Қайднома

Қидирув

Қишлоғида, юртида, мундиалда ягона!

Қишлоғида, юртида, мундиалда ягона!

  27.04.2018 06:14
  0
  860
Қишлоғида, юртида, мундиалда ягона!

Жаҳон футболи тожи илинжида Россияга ташриф буюражак 32 иштирокчи орасида ягона қирол мавжуд.

Ҳа, у амалдаги жаҳон чемпиони, фамилияси ҳам чинакам қиролларга хос - Лёв. Қуйидаги мақола Германия терма жамоаси бош мураббийи Йоахим Лёв ҳақида.

Йоги ва макони

2014 йил кузида Шенау-им-Шварцвальд ёки қисқача - Шенау шаҳарчаси аҳолиси сони вақтинча 2 бараварга ошиб кетди. Октябрнинг фарахбахш кунларидан бирида Йоахим Лёв ўзи туғилиб-ўсган гўшага ташриф буюрди. Ёлғиз ўзи эмас, чинакам жаҳон кубоги билан!

Футбол тожини ўз кўзи билан кўриш учун яқин атрофдаги шаҳар-қишлоқлар вакиллари Шенауга ёпирилишди, мегаполислардан журналистлар келишди. Шаҳарча ҳеч қачон бундай тантанага гувоҳ бўлмаганди.

Унинг мэри Петер Шельсхорн эса маҳаллий стадионга Йоги Лёв номи берилганини эълон қилди. Ҳа, Йоахим эмас, айнан Йоги. «Бу ерда мени фақат онам Йоахим деб чақирарди. Боғчага қатнаб юрган давримда Йоги исмини олганман. Шундан буён ҳамшаҳарларим учун Йогиман», - деган Лёв ке-йинчалик.

2006 йилда Йоги «бундестим»ни қабул қилгач, ТВ ходимлари Шенауга келиб, мураббийнинг илк устози Вольфганг Келлердан интервью олишганда, у жумладан шундай деганди: «Ҳозир Германиядаги 1-шахс - Ангела Меркель. Канцлердан кейинги ўринда - Йоги!»

Бутсалар ва черков

Лёвнинг отаси билан суҳбатлашиш шарҳловчиларга насиб этмади - у бир неча йил аввал оламдан ўтганди. Бироқ онаси ҳаёт, ўғли Петер билан Шенауда истиқомат қилмоқда. Умуман, Йогининг 3 нафар ака-укаси бор. Фақат Петер она шаҳрида қолган, мўъжазгина тамаддихона соҳиби.

«Пит-стоп» номли муассасани Красимир Балаков ҳамда Нуну Гомешнинг портретлари безатиб туради. Маркус Лёв 80-йилларда кичик клубларда тўп сурган, кейин «Алемания Рюппур» ҳаваскорлар жамоасига устозлик қилган. Шу боис, футбол оламида донг тарата олмаган.

Йогининг ўзига келсак, болалигида у маҳаллий черковда министрант (руҳоний ёрдамчиси) вазифасида хизмат қилган. Шаҳарчада дурустроқ иш билан шуғулланишнинг иложи йўқ эди. Хайриятки, ҳозирда Йоги номи билан юритилаётган футбол жамоаси ўша пайтда ҳам мавжуд эди.

5 ёшида отасидан Uwe Seeler русумли чарм бутсани совға сифатида олган Йоги 8 ёшидан бошлаб мураббий Келлердан сабоқ ола бошлади. «Болакай жуда тезкор ва юқори техника соҳиби эди. Унинг бир ўйинда 18та гол ургани ёдимда. Ўшанда жамоаси 21:0 ҳисобида зафар қучганди», -дея хотирлайди Вольфганг Келлер.

Парвоз ва жароҳат

Йил сайин улғайиб бораётган истеъдод соҳиби бир қатор кўрикларда қатнашди. Лекин Шенауни тарк этмади. Онаси унинг ўқимишли йигит бўлишини орзу қиларди. Фақат 17 ёшга тўлганида Йоги ўз келажаги ҳақида қатъий қарорга келиб, Фрайбургга йўл олди.

У ерда университет қошидаги коллежда таҳсил олиш билан бир қаторда «Айнтрахт» ҳаваскорлар жамоасида тўп сура бошлади. «Оғир кунларни бошдан кечирганман. Эрталаб соат 6:00да туриб ўқишга борардим, сўнг 17:00гача ишлардим. Ундан кейин 2 соатлик машғулот. 21:00да уйга қайтиб, уйқуга кетардим», -дейди Лёв.

Орадан бир йил ўтгач, Йоги шаҳарнинг бош жамоаси - «Фрайбург»га ўтди. Икки мавсумда 18та гол урган ҳужумкор ярим ҳимоячи «Бавария» ва «Шальке»дек грандлар эътиборига тушди. Аммо камсуқум йигитча ўзи каби камтарин «Штутгарт»ни танлади. Қолаверса, бу шаҳар Шенауга яқинроқ эди.

Афсуски, янги жамоада ёлчитиб тўп суриш Йогига насиб этмади - дастлабки йиғиндаёқ у дарвозабон Клеменс билан тўқнашиб, оғир жароҳат олди. Бир йилдан кўпроқ вақтни муолажага сарф-лаган ярим ҳимоячи атиги 4 марта захирадан майдонга тушди.

Кейин Франкфуртнинг «Айнтрахт»ига, у ердан «Фрайбург»га қайтди. Шу тариқа 2-лига савиясида самарали ўйин кўрсатди. Дарвоқе, Лёвнинг 83та гол билан «Фрайбург»да ўрнатган рекоди ҳанузгача ўз кучини йўқотган эмас.

Швейцария ва бўйинбоғлар

Фрайбург - Лёвнинг иккинчи она шаҳри. Айнан шу шаҳарда у ўз рафиқаси - Даниэла билан танишган, улар коллежда бирга ўқишган. Бироқ Лёв футболчилик фаолиятини у ерда эмас, «Фраунфельд»да ўйновчи-мураббий сифатида якунлаган. Оддий мухлис учун Рольф Фрингер номи ҳеч нарсани англатмайди.

Аммо айнан шу мутахассис Йогининг футболчиликдан мураббийликка ўтишида муҳим ўрин тутади. Фрингер билан ҳамкорликдаги фаолиятдан кейин Йогида мураббийликка қизиқиш уйғонди. Футболдаги маоши билан эҳтиёжини қондира олмаган Лёв Швейцарияда клуб ҳомийси бўлган корхонада савдо агенти сифатида ишлади.

Кейин жамоадоши - Аксель Тома билан бўйинбоғлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона очди. Тадбиркорлик муваффақият келтирди - футболчилар томонидан тайёрланган маҳсулот ўта харидоргир бўлиб, ҳатто автобус ҳайдовчилари ҳам мунтазам равишда шундай бўйинбоғ билан юрадиган бўлишди.

1995 йилда моддий таъминотини ўрнига қўйиб олган Лёв асосий ихтисосига қайтди - Фрингер уни «Штутгарт»га бош мураббий ёрдамчиси лавозимига қабул қилди.

Дебют ва кубок

«Штутгарт» ўша кезлари кучли таркибга эга эди. Сал аввалроқ бош мураббий Юрген Рёбер таркибни Элбер - Бобич - Балаков учлиги билан кучайтирганди.

Қаҳрамонимиз учун дебют бўлган мавсумни жамоа ўта шиддатли бошлади. Муваффақиятда сермаҳсул ҳужумчилар триосининг улуши қанчалик салмоқли бўлса, мураббийлар дуэтининг хизматлари ундан кам эмас.

Боиси, улар Бундеслигадаги анъанавий услубдан воз кечиб, Швейцарияга хос ҳудудий ҳимоя тактикасини қўллашди. Оқибатда анчайин жамоалар «Штутгарт» қаршисида ожиз қолишди. Хуллас, жамоа қишки таътилга 3-ўринда йўл олди.

Бироқ 2-даврада «Штутгарт» ўз ўйинини топа олмай қолди ва маррага 10-ўринда етиб келди. Табиийки, ёзда Фрингер жамоани тарк этди. Мутасаддилар эса 36 ёшли Лёвни бош мураббий вазифасини вақтинча бажаришга таклиф этишди. Йоги розилик билдирди. Таажжубки, «Штутгарт» дастлабки 6 учрашувда юз фоизли натижа қайд этди.

Бундан ташқари, кубок баҳсларида 2-Бундеслига вакили «Фортуна»ни пенальтилар серияси эвазига маҳв этган жамоа кейинги босқичларда ишончли ўйнади. Раҳбарлар эса Лёвнинг лавозимидан «вақтинча бажарувчи» иборасини олиб ташлашди.

Якунда Йоги мавсумни 4-поғонада ниҳоясига етказди. Кубок финалида Элбернинг «дубл»и эвазига «Энерги»дан устун келиб, фаолиятидаги дастлабки совринни қўлга киритди.

Истеъфолар ва тажриба

Қудратли трио тарқалиб кетгач, Лёв нимадир ўйлаб топишга мажбур эди: «Штутгарт» президенти ёш мураббий олдига еврокубок йўлланмасини қўлга кириш вазифасини қўйганди.

Лёв Германия кубогига эга бўлиш орқали топшириқни уддалади. Лекин Бундеслигадаги 4-ўрин аввалгидек мамнуният бахш этмади. Кубок эгалари кубогини қўлга киритиш осон эмасди. Ҳал қилувчи баҳсда «Челси»га имконият бой берилгач, мураббий истеъфога чиқарилди.

Германиядаги 2 йиллик фаолияти билан қитъага танилган Лёвда таклифлар кўп эди. Бироқ «Фенербахче»да ишлари юришмади, 1-поғонада бораётган «Тироль» эса тўсатдан банкротга учради.

«Аустрия»да мураббий клуб соҳиби билан чиқиша олмади. Ниҳоят, 2004 йил ёзида Йоги ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборадиган воқеа юз берди: уйида машқ қилаётган мураббийнинг телефони жиринглади: «Салом, мен - Клинсманнман».

Клинсманн ва терма жамоа

Юргенни яхши биладиган Йоги қўнғироқ шунчаки ҳол сўраш учун қилинмаганини дарҳол фаҳмлади. Кутилганидек, Клинсманн мақсадга кўчиб қўя қолди: «Сени ассистентликка таклиф қиламан. Рози бўлсанг, Комога кел. Мен ўша ердаман».

Йоги йўлга отланди: «Италияга кетяпман. Тезда қайтаман». Қисқаси, 2004 йилнинг 30 июлида, Клинси ўзининг 40 йиллик юбилейини нишонлаган куни Лёв янги лавозимни эгаллади. «Менга тактикани ўзимдан яхшироқ биладиган ёрдамчи керак. Ҳудудий ҳимоя борасида Йогидан яхшироқ мутахассис йўқ», -дея изоҳлаганди бош мураббий ўз қарорини.

Хуллас, Клинсманн - Лёв жуфтлиги самарали фаолият юритди. Шартномани узайтиришдан бош тортган Клинси АҚШга йўл оларкан, германияликларни тинчлантирди: «Ўрнимга Лёвни қўйинглар. У мендан ҳам самаралироқ ишлайди».

Четлатиш ва кумуш

2006 йилнинг 12 июлида «бошқарув пульти»ни эгаллаган Лёв худди 10 йилдан буён устозлик қилаётган мураббийдек иш бошлади. Ҳатто ёрдамчи мураббий лавозимига Клинсманни чақиришини айтиб, ҳазиллашди. Евро-2008 гуруҳ босқичининг Германия - Австрия баҳсида ҳакам иккала бош мураббийни ўйиндан четлатди. Лёв шогирдлари финалда Испаниядан енгилган бўлишсада, терма жамоалар ўйинлари мухлису мутахассисларга маъқул келди.

Олтин ва шон-шуҳрат

Отаси барча фарзандлари қатори Йогини ҳам сабр-бардошли бўлишга ўргатганди. 2010 йилда «бундестим» чемпионликка яқин турганди. Бироқ саккизоёқ Пауль башорат қилганидек, бронза медаллари билан кифояланди.

Лекин жамоа услуби тамоман ўзгарганди - мухлислар ҳўл-қуруқни баравар янчадиган танкни эмас, ҳужумкор, мазмунли ўйнайдиган жамоа ўйинларини мириқиб томоша қилишди. Евро-2012да омад очиқчасига немислардан юз ўгирди.

Бразилия мундиали арафасида «бундестим» ҳужумчилар муаммосига дуч келди. 36 ёшли Клозени ҳисобга олмаганда, чинакам марказий форвард йўқ эди. Қолган ҳужумчилар орқа чизиқлардан олға ташланишга одатланишганди.

Шунга қарамай, Португалия йирик ҳисобда маҳв этилди, мезбонлар билан кечган ярим финал (7:1) жаҳон чемпионатлари тарихида кузатилмаганди. Қизиғи, Лёв шунда ҳам эҳтиросларга берилмади: «Бугун муносиб рақибга қарши эталон учрашув ўтказдик». Финалда Аргентина Германиядан эмас, Йогидан енгилди.

Чунки у самарали узатма муаллифи - Шюррлени айни керакли паллада жангга ташлади. Гётцени майдонга кузатар экан, керакли жумлани топа олди: «Қани, Мессидан кучлироқ эканингни, ўйин тақдирини бир ўзинг ҳал қила олишингни ҳаммага кўрсатиб қўй!» Амалда ҳам шундай бўлди!

Лёвни анчадан буён Арсен Венгер вориси сифатида эътироф этишмоқда. Аммо у ўз жойини тарк этмоқчи эмас. Майли, буни вақт ҳукмига ҳавола этамиз. Бизни бошқа масала кўпроқ қизиқтиради: Россияда нима бўлади?!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz