Қайднома

Қидирув

Ҳали юлдузликка эришмаган юлдузчалар (фотогалерея)

Ҳали юлдузликка эришмаган юлдузчалар (фотогалерея)

  27.04.2018 00:11
  0
  815
Ҳали юлдузликка эришмаган юлдузчалар (фотогалерея)

Италиянинг машҳур нашри - Sport Mediaset ёзда Россиядаги жаҳон чемпионатида иштирок этишлари кутилаётган энг салоҳиятли ёш футболчилар рейтингини тузди.

Итальян журналистлари 23 ёшдан кичик ўйинчилар киритилган элит рўйхатга умумий таъриф ҳам беришди: «Сизни ҳайрон қолдиришга қодир 5 нафар иқтидор».

Эътиборлиси, бўлажак жаҳон чемпионатида порлаши тахмин қилинган 5 нафар энг ёш истеъдод орасида россиялик Александр Головин ҳам бор, аммо Килиан Мбаппе, Габриэль Жезус ва Лерой Сане каби номдор вундеркиндлар йўқ.

Гап шундаки, Sport Mediaset ҳали кенг доирада унча танилмаган ва Европанинг катта клубларида ўйнамайдиган йигитларга эътибор қаратган.

Қизиқ, Италияда Головинни кимлар билан тенг кўришяпти?

5. Александр Головин - 21 ёш (Россия)

Клуби: ЦСКА (Россия)

Трансфер нархи: 5 млн. евро (transfermarkt.dе сайти талқини)

«Металлург-Кузбасс» (Новокузнецк) клуби тарбияланувчиси ЦСКА таркибига 2012 йилнинг кузида қўшилди ва чинакамига шиддатли ўсишга эришди. Хусусан, «армиячилар» таркибида илк марта 2014 йилнинг 24 сентябрь куни кубок учрашувида кўриниш берган ёш ярим ҳимоячи ўша мавсумнинг ўзида Россия Премьер-лигасида ҳам дебют қилди.

Кейингисида эса Европа Чемпионлар Лигасига бўй чўзди. Хуллас, Саша қисқа вақт ичида тажрибали Роман Широковни четга суриб, асосий таркибнинг муқим аъзосига айланди, муҳим голларга муаллифлик қила бошлади, мавсум-2015|2016да эса ЦСКАнинг олтин медаль ютишига муносиб ҳисса қўшди.

Дарвоқе, 2017 йил ёзда Лондоннинг «Арсенал» клуби россиялик иқтидор учун 8 миллион фунт стерлинг таклиф қилди, аммо ЦСКА уни қўйиб юборишни истамади. Мана, Головин яқинда, яъни 15 март куни «Лион»га қарши кечган ЕЛ 1|8 финал босқичи ўйинида еврокубоклардаги голлари ҳисобини очди.

Қолаверса, мухлислар ўртасидаги сўровга кўра, ҳафтанинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Эътиборли жиҳати, УЕФА сайтида ўтказилган сўровда қатнашган 89 фоиз иштирокчи (!) айнан россиялик ярим ҳимоячига овоз берди. Муҳими, Саша Россия терма жамоасида ҳам тобора ишончли тўп сурмоқда.

Миллий жамоадаги дебютини гол билан безаган ёш футболчи (2015 йилнинг 15 июнида Беларусь термасига қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб,77-дақиқада гол муаллифига айланганди) иккинчи учрашувда ҳам самарали зарбаси билан кўзга ташланди.

У Евро-2016 гуруҳ раундидаги 3та ўйинда ҳам иштирок этди, кейин Конфедерациялар кубогида тажриба оширди. Айтганча, Головин U-17 тоифасида Европа чемпиони ҳисобланади, шунингдек, U-19 белгиси остидаги қитъа биринчилигида кумуш медаль ютган.

4. Федерико ВАЛЬВЕРДЕ - 19 ёш (Уругвай)

Клуби: «Депортиво» (Испания)

Трансфер нархи: 3 млн. евро (transfermarkt.dе сайти талқини)

Рейтингдан жой олганлар орасида ўзига хос футболчи. 19 ёшли уругвайлик ўтган йили «Реал Мадрид» ёшлар жамоасида ўйнади, ёзда эса уни ижара келишуви асосида «Депортиво» ихтиёрига юборишди - ўйин амалиётига эга бўлиши учун. Вальверде Ла-Коруньяда дарҳақиқат, етарлича ўйнамоқда.

Марказий ярим ҳимоячи позициясида тўп сурувчи йигитча жорий Ла-лига доирасидаги 19та ўйинда иштирок этди, хусусан, 11 марта «Депор»нинг бошланғич таркибига киритилди. Қолаверса, уругвайлик футболчи Испания кубогида ҳам ўзини синаб кўрди. Тўғри, ҳозирча бирор баҳсда кўзга яққол ташлангани йўқ.

Жамоа бош мураббийи Пепе Мель анча вақтгача базавий тактик схема ва таркиб ўзагини аниқлай олмади. Ҳар ҳолда, «Депортиво» навбати билан 4-4-2, 4-2-3-1 ва 4-3-3 тактик чизмалари асосида ўйнади, Вальверде эса нафақат марказий ярим ҳимоячи позицияси, балки «10-рақам» ва ҳаттоки, вингер ролида ҳам кўриниш берди.

Бироқ на бирорта гол урди ва на самарали узатмага муаллифлик қилди. Статистик таҳлилга асосан айтсак, Федерико ўз ёшига нисбатан олганда, анча тажовузкор ҳаракатланади: уни дриблинг ёрдамида алдаб ўтиш жуда қийин. Бу борада жамоадаги учинчи яхши кўрсаткич айнан Вальвердега тегишли.

Яна бир томони, уругвайлик иқтидор захирадан майдонга тушганида, унча эффектли эмас, бошланғич таркибга кирганида эса, топ даражадаги таянч футболчисига хос тўп суради. Мисол учун, «Атлетик», «Малага» ва «Атлетико»га қарши кечган кетма-кет 3та ўйинда жами 13 марта рақибларни чиройли тарзда зарарсизлантирди.

Бироқ «Депортиво» бошқаруви Кларенс Зеедорфга топширилгач, Федерико старт таркибидан тушиб қолди, кейин эса тиззаси жароҳатланди. Хўш, у нега элит рўйхатда?

Эҳтимолки, термадаги ўйинлари эвазига. Чунончи, Уругвай миллий жамоасида ўтган йилнинг сентябрида дебютини нишонлаган Федерико ҳозиргача 4 марта асосий таркибда майдонга тушди ва гол уришга ҳам улгурди.

У майдон марказида асосан Матиас Весино билан жуфтлик ҳосил қилмоқда. Умуман олганда, Вальверде кўпни кўрган мураббий Оскар Табарес назаридаги ўйинчи. Ҳарқалай, кекса мутахассис 19 ёшли йигитчани терма жамоанинг ҳар бир йиғинига чақирмоқда.

3. Вильфред НДИДИ - 21 ёш (Нигерия)

Клуби: «Лестер» (Англия)

Трансфер нархи: 18 млн. евро (transfermarkt.de сайти талқини)

Ўтган мавсум Клаудио Раньерига айнан Ндидига ўхшаган футболчи етишмаганди. Яъни Риёд Маҳрез зериккан, Жейми Варди эса секинлашган вақтда майдон марказини назорат қилувчи футболчи топилмади. Оддий айтганда, «Челси»га кетган Н~Голо Канте вазифаларини ҳеч ким ўз зиммасига ололмади.

Қишга келиб, «Лестер» раҳбарияти Бельгия футболида бош кўтарган ёш Вильфредни шошилинч тарзда сотиб олди, бироқ у ўйинга мослашгунича Раньери истеъфога чиқди. Италиялик мутахассис ўрнини Крейг Шекспир эгаллаганидан сўнг етакчиларнинг ишга муносабатлари мўъжизавий ҳолатда кескин ўзгарди ва «Лестер» ажойиб ғалабали серияни қайд этди.

Ндиди айни шу бурилиш вақтида асосий таркибдан муқим жой олди. Негериялик йигит ҳозир ҳам бош роллардан бирини бажармоқда. Яъни янги бош мураббий Клод Пюэль кўрсатмасига биноан «тулкилар» ҳужумни айнан Ндиди воситасида ривожлантиришмоқда.

Дейлик, у кескин узатмалар сони бўйича клубда мутлақ пешқадам. Лекин Вильфреднинг асосий иши ҳужумларни бошлаш эмас, балки рақиблар юришини бузишдир. 21 ёшли футболчи ҳар ўйинда ўртача ҳисобда деярли 6 марта тўпни тортиб олмоқда, 90 дақиқа давомида чамаси 18 марта яккакурашга киришмоқда.

Шунинг учунми, узун оёқли йигит тез-тез тактик «фол» ишлатишга мажбур бўлади. Ҳа, Ндиди секин-аста Канте ўрнини босмоқда. Негериялик ярим ҳимоячи айни пайт «Ливерпуль» эътиборида турибди. Бу бежиз эмас, агар Эмре Жан «қизиллар» билан дарҳақиқат, хайрлашса, майдон марказида Наби Кейта ёлғизланиб қолади.

Ндиди эса ажойиб шерик бўлиши мумкин. Хуллас, уни «Энфилд»да кутишаётгани айни ҳақиқат. Вильфреднинг Нигерия миллий жамоасидаги ҳолатига келсак, у айни пайт етакчилар қаторига интилмоқда. Ҳар ҳолда, Англия футболига кўчиб ўтганидан кейин жамоадаги мавқеи анча ошди.

2. Димитри ОБЕРЛЕН - 20 ёш (Швейцария)

Клуби: «Базель» (Швейцария)

Трансфер нархи: 4 млн. евро (transfermarkt.de сайти талқини)

Бу футболчи аслида «Зальцбург»га тегишли ва «Ба-зел»да ижара шартномасини ўтамоқда. Муҳими, бу келишув унга жуда фойдали бўлди: 20 ёшида Чемпионлар Лигасидек йирик турнирда яхшигина тажриба тўплади.

Чунончи, мураббий Рафаэль Вики таркиб ротациясига катта эътибор қаратиб, миллий чемпионатда асосан Рикки ван Волфсвинкелга, халқаро мусобақада эса Оберленга ишонч билдирди. Ҳужумчи бунга жавобан асосий таркибдаги дебют ўйинида гол урди, 20 ёшга тўлган куни эса «Бенфика»га қарши кечган баҳсда «дубл»га эришиш баробарида пенальти ҳам ишлади.

Кейин ЦСКА голкипери Игорь Акинфеевни ранжитди ва гуруҳ босқичининг охирги турида «Бенфика» дарвозасига яна битта гол урди. Жами 530 дақиқалик ўйин вақтида 4та гол - бу Европа клуб футболининг асосий турнирида илк марта қатнашган ёш ўйинчи учун чакки натижа эмас.

Оберлен Швейцария миллий чемпионатида ҳам 4та гол уришга улгурди, ваҳоланки, у асосан захирадан майдонга тушмоқда. Мураббийлар ёш иқтидорни нафақат ўткир ҳужумчи, балки вингер ролида ҳам синаб кўраётганини айтиш жоиз. Ҳаттоки, кубок ўйинида бир сафар уни ярим ҳимоя марказига ҳам қўйишди.

Димитри ЧЛдаги голларидан бирини боши билан урди, аммо умумий қараганда, «иккинчи қават»да анча омадсиз ўйнайди (яккакурашларнинг атиги 20 фоизида устунлик қилади). У чапақай эмас, лекин дриблинг маҳоратини тез-тез ишга солади. Тўғри, тўпни йўқотиш фоизи нисбатан баланд — кучли прессингга ҳали тўлиқ мослашмаган.

Ҳа, яна техник салоҳияти ҳам мукаммалликдан йироқ, бу борада кўп ишлаши керак («Базель» устози ҳам шу мазмунда гапирганди). Шунингдек, Оберленнинг жаҳон чемпионатида қатнашиш-қатнашмаслиги ҳали мавҳум. Тўғри, унинг асосий рақобатчиси - Харрис Сеферович («Бенфика») ҳозир яхши ҳолатда эмас. Яъни жорий мавсум унинг учун омадли кечмаяпти.

1. Ирвин ЛОСАНО - 22 ёш (Мексика)

Клуби: ПСВ (Голландия)

Трансфер нархи: 22 млн. евро (transfermarkt.de сайти талқини)

Лосано Европа футбол жамоатчилигига нисбатан таниш. Техник салоҳияти юқори вингер «кўҳна қитъа»га ўтган ёз кўчиб келди. Айтиш жоиз, мексикалик йигитга даъвогар клублар кўп эди. Хусусан, «Сельта» ва «Арсенал» унга жиддий қизиқди. Испаниянинг AS газетаси ҳаттоки, Ирвиннинг «Сельта» сафига қўшилгани ҳақида хабар берди, бироқ у якунда ПСВ таркибидан жой олди.

Айтганча, Лосанонинг қизиқиш доирасига тушиши Россияда бошланган эди. Зеро, у Конфедерациялар кубоги-2017да мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, Мексика термаси ғалабасини таъминлаганди. Голландия чемпионатидаги ҳозирги ишларига келсак, ҳаммаси зўр - ПСВ яқинда олтин медални расмийлаштирди.

Муҳими, Лосано Эйндховен клубида аллақачон етакчилар қаторига қўшилди. Дейлик, у ПСВнинг энг яхши тўпурари. Шунингдек, самарали узатмалар сони бўйича ҳам энг юқори натижа айнан Ирвинга тегишли. Тўғри, Марказий Америка вакилига еврокубокларда ўзини кўрсатиш насиб этмади: ПСВ ЕЛ саралаш раундида «Осиек»ка ютқазиб қўйди.

Ўша вақт Лосано жамоа сафига эндигина қўшилганди ва илк ўйинларда айтарли кўзга ташланмади. Кейин эса тезда мослашиб, август ойидаёқ гол уришни бошлади. Ирвин Марказий Америка футболида тарбияланган бўлсада, Жанубий авмерикалик креатив ўйинчилар тоифасига киради.

Тўп билан ишлаш тезлиги юқори, ўйин интизоми паст. Энг салбий жиҳати - тартиб-интизомга енгил қараши. Мисол учун, Эредивизион ўйинларида 2 марта тўғридан-тўғри қизил карточка олди. Қизиғи, ҳар икки сафар «Херенвен»га қарши баҳсда «ўзини кўрсатди»: сафарда рақибининг оёғига тепди, иккинчи учрашувда эса юзига урди.

Буниси иккинчи дисквалификация бўлгани учун Ирвинни 1 ой муддатга четлатишди. Демакки, футболчи ўйин интизомига амал қилганида, умумий статистикаси («Гол+пас» тизимида 23 очко) янада яхшироқ бўлиши мумкин эди. Хуллас, Лосано аввало, асабларини жиловлашни ўрганиши керак. Шунда Голландия футболининг яна бир катта трансфери тезроқ рўй беради...

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz