Қайднома

Қидирув

Миллий терма жамоамиз ташвиши

Миллий терма жамоамиз ташвиши

  22.04.2018 06:41
  0
  834
Миллий терма жамоамиз ташвиши

Ўтган ҳафта Суперлиганинг навбатдаги тури олдингиларидан бироз фарқланиб, ўйинлар чоршанба-пайшанба кунлари ўтказилди.

Шу боис, бугун ҳафта якунидаги одатий мавзуларни бир четга суриб, ҳаммамиз учун бирдек УЛУҒ саналган, у тилга олинганида, барча Чемпионлар Лигаси-ю, миллий чемпионатлар, борингки, ўзгарган Суперлигамиз ҳам ортларда қолиб кетадиган МИЛЛИЙ ТЕРМА ЖАМОАМИЗ ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Аввало, оғриқли ва айни пайтда ҳақли саволни ўртага ташлайлик: «Хўш, ўзбек футболи муваффақиятсизлигининг асл сабаблари нимада? Нега биз 20 йил давомида 6 марта жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашдик ва БИРОН МАРТА мундиалга чиқолмадик?»

Дарҳақиқат, оғриқли ва аниқ жавоб бериш мушкул бўлган савол. Тарих эсга олинган онларда буюк бир ўкинч ичимизни тирнаса ҳам, биз бу саволга жавоб қидираверамиз, қидираверамиз... Хўш, нега?

Кейинги пайтларда мамлакатимиздаги бутун футбол оммаси - аввало журналистлар, кейинги ўринларда мутахассислар, мухлислар, қолаверса, ўйинчи ва мураббийларнинг ўзлари ҳам футболимизда КАТТА ЎЗГАРИШЛАР амалга оширилганини бот-бот таъкидлаётган бўлсаларда, бугун бунга қўшимча бир фикрни илгари сурмоқчиман: теварак атрофини ҳисобга олмаганда, ҳақиқий футболимизнинг ўзи ҳозирча БИРОР ҚАДАМ илгари силжигани йўқ.

Шахсан ўзим яқин 3-4 йил ичида жуда катта ривожланиш кузатилишига ишонмайман (миллий термани ҳаттоки, Кейруш қабул қилиб олган тақдирда ҳам). Аслида жуда-жуда ишонгим келади, лекин ишонолмайман. Оғир бўлсаки, буни айтиш керак...

Аввало футболимизни тубдан ўзгартиришимиз лозим. Хатоларимизни аниқ ҳисоб-китоблар, рақамлар ва фактлар асосида баралла кўрсата билишимиз шарт. Хусусан, қайси жиҳатларда Осиё грандларидан орт-да қолаётганимизни аниқ топиб, шулар устида бош қотиришимиз талаб этилади. Ҳаммамиз! Барчамиз!

Футболимизга шундай талаб қўйилиши керакки, барчанинг ёқимтойи Одил Аҳмедов асосий таркибга кириш учун катта муаммога дуч келсин. Тушуняпсизми, масаланинг моҳиятини? Бунда сардоримиз энг оптимал спорт формасида бўлган кезларни назарда тутяпман.

Бошқача айтганда, терма жамоада камида 11 нафар Аҳмедов даражасидаги футболчи бўлиши керак. Камида!

Бу фикрларим билан Одилнинг шахсиятига тегмаганимга, аксинча, унинг ўзи ҳам худди шундай футболни, худди шундай терма жамоани орзу қилишига заррача шубҳам йўқ. Айнан шундай ҳолат юзага келсагина сардоримизнинг кўзидаги алам ёшлари севинч томчиларига алмашади. Алмашган бўларди!

Энди яна бироз ортга қайтсак... Самвел Бабаян. Вақт ўтиши билан асаблар жойига келар экан. Ҳамма нарсанинг реал кўриниши албатта, маълум муддатдан сўнг аниқлашади. Бу инсон тузган терма жамоа, унинг кўрсатган ўйинлари ҳам тоғдек салбий фикрларга муносиб эмасди, аслида.

Қайси маънодаки, миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 йўлидаги курашиш кучи деймизми ёхуд салоҳиятими, олдинги - 2014, 2010, 2006 ва ҳаттоки, 2002 йилги мундиаллардагидан юқорироқ эмасди. Фақатгина Бабаян кичик бир хатога йўл қўйди: ўша машҳур «Бу - футболимиз тарихидаги энг кучли терма жамоа» иборасини ишлатиб юборди.

Бу гаплар ўз вақтида кимнидир руҳлантирди, албатта, бироқ айримлар ғашига теккани ҳам ҳақиқат. Аммо ўша пайтлар терма жамоамизнинг ишлари «5» эди. Кетма-кет ғалабалар унинг ишига халал бермасди. Аслидачи?

Бабаян қўл остидаги футболчиларни умумлаштирилган даражада солиштирсак, ундан олдин термамизда ишлаган Абрамов, Қосимов, Хоугтон, Гёде, Сальков ва ҳоказолар эга бўлган футболчилар савия бобида баландроқ бўлишса борки, асло паст эмасдилар. Бу ерда Бабаян мунтазам майдонга туширган (танқидга учраган!) футболчилар ҳақида гапирилмади, бу алоҳида масала.

Демак, умумий хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, биз 20 йил давомида футболимизни деярли бир маромда ушлаб турдик. Фақатгина олға қадам ташлашни уддалолмадик, Осиё грандларидан бирор жабҳада бўлсин, ўзиб кетолмадик.

Япония, Жанубий Корея, Эрон, Саудия тўртлиги ва ЖЧ-2006дан кейин бу квартетга қўшилган Австралия термалари ҳозиргача бизни ҳар томонлама мағлуб этмоқда, бошқалардан заиф эканлигинг-ни тан олиш ҳам марднинг иши. Ҳозирги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар таъсирида ҳаммамизда келажакка умид, яхшигина умид уйғонмоқда, албатта.

Лекин танганинг орқа томони ҳам борки, бу бизни турли фикр-лар томон чорлайди. Яна 3 йилдан кейин, аниқроғи, 2022 йил остонасида жамоамизни қандай тақдир кутиб турибди? Вақт тўхтамай ўтаркан-кетаркан, ҳадемай яна шу кунларга етиб келамиз...

Яқинда Марокаш термасига қарши кечган ўйинимизда кўпчилик оддийроқ кузатган ҳолатни жуда синчиклаб таҳлил қилиб чиқдим. Иккинчи гол-ку майли-я, лекин биринчиси йўқ жойдан вужудга келгани роса тортишиладиган мавзу. ...Мен математиклар оиласида улғайганман, отам ҳам, онам ҳам мактабда 30 йил шу фандан дарс берганлар.

Ўзим бошқа соҳа (соҳалар)га кириб кетганим билан барибир, математиклик қонимда бор. Эсимда, ёшлигимизда Миржалол Қосимовнинг футбол мактабига қандай боргани ҳақида газета-журналларда ёзишарди.

Футболчининг отаси Қўшоқ ака кичкинагина Миржалолнинг «Чиғатойда футбол мактаби очилибди, мени ҳам олиб боринг», деган илтимосига дарров кўнмагани, аввало, ўқишларини янада яхшилаши, кейингина ўйлаб кўришини маълум қилгани ўша пайт-да энди-энди миллионлар ўйинига қизиқиши ортаётган мактаб ўқувчилари ёдида муҳрланган бўлиши керак.

Воқеалар ривожи эса тахминан шундай давом этган: футболга шу йўл билангина бора олишини пайқаган Миржалол дарсларига янада эътибор бериб, ўқишини олдингидан ҳам кучайтирган.

Шунда ҳам отаси ҳадеганда футболга олиб боравермаган, Миржалолнинг мактаб-интернатда ҳам ўқишлари пасайиб кетмаслигини таъминлашга сўз беришини, буни уддалай олсагина футболга беришини айтган. Ёш Миржалол севикли падари сўзларини бутун ўқиш давомида ўз ёдида сақлаб юрдики, ундан қандай футболчи чиқди! Мен юқорида фанни нега тилга олдим?

Миржалолда рус шарҳловчилари таъбири билан айтганда «математическая точность», яъни «математик даражада аниқлик» бор эди. Жарима тўпларидан қойилмақом фойдаланишида, ҳужумчини якунловчи «пас» билан таъминлашида ана шундай ҳисоб-китобларнинг фойдаси катта бўлган, менимча. Яқинда шу фикрга қўшимча қувватловчи далилга дуч келдим.

Матбуотда «Навбаҳор» ярим ҳимоячиси Азиз Турғунбоевнинг онаси билан уюштирилган суҳбат берилди. Унда бахтиёр она  Азизнинг мактабда деярли барча фанлардан аъло баҳога ўқиганини тилга олган. Ўзи анчадан бери шу болада бир нималарни сезиб юрганимни айтсам, устимдан кулишлари мумкин, зеро, ўша «бир нималарни» жуда кўпчилик пайқаб улгурди.

Фақатгина яна нималардир етишмаяпти Азиз учун. Бир қарасангиз, ташқи кўринишидан Роналдуни эслатиб юборадиган бу йигитни аввало, Қосимов ёки Аҳмедов даражасидаги футболчи бўлиб етишишини ҳаммамиз истаймиз, кўз тегмасин.

Лекин бунинг учун ҳали жуда катта меҳнат борлигини инкор этмаслик керак. Зеро, порламасдан сўнаётган юлдузларимиз («юлдуз болакайларимиз») ниҳоятда кўплиги бизни миллий терма жамоамиз келажаги нуқтаи назаридан ташвишга солади.

Энди яна бир қизиқ ҳолат, буниси энди ўзим 100 фоиз иштирок этган воқеалар асосида чиқарилган хулоса. Мактабда синфдошларимга нисбатан жисмоний ҳолатим пастроқ бўлсада, футбол ўйинлари пайти шу камроқ кучимдан ҳам максимал даражада фойдаланиб, кўп ҳолларда яхши натижаларга эришардим.

Кейинроқ аниқроғи «Ўзбекистон футболи» газетасида ишлаб юрган кезларим бунга яна бир бора амин бўлдим. Турли газеталарда ижод қилувчи журналист йигитлар доимо бирга футбол ўйнашарди, мен кам борардим. Ҳаттоки, борганда ҳам, ёмон ўйнашимни рўкач қилиб, майдонга тушмасдим.

Бир четда томоша қилиб, қайтиб келардим. Бир куни нимадир бўлди-ю, мен ҳам оз-моз ўйнадим. Ўйин тугагач, ҳамкасбларимдан бири ҳайратини яширмаганди: «Бекзод, туппа-тузук футбол ўйнаркансиз-ку, нега доим ёмон ўйнашингизни айтасиз...?» Мен эса бор ақлу-кучимни ишлатиб, қолаверса, жамики қўшимча имкониятларимдан ҳам фойдаланган ҳолда ўйнаган бўлсам керак, деб ўйлайман.

Бу ҳолат футболда концентрация деб аталади. Ўзбек футболи матбуотида концентрация ибораси деярли ишлатилмаяпти, лекин мақолада бошқа сўзлар билан ифодаланган пайтда бу ҳолатни тўлиқ кўрсатиб бериш мушкул, менимча.

Хуллас, билим, ақл ва концентрацияни бир вақтга тўғрилаб майдонга тушиш, ана шу уч асосий омилга атиги 90 дақиқа (баъзи ҳолатда 120 дақиқа) қаттиқ риоя қилиш - албатта, футболимизга, барча футболчиларимизга катта ютуқ олиб келган бўларди. Зеро, жисмоний куч уларда керагидан ортиғича бор.

Энди юқорида тилга олинган Марокаш - Ўзбекистон баҳсига бироз тўхталсак. Ҳа, ўша қўйиб юборилган биринчи гол. Хўш, аслида нима бўлган эди? Аввало, расмларга бир нигоҳ ташланг. Бу ерда голга сабаб бўлган ягона омил - якуний зарбани берган футболчига узатилган «пас»нинг вужудга келиши тасвирланган.

Аввало, 1-расмдаги стрелка билан кўрсатилган қанот ярим ҳимоячисининг жойлашувига яхшилаб эътибор беринг. Бу - ўша голга ассистентлик қилган футболчи. Узоқдан берилган зарбани дарвозабонимиз бартараф этаётган пайт у худди шу масофада эди.

2 ва 3-расмлардан кўринмоқдаки, тўпга югураётган ҳимоячимизга нисбатан марокашлик футболчи деярли икки ҳисса тезроқ ҳаракатланган.

Бу ерда вазиятнинг кульминацион нуқтасига эътибор қаратиш ўринли: 5 ва 6-расмларда рақиб футболчиси ўз ҳаракатининг охирги сонияларида шундайин махсус «манёвр» билан ишлаганки, ҳаттоки, «чиқмаган жондан умид» қабилидаги тепиш ҳам қўл келиб, тўп ҳимоячимизнинг оёқлари орасидан ўтиб кетган.

Бу ерда аслида марокашлик футболчининг юкидан кўра, бизнинг ҳимоячимиз олдидаги вазифа осонроқ эди. Тўпга олдинроқ етиб бориш ва уни исталган томонга тепиб юбориш. Лекин юқорида айтилганидек, тезлик, айниқса, энг керакли пайт ишлатилиши лозим тезликнинг йўқлиги гол қўйиб юборишимизга сабаб бўлди. Йўқ жойдан қабул қилинган гол...

Марокаш термасига қарши ўйиндаги аламли гол таҳлили аслида шу ерда якунланиши мумкин эди, бироқ яқинда спорт журналисти Хайрулла Ҳамидов билан тортишувимиз яна бир қизиқ маълумотни тақдим этди бизга.

Унинг фикрича, голда кўпроқ дарвозабонимиз айбдор. Мен ўзимча мақолада келтирилаётган расмларни кўрсатиб, фикримни ҳар қанча исботлашга уринмайин, Хайрулла ака шахсий позициясини заррача ўзгартирмади: «Дарвозабон тўпни ҳеч бўлмаганда, бурчакка чиқариб юбориши керак эди».

Бунга қўшимча равишда Темур Кападзенинг ҳам голга кўпроқ дарвозабон айбдор бўлгани ҳақидаги гапларидан иқтибос келтирди.

Хуллас, мағлубиятимиз, қўйиб юборилган голлар хусусида турли фикрлар, турли қарашлар.

Лекин энг ёмони шуки, биз барча ўйинлар - хоҳ расмий мусобақаларда бўлсин, хоҳ ўртоқлик ўйинларида ҳозирча асосан мағлубиятга учрамоқдамиз.

Миллий терма жамоа тақдири бизни ҳар қандан ҳолатда - энг яхши кунларда, энг аламли мағлубиятлар орқасида, ҳаттоки, ҳеч бир мусобақа бўлмаётган пайтда ҳам бефарқ қолдирмас экан, бугунги мақола бунга яна бир бор мисол. Шундай экан, миллий термамиз ҳақида қайғураверамиз, қайғураверамиз...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz