошқариш даражасидаги ҳакам эмаслиги ҳақида хулоса чиқариш мутасаддиларга қийинчилик туғдирмасди.

Хавотирли ҳакамлик футболни ўлдиради, аниқроғи, «Пахтакор»дек жамоага нисбатан мухлисларда антимуносабатни шакл-лантиради. Очиқ айтамиз, ҳозир футболимиз муҳитида шундай муносабат шарпаси кезмоқда.

Нивалдонинг нафсонияти

Нивалдога нисбатан ирқий муносабат юз берган бўлса, бу меҳридарё халқимиз табиатига мутлақо ярашмайдиган ҳолат. Масалага ҳали аниқлик киритилади, албатта. Бизни эса унинг нафсониятини қўзғаган жиҳатлар кўпроқ қизиқтирмоқда.

Фикримизча, ҳужумчи мураббий ишончини оқлолмагани ва бразилиялик бўла туриб, Ўткир Юсупов дарвозасига гол уролмаганидан қаттиқ ранжиди. Ўзбекистон футболида ҳам бразилиялик ўртамиёна ижрочи учун осон «ўлжа» қолмаганидан талвасага тушди. Шарҳловчи Мурод Ризаев ҳам уришига кўзи етган голни уролмагач, талвасага тушиши табиий-да.

Йўқ, бу бесаранжомлик унинг ўзигагина тааллуқли эмас. Авваллари ўртамиёна жамоаларга қарши хотиржам тўп сурган «Пахтакор» ҳам бугун талвасада. «Локомотив» ҳам навбатдаги омадсизликни ҳазм қилишга қийналмоқда. Шу маънода айтсак, Суперлиганинг келажаги мазкур клубларда мағлубиятларга қандай муносабат шаклланишига бевосита боғлиқ.

«Қўқон-1912» барчага маълум бир неча сабаблар боис, «Локомотив» билан тенгма-тенг ўйнади, «Бухоро» эса ҳеч бир хавотирсиз «Пахтакор»ни енгди. Майдон ташқарисидаги кучлар аралашмаса, Суперлига баҳслари яна-да қизийди.

Суперлига ҳозир шундай нозик жараённи бошдан кечирмоқда. Оғриган нафсониятнинг давоси - фақат ва фақат адолатли ғалаба! Бошқача йўл Суперлига ҳалокатидир.

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz