Қайднома

Қидирув

Испания премьеросида яна 21 та супер ўйин бор-ми!?

Испания премьеросида яна 21 та супер ўйин бор-ми!?

  15.04.2018 15:11
  0
  347
Испания премьеросида яна 21 та супер ўйин бор-ми!?

Ўтган турда Мадриднинг “Реал” клуби “Сантияго-Бернабеу”да ҳамшаҳари “Атлетико Мадрид” билан муроса кўчасини танлашга мажбур бўлди. Натижада “Галлактикос” мусобақа жадвалининг тўртинчи поғонасига тушиб кетди. Икки ашаддий рақибининг очко йўқотишидан фойдаланган “Барселона ” эса улардан яна ҳам узоқлашиб, чемпионлик сари навбатдаги қадамни ташлади.

Энди бу масаланинг деярли ҳал бўлиб улгирганини ҳатто “Реал”нинг персонал мухлислари ҳам тан олишса керак. Чемпионлар лигаси чипталарининг эгалари ҳам деярли аниқ. Сабаби тўртинчи ва бешинчи поғоналарни эгаллаб турган Зидан шогирдлари ва “Бетис” ўртасидаги фарқ нақ 15 очкони ташкил этади. Аммо 31-турнинг марказий баҳсидан сўнг Испаниянинг иккинчи ва учинчи жамоаси масаласидаги интрига жуда ҳам кескинлашди. 

Иккинчи ўринни банд қилиб турган Диего Семёне шогирдларида ҳозирча 68 очко мавжуд. Кеча ўз уйида “Эспаниёл”ни минимал ҳисобда таслим этган “Валенсия” эса 65 очко жамғариб, “Қироллик клуби”дан бир очколик фарқ билан олдинлаб кетди. 

Ҳа, амалдаги чемпионларга бу ёғига осон бўлмаслиги тайин. Чунки улар бирданига иккита фронтда баҳс олиб боряптилар. ЕЧЛку майли, примерода ҳам уларни бир нечта қийин тўқнашувлар кутмоқда, хусуан, “Эл Классико”... “Атлетико Мадрид”нинг ҳам битта “дарди” Ла-лига эмас, аммо улар иштирок этаётган Европа лигаси эътибор ва нуфуз жиҳатидан, дуч келиши мумкин бўлган рақибларнинг даражаси масаласида ЕЧЛ билан баҳслаша олмайди. Бундан ташқари, ички биринчиликнинг қолган етти ўйинида ҳам “Матрасчилар”нинг йўлини тўса оладиган жамоани биз кўрмаяпмиз. “Валенсия” эса бор эътиборини вице чемпионлик масаласига қаратиши турган гап. Чунки бошқа “бош оғриғиқлар”и йўқ ҳисоб. Лекин уларни ҳам кейинги турларда бир қанча мураккаб ўйинлар кутиб турибди. 

Келинг, дастлаб қолган етти турда ўзаро тўқнаш келмайдиган ва иккинчи ва учинчи поғоналар учун кечадиган аёвсиз курашда ғайрат камарини белига боғлаши кутилаётган “Реал”, “Атлетико”, “Валенсия”ларнинг Ла-лигадаги тақвимига бир эътибор қаратсак. 

Зидан ҳамда шогирдларини қолган етти баҳсдан тўрттасида бош қашишга мажбур қиладиган “Атлетик Билбао”, “Барселона”, “Севиля”, “Виляреал”га қарши беллашувлар кутяпти: 

“Малага” – “Реал Мадрид”   (15.04), 
“Реал Мадрид” - “Атлетик Билбао”   (19.04), 
“Реал Мадрид” – “Леганес”     (29.04), 
“Барселона” – “Реал Мадрид”    (06.05), 
“Севилия” – “Реал Мадрид”     (09.05), 
“Реал Мадрид” – “Селта”     (13.05), 
“Виляреал” – “Реал Мадрид”    (20.05).
 

Диего Семёне эса барча грандлар билан орани очиқ қилиб бўлган. Фақат “Хетафе” билан бўладиган сафар учрашувигина аргентиналик мутахассисни жиддий ташвишлар гирдобида қолдириши мумкин:    “Атлетико Мадрид” – “Леванте” (15.04), “Реал Сосьедад” – “Атлетико Мадрид” (19.04), “Атлетико Мадрид” – “Бетис” (22.04), “Алавес” – “Атлетико Мадрид” (29.04), “Атлетико Мадрид” – “Эспаньол” (06.05), “Хетафе” – “Атлетико Мадрид” (13.05), “Атлетико Мадрид” – “Эйбар” (20.05). 

“Кўршапалаклар” олдида эса кейинги турда “Барселона” ва 6-май куни “Виляреал” каби жиддий “тўсиқлар” турибди: “Барселона” – “Валенция” (14.04), “Валенсия” – “Хетафе” (18.04), “Селта” – “Валенсия” (21.04), “Валенсия” – “Эйбар” (29.04), “Виляреал” – “Валенсия” (06.05), “Жирона” – “Валенсия” (13.05), “Валенсия” – “Депортиво” (20.05). 
Кўриб турганингиздек, “Реал” ҳамда “Валенсия”ни олдинда бир нечта қийин учрашувлар кутиб турибди. “Атлетико”нинг “ташвиши” эса бир мунча енгилроқ. Уларни фақат “Бетис” ва “Хетафе” масаласи жиддийроқ ўйлашга мажбур қилиши мумкин. Чунки бу мавсум мазкур икки жамоа анча яхши ўйин кўрсатмоқда. Бироқ уларнинг “Барселона”, “Севилья” ва “Виляреал” олдида бироз “Камтарроқ кўриниши ҳам рост.” Зидан эса Мадрид дербисига танлаган таркиби билан кўпроқ ЕЧЛ ҳақида ўйлаётгандек кўринмоқда... 

Юқоридаги сабабларни инобатга олсак, вице чемпионлик масаласида имконият “Матрасчилар”да кўпроқдек туюлмоқда. Учинчи ўрин мавзусида эса қанчалик оғир ўйинлар олдида турган бўлмасин, Мадрид грандининг имкониятлари бироз юқорироқ. Сабаби биринчидан, бу ерда ҳалиям Зидан ишлаяпти, иккинчидан, Криштиано Роналдо ўзининг даҳшатли формасига кириб улгурди, учинчидан, таркиб, тажриба, анъаналар масалсида амалдаги чемпионларнинг имкониятлари юқорироқ, тўртинчидан, клуб мавсум сўнггига келиб, ўзининг максимал тезлигига чиқди. 

“Реал”, “Валенсия”, “Атлетико” – учаласи ҳам ҳозир мавсумдаги энг яхши ўйинларини ўтказяпти. Чунки “Қироллик клуби” кетма-кет беш, Семёне шогирдлари тўрт (орада “Барса”га сафарда минимал ҳисобда ютқазганини инобатга олмасак, унгача кетма-кет тўққиз баҳсда), “Кўршапалаклар” эса қаторасига тўққиз турдан буён чемпионатда мағлубият нималигини билмай келмоқдалар. Шу маънода уларнинг иккинчи ва учинчи поғона учун курашлари жуда муросасиз бўлиши аниқ. Лекин бу кураш ўзаро ўйинларда эмас, юқоридаги учлик иштирокидаги қолган барча тўқнашувларда ўзини намоён қилади. Ишонинг, бизни Ла-лига доирасида нақ 21 та супер ўйин кутиб турибди. Биз имкониятлар ҳақида фикр юритдик, холос. Ким нечанчи бўлишини эса вақт кўрсатади. Зеро, майдон текис, тўп юмалоқ... 

 Ойбек Ҳайдаров ЎзА


Манба: uza.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz