Қайднома

Қидирув

BBC триоси нархи – 3 миллиард евро ёхуд Испания футболига клаусула нимага керак?

BBC триоси нархи – 3 миллиард евро ёхуд Испания футболига клаусула нимага керак?

  24.04.2018 06:49
  0
  3458
BBC триоси нархи – 3 миллиард евро ёхуд Испания футболига клаусула нимага керак?

«Clausula» сўзи испанчадан таржима қилганда «махсус шарт» маъносини беради. Ушбу атама ўтган асрнинг 80-йилларида юридик соҳадан кириб келган.

Ўшанда Испания Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги (ҳозирда Бандлик ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги деб аталади) профессионал спортни тартибга солиш билан шуғулланганди. Йўналиш бўйича бир нечта қарорлар чиқарилди.

Клаусула - футболчини тайёрлаган ёки у билан амалдаги шартномага эга клубга бериладиган компенсация миқдори.

Шу боис ўша клуб зарур пайтда ўзига маъқул суммани белгилашга ҳақли. Аниқроқ айтганда, бу - шартномани муддатидан аввал бекор қилингани учун тўланадиган ҳақ.

Клаусула қандай тизимда тўланади?

Футболчи клуб ва Ла Лигага шартномани бекор қилиш борасида илтимоснома юборади;

Сўнгра харидорнинг пуллари Лига ҳисобига бориб тушади;

Кейин эса клаусула сотувчи-клубга берилади.

Испаниядаги клаусула тўлаш жараёни Жанубий Америка, Португалия ва бошқа мамлакатларникидан айнан шуниси билан фарқланади. Шартномани бекор қилиш бўйича барча ишлар нафақат спорт олами профессионаллари, балки турли давлатлардаги солиқ органлари билан биргаликда муҳокама қилинади.

Барчасига 2016 йилгача амалда қўлланган тизим сабаб бўлган. У клаусулага тўғридан-тўғри таъсир ўтказган. Аниқроғи, музокаралар ўтказиладиган ҳолатлар сонига қараб. Аслида бу тизимга мурожаат этишга ҳожат йўқ эди. Нима учунлигини тушунтирамиз.

Испанияда ҳар хил солиқ турлари мавжуд бўлиб, улар турли даражада солинади. Қуйида фақат давлатга тааллуқли учтасини келтириб ўтамиз:

1. IRPF (Impuesto sobre la renta de las personas fisicas) - федерал ва автоном даромад солиғи;

2. IVA (Impuestosobreelvaloranadido) - қўшимча қиймат солиғи;

3. IS (Impuesto de Sociedades) - корхонафаолиятигасолиқ.

Сўнгги бандга тўхталмай, асосан юқоридаги икки турини трансферлар мисолида батафсил кўриб чиқамиз. Бунинг учун 2013 йили Тьяго Алькантаранинг «Бавария»га қай тариқа ўтганини эслаш кифоя. Ўшанда AS журналистлари ушбу мавзуга тўхталишганди: «Тьягонинг шартномасидаги клаусула 18 миллион еврони ташкил этарди. «Бавария» эса 20 миллион тўлади. Нега?»

Ҳаммаси оддий. Агар мюнхенликлар клаусулани тўлашганида, кейинчалик деярли 50 фоизга тенг IRPFни ҳам тўлашларига тўғри келарди. Натижада трансфер 27 миллионга тушарди. Шу боис Тьягони клаусулага мурожаат этмай, шунчаки, «Барса» билан келишган ҳолда сотиб олишга қарор қилишди.

Мазкур ҳолатда «Бавария» трансферга қўшимча тарзда 24 миллионга тенг IVA (21 фоиз) тўлади. Мадриднинг «Реал» клуби Луиш Фигу ва Серхио Рамос трансферини худди шу тарзда расмийлаштирганди. «Атлетико» эса «Реал Сосьедад»дан Гризманни харид қилишда клаусуладан иқтисод қилган.

Хўш, 2016 йили нима ўзгарди? Гап шундаки, Солиқ бош бошқармаси (Direcciуn General de Tributos) қарорига кўра, клаусулани тўлаш чоғида IRPF ҳамда IVA тўланмаслиги белгиланди. Чунки вазирликдагилар тушуниб қолишди: клаусула - шартноманинг бекор қилиниши учун компенсация, унга солиқ солиниши шарт эмас.

Аслида «ПСЖ» Неймар трансфери учун 330 миллион евро тўлаши керак эди. Шу боис шайхлар иқтисод қилинган 110 миллион учун Испания солиқ идораларига раҳмат айтишса арзийди.

Трансферлар нафақат давлат томонидан тартибга солинади, балки уни лига (LFP), футболчилар ассоциацияси ва бошқалар ҳам назорат қилади. Мисол учун, ўтган йилнинг июлида Неймарнинг трансфери Хавьер Тебасни жиддий ташвишга солди. Аммо вазиятга аралашолмасди - бунга ваколати йўқ.

Хўш, бундай ҳолатларга таъсир ўтказиш имконсизми? Фақатгина регламент талабларини кучайтириб, ўзгартиришлар киритиш мумкин. Мана, «Харидорлик имкониятлари паст жамоалар ҳимояси» бўйича янги модда киритилди.

Шунингдек, Ла Лига регламентининг 10-моддасига киритилган ўзгаришга кўра, эндиликда клаусулага биноан ўйинчи сотиб олган клуб 30 кун мобайнида трансфер ойнаси давридан ташқарида ҳам бошқа бир футболчини харид қилиш имкониятига эга бўлади.

«Реал» ва «Барса»да товон пули миқдори қанча?

Мабодо икки клуб келишувга эришса, клаусулани тўлаш шарт эмаслигини ҳам тушуниш лозим. Шу боис қуйида тилга олинадиган суммалар - кимдир футболчини сотиб олишни хоҳласа, шунчаки «хавфсизлик ёстиқчаси», «суғурта» вазифасини ўташи мумкин.

Айниқса, ушбу масала Неймарнинг «ПСЖ»га трансферидан кейин долзарб аҳамият касб эта бошлади. «Барселона» раҳбарияти дастлаб Мессининг шартномасидаги товон пули миқдорини ошириб, уни 300 миллион еврога етказганди. Аммо кейинчалик кескин бурилиш кузатилди. Энди Леони сотиб олишни хоҳлаганлар 700 миллион евро тўлашларига тўғри келади.

«Барселона» футболчиларининг клаусуласи

Лионель Месси                      700*

Жерар Пике                           500

Сержи Роберто                      500

Усмон Дембеле                     400

Филиппе Коутиньо                400

Луис Суарес                           200

Серхио Бускетс                      200

Андрес Иньеста                     200

Тер-Штеген                            180

Хорди Альба                         150

Иван Ракитич                         125

Паулиньо                               120

Андре Гомеш                         100

Пако Алькасер                      100

Люка Динь                             100

Нельсон Семеду                    100

Томас Вермален                    80

Яспер Силлессен                    60

Самуэль Юмтити                  60

Денис Суарес                         50

Жерар Деулофеу                   35

Изоҳ: * - млн.евро

*********

«Барселона»нинг Неймар билан қандай муаммога дуч келганини кузатган Флорентино Перес «Реал»даги ўйинчиларнинг шартномасидаги бандларни ҳам қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Деярли барча футболчиларнинг клаусуласи ўзгартирилди.

Айримларда сумма бир неча баробарга оширилди. Жаноб Перес-нинг бундай сиёсатини Испания матбуоти «анти-шайх» деб номлади. BBC триосидаги ҳар бир ўйинчининг клаусуласи 1 миллиард еврога тенг. Ваҳоланки, «Реал» президенти Криштианунинг шартномасига айнан шундай миқдорда товон пули қайд этишни ўйлаганди.

Шунингдек, «Кастилья»даги ўйинчиларнинг ҳар бири товон пули 300 миллион ва ундан кўпроқ миқдорда белгиланадиган шартномаларга имзо чекишлари ҳақида гап-сўзлар урчиганди. Аммо ҳозир якуний сумма 30дан 60 миллион еврогача бўлиб турибди.

Яқинда Sport.es журналистлари 1997|1998 йиллар мавсумида кузатилган диққатга молик воқеани ёдга олишди. «Эспаньол» футболчиси Франсиско Лопес клаусула миқдори 70 миллиард песета (421 миллион евро) бўлган клуб билан битим тузди.

Каталонияликлар вакилларидан бири вазиятга тушунтириш бераркан, шу тариқа амалга оширилаётган иш абсурд эканлигини намоён қилиш кўзда тутилганини таъкидлаган.

Мадридликлар рўйхатига Хамес Родригес киритилмаган. Унинг товон пули 500 миллион еврога тенг. «Бавария» ёзда колумбияликнинг шартномасини 42 миллионга сотиб олиши мумкин.

«Реал Мадрид» футболчиларининг клаусуласи

Криштиану Роналду              1000*

Карим Бензема                      1000

Гарет Бэйл                              1000

Марко Асенсио                      700

Иско                                       700

Лука Модрич                         500

Тони Кроос                            500

Дани Себальос                       500

Дани Карвахаль                     350

Рафаэль Варан                       350

Маркос Льоренте                  350

Тео Эрнандес                         250

Кейлор Навас                         200

Начо                                       200

Марсело                                 200

Каземиро                                200

Серхио Рамос                        200

Лукас Васкес                          150

Хесус Вальехо                       100

Кико Касилья                        50

Борха Майораль                    50

Матео Ковачич                      50

Изоҳ: * - млн.евро

Примерадаги қолган клубларда ҳолат қандай?

Ла Лигадаги бошқа жамоаларда ўз ўйинчиларини бу қадар ҳимоялаш ҳолати кузатилмайди. Шунга қарамай, шартномасида йирик миқдордаги клаусула қайд этилганларни ажратиб кўрсатса бўлади.

ТОП-5

(мабодо, қуйидаги рўйхатда бирор жамоани топа олмасангиз, демак ўша клубдаги клаусула нисбатан камроқ ўйинчиларда белгиланган ёки очиқ манбаларда ишончли маълумотлар қайд этилмаган)

«Атлетико». Ёзда Антуан Гризманн «Барселона»га ўтиши мумкин. Ваҳоланки, французнинг шартномаси муддати яна 4 йил амал қилади. Шу боис каталонияликлар 100 миллион евро товон пули тўлашади. Айни пайт клаусула миқдори икки баробарга кўпроқ.

«Атлетико» шу тариқа суғурталанган: жамоага жорий мавсумнинг қишки трансфер ойнасигача янги ўйинчиларни рўйхатга олиш бўйича тақиқ қўйилганди. Ҳозир эса «матрасчилар» менежерлари франциялик ҳужумчининг товон пулини 200 миллион еврогача оширмоқчилар.

Примеранинг 100та ўйинида атиги 54та гол ўтказиб юборган Ян Облак ёзда ва кузда «ПСЖ»га йўл олиши мумкин эди. Аммо парижликларни шартномада белгиланган 100 миллион евро товон пули ўйлантириб қўйди.

«Атлетико» менежментининг асосий ютуғи - Коке ва Сауль билан янги шартнома имзолангани. Битим мос равишда 2024 ва 2026 йилларгача амал қилади. Клуб ва футболчилар ўртасидаги келишувга кўра, товон пули миқдори 150 миллион евро этиб белгиланди.

Диего Коста «Атлетико»даги даст-лабки уч ҳафта мобайнида бир нечта гол урди, қизил карточка олди, жароҳатланди. Кейинчалик у термага қайтишни ҳам уддалади.

Ҳозир Коста Россияга боришга даъвогарлар орасида асосий номзодлардан бири. Унинг шартномасида 200 миллион евро товон пули белгиланган. Витолода эса, шеригидан фарқли ўлароқ, имконият пастроқ. Ушбу футболчининг клаусуласи - 150 миллион евро.

«Атлетико» етакчиларининг клаусуласи

Антуан Гризманн                  200*

Диего Коста                           200

Витоло                                    150

Коке                                        150

Сауль                                      150

Ян Облак                                100

Изоҳ: * - млн.евро

«Атлетик». Ляпортнинг «Манчестер Сити»га трансфер қилиниши - клаусуланинг аслида қандай бўлишига ёрқин мисол. Басклик француз анчадан буён Пеп Гвардиола кузатувида эди, аммо Англияга яқиндагина кўчиб ўтди. «Атлетик» англияликларнинг илтимосини рад этиб, товон пули тўлиқ миқдорда тўланишини талаб қилди.

Ўтган йили басклар посбони Кепанинг «Реал»га ўтиши ҳақида гап-сўзлар кўпайди, аммо кипер Бильбаода қолишини билдирди. Қизиғи, Испания матбуоти Кепанинг «Қироллик клуби»га деярли ўтиб улгургани ҳақида бонг ураётган паллада клуб дарвозабон билан шартномани узайтириб, янги клаусула белгилади - 80 миллион евро.

Шунингдек, Иньяки Уильямснинг шартномасидаги клаусула ҳам анча ўсди. Ҳозир у 80 миллион еврони ташкил этаётган бўлса, якунда ушбу миқдор 108 миллионгача етиши мумкин. Янги келишув етти мавсумга мўлжалланган.

«Атлетик» етакчиларининг клаусуласи

Кепа                                        80*

Иньяки Уильямс                   80

Яго Эррерин                          50

Беньят                                    50

Андер Итурраспе                   45

Икер Муньяин                       45

Изоҳ: * - млн.евро

«Бетис». Севильяликларнинг ҳозирги таркибида асосий ёрқин юлдуз Фабиан Руис ҳисобланади. Ишқибозлар унинг кўплаб камчиликлари - хатолар, омадсиз ҳаракатларига кўз юмишга тайёрлар, ахир у кантерано-ку (шу клуб тарбияланувчиси).

Испаниядаги даражаси юқорироқ клублар, шу жумладан, грандлар ҳам Руисни ўз сафларида кўришмоқчи. Харидорлар орасида «Рома» ва «Вест Хэм» сингари хориж жамоалари ҳам бор. Шу боис уни клаусула орқали ҳимоя қилиш - принцип масаласи. Севильяликлар менежерлари буни ёздаёқ ўйлаб, 15 миллион евро миқдорида товон пули белгилашганди.

Қишда «Бетис»дагилар ушбу футболчининг шартномасидаги клаусула миқдорини оширишни режалаштиришганди. Айни шу паллада ўйинчи ва клубнинг  қарашлари бир-бирига мос келмади. Севильяликлар сумма 50 миллион атрофида бўлишини хоҳлашди. Кантерано ва унинг вакиллари эса клаусула бўйича таклифни икки мартага камайтириб, 20-25 миллион еврога тенглаштириш тарафдори эдилар.

«Бетис»нинг яна бир тарбияланувчиси Хуан Нарваес ҳозир ижара асосида «Кордоба»да ўйнамоқда. Унинг шартномасидаги товон пули ҳам кам эмас - 25 миллион евро.

«Бетис» етакчиларининг клаусуласи

Риёд Бодебуз                         35*

Айса Манди                           30

Антонио Санабрия                30

Зухаир Феддаль                     25

Виктор Камараса                   25

Хуан Нарваес                         25

Изоҳ: * - млн.евро

«Валенсия». 2015 йили Гайя клуб билан шартнома имзолаганида клаусула миқдори 50 миллион еврони ташкил этарди. Айни пайт сумма 40га тенг, кейинги мавсумда эса 30 миллионгача тушиши мумкин.

Бундай паса-йиш - Валенсия клуби ечимини топиши керак бўлган асосий масалалардан бири. Ахир қанот ҳимоячисини ўз сафида кўришни истаганлар бисёр. Шу боис яқин орада Гайянинг шартномасини янгилаш керак бўлади. Акс ҳолда, у арзимаган суммага клубини алмаштириши ҳеч гап эмас.

Икки кантерано - Солер ва Лато билан «Валенсия» жуда тез келишиб олди. Ҳар икки футболчининг клаусуласи 80 миллион еврогача оширилди. Симоне Зазанинг шартномасига 100 миллион евро миқдоридаги клаусула ҳам киритилиши ҳақидаги маълумот расман тасдиқланмаган.

Аммо Валенсия матбуоти ушбу масала деярли ҳал этилганини айтмоқда. Энг катта товон пули Родригода, унинг ортидан Максимович бормоқда. Кейинги қаторлардаги футболчиларнинг аксариятида клаусула 80 миллион еврога тенг.

«Валенсия» етакчиларининг клаусуласи

Родриго                                  120*

Неманья Максимович          100

Нето                                        80

Карлос Солер                         80

Тони Лато                               80

Габриэль Паулиста                80

Изоҳ: * - млн.евро

«Севилья». Серхио Риконинг аввалги шартномаси 2019 йилгача мўлжалланганди. Жорий мавсум арафасида «Севилья» раҳбарияти футболчи билан келишувни 2021 йилгача узайтириб, 40 миллион евро миқдорида клаусула белгилади.

Ушбу дарвозабонга Англия клублари даъвогарлик қилишганди. Аммо эндиликда улардан нафақат клуб, балки кантерано ҳисобланувчи Риконинг ўзига ҳам жиддий таклиф жўнатиш талаб этилади. Худди шундай товон пули Стевен Н`Зонзининг шартномасида ҳам қайд этилган.

«Севилья» етакчиларининг клаусуласи

Серхио Рико                          40*

Стевен Н~Зонзи                    40

Клеман Лангле                       30

Даниэль Каррису                   30

Виссам Бен Йеддер               30

Франко Васкес                       25

Изоҳ: * - млн.евро

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz