Қайднома

Қидирув

Хитой футболи мўъжизаси

Хитой футболи мўъжизаси

  13.04.2018 06:43
  0
  208
Хитой футболи мўъжизаси

Элликдан ортиқ футбол майдонлари, 2500 нафар футболчи, Мадриднинг «Реал» клубидан 24 мураббий - буларнинг бари 130 млн. фунт турадиган сарой-академиянинг кичик қисми, холос.

Сўнгги йилларда Хитой жаҳондаги иқтидорли футболчиларни сотиб олишда энг фаол мамлакатга айланиб улгурди. Чин юрти ўйинчиларга юқори маошга эга шартномалар таклиф этяпти.

Аммо бу билан хитойликлар маҳаллий футболчиларга эътибор қаратишмайди, дейиш нотўғри. Мисол учун, «Гуанжоу Эвергранд» ўз истеъдодларини тарбиялашга йирик маблағ ажратмоқда.

Натижада, мазкур клуб 50та футбол майдони ҳамда 2500 талабадан иборат йирик академиясига асос солди. 300 акр майдонни эгаллаган ушбу мактаб қурилиши учун 130 млн. фунт сарфланди.

Асосий мақсад - Хитойнинг жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишида кўмаклашиш. Агар Чин юртининг айни пайт жаҳон рейтингида Боливия ва Албания сингари давлатлардан ортда қолган ҳолда, 65-ўринни эгаллаб турганини инобатга олсак, бу ният бироз ғалатидек туюлиши мумкин.

Шунга қарамай, сезиларли ўсишни ҳам назардан четда қолдирмаслик лозим - сўнгги йилларда Хитой термаси бирданига 30 поғона юқорилашга эришди. Ҳар куни академиядаги мураббий ва тарбияланувчилар жаҳон кубогининг 12 метрли нусхаси ёнидан ўтишади. Шу тариқа уларнинг мақсадлари аслида нима экани эслатиб туриладигандек, гўё.

Қизиғи, «Гуанжоу Эвергранд»нинг мўъжазгина футбол мактаби атиги 10 ой ичида ҳақиқий футбол марказига айланди.

Албатта, фақатгина академия ва ресурсларнинг ўзи камлик қилади. Бўлажак жаҳон чемпионларини тарбиялаш учун малакали мутахассисларни жалб этиш даркор.

Айнан шу сабаб академия раҳбарияти Мадриднинг «Реал» клуби тизимидаги 24 мураббийни ишга олди. Ушбу ҳамкорликнинг амалга ошишида Хитой ва Ла лига гигантлари ўртасида тузилган келишув улкан аҳамият касб этди. Таржимонлар мунтазам равишда қўлланмалар ва китоб-ларни хитойчага ўгириш билан шуғулланишади.

2016 йили мураббий Серхио Диас хитойлик ёшлар тўғрисида қуйидагича фикр билдирганди: «Сезишимча, бу болаларда техник салоҳият етарли. Тактика ва қарор чиқариш бўйича эса ҳали кўп ишлашга тўғри келади».

Сўнгги бир неча йил мобайнида академияга «Реал» президенти Флорентино Перес ҳамда шахсан Криштиану Роналдунинг келиши тарбияланувчиларни қувонтирди. Нархлар ҳақида гап кетганда, мамлакатнинг энг яхши академиясидаги йиллик ўқиш ота-оналарга 60 минг юанга (9,5 минг доллардан кўпроқ) тушади.

Дарҳақиқат, кичик сумма эмас. Аммо тўлов амалга оширилгач, ёш футболчилар нафақат миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганишади, балки бассейн, кинотеатр, кутубхона ва тренажёр залларидан ҳам фойдаланиш имконига эга бўлишади. Бундан ташқари, улар баскетбол, теннис ҳамда волейбол билан шуғулланишлари мумкин.

Таълим маскани директори Лью Йаньяннинг таъкидлашича, унинг йирик академияси ва Хитой футболи ривожланиши учун ҳали анча вақт керак бўлади: «Мана кўрасиз, кейинги беш йил ичида бизнинг футбол яхши томонга ўзгаради.

Камида Осиёнинг энг кучли миллий жамоасига айланамиз. 20-30 йилдан кейин эса Хитой жаҳоннинг энг кучли термаларидан бири бўлади». Тўғри, ҳозирча хитойликлар Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритолмаган жамоалар - Уэльс (0:6) ва Чехияга (1:4) ютқазишди.

Аммо бундай академия ва ривожланишга бўлган кучли иштиёқ билан Чин юрти вакиллари катта ютуқларга эришишлари муқаррар.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.