Қайднома

Қидирув

Карвалью – жонкуяр етакчими ёки сафсатабоз

Карвалью – жонкуяр етакчими ёки сафсатабоз

  25.04.2018 06:17
  0
  577
Карвалью – жонкуяр етакчими ёки сафсатабоз

«Спортинг» президенти Бруну де Карвалью табиатан ўта шаттаки, мулоқот чоғида ҳеч кимни аямайдиган ва фикрига қўшилмаганларни жазолаш учун турли қоидаларни ўйлаб топадиган инсон.

Тақдир бу инсонга туғма етакчилик қобилиятини инъом этганди. Брунунинг авлодлари таниқли шахслар бўлишган. Жумладан отасининг отаси машҳур сураткаш сифатида танилган, унинг акаси эса йирик сиёсат арбоби, она томонидан бобоси адиб, укаси таниқли адмирал, 70-йилларда Португалия бош вазири лавозимида фаолият юритган.

Де Карвальюнинг амакиваччаси эса бир неча йил молия вазири вазифасини бажарган. Брунунинг ўзига келсак, у доимо футбол билан ҳамнафас. 22 нафар йигитлар каби яшил майдонда тўп қувишни эмас, балки ана шу жараённи юқоридан кузатиш ишқида бўлган.

Таъкидлаш жоиз, ўз режасини рўёбга чиқариш учун шошмасдан босқичма-босқич иш олиб боради. Қурилиш компанияларида раҳбарлик вазифаларини адо этиш билан паралел равишда спорт уюшмаларини бошқариш йўналишида таҳсил олиб, магистр даржасига эга бўлди. Шунингдек мураббийлик курсларида ўқиш орқали бир неча бошланғич тоифа лицензияларига эга бўлди.

Ҳайратланарлиси, шунча югур-югурлар орасида Бруну «Спортинг» академиясида болаларга устозлик қилишга ҳам вақт топди. Бундан ташқари, имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлайдиган жамғармани таъсис этиб, унга мухлисларнинг меҳрини қозонган Жозе Аргау Пинту номини берди.

Шу йўл билан 2006 йили ёруғ дунёни тарк этган таниқли функционер хотирасини абадийлаштирди. Фан клуб учун расмий сайт очиб, «шерлар»нинг ашаддий фанатлари - Торсида Верде билан самимий алоқани йўлга қўйди.

Ниҳоят, тегишли доираларда етарли нуфузни қўлга киритган Бруну де Карвалью хоккей ва коньки спорти бўйича «Спортинг» вице-президенти лавозимини эгаллади. 2011 йили илк марта «Спортинг» ФК президентлигига номзодини қўйиб, клуб ривожига 50 млн. евро сармоя ажратадиган ҳомий топишга ваъда берди.

Лекин сайловда ғолиб чиқолмади. Икки йилдан кейин у яна юксак лавозимни эгаллашга уруниб кўрди ва мақсадига эришди. Шу кундан бошлаб янги президент доимо жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиш учун бор куч маҳоратини ишга солди.

2015 йил «шерлар» ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида иштирок этиш учун жуда яқин туришганди. ЦСКАга қарши дастлабки беллашув лиссабонликларнинг ғалабаси (2:1) билан якунланди. Аммо жавоб учрашувида москваликлар зафар қучдилар - 3:1.

Муваффақиятсизликда «Спортинг» президенти польшалик Павел Краловец етакчилигидаги ҳакамлар бригадасини айблади: «Улар хатолар ўйиннинг бир қисми эканлигини таъкидлашади, хатоларсиз футбол ўзининг жозибадорлигини, мафтункорлигини йўқотиб қўяр эмиш.

Менимча, бу каби бемаъниликлар такрорланмаслиги учун назорат тизимидан фойдаланиш лозим. Масалан, видеотакрорларга мурожаат қилишни - Бу борада ажойб ҳикмат мавжуд: «Чиқиндии хом-ашёдан тайёрланган буюмлар бадбўйлигича қолаверади ва чиқиндилигича қолади».

Ўша йил октябрда Бруну де Карвалью ТВга берган интервьюсида «Бенфика»нинг бош ва иккинчи жамоалари ҳар бир учрашув арафасида ҳакамлар ва делегатларни ўзига хос совғалар билан сийлашларини маълум қилди: «Масалан, Эйсебионинг футболкаси ва ҳашаматли ресторанларда тамадди қилиш учун 4та чипта.

Фақат ана шу кечки тамаддининг ўзига йилига 140000 евро сарфланади!» азалий рақиб ҳисобланмиш «бургутлар» мутасаддилари шундай анъана борлигини тан олишди. Кечки овқатнинг баҳоси 35 евро миқдорида чегаралаб қўйилганини қўшимча қилишди.

Ҳакамларга эса совғаларни чиндан ҳам олганликларини, ресторанга бир марта ҳам бормаганликларини таъкидлашди. Бруну де Карвалью шу зайлда фаолликни ошириб борди.

2016 йил ноябрда «Спортинг» ички чемпионатда «Ароука»ни йирик (3:0) ҳисобда мағлубиятга учратгач, икки жамоа президентлари ўртасида тўқнашув юз берди. «Даҳанаки жанг»да барча «чақиб олувчи» ҳақоратларни ишлатиб бўлган Бруну рақибининг башарасига тупурди. Оқибатда ярим йилга футболдан четлатилди...

2017 йил қишда де Карвалью рекорд даражасидаги устунлик - 86,13 фоиз овоз билан ўз лавозимига қайта сайланди.

Шундан кейин матбуотнинг ўзига нисбатан кучли босимидан безор бўлган президент «Спортинг» тизимидаги барча хизматчиларга спорт нашрларини харид қилиш ва клуб телеканалидан ташқари бошқа каналларни томоша қилишни таъқиқлаб қўйди, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклади.

Шунингдек, синьор Бруну хорижлик шерикларини ҳам аяб ўтирмади. Масалан, ёзда «Вест Хэм» билан Вильям Карвальюнинг трансфери борасида узоқ музокара олиб борди.

Келишувдан камида 30 млн. фунт стерлинг олишни режалаштирганди. Бироқ шартнома имзоланмай қолди. Лондонликлар «Спортинг» раҳбарларини судга бериш билан қўрқитмоқчи бўлишди. Аммо президент пинагини бузмади.

Тез орада де Карвалью қўлига азалий рақибнинг йирик амалдорларидан бири, «Бенфика ТВ» директории билан собиқ ҳакам ўртасидаги мулоқот ёзуви тушиб қолди. Шу баҳона президент «бургутлар» раҳбарларини ҳакамларни мунтазам равишда сотиб олганликда айблади.

Бунга жавобан собиқ хизматчи де Карвальюни португал футболининг лўттибози деб атади. Бу йил эса «шерлар»нинг собиқ президенти Жоз Роккет ўз ворисини аямай танқид қилиб, уни футболдаги Доналд Трамп деб атади. Тез орада чақирилган клуб директорлар кенгашида де Карвалью ўтмишдошининг танқидига жавоб қайтарди: «Мен жонкуяр етакчиман. Аслзода ва гуруҳлардан воз кечганман».

Таъкидлаш жоизки, «шерлар»нинг амалдаги йўлбошчиси футболни асосий муаммосини агентлар таъсирининг кучайиб кетганлигида кўрмоқда ва Жорже Мендеш каби олғирлар билан имкон қадар камроқ алоқа қилишга даъват этмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, «Спортинг» академияси ҳозирда дунёнинг энг самарали ўқув масканлари қаторида бормоқда.

Де Карвалью раҳбарлигида 5 йилдан озроқ вақт ичида жамоа футболчилар сотувидан 210 млн. евро даромад олди, уларни ўрнини тўлдириш учун 83 млн. сарф-лади. Фарқ-мақташга арзигудек. Боз устига, ҳар йили олди-сотди борасида фақат ижобий натижалар қайд этилмоқда.

Президент академия фаолиятига устувор йўналиш сифатида қарамоқда. Уларни орзуси ҳам жуда ажойиб: «Менинг мақсадим, Криштиану Роналду ўз фаолиятини бизнинг жамоамизда якунлашишига эришиш! Клуб учун бу жуда кўп иш қилди, чинакам тинчлик элчиси сифатида «Спортинг» хусусида доимо меҳр-муҳаббат билан гапиради».

ЕЛ доирасидаги «Атлетико»га қарши чорак финал биринчи учрашуви арафасида «Спортинг» президентни баҳсни Сергей Карасев раҳбарлигидаги ҳакамлар бошқаришига эътироз билдирган ва 2014|2015 йиллар мавсумидаги «Шальке»га қарши ўйиндаги ҳакамликдан қониқмаганлигини баён этганди: «Умид қиламанки, Португалия ФФ ва ФЛ мутасаддилари вазиятга холис баҳо беришади».

Аммо ҳеч нарса ўзгармади. «Шерлар» Мадриддан 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан қайтишди. Шундан кейин президент «Фейсбук» орқали жамоа футболчиларини аёвсиз танқид қилди.

Ўз навбатида футболчилар ҳам ёзма равишда танқиднинг ноўрин эканлигини маълум қилишди. Шартаки президент эса эътироз билдирган барча ўйинчиларни четлатишга буйруқ берди: «Талтайиб кетган бу болакайлар бизни ҳеч нарса қилолмайди, деб ўйлашади. Бироқ бу сафар сабр-тоқатим адо бўлди».

Шундай кайфият билан майдонга тушган «Спортинг» жавоб учрашувини 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунлади. Шу тариқа ярим финал йўлланмаси «Атлетико»га насиб этди.

Ҳа, натижалар борасида мақтаниш учун Бруну де Карвальюда асослар етарли эмас - беш йилда атиги биттадан Португалия ва Лига кубоклари. Ички мусобақада эса «Спортинг» учинчи поғонада бормоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz