Қайднома

Қидирув

Суперлигадаги илк «калла»

Суперлигадаги илк «калла»

  14.04.2018 06:47
  0
  773
Суперлигадаги илк «калла»

Суперлига деганлари менга жуда ёқиб тушди.

Авваллари юрган эканмиз чемпионатимиз бор, деб. Олий лигада ўйин бўлиб ўтганини биров билиб, биров билмай қоларди. Янгича форматдаги мусобақанинг эса қайси турини олманг, бўлмаганда икки-учта «сюрприз» учраб туради-да.

Гоҳ шов-шувли ҳисоб қайд этилса, гоҳида можаролар бошланиб қолади. Ҳакамларнинг-ку «шўрига тўкилган шўрва» бўлди бу Суперлига. Хуллас, қизиқиш зўр. Айниқса, 5-тур даҳшатли ўтди.

Бухородаги «Бухоро» - «Пахтакор» ўйинини «ҳазм» қилиб улгурмасимиздан, Тошкентда ундан зўрини кузатдик. «Локомотив» - «Қўқон-1912» ўйинини кўргандирсиз?

Кўрган бўлсангиз ҳам расамадисини келтириш учун бирров эслаб ўтсак. Ўша ўйинда «Локомотив» ҳужумчиси Нивалдо қилган иш ҳали кўп тилга олинади. Ахир ўзи бўладими: аввал йўқ жойдан қизил карточка олди, кейин эса...

Хуллас, бразилиялик ҳужумчи томонидан «Қўқон-1912» дарвозабони Ўткир Юсуповга қўйилган «калла»ни ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ. Бунақаси бир Зиданда ва... Нивалдода бор. Шахсан ўзим шунча йил футбол ичида юриб, бунақасини иккинчи марта кўриб турибман.

Аслида, бу ўйинда ғалабага жуда муҳтож бўлган «Локомотив» қийналиб турганди. Бразилиялик ҳужумчининг ҳурмача қилиғи эса «дард устига чипқон» бўлди.

Нивалдо аввалига 89-дақиқада қўқонликлар ҳимоячиси Мирко Милич билан жанжаллашиб, ҳакам томонидан четлатилди. Агар ўшанда Нивалдо шунчаки, майдондан чиқиб кетганда, балки жабрдийда сифатида кўпчиликнинг ҳурматига лойиқ бўларди. Бироқ унинг кейинги қилиғи ортиқчалик қилди.

«Қўқон-1912» дарвозабони Ўткир Юсупов қанот ҳакамига вазиятни тушунтираётган вақтда Нивалдо «калла» қўйди. Чин маънода калла қўйди.

Келинг, энди шу ўринда ўша «калла»га нима сабаб бўлганини бевосита иштирокчилардан сўраб, билиб олсак. Ахир Нивалдо ўз-ўзидан Юсупов билан хусуматга бормагандир?! Ўйиндан сўнг бразилиялик ҳужумчи билан боғландик ва нима учун бундай бўлгани билан қизиқдик.

- Футболчилик фаолиятим давомида ҳали ҳеч қачон бундай ирқий камситишга учрамаганман. Қаерда тўп сурмай, доим оғир-босиқлик билан ўйнаганман.

Бунақаси мен билан биринчи марта рўй беряпти. «Қўқон-1912»га қарши кечган учрашув жуда оғир ва қийин ўтди. Камига ўйин давомида рақиб ҳимоячиси («Қўқон-1912» клубининг сербиялик ҳимоячиси Марко Милич назарда тутилмоқда - «ИнтерФутбол» изоҳи) мени ҳақорат қилди. Охир-оқибат ўзимни тутиб тура олмадим ва унга жавоб қайтариб, қизил карточка олдим.

Шундан сўнг рақиб дарвозабони ҳам менга ёмон муносабатда бўлди. Бу сафар ҳам эҳтиросларимни жиловлай олмай, унга нисбатан куч ишлатдим. Тўғри, бу менинг айбим. Ўзимни босиб олишим керак эди.

Аммо очиғини айтсам, фаолиятимда биринчи марта шундай ҳолатга тушяпман. Ҳозирга қадар ҳеч қачон бундай ҳақоратларни эшитмаганман, - дейди Нивалдо.

«Локомотив» ҳужумчиси биз билан бўлган суҳбатда айнан қандай ҳақоратли сўзлар ишлатилганини айт­мади. Аммо ишонинг, бу айблов анча жиддий.

Масалан, Марко Милич билан суҳбатда бўлганимизда, у айнан қайси сўзни айтмаганини очиқ билдирди. Умуман, сербиялик ҳимоячи билан суҳбатимиз у қадар узоқ давом этмади ва «Қўқон-1912» матбуот хизмати орқали олинган мана шу икки қатор сўз билан чекланишга мажбурмиз:

«Унга ёмон сўз айтганим йўқ. Шунчаки, футбол ўйнадим - тўпни эгаллашга интилдим, курашдим, югурдим, тортишдим... Мен фақат футбол ҳақида ўйладим, бошқа нарсага вақт ҳам бўлмади», - дейди Марко Милич.

Ўткир Юсупов эса бу борада шундай дейди: «Ҳеч қандай ҳақоратли сўзларни ишлатганимиз йўқ. Учрашувни телевизор орқали бўлса ҳам томоша қилганлар кўришган, мен шунчаки, қанот ҳакамини чақириб, унга айнан ким қоида бузганини кўрсатмоқчи бўлгандим.

Ўша вақтда қанот ҳаками ҳам, бош ҳакам Валентин Коваленко ҳам ёнимда турганди. Нивалдони ҳақорат қилмаганимга улар гувоҳ бўлишлари мумкин».

Кўриб турганингиздек, Марко Милич ҳам, Ўткир Юсупов ҳам ҳақоратли сўз ишлатмаганликларини айтишмоқда. Албатта, ҳеч ким айбни бўйнига олгиси келмайди ва дабдурустдан ҳаммасига ойдинлик киритиш қийин.

Биз фақат шуни таъкидлашимиз мумкинки, «Локомотив» - «Қўқон-1912» (1:1) ўйинини бошқариб борган ҳакам Валентин Коваленко дарҳақиқат, ўйин ҳисоботида Нивалдо шаънига ҳақоратли сўзлар айтилганини қайд этмаган.

Ўтган ҳафта ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси мазкур учрашувда кузатилган вазият сабаб Нивалдони 5та ўйинга дисквалификация қилиб, қўшимчасига 25 миллион сўм миқдорида жарима жазоси қўллади.

Шунақа. Агар бу иш ўз вақтида кўриб чиқилиб, чора кўрилмаганда, нафақат Суперлига, балки ўзбек футболи обрўйига ҳам яхши таъсир ўтказмаслиги аниқ эди. Аммо ЎФА тезкор равишда вазиятга тегишлича муносабат билдирди.

Бу эса ишга профессионалча ёндашилаётганининг яна бир намунаси. Ассоциация Тартиб-интизом қўмитаси ўз қарорлари билан футболчилардан ҳам айнан шуни талаб этмоқда. Умид қиламизки, келгусида бундай «калла» қўйишлар бошқа учрамайди.

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz