Қайднома

Қидирув

Нигериялик футболчининг Ўзбекистондаги саргузаштлари

Нигериялик футболчининг Ўзбекистондаги саргузаштлари

  12.04.2018 06:13
  0
  639
Нигериялик футболчининг Ўзбекистондаги саргузаштлари

Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги муаллифи Евдоким Раимов Ўзбекистонда пулсиз қолган нигериялик футболчи Саймон Аконг билан суҳбатлашди.

Қуйида муаллифнинг шу мавзуга бағишланган мақоласи ва унинг суҳбатдоши билдирган фикрлар билан танишишингиз мумкин.

Самарқанддаги Бўстонсарой кўчасида қаҳва ичиб, Ўзбекистоннинг Сенегалга қарши учрашуви ҳақида материал тайёрлаш ниятида эдим.

Кутилмаганда «Фейсбук»даги постга кўзим тушиб қолди. Унда бир футболчи Нигериядан Ўзбекистонга бирор-бир клуб билан шартнома имзолаш мақсадида келгани ҳақида ўқидим. Натижада, у пулсиз, бошпанасиз ва овқатсиз қолган. Футболга қизиқадиган шахс сифатида вазият билан қизиқдим.

У Ўзбекистонга ҳеч қандай таниш-билишсиз, агентсиз келган экан. «Фейсбук»даги пост соҳиби Фарид билан алоқага чиққанимдан кейин бунга амин бўлдим. Тахминан бир ҳафта мобайнида Фарид ва футболчи билан учрашишга келишдим. Ниҳоят, учрашдик.

- Фарид, у билан қандай танишдингиз?

- Дўстларим билан кафега киргандим. У ерда Саймон ҳам овқат харид қилаётган экан. Ҳайрон қолдик. Самарқандда европалик сайёҳларни кўп учратасиз.

Африкалик ёки америкаликларни эса кам кўрасиз. У билан танишишга қарор қилдик ва футболчи эканлигини билиб олдик. Аконг Ўзбекистонга жамоа қидириб келган экан.

- У ёлғизмиди ёки агенти биланмиди?

- Бунисини аниқ билмайман. Агенти бўлмаса керак, лекин нигериялик икки дўсти бор эди. Улар ҳам кўрикда эканлар. Айни пайт Про-лига клублари билан келишувга эришганлар. Саймон ҳозир ёлғиз. Ўша учрашувдан кейин у билан дўстлашиб олдик ва ўзимиз билан футбол ўйнашга чақирдик.

Савияси юқорилиги кўриниб турибди. Кейинчалик муаммолари ҳақида билиб олдим. Унинг деярли пули қолмаган. Аммо мендан бирор марта ёрдам сўрамади. Лекин дўстларим билан ёрдам беришга қарор қилдик. Энг катта муаммо - май ойида унинг визаси тугайди. Агар ўша вақтгача шартнома имзолай олмаса, юртига қайтиб кетишига тўғри келади.

У барча харажатларни ўзи қилгани учун пули қолмаган. Ҳозирда қўлимиздан келганча ёрдамлашиб турибмиз. Самарқанднинг «Шердор» клуби варианти пайдо бўлганди, у ерда машғулотларда ҳам қатнашди. Лекин клуб унинг учун жорий қилинган солиқни тўлай олмайди.

Агар хорижлик футболчи ўз миллий ёки ёшлар терма жамоаларида ўйнамаган бўлса, 60 миллион сўмлик солиқ жорий қилинган. Бу клубларимиз учун оғирлик қилади.

Бугун Зоминдан келди, кўрикдан. Эрталаб назорат ўйинида қатнашиб, голли пас ҳам берди. Афтидан, у клуб вакилларига маъқул келган. Улар менга қўнғироқ қилишлари лозим. Ўзингиз биласиз, ҳамма ҳам инглиз тилида гаплашавермайди.

- Саймон, Ўзбекистонга қандай келиб қолдингиз?

- Юртингиз ҳақида кўпдан бери биламан. Ўзбек футболи Осиёда юқори ўринларда туради. Шу боис икки нафар дўстим билан бахтимизни Ўзбекистондан излашга қарор қилдик. Улар ҳам футболчилар ва ёмон ўйнашмайди.

- Ҳозиргача фаолиятингиз қандай кечган? Иш берувчингиз билиши керак бўлган муҳим жиҳатлар нималардан иборат?

- Ҳужум чизиғида ўйнайман. Гол уришни яхши кўраман. Нигериянинг қатор клубларида ўйнаганман. Улар регионал ва олий дивизион жамоалари эди.

- Божхона ходимлари футбол ўйнаш учун келганингизни билиб, қандай муносабатда бўлишди?

- Умуман олганда, ажо­йиб кутиб олишди. Визани олганимдан сўнг мақсадим сари интилишни бошладим. Халқингизнинг меҳмондўст­лиги кўриниб турибди.

- Ўзбекистондаги дастлабки кунлар қандай кечди? Ҳар ҳолда, шунчаки келмагансиз, қандайдир режалар бўлгандир?

- Албатта. Дастлаб дўстларим билан Тошкентга бордик. У ерда «Машъал» клуби кўригида бўлдик. Лекин легионерларга жорий қилинган солиқ туфайли шартнома имзолай олмадик.

- Қизиқ, «Машъал» молиявий жиҳатдан бақувват клублардан ҳисобланади...

- Афсуски, бундан хабарим йўқ. Кейин Бухорога чақиришди. У ерда маҳаллий жамоалардан бирида ўйнадик. Дўстларимдан бири Бухорода шартнома имзолашга эришди.

Унинг учун хурсандман. Лекин менга шаҳардаги муҳит ёқмади. Худди каттакон қишлоқ сингари. Мана, Тошкентда бўлдим. Ажойиб шаҳар, пойтахт менга жуда ёққанди.

Самарқанд ҳақида ҳам шундай дейишим мумкин. Бу ерда хорижликлар учун шароитлар яратилган. Жиззахда бўлдим, у ер ҳам яхши экан. Бухоро эса менга унчалик ёқмади.

- Нима учун агентлар билан боғланмагансиз ва барчасини ўзингиз бажарасиз?

- Биринчидан, қачонлардир агент­лар билан ишлаганман. Лекин улардан куйганман. Билсангиз, агентларга фақат пул керак, бошқа нарса эмас. Уларнинг миясида фақат молиявий манфаат, ўз футболчилари учун шароит яратиб беришни ўйлашмайди.

Яна бир мисол, бошқа мамлакатга кўрикка бориш учун барча харажатларни ўзим қоплашим керак. Бундан ташқари, яна агентга ҳам тўлайманми?

- Яхши ишлайдиган агентни топиш осон-ку. Сиз учун яхши шартнома топиб беради ва маошингизнинг 10 фоизини олади...

- Ўз савиямни биламан ва уни ҳар қандай кўрикда намойиш қилишим мумкин. Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистонга келганман. Фаолиятимнинг бу босқичида менга агент керак эмас.

- Бу ерга келгунча Ўзбекистон ҳақида нималар билгансиз?

- Очиқ айтаман, олдин ҳам Ўзбекис­тонда бўлганман. Лекин фақат сайёҳ сифатида. Бухоро, Хива ва Самарқанд­ни томоша қилганмиз. Ўшанда бу ер ёқиб қолганди. Айнан шунинг учун ҳам севимли ишим билан шуғулланиш учун Ўзбекистонга келдим.

- Ўзбек клублари нимаси билан эсда қолди?

- Ҳозир солиштира олмайман, лекин Нигериянинг катта клублари Ўзбекистон чемпионати жамоаларидан кучлироқдек кўринди. Ўзбекистон олий дивизионидаги клублар билан ҳали танишмадим. Бироқ ўзбек жамоалари техник футбол намойиш қилишлари кўриниб турибди.

- Дўстларингиз маҳаллий клублар билан шартнома имзолашди. Сиз нима учун келишувга эриша олмадингиз?

- Тошкентда нима бўлгани ҳақида айтдим. Бухорода мураббийлар мени фақат ярим ҳимояда ўйнатишди. Уларга бу менинг чизиғим эмаслигини бир неча бор айтдим. Ярим ҳимоя­да ўйнаш мен учун қулай эмас. Шу боис ҳам уларга ёрдам бера олмадим.

Чунки майдон марказида кучли ўйин намойиш қилолмайман. Плюс томонларим ҳақида гапирадиган бўлсам, жисмонан бақувватман, рақиб жарима майдонида тўпни олиб қўйишда фаолман.

- Ўзбекистонликлар сизни қандай қабул қилишди? Бундай меҳмондўстликни кутганмидингиз?

- Тўғрисини айтсам, бу ернинг одамларини бунчалик меҳрибон деб ўйламагандим. Ҳамма ерда саломлашиб, мулоқот қилишимда ёрдамлашишди. Ўзингиз биласиз, тил муаммоси бор.

Бу ерда ҳамма ҳам инглиз тилида гаплашмайди. Лекин мени ҳайратлантирган нарса - халқингизнинг меҳрибонлиги. Ҳамманинг ёрдам бергиси келади. Бир неча бор меҳмонга таклиф қилишди. Буни ҳеч қачон унутмайман.

- Ўзбекистонга келиш учун анча пул сарфлаганингиз тўғрими? Яшаш ва овқат учун пулингиз тугагани ростми?

- Ҳа, бу ҳақиқат. Чиндан ҳам пул борасида муаммоларим бор. Январдан бери ҳамма пулимни сарфлаб бўлдим.

- Шунга қарамай, «Фейсбук»даги постда ёзилишича, сиз Ўзбекистоннинг профессионал клубида маошсиз ўйнашга рози экансиз...

- Ҳа. Футболдаги савиямни кўрсатмоқчиман. Футболни пул учун ўйнамоқчи эмасман. Бу ўйинни яхши кўраман. Менга ҳеч нарса керак эмас, яшаш учун жой ва озиқ-овқат бўлса, кифоя. Ўзбекистон футболининг ривожланишида ёрдам бермоқчиман. Албатта, бутунлай маошсиз ўйнамоқчи эмасман.

Ҳар бир касб эгаси ҳам бундай қилмайди. Мен ҳам пул ишлашни, мақсадимга эришишни истайман. Аммо Ўзбекистонга келдим. Бунчалик қийин бўлишини кутмагандим. Бу ерда ўйнаш менинг орзум, унинг ушалиши учун эса текинга ўйнашга ҳам розиман.

- Самарқандда ҳамюртингиз Дэвид Ония ҳақиқий афсона эди. У Малайзияда машғулот пайтида оламдан ўтган. Уни танирмидингиз?

- Ҳа, у ҳақда биламан. Бу хабар нигерия­ликлар учун оғир бўлганди. Гарчи у Осиёда ўйнаган бўлсада, нигериялик мухлислар худди европалик юлдузлар сингари Онияни ҳам кузатиб боришарди.

- Дэвид Самарқанднинг «Динамо» клубида сардор бўлган ва бу ерда турмуш қурганди. Сиз ҳам шуни такрорлашга тайёрмисиз? Ёки рафиқангиз борми?

- О, йўқ-йўқ (кулади)! Келинг, бошқа саволга ўтинг.

- Бугун Зоминдан қайтдингиз. Бу кўрикмиди ёки ЎФАнинг нормативларини топширдингизми?

- Бу ҳақиқий кўрик эди. Жамоа сафида битта ўртоқлик ўйинида майдонга тушдим. Ўйлайманки, имкониятларим ёмон эмас. Уларнинг қўнғироқларини кутяпман.

- Нигерия ва Ўзбекистон футболи орасидаги фарқ қандай?

- Фарқ? (Ўйлаб кўриб) Биринчидан, майдонлар. Олий дивизиондаги клубларнинг майдонлари жуда яхши экан. Нигерияда буни кам учратасиз.

Албатта, бизнинг футболда жисмоний ҳолатга кўпроқ эътибор қаратилади. Ўзбек футболи ҳам бу борада кам эмаслигини айтмоқчиман. Ҳозирда Осиёда ўз ўрнига эга. Бунга ёшлар жамоасининг қитъа чемпиони бўлгани яққол мисол бўла олади.

- Сизнингча, Нигерияда айни пайтдаги энг машҳур футболчи ким?

- Албатта, Виктор Мозес. У жуда катта ишни бажаради. Менинг севимли футболчим. Жон Оби Микел ҳам Нигериянинг ҳақиқий афсонаси. Шунингдек, Келечи Ихеаначо, Аҳмад Муса, Браун Идейелар ҳам бор. Лекин Мозес барибир, энг яхшиси.

- Африкада футболчиларнинг ёшини кичрайтириш ривожланган дейишади. Шу қитъа вакили сифатида бу борада нима дея оласиз?

- Буни жамоаларимизнинг жисмонан кучли эканликлари билан изоҳлайман. Европадан фарқли ўлароқ, биздан бўйдор ва бақувват футболчилар етишиб чиқишади.

Шу боис ҳам «кўҳна қитъа»да уларга талаб катта. Аслида, бу муаммони шов-шувларни яхши кўрадиган журналистлар ўйлаб топишган.

- Ўзбекистондан бошқа вариант­лар ҳам бормиди?

- Ёшлигимда Бельгияда кўрикда бўлганман. Ўзбекистонга келишимдан аввал Австралияга таклиф қилишди. Аммо ўшанда дунёнинг нариги чеккасига учиб бориш учун пулим йўқ эди.

- Футболчилар бу ердан кўп маош оладиган мамлакатларга борсангиз бўлмасмиди? Фақат Европа эмас, айтайлик, Малайзия ёки Форс кўрфази давлатларига.

- Бир томондан ҳақсиз. Лекин Австралияга учсам, авиачипталар учун кўп пул сарфлашимга тўғри келади. Европага учсам ҳам шундай.

Кейин қаердадир яшаш ва овқатланиш керак. Нигериядан Москва орқали Ўзбекистонга учиб келиш бор-йўғи 2000 долларга тушади. Қолаверса, виза масаласида ҳам айтарли муаммолар йўқ.

Агар Ўзбекистонда яхши ўйнасам, Россия клубларининг эътиборига тушишим мумкин. Шунингдек, бу ерда ҳам рус тилида яхши гаплашишади.

- Ўзбекистонни эсдан чиқармайдиган учта жиҳатни айтиб беринг?

- Меҳмондўстлиги бўлса керак. Бу ерда яхши инсонлар яшашади. Менимча, шунинг ўзи етарли.

- Ўзбек паловини татиб кўрдингизми?

- О, жуда мазали. Айнан бугун едим. Бу ернинг таомларини яхши кўриб қолдим, айниқса, паловни.

P.S.: Интервьюдан бир кун ўтиб, «Зомин»нинг Саймон Аконг билан шартнома имзоламагани ҳақида хабарлар чиқди. Бунга битимнинг нерентабеллиги клуб бюджетига зарар келтириши сабаб қилиб кўрсатилган.

Саймоннинг эса меҳмонхонада туриши учун бир кун вақти қолганди. Ўша куни Фарид билан «Фейсбук»даги постимизга самарқандлик бир инсон жавоб қайтарди. Айни кунда Саймоннинг тўрт кун меҳмонхонада яшаши учун пул тўланган.

Евдоким РАИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz