Қайднома

Қидирув

Златан Ибрагимович: «Менсиз ЖЧ жозибаси «ўлади!»

Златан Ибрагимович: «Менсиз ЖЧ жозибаси «ўлади!»

  28.04.2018 06:13
  0
  1695
Златан Ибрагимович: «Менсиз ЖЧ жозибаси «ўлади!»

«Лос-Анжелес Гэлэкси» клубининг швециялик ҳужумчиси Златан Ибрагимович Америка телевидениесининг машҳур каналларидан бири - ABCда таниқли бошловчи Жимми Киммель шоуси меҳмони бўлиб, ЖЧ-2018да иштирок этиш ниятини билдирди.

Кўрсатув шу қадар муваффақиятли чиқдики, уни YouTube орқали бир суткада 4 млн. марта томоша қилишди.

Изоҳ шунга яраша - «Аслида Жимми меҳмон, Златан эса мезбон бўлди!» Бу швед юлдузининг АҚШда ўзини худди уйидагидек ҳис этаётганига ишора. Марҳамат, шоу лавҳалари билан танишинг.

«Швецияни дунё харитасига олиб кирдим»

- Los Angeles Times нашрининг махсус саҳифаси борки, хоҳловчи киши у орқали бутун шаҳарга мурожаат қилиши мумкин. Хусусан, сен келган кунинг шаҳар билан ўзига хос тарзда саломлашдинг: «Қимматли Лос-Анжелес! Арзимайди. Златан».

- 2 йилча Лос-Анжелес варианти устида бош қотирдим. Шаҳарга муносиб совға билан келишни ўйлагандим. Хуллас, якунда ўзимдан кўра, муносиброқ совға тополмадим. Мана, ўзим келдим, арзимайди.

- Ажабланарли ечим. Бироқ анъанавий швед фуқаросига унча ўхшамайсан. Ҳар ҳолда, шведлар табиатан мақтанчоқ эмаслар.

- Тўғри, ҳамюртларим ўта муло-йим кишилар.

- Шунинг учун сендан мамлакатдан чиқиб кетишни сўрадиларми?

- Асло! Ҳа, шведга ўхшамайман. Аммо Швецияни дунё харитасига олиб кирдим!

«Бу зилзила эмас, мен...»

- «Гэлэкси» сафидаги илк учрашувда ғаройиб гол урдинг. Буни ҳам олдиндан режалаштирганмидинг?

- Олдиндан шундай гол уришни ҳис этгандим. Айтганча, мен келган куни шаҳарда зилзила бўлганидан хабарим бор. У зилзила эмасди, шунчаки, Лос-Анжелес заминига қадам қўйгандим. Голга тўхталсак, кимлигимни билдириб қўйишни истадим.

- Аслида деярли барча жамоаларда дебютни гол билан нишонлагансан, тўғрими?

- Ҳа, лекин оддий голлар билан. Буниси ўзгача. Қолаверса, ғалабани таъминлаган «дубль» қайд этдим.

- Сенга нисбатан умумий муносабатдан ҳайратланиш мумкин. Дейлик, Чикагога йўл олганингда катта шов-шув кўтарилибди.

- Европада футбол - муҳим воқелик. Шу боис, қаерга бормайин, одамлар ақлини шошириб қўярдим. Америкада эса муносабат бошқачалигини айтишганди. Хусусан, Лос-Анжелес кўчаларида эмин-эркин сайр қилиш мумкинлигию, ҳеч ким менга эътибор қаратмаслигини таъкидлашганди.

Бироқ амалда акси бўлиб чиқди. Аслида бунга ўзим сабабчиман. Қандай ўйнашимни назарда тутсак, юксак эътиборнинг ажабланадиган томони йўқ...

- Бошқа спорт турларига муносабатинг қандай? Масалан, ўзингни профессионал баскетболчи сифатида тасаввур эта оласанми?

- Ўйлашимча, ўзимга қаттиқ ишонишимни аллақачон сездингиз. Қандай иш билан шуғулланишимдан қатъий назар, ҳеч ким уни такрорлай олмайди. Тақдир экан, футболни танладим. Шундай экан, бошқа спорт турлари ишқибозларидан узр сўрайман.

- Жамоадошларингни ранжитиб қўйишинг мумкинлиги сал бўлсада, ўйлантирадими? Ахир улар доимо соянгда қолиб кетишади...

- Йўқ-йўқ. Чунончи, уларни супер-юлдузларга айлантираман, худди ўзим сингари.

«Соккер? ЙўҚ. Биз учун футбол...»

- Сен ва ЖЧ-2018га боғлиқ миш-мишлар авжига чиқмоқда. Бўлажак мундиалда қатнашасанми?

- Ўйлайманки, ЖЧга бораман.

- Яхши, унда айтчи, қандай пойафзалда: тишли ёки тишсиз?

- Фақат ЖЧга боришимни айтдим. Ҳозирча бунга бошқа ҳеч гап қўшолмайман. Акс ҳолда, мени осадилар. Вазият шундайки, тилимга жуда эҳтиёт бўлишим шарт. Лекин яна бир факт бор: менсиз ўтадиган мундиал чин мундиалга ўхшамайди - унинг жозибаси «ўлади».

- Очиғи, соккер ҳақидаги баҳс америкаликларга етарли завқ бермайди. Кўпчилик фарзандининг соккер билан шуғулланишини истамаслиги ҳам ҳақиқат.

Чунки одамлар болаларининг қандай ўйнаётганликларини кўришни истамайдилар(томошабинлар норози шовқин билан бошловчини тўхтатиб қўйдилар)...

- Биринчидан, соккер эмас, футбол! Биз учун шундай.

- Аммо бу ерда соккер атамасига кўнишинг керак.

- Йўқ, мен учун футбол бўлиб қолаверади. Футбол - дунёдаги энг муҳим спорт тури. Энди тасаввур қилинг: футболда чўққини забт этсангиз, нималарни ҳис қиласиз?

- Энг муҳим спорт туридаги энг яхши ўйинчи - бу албатта, энг баланд чўққи! Шундайми?

- Ҳа, ҳозир айнан шундай ҳиссиёт қўйнидаман.

- Демак, кишиларда кўпроқ шундай иштиёқ уйғотишинг лозим. Уларга дадиллик бахш этишга қодирсан. Мана, ёнингда ўтириб, мен ҳам ўзгача ишончни туйдим.

- Бу ҳақ гап!

Швеция терма жамоаси бош мураббийи Янне Андерссон «Лос-Анжелес Гэлэкси» ҳужумчисини ЖЧ-2018 «заявка»сига киритмоқчи эмас. «Златан Ибрагимович Евро-2016дан кейин терма жамоада ўйнаш нияти йўқлигини билдирди.

Унинг қарорини ҳурмат қиламан. Афсуски, Ибрани энди жамоага қайтаролмайман - шунчаки, қўлимдан келмайди. Ҳаттоки, Златаннинг ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам, у режаларимда йўқ», - деди Андерссон.

С. РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz