Қайднома

Қидирув

Вильям Галлас: «Венгер ғолиб сифатида кетиши керак»

Вильям Галлас: «Венгер ғолиб сифатида кетиши керак»

  29.04.2018 06:18
  0
  876
Вильям Галлас: «Венгер ғолиб сифатида кетиши керак»

«Челси» ва «Арсенал» клублари ҳамда Франция терма жамоаси тарихида ёрқин чизги қолдирган машҳур ҳимоячи Вильям Галлас ёдингиздами?

Франциялик «бетон» ҳимоя (собиқ, албатта) «СЭ» нашри ходимлари билан суҳбат чоғи «канонирлар»нинг ЦСКАга қарши ўйинларини алоҳида эсга олди:

«Ҳа, Вагнер Лав айнан менинг хатога йўл қўйишимдан сўнг дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиққанди. Очиғи, ўшанда ич-ичимдан ўтиниб сўрагандим: «Илтимос, зарбаси тўғри чиқмасин...».

- Вильям, аввало, Санкт-Петербургга ташрифдан кўзланган асосий мақсадингиз билан ўртоқлашсангиз...

- ФИФА таклифига биноан келдим. Мақсад тайин - жаҳон чемпионатига қаратилган тайёргарлик ишларини баҳолаш баробарида қадим шаҳарни томоша қилиш.

- Хўш, таассуротлар қандай?

- Асосийси - ЖЧ атрофида яхши муҳит шакллантириш. Табиийки, йирик турнирнинг ҳар бир мезбон мамлакати барчаси талаб даражасида ўтишини хоҳлайди.

Биламан, айрим давлатларда Россиянинг ташкилотчилик бобида омадсизликка учрашини кутишмоқда. Лекин ишончим комил: бу ерда ҳаммаси ажойиб ва турнир якунида кўпчилик русларга юқори баҳо беради.

- Евро-2016 вақти Францияда аввало, қайси жиҳатга кўпроқ эътибор қаратилди?

- Биринчи навбатда, хавфсизлик чораларини кучайтирдик. Энг муҳими шу. Зеро, ҳар бир мухлис мутлақо хавфсиз жойда эканлигини ҳис қилиши шарт. Умуман, Россияда ҳам шу масалага диққат билан ёндашаётганлари аниқ.

- Марсель шаҳрида россиялик ва англиялик фанатлар ўртасида муштлашув юзага келганди. Очиғини айтинг, бундай нохуш ҳолатлар такрорланиши мумкинлиги борасида хавотир йўқми?

- Баъзида шундай воқеалар рўй берадики, назорат ўз-ўзидан қўлдан чиқади. Лекин Марсель воқеалари русларга сабоқ бўлса керак. Ҳар ҳолда, ҳеч ким бу каби тўполонларни атайин уюштирмайди.

Қолаверса, мухлислар ЖЧдаги миссиялари муштлашиш эмас, ўз жамоаларини қўллаб-қувватлаш эканлигини тушунишлари керак. Ёқалашишдан нима маъно? Ундан кўра, футболдан завқ олиш яхши эмасми?

- Британия ОАВ хабарига кўра, Англия терма жамоаси етакчи футболчиларидан бири ЖЧ-2018 вақтида ўзига шахсий тансоқчи ёлламоқчи экан. Бу ғалати эмасми?

- Ҳазиллашяпсизми? Ким шундай қилади? Айни пайт инглизлар етакчиси ким?

- Гарри Кейн.

- Йўқ, Гаррини яхши биламан, у тансоқчи ёлламайди асло. Умуман, бундай йўл тутадиган футболчини тасаввур қилолмаяпман. Менимча, ҳаммаси уйдирма хабар.

- Россиялик футболчилардан кимларни танийсиз?

- Жирковни, унга қарши ўйнаганман. Яна терма жамоа сардори, дарвозабонини биламан, фамилияси...

- ...Акинфеев.

- Ҳа, ҳа. Қолаверса, Аршавин, Павлюченко ва Смертин билан бирга ўйнаганман.

- Россия термаси 2008 йилдан буён йирик турнирларда гуруҳ босқичидан нарига ўтолмаяпти.

- Демак, жамоа олдида аниқ мақсад бор. Билишимча, мураббийлар янги таркибни шакллантиришмоқда. Ўтмишни унутиш керак. Мисол учун, Франция термаси ҳам оғир дамларга юз тутган, лекин ҳозир ҳеч ким ўша муваффақиятсизликларни эсламаяпти.

Россия термаси учун энг муҳими - ЖЧ-2018. Ўйлайманки, жамоа мухлислари кўмаги остида гуруҳдан чиқади, 1|8 финалда ўйнаса ҳам ажабланмайман.

- Кейинчи?

- Яширмайман, агар руслар ярим финалгача турнирда қолишса, ҳайратим ошади.

- Терма жамоа марказий ҳимоясида катта муаммо бор. Икки нафар энг кучли ҳимоячи - ака-ука Березуцкийлар июнда 36 ёшга тўлишларини айтиб, жамоада ўйнашдан бош тортишди. Уларни қандай тушуниш мумкин?

- Ўзлари шундай тўхтамга келишибдими, айблаш эмас, қарорларини қабул қилиш керак. Чунки бундай катта турнирда футболчи мукаммал спорт формасида бўлиши ва ҳар 4-5 кунда талаб даражасида ўйнай олишига ишониши муҳим. Акс ҳолда, фойдасидан зарари кўпроқ тегади.

Қолаверса, 36 ёшда кучли босимга дош бериш мушкул, ҳаттоки, марказий ҳимоячилар ҳам жуда қийналишади. Ахир улар ёш, чаққон ва бақувват ҳужумчиларга қарши туришлари лозим.

- Россия Премьер-лигасида легионерларга нисбатан чеклов бор. Сизнингча, бу терма жамоа фойдасига ишлайдими ёки...?

- Ҳа, ижобий таъсири бор, албатта. Ҳарқалай, маҳаллий ўйинчилар етарли амалиётга эга бўлишади. Россия чемпионатида хорижлик футболчилар кўплигини инобатга олсак, бу ўринли чеклов.

- Франция термасини ЖЧ фаворити сифатида кўрсата оласизми?

- Жамоамиз фаворитлардан бири. Менимча, кубокка 5та асосий даъвогар бор - Бразилия, Испания, Германия, Аргентина ва айнан Франция термалари. Яъни тартиб бўйича шундай - бразилияликлар биринчи рақамли фаворит.

- Миллий жамоангизнинг энг кучли ва заиф томонлари...

- Охирги ўйинларга қарасак, яққол кучли сифатини айтиш қийин. Менимча, ҳар бир чизиқда иқтидорли ёшларга эгалигимиз кўпчилик ҳавасини келтирса керак. Лекин жамоага руҳий тетиклик етишмаслиги асосий камчиликдир. Яна яққол етакчи йўқ.

- Зиданга ўхшаганими?

- Франция термаси етакчилари ҳақида гап бошланиши билан ҳар сафар Зизуни эслатишади. Лекин унутмайлик, 2006 йили бизда 4 нафар етакчи бор эди - Зидан, Тюрам, Макелеле ва Виейра.

- Яна Анри ҳам...

- Йўқ, у бу гуруҳга 2006 йилдан кейин қўшилган. Бунгача шунчаки, юлдуз эди ва фақат ўша ЖЧдан сўнг етакчиликни қўлга ола бошлаганди.

- Погба бугунги жамоани ўз ортидан эргаштиришга қодирми?

- Афсуски, Поль «МЮ»га қайтгач, ўсишдан тўхтаб қолди. Ахир сўнгги вақтларда  кўпинча захирада ўтирибди. Етакчиликни қўлга олиши учун эса ҳар томонлама кучайиши керак. Ҳа, Погба ҳали ёш ва яқин йилларда барчасини тўғрилаши мумкин, аммо айни пайт етакчи эмас.

Қолаверса, тажрибаси ҳам кам. Футболдаги ҳаётимда биргина ёш етакчини кўрганман - бу Терри. Чинакам туғма йўл бошловчи. «Челси» сафига қўшилганимда, жамоада Десайи сардор эди, ҳамюртим кетгач, боғич Террига берилди. У ҳаттоки, ёши катталарга ҳам ҳайиқмай бақирарди.

Умуман, ёш етакчи - ноёб топилма. Ахир ёшлар аввало, ўз зиммаларидаги ишларни бажаришни ўйлашади, бутун жамоани ҳаракатга солиш эса қўшимча юкдир.

Ҳа, ҳозир Косьельни ва Матюидида етакчиларга хос аломатлар сезиляпти, аммо уларнинг ЖЧда бошланғич таркибдан жой олишларига кафолат йўқ. Аслида Франция термасида бош ролни Канте зиммасига юклаш мумкин, бироқ у жуда камсуқум-да...

- Дидье Дешам 3 йилдан буён Бенземани спортга дахли йўқ сабаблар туфайли термага чақирмаяпти. Бу адолатданми?

- Францияда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу ҳам шу. Лекин можаронинг барча икир-чикирларини билмай туриб, хулоса чиқариш ноўрин. Умуман, футболда баъзан мураббий танловини борича қабул қилиш маъқулроқ.

- Россия термасида ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда: мураббий шахсий муносабатлари туфайлими, ўз амплуаси бўйича энг яхши футболчилардан бирини 2 йилдан буён эътиборсиз қолдиряпти. Нима, терма жамоа манфаати йўлида ярашиш мумкин эмасми?

- Иложи топилса-ку, яхши, акс ҳолда... Аслида футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам шахсий келишмовчиликни миллий жамоа даражасига олиб чиқмасликлари керак.

Демоқчиманки, мамлакат шаънини ҳимоя қилувчи жамоада барчасини унутишлари шарт. Қолаверса, миллий жамоада фақат энг кучли футболчилар ўйнашга ҳақлилар. Ахир «терма» ибораси бежиз қўлланилмайди.

Тушуниш керак, баъзи ўйинчиларда манманлик хислати кучлироқ ва кўплаб мураббийлар бундайлар билан ишлашдан шунчаки, осонгина бош тортадилар. Бу ёндашув нотўғри, албатта. Зеро, жамоага шундай футболчи ҳам керак, фақат ўйини талабга жавоб бериши шарт.

- Энди бошқа мавзу: бу йил «Арсенал» яна ЦСКАга тўқнаш келди - ЕЛда. 2006 йилги ўйин эсингиздами? «Машҳур» 0:0 ҳисоби...

- О, албатта! Айниқса, бразилиялик ҳужумчи ёдимда қолган...

- Вагнер Лавми?

- Ўша. Айнан унга қарши тўп сургандим ва... (чуқур ҳўрсинади). Хуллас, рақибим вазиятлардан бирида хатога йўл қўйганимдан фойдаланиб, Леманн билан яккама-якка ҳолатга чиққанди.

Рости, мени қандай чалғитганини тушунмай қолгандим! Кейин бу лаҳза видеоси YouTube тармоғида роса «айланди» ва устимдан беармон кулишди. Ҳамма кулди, бошим калакалардан чиқмай қолди...

- Бироқ у гол уролмаганди!

- Бунисини ҳам асло англолмаганман. Чунки ўша вазиятда гол уришдан урмаслик қийинроқ эди. Тўғриси, Лав дарвозабонимиз қаршисида ёлғиз қолганида, ич-ичимдан ўтиниб сўрагандим: «Илтимос, зарбаси тўғри чиқмасин!» Агар мўлжални аниқ олганидами, тарихдаги энг яхши гол муаллифига айланарди.

Бергкамп ижросидаги машҳур голни эсланг: ўзи бир томонга айланган, тўп эса бошқа тарафга кетганди... Вагнер ҳам мени худди шу йўсинда алдаб ўтган, фақат якуний зарбаси ўхшамаганди. Қисқаси, ўша ўйинни Акинфеевнинг ажойиб «сэйв»лари эмас, Лавнинг енгил ҳаракати туфайли эслаб қолганман.

- Ҳозирги «Арсенал» ишончни оқлолмаяпти. Арсен Венгер учун кетиш вақти келмадими?

- У жуда мураккаб ҳолатда турибди. Биламизки, Венгер футболни жонидан ортиқ кўради ва истеъфога чиқишидан олдин нимадир ютиши керак.

Эҳтимол, «Арсенал» ЕЛда ғалаба қозонса, Арсен ғолибона нотада кетар. Аммо мураббийни ҳақоратлаш ортиқча ва бундай мухлисларни асло оқламайман. Ахир Венгер - футбол профессори. У Англия футболида чин инқилобни амалга оширди, умумий руҳиятни буткул ўзгартириб юборди.

Венгер энди иш бошлаган вақтлар АПЛда асосан узун тўп оширишлар орқали ўйнашарди. Кейин «Арсенал» ижросида мукаммал техник футболни кўрдик. Шундан сўнг клубларнинг ўйин услубида сезиларли янгиликлар рўй берди.

Шундай экан, Венгер том маънода футбол профессори - бунга шубҳа қилманг.

Муҳаммадсодиқ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz