Қайднома

Қидирув

Диёр Туропов: «Локомотив»нинг омадсизликларида фақат мураббий айбдор эмас»

Диёр Туропов: «Локомотив»нинг омадсизликларида фақат мураббий айбдор эмас»

  27.04.2018 06:39
  0
  495
Диёр Туропов: «Локомотив»нинг омадсизликларида фақат мураббий айбдор эмас»

Тошкентнинг «Локомотив» клуби учун жорий мавсум омадсиз ўтяпти. «Темирйўлчилар» Суперлигадаги муваффақиятсизликлар етмаганидек, ОЧЛдаги иштирокларини ҳам муддатидан аввал якунлашди. Амалдаги мамлакат чемпиони ҳатто гуруҳдан ҳам чиқа олмади.

Салбий натижаларда барча айбни зиммасига олган жамоа бош мураббийи Андрей Микляев ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқди. «Локомотив»ни мураббийлар штабида ишлаб келган Андрей Фёдоров вақтинча бошқариб туради.

Унга Темур Кападзе ва Мирко Йеличич ёрдам беришади. Йеличич энди, катта эҳтимол билан, ўзининг олдинги вазифасига қайтиб, футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига масъул бўлади.

Биз «Локо»даги ҳолат юзасидан истеъдодли ярим ҳимоячи Диёр Туроповдан интервью олдик.

- Диёр, суҳбатимизни жамоангиз билан боғлиқ сўнгги янгиликдан бошлаймиз. «Локомотив» бош мураббийи Андрей Микляев ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқди. Мазкур ҳолатга муносабатингиз қандай? Сиз ҳам бу ҳақда матбуотдан хабар топдингизми?

- Йўқ, бу маълумотни ўша куниёқ билгандим. Аниқроғи, жамоамиз бош мураббийининг ишдан кетганлиги ҳақида машғулотдан олдин эълон қилишди. Андрей Микляев «Локомотив»нинг сўнгги йилларда қўлга киритган ютуқларида барчанинг ҳиссаси борлигини айтиб, бир неча йиллик ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Очиғини айтсам, вазият шу даражага етиб келишида биргина мураббий айбдор эмас. Ҳа, таркибни у аниқлайди, лекин биз футболчиларга ҳам кўп нарса боғлиқ, деб ўйлайман.

- Омадсизликнинг сабабларини қандай изоҳлайсиз? Менимча, омил битта эмас, шундайми?

- Жамоамизнинг Суперлига ва ОЧЛда муваффақиятсиз тарзда иштирок этиши фақат омадга боғлиқ эмас. Ўйин давомида юзага келтирилаётган қулай имкониятларни голга айлантира олмаслик, сўнгги қарорни қабул қилишдаги камчиликлар, кераксиз ҳолатларда қизил карточкалар олиш каби қатор масалалар бир бўлиб вазиятнинг шундай тус олишига сабаб бўляпти.

- Қизил карточкалар асосли бўлганмиди?

- Майдонда қарорни ҳакам чиқаради. Шуни айтишим мумкинки, футболчиларимизга қизил карточка кўрсатилган вазиятларда ҳакамлар тартиб-қоида доирасидан четга чиқишмади. Яъни, асосли равишда ҳаракат қилинди. Албатта, бу менинг шахсий фикрим.

- Чемпионатдаги омадсиз иштирок юзасидан «Локомотив» клубида йиғилиш ўтказилдими?

- Ҳа, жамоа раҳбарияти бизга керакли кўрсатмаларни берди. Насиб қилса, мавсумнинг қолган ўйинларида ҳозирги ҳолатимизга муносиб эмаслигимизни иботлаймиз.

- Жамоа ОЧЛда гуруҳ босқичидан ўта олмади. Нима деб ўйлайсиз, рақиблар кучли эдими ёки бунга «Локомотив»нинг ўзи айбдорми?

- Квартетимиздаги жамоаларнинг ҳаммасини ҳам биздан кучли эди, дея олмайман. Фақат Қатарнинг «Ал-Дуҳайл» клубининг бошқалардан бир бош устун эканлиги яққол кўриниб турганди. Уларнинг гуруҳдаги барча 6та учрашувда ғалабага эришишгани бежиз эмас, албатта.

Бундай қониқарсиз иштирокка фақат ўзимиз айбдормиз. Сўнгги учрашувда «Зоб-Оҳан»ни мағлубиятга учратганимизда, ҳозир сиз билан бошқа мавзуда суҳбатлашаётган бўлардик.

Афсуски, юзага келтирилган кўплаб вазиятлардан самара чиқара олмадик. Рақиб эса биргина имкониятдан фойдаланиб, бизни жазолади.

- «Зоб-Оҳан» билан ўйиндан кейин эронлик футболчилардан бири учрашув пайтидаги об-ҳаво шароити, яъни ёғаётган ёмғир улар учун айни муддао бўлганини айтди. «Локомотив»га ғалаба қозониш учун нима тўсқинлик қилди?

- Бизга ёмғир таъсир қилгани йўқ. Об-ҳаво шароити ажойиб эди. Шунчаки, ғалаба қозона олмаслигимизга вазиятларни кўкка совурганимиз сабаб бўлди. Ҳеч бир жабҳада «Зоб-Оҳан»га ютқазганимиз йўқ. Агар биринчи голни биз урганимизда, ишонинг, ўйин сценарийси мутлақо бошқача тус оларди.

Ўтказиб юборилган голдан кейин меҳмонлар ҳам ҳужумга ўтишарди. Бу эса майдонда бўш зоналарнинг кўпроқ бўлишини таъминларди. Афсуски, омад эронлик футболчиларга кулиб боқди. Шундан сўнг улар батамом ҳимояга ётиб олишди.

Очиқ футбол бўлганида, йирик ҳисобда ғалаба қозонишимиз тайин эди. Энди бу ҳақда гапиришдан фойда йўқ. Асосий эътиборни йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқаришга қаратиш лозим.

- Жамоа чемпионлик учун курашдан чиқдими ёки кучли олтиликка кириб, унвонни ҳимоя қилишга интиладими?

- «Локомотив» ҳали чемпионлик курашидан чиққани йўқ. Асосий ўйинлар олдинда ва барчаси ўз қўлимизда. Суперлиганинг икки босқичда ўтказилишидан келиб чиқиб гапирсам, кучли олтиликдан жой оладиган жамоаларнинг барида совринли ўринларни қўлга киритиш имконияти бўлади.

Ҳозирги кўрсаткичларга қараб баҳо бериб бўлмайди, назаримда. ОЧЛдан чиқиб кетган эканмиз, энди бор эътиборни ички чемпионат ва кубок баҳсларига қаратамиз.

- Жамоани вақтинчалик бошқаришга киришган Андрей Фёдоровга қандай таъриф берасиз?

- Футболчи сифатида ўзидан ёрқин из қолдирган. Қозоннинг «Рубин» жамоасида ажойиб мавсумларни ўтказган. Ҳозирда мураббийликда тажрибасини ошириб боряпти.

Ўйлайманки, Андрей Фёдоров бошчилигида клуб раҳбарияти томонидан олдимизга қў-йилган топшириқни бажарамиз. Зиммамизда чемпионликни ҳимоя қилиш ва кубокни ўзимизда олиб қолиш вазифаси турибди. Бу мақсадга эришиш учун астойдил ишлаймиз.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz