Қайднома

Қидирув

MLS сеҳрига ошуфта қалблар ёхуд океан ортига йўл олган юлдузлар (фотогалерея)

MLS сеҳрига ошуфта қалблар ёхуд океан ортига йўл олган юлдузлар (фотогалерея)

  16.04.2018 00:28
  0
  2954
MLS сеҳрига ошуфта қалблар ёхуд океан ортига йўл олган юлдузлар (фотогалерея)

Мағрур Златан Ибрагимовичга яна бир бора тасанно! Яқиндагина «Лос-Анжелес Гэлэкси» сафига қўшилган ва ўзини оч шерга қиёслаган швед ҳужумчиси жамоа сафидаги илк ўйинидаёқ ажиб гол уриб, бежиз шундай демаганини амалда исботлади.

Умуман, новча футболчи MLSдаги машҳурларнинг каттагина гуруҳини тўлдирди. Мана, қуйидаги фотожамланма айни пайт тобора ривожланиб бораётган лигада қандай юлдузлар тўп суришаётганига оддий далил.

Қаранг, топ-8 шаклидаги элит рўйхатга киритилган ҳар бир футболчи дунё миқёсида танилган ва кўпчиликка таниш...

Бошланиши чакки эмас

Златан Ибрагимович «Лос-Анжелес Гэлэкси» таркибидаги илк ўйиндаёқ ишга тушди. Яъни швед голеадори дебютини «дубль» билан безади. Эътиборлиси, «Гэлэкси» аввалига 0:3 ҳисобида ортда бораётганди.

Златан 77-дақиқада ҳисобни тенглаштирди ва охирги лаҳзаларда ғалабани янги жамоаси томон буриб юборди - 4:3. Муҳими, Ибранинг голларидан бири чинакам шедевр бўлди - чиройли зарба йўллаш айнан унга хос.

1. Эшли КОУЛ (37 ёш) - «Лос-Анжелес Гэлэкси»

Англиялик юлдуз АҚШ футболига 2016 йили юзланган эди. У ҳозирда хотиржам ҳолда тўп сурганча сармоя тўпламоқда. Инглизлар ҳам «Челси» ва «Арсенал»нинг собиқ «қаноти»ни ҳали унутишмади.

Ҳарқалай, Коулни яқинда охирги 25 мавсум юзасидан тузилган АПЛ рамзий терма жамоасига киритишди. Айтганча, Эшлининг ўзи ҳам Лондонни қўмсай бошлаган кўринади - шу ой бошида тез орада ортга қайтиши ҳақида сўз очди.

Қизиқ, у қайси мақомда қайтаркин?

2. Жованни ДОС САНТОС (28 ёш) - «Лос-Анжелес Гэлэкси»

Ака-ука Дос Сантосларда суперюлдузга айланиш имконияти етарли эди. Зеро, ҳар иккиси барчасини буюк «Барселона»да бошлади. Хусусан, Жованни мавсум-2007|2008даёқ каталонияликлар асосий таркибида 28 марта майдонга тушди, бироқ ёш юлдузча шу орада «Тоттенхэм» таклифига «учиб», ўзини «қаҳри қаттиқ» АПЛга рўбарў қилди.

Англияда Роман Павлюченко билан бирга ўйнаган тўнғич Дос Сантос ҳарчанд уринмасин, айтарли каромат кўрсатолмади. Кейин Европанинг бир қатор ўртамиёна клубларида қайта бош кўтаришга ҳаракат қилдию, бунинг уддасидан чиқолмади.

Хуллас, юзидаги табассуми билан Роналдиньони эслатиб юборадиган йигит 4 мавсумдан буён АҚШда ризқ термоқда.

3. Хонатан ДОС САНТОС (27 ёш) - «Лос-Анжелес Гэлэкси»

Хонатаннинг футболча тақдири худди акасиникидек. «Барселона»нинг бир неча ўйинида иштирок этган йигитча яхшиликдан яхшилик қидириб, «Вильярреал»га йўл олди ва маълум муддат яна акаси ёнида тўп сурди.

Бироқ Примеродаги 100 ўйин ҳам унга суперклуб учун трамплин бўлгани йўқ. Қисқаси, таклиф кутишга сабри чидамаган Хонатан океан ортига парвозни пайсалга солмади.

Зеро, Лос-Анжелес клуби унга бинойидек маош ваъда қилганди. Ҳа, MLS савияси унча баланд эмас, аммо Хонатан яна акаси билан бирга.

4. Маркос УРЕНЬЯ (28 ёш) - «Лос-Анжелес»

Коста-Рика футболи вакили айниқса, россиялик мухлисларни чинакамига ҳайратлантиргани рост. Ахир бир неча йил «Кубан»да сокингина тўп сурган ва Россия премьер-лигасида ҳаттоки, голлари ҳисобини очолмаган Уренья ЖЧ-2014 кашфиётларидан бирига айланди.

Коста-Рика термасининг 1|4 финалга чиқишига катта ҳисса қўшган Маркос (у жумладан, уругвайликларга қарши ўйинда гол урганди) мундиалдан кейин Данияга йўл олди.

У Скандинавия мамлакати чемпионатида ҳам худди Россияда бўлгани каби яққол ажралиб турмади - бир неча мавсумда атиги 5та гол. Лекин камтарона статистикаси АҚШдан таклиф олишига етарли бўлди. Уренья эндиликда кимсан Ибрагимович билан битта шаҳарда яшайди. Ҳа, унга катта статистика керак эмас...

5. Себастьян ЖОВИНКО (31 ёш) - «Торонто»

Италиялик митти - жаҳон футболидаги ноёб топилма. «А» сериясида деярли 10 мавсум ўйнаган Себастьян орада бироз танаффус олиб, кейин яна жонажон клуби - «Ювентус»га қайтди.

Муҳими, иккинчи уринишида ҳам яхшигина таассурот уйғотди. Тўғри, 2 йилдан кейин Туринда илк омадсиз мавсумга йўлиқдию, дарҳол океан ортига равона бўлди.

Ўшанда ҳали 30 ёшга ҳам тўлган эмасди. Хуллас, Жовинко 2015 йилдан буён «Торонто»да. Маҳсулдорлиги эса кўпчилик ҳавасини уйғотади: ўртача ҳисобда ҳар мавсум чамаси 20та гол урмоқда.

6. Карлос ВЕЛА (29 ёш) - «Лос-Анжелес»

Европанинг бақувватгина клубида ҳеч қандай муаммосиз муносиб жой топиш иқтидорига эга бўлган яна бир футболчи. Ҳа, Вела ва Жовинкони ўзаро қиёслаганда, ўртада катта фарқ бор.

Биринчидан, Карлос европалик эмас, иккинчидан, у топ-клубда унча кўп ўйнамаган. Умуман, Мексика вакили вақтида «Арсенал»да Андрей Аршавин билан бирга тўп сурган, аммо ёрқин нур сочолмаган.

Хуллас, АПЛда саноқли гол урган Вела кейинчалик «Реал Сосьедад» сафига қўшилиб, унинг бош юлдузига айланди. Ҳар ҳолда, Испаниядаги 6 йиллик фаолияти давомида ўз номига 69та гол ёзиб қўйди ва ҳақли равишда MLS клубидан манфаатли таклиф олди. Фақат бир томони шуки, унинг футболдаги энг яхши даври ортда қолган кўринади.

7. Филипп СЕНДЕРОС (33 ёш) - «Хьюстон Динамо»

Швейцариянинг XXI асрдаги энг машҳур футболчиларидан бири. Спорт формаси нуқтаи назаридан энг юқори чўққига чиққан пайти «Арсенал» фанатлари меҳрини қозонган Филипп Лондон аҳли билан хайрлашгач, «Милан»га ўтди.

Аммо Италияда фаолияти аста-секин хиралашаётгани яққол сезилди. Натижада Сендерос нисбатан камтарроқ клубларда ўйнаш билан чекланди, қолаверса, терма жамоа билан алоқани узди.

Энди эса сеҳрли Америкада шунчаки, ҳаёт завқини сурмоқда. Ҳар ҳолда, русларга хос ном остидаги жамоада ўз ўрнига эга ва яна бир неча йил бемалол футбол ичида қолиши мумкин.

8. ИБСОН (34 ёш) - «Миннесота»

Собиқ «спартакчи» Россиядан кетгач, ўзига маъқул Бразилияда ўйнади, бироқ ҳар йили бир клубдан бошқасига «сакраш»дан чарчамади. Ибсон шундан кейин яна еврофутбол ҳавосини туйиш илинжида Италиянинг «Болонья»си билан шартнома тузди.

Аммо бу уринишидан ҳеч қандай самара чиқмади - атиги 10та ўйиндан сўнг итальянлар ўртадаги келишувни бекор қилишди. Ярим ҳимоячи шу тариқа Бразилияга қайтди ва бир мавсумча ўйнаганидан кейин АҚШга юзланди.

Айтиш жоиз, Ибсон айти вақт «Миннесота»нинг муҳим футболчиларидан бири. Айтишича, у Россиядаги фаолиятини ҳамон илиқ хотиралар билан эслайди, яқинлари эса ҳозиргача ромб шакли бор футболкани кийиб юришади.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz