Қайднома

Қидирув

Меҳмонхоналар бўйича ҳам тенгликка эришган Месси ва Роналду...

Меҳмонхоналар бўйича ҳам тенгликка эришган Месси ва Роналду...

  16.04.2018 06:43
  0
  3399
Меҳмонхоналар бўйича ҳам тенгликка эришган Месси ва Роналду...

Газетамизнинг аввалги сешанба кунги сонида аргентиналик футбол даҳоси Лионель Месси яна бир меҳмонхона соҳиби бўлгани ҳақида қисқача хабар берган эдик.

Ўйлаймизки, бу борада батафсилроқ билишни истайдиган газетхонлар жуда кўп. Аввало, айтиш керак, Мессининг янги меҳмонхонаси элит тоифага мансуб ва унда лоақал бир кеча тунашга ҳамма ҳам жазм этолмайди.

Меҳмонхона қаерда?

Ибицада. Ўрта ер денгизи соҳилидаги ушбу курорт орол Испания ҳукуматига қарашли. Дам олиш ҳудуди деярли ҳар бир мусиқа шинавандасию, сокин пляж ҳордиғини маъқул кўрувчи кишига машҳур.

Тўғри, жўшқин ҳаёт тарзига мойил сайёҳлар ҳам Ибицани алоҳида қадрлашади. Зеро, оролда вақтни чоғ ўтказишган мўлжалланган кўнгилочар масканлар ва тунги клублар сон-саноқсиз.

Месси харид қилган отелнинг ўзига келсак, унинг номи - Es Vive. Барча қулайликларга эга мажмуа Фигеретас пляжидан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган. Шунингдек, Ибица марказига ҳам анча яқин.

Дейлик, меҳмонхонадан жаҳонга машҳур элит ресторанларга атиги бир неча дақиқада етиб бориш мумкин. Хуллас, Es Vive ҳар томонлама қулай жойда қад кўтарган.

Нимаси қизиқ?

Меҳмонхона биноси бундан нақ 60 йилча олдин қурилган. 2014 йили эса Es Vive қайта лойиҳалаштирилди. Оддий айтганда, отель иккинчи жаҳон урушидан олдин урф бўлган ардеко услуби кўринишига келтирилди.

Мажмуа таркиби жами 52та хонадан иборат. Шунингдек, унинг том қисмида бар бор, улкан бассейн мижозлар ихтиёрида. Алоҳида меҳмонлар учун эса VIP-хизмат турлари йўлга қўйилган.

Хизмат нархи қанча?

Меҳмонхонада бир кун яшаш учун камида 226, кўпи билан 600 евро тўлашга тўғри келади. Демакки, хоналар бир хил эмас. 4 юлдузли мақомга эга отелда «оддий»ларидан кўра, люкс хоналар кўпроқ. Ахир Ибицага асосан бой кишилар боришади.

Брендни кенгайтириш масаласи

Эндиликда меҳмонхона номи бироз узаяди - MiM Ibiza Es Vive. MiM - бу Месси бренди. «Барселона» етакчиси бунгача шу бренд остидаги битта отелга эга эди. Аргентиналик голеадор уни ўтган йили 30 миллион еврога сотиб олган.

Биринчи MiM Испаниянинг Сижес ҳудудида жойлашган. Ўшанда матбуотда Леонинг хариди кенг муҳокама қилинганди. Чунончи, Сижес маънавий бузуқ кишилар макони сифатида танилган.

Меҳмонхона бизнесида ҳам рақобат

Маълумки, айни пайт Лионель Месси ва Криштиану Роналду ҳисобидаги «Олтин тўп»лар сони тенг - ҳар иккиси асосий индивидуал совринни 5 мартадан ютди. Мана энди меҳмонхона бизнеси бўйича рақобатда ҳам тенглик юзага келди.

Португалиялик юлдуз олдинроқ Фуншал (Мадейра) ва Лиссабонда меҳмонхона очганди. Умуман олганда, Криштиану ҳам айнан Ибицадан отель сотиб олишни режалаштираётганди. Бироқ энди бу фикридан қайтган кўринади.

Аммо Роналдунинг меҳмонхона бизнесини кенгайтириш ҳаракати анча жиддий. Ҳар ҳолда, маълумотларга кўра, футболчига тегишли меҳмонхоналарни бошқарувчи Pestana CR7 компанияси бундан 2 ойча муқаддам Мадрид, Марокаш ва Нью-Йорк шаҳарларида отель очишни кўзлаётгани ҳақида баёнот берганди.

Энг қизиғи, Месси ҳам ўз тармоғини айнан Испания пойтахти, Марокаш ҳудуди ва АҚШнинг йирик мегаполисида кенгайтирмоқчи. Кўринишидан, икки футболчи ўртасидаги кескин рақобат янги йўналишларда ҳам давом этади, шекилли.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz