Қайднома

Қидирув

ЕЧЛ. «Ливерпуль» «Рома»ни йирик хисобда мағлуб этди

ЕЧЛ. «Ливерпуль» «Рома»ни йирик хисобда мағлуб этди

  25.04.2018 09:32
  0
  347
ЕЧЛ. «Ливерпуль» «Рома»ни йирик хисобда мағлуб этди

Европа чемпионлар лигасининг ярим финал босқичи доирасида дастлабки ўйин бўлиб ўтди. Ўйиндан олдин "Рома" вакиллари дадил фикр билдиришганди: "Месси бошчилигидаги "Барселона"ни тўхтатдик, Салоҳнинг "Ливерпул"ини қандай енгишни биламиз".

Баҳснинг дастлабки 30 дақиқаси римликлар устунлиги остида ўтди. Улар кўпроқ ҳужум уюштиришди, гол уришни исташди. "Рома" ўз мақсадига етиши мумкин эди, аммо Коларов олис масофадан йўллаган зарба "Ливерпуль" посбонининг қўли орқали тўсинга тегиб қайтди.

Айнан илк ярим соатдан кейин мерсисайдликлар "қутура" бошлади. Римликлар тўхтатиши керак бўлган Салоҳга имконият бериб қўйилди.  Муҳаммад учрашувнинг 36-дақиқасида 15 метрлардан чап оёқда айланма зарба билан тўпни "Рома" дарвозасининг нақ "тўққизлиги"га "михлаб" қўйди! Салоҳ бу голни катта хурсандчилик билан нишонламади.

У кейинги голда ҳам собиқ жамоасига нисбатан ҳурматни сақлади. Биринчи бўлим тугаши арафасида мирслик футболчи рақиб посбони билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди ва тўпни унинг устидан ошириб қўйди — 2:0!

Салоҳ бу билан чекланиб қолмади. У иккинчи бўлимда жамоасининг кейинги иккита голига ассистентлик қилди. Ҳар сафар у чап қанотдан жарима майдончасига кириб борди ҳамда, дастлаб Манега, кейин эса Фирминога голли узатмани амалга оширди. Ҳужумчилар Салоҳнинг узатмаларини кўкка совуришмади.

Фақатгина бешинчи голда Салоҳ иштирок этмади. Бурчакдан етказилган узатмани Роберто Фирмино ҳужумчи бош билан дарвозага жойлаб қўйди — 5:0.

Ушбу голдан кейин Клопп жамоа етакчиси Муҳаммад Салоҳни кейинги ўйинлар учун сақлаш қарор қилди шекилли, уни захирага олди. Шундан кейин "чалажон" ҳолатдаги "бўрилар" иккита гол уришга муваффақ бўлишди. Ўйиннинг асосий вақти тугашига 9 дақиқа қолганида Наингголан жарима майдончасига ажойиб узатма берди. Ҳимоячилар узатмани қайтара олишмади, Жеко эса тўпни кўкраги билан ўзига бўйсиндирди ва бирга-бир вазиятда дарвозани ишғол қилди. Орадан 4 дақиқа ўтиб мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгиланди: Наингголан йўллаган зарба натижасида тўп Милнернинг қўлига тегди. Диего Перотти даврозабонга ҳеч қандай имконият қолдирмади.

5:2. Жавоб баҳсида 2 май куни Римда бўлиб ўтади. "Рома" чорак финалда 1:4 ҳисобидаги мағлубиятдан чиқиб кетди. Бу сафар "Ливерпуль" бунга йўл қўярмикан? Кўрамиз.

ЕЧЛ, ярим финал, дастлабки ўйин
Ливерпуль Англия – Рома Италия 5:2 (2:0)
Голлар: 1:0 – 35 Салоҳ, 2:0 – 45 Салоҳ, 3:0 – 56 Мане, 4:0 – 61 Фирмино, 5:0 – 68 Фирмино, 5:1 – 81 Жеко, 5:2 – 85, пенальти Перотти.
Ливерпуль – Кариус, Ловрен, Робертсон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Фирмино (Клаван, 90), Окслейд-Чемберлен (Вейналдум, 18), Салоҳ (Ингз, 75), Милнер, Мане, Хендерсон.

Рома – Алиссон, Манолас, Жезус (Перотти, 67), Коларов, Фасио, Стротман, Флоренци, Ундер (Шик, 46), де Росси (Гоналон, 67), Наингголан, Жеко.

Огоҳлантиришлар: Жезус (26), Александер-Арнолд (39), Ловрен (74), Хендерсон (85), Фасио (88).


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz